Таълимдан ўзга нажот  йўқ!

Сўзимиз аввалида алоҳида таъкидлашни истардикки, давлатимиз раҳбари томонидан шу йилнинг 27 март куни “Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонуни тасдиқланди. Бу дегани педагог ходимни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилди. Сир эмас, узоқ йиллар давомида кўча тозалаш бўладими, дарахтларни оқлаш-у, дала юмушлари бўладими, бари-барига ўқитувчилар балогардон эди. Энди жамиятимизда ўқитувчининг нуфузини ошириш, касбига халақит бермаслик керак бўлса, Қонун билан кафолатлаб қўйилди. Бундай ўзгаришлар ҳар бир педагогни, юртимиздаги ҳар бир зиёлини қувонтирди, десак хато бўлмайди.

Аммо шундай бўлса-да, бугунги кунда таълим соҳасида ҳали ечимини кутаётган масалалар, муаммолар ҳам оз эмас. Қуйида кўп йиллардан буён бир педагог сифатида қийнаб келаётган айрим фикр-мулоҳазаларимни ўртага ташламоқчиман.

Шуни айтиш жоизки, сўнгги пайтларда кенг жамоатчилик фаоллари томонидан оммавий ахборот воситалари, турли ижтимоий тармоқларда таълим тизимимиздаги муаммолар ҳақида ҳар қачонгиданда очиқроқ, такрор ва такрор айтилмоқда. Аммо минг афсуски, кўп ҳолларда муаммоларнинг амалий ечимига келганда қатъий қадам ташланмаяпти. “Таълим тизимида муаммолар бор” деб шунчаки оғзаки айтиб ўтиш— натижа эмас. Биргина мисол, 2020 йил ноябрь ойининг сўнггида 6 боб, 32 моддадан иборат “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойланди. Аммо негадир у лойиҳалигича қолиб кетмоқда. Айримлар томонидан молиявий томони рўкач қилинмоқда. Майли-да, молиявий томонларини қисман қисқартириб бўлса-да, қўшимча ва ўзгартиришлар киритган ҳолда бўлса-да, бу қонун лойиҳасини аллақачон қабул қилишимиз лозим эмасмиди?!

Ўқитувчи ва мактаб маъмурияти учун энг катта ва тобора кенг илдиз отиб бораётган масалалардан бири бу – ота-оналарнинг ўқитувчилар билан муносабати масаласи. Ҳозирги кунда деярли 70 – 80 фоиз ота-оналар ҳафтада бир марта тугул, ойда бир марта бўлса ҳам ўз ихтиёрлари билан, фарзандларининг келажагини ўйлаб, уларнинг фанларни ўзлаштириши, тарбияси ва келажаги ҳақида маслаҳатлашиш мақсадида мактаб даргоҳига қадам босишмайди. Aчинарлиси шундаки, агарда, Аллоҳ асрасинку-я, мактабда қандайдир кичик кўнгилсиз воқеа бўлса, 20 дақиқага қолмасдан улар ҳозиру нозир бўлишади ва “сенлар қарамадинг” қабилида иш тутиб, мактаб маъмурияти ва фан ўқитувчилари устидан юқори давлат органларига шикоят ҳам қилишади. Aйрим ҳолларда эса оммавий ахборот воситалари ва юз минглаб обуначисига эга бўлган турли ижтимоий тармоқлар ўқитувчининг билиб-билмай босган биргина нотўғри қадамини овоза қилиш билан вазиятни янада мураккаблаштиришади. Aгарда ҳозирда фақатгина қоғозда мавжуд бўлган “дарсларни ўзлаштира олмаган, мунтазам дарс қолдирган, шунингдек, давлат имтиҳонларини топшира олмаган ўқувчиларни синфдан-синфга қолдириш” механизми амалда ҳам қўлланиладиган бўлса, эҳ-ҳе… қанча ўқувчилар синфдан-синфга қолдирилган бўларди.

Ачинарлиси, кўп йиллар маҳаллий давлат ҳокимияти таркибидаги ҳар бир ташкилот ва муассаса “мактаб” деб аталмиш “таълим ва тарбия даргоҳи”дан ўз манфаатлари ва мақсадлари йўлида фойдаланди. Нафақат фан ўқитувчилари, синф раҳбарлари, балки мактаб директорларининг ҳам ота-­оналар ва бошқа мансабдор ташкилот раҳбарлари, мутасаддилар олдида ҳеч қандай обрўси қолмаганди, десак ёлғон бўлмайди. Тарбияланувчиларнинг қаровсиз қолдириши, эътиборсизлиги ва назорат қилмаслиги натижасида бола дарсдан ташқари, тунги вақтларда ёки дам олиш кунларида содир этган маъмурий ёки жиноий ҳуқуқбузарлиги учун ҳам, аввало, мактаб директорлари ва синф раҳбарлари ҳудудий ички ишлар бошқармасига чақирилиб, “Тушунтириш хатлари” олинар (ота-оналаридан эмас) ва мазкур мактабларга “Тақдимнома” киритиларди. Шундан сўнг Халқ таълими бўлими деб аталмиш ташкилотнинг ҳар йиғилишларида, ҳокимлик соатларида мазкур мактаб директори турғизилиб, эшитмаган гапи қолмасди. Шу сабабли ҳам юқоридаги ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мактаб директорлари ва синф раҳбарлари боланинг дарсдан ташқари содир этган маъмурий ва жиноий ҳуқуқ­бузарликларини кўпинча яширишади. Ҳар йили қанчадан-қанча содир этилган “эрта никоҳ” ва “эрта туғруқ” сингари оғир ҳолатлар ошкор этилмай қолади. Қонунда бу каби ҳолатларда ота-оналарга нисбатан “жарима” чораси кўрилса-да, барча босимлар, аввало, мактаб маъмуриятига нисбатан қўлланилади. Ваҳоланки, мактаб болани жиноят кўчасига етаклайдими?! Aксинча, ўқувчи эришган ҳар бир ютуғи учун фан ўқитувчиси, синф раҳбари ва мактаб директори боланинг ота-онаси сингари хурсанд бўлади, фахрланади-ку!

Бежиз “Жамиятда ҳар қайси соҳанинг ривожланиши, аввало, ўша тизимдаги раҳбарларга боғлиқ” деб айтилмайди. Aйни ҳозирги кунда вазирлик тамомила ўзгариб, тизимга соҳада кўплаб ютуқларга эришган раҳбар тайинлангани умидбахш. Аммо унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимларида назаримда ҳамон “эски қўшиқ куйланяпти”. Бу тайинловларда қонунан қаралганда имтиҳон ва суҳбат асосида, амалда-чи? Биламизки, Америка қўшма штатларида истиқомат қилаётган педагогика фанлари доктори Мавлуда Орипова 2018 йилдан бери Техас штатида 72 та мактаб таълимини назорат қиладиган, ўқувчиларни олий ўқув юртлари ва касб-ҳунарга йўналтирадиган марказга раҳбарлик қилади. Ўзининг таъкидича, мазкур вазифага тайинланишида Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Aбдулла Ориповнинг қизи эканлиги ҳеч қандай омил бўлмаган. Ундаги сифатли таълим муҳитини ярата олишлик қобилияти, билим ва раҳбарлик салоҳиятига эга эканлиги, айни соҳада илм-фан билан шуғулланганлиги ва кўплаб ютуқларга эришгани инобатга олинган, албатта. Бунга эришиш учун эса олима Туркия, Қирғизистон ва AҚШ сингари давлатларда ўзининг 20 йиллик умрини сарфлади. Шу ўринда савол туғилади: бизда-чи? Бизда ҳам шундайми?

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган маълумотлардан ҳам кўриниб турибдики, ўтган йиллар давомида соҳада ишлаб уни дабдала қилган, таълимга ажратилган пулларни аёвсиз “туя” қилган зотлар яна халқ таълими ёки мактабгача таълим бўлимларига раҳбарликка тайинланмоқда. Ажабо! Бу не ҳол бўлди ўзи?!

Aчинарли томони шундаки, кўп йиллар давомида таълим тизимидаги кўплаб фидойи ўқитувчилар соҳадан кетишга мажбур бўлди. Ҳалигача соҳадаги кўплаб муаммоларнинг ечимини кўрсата оладиган, сифатли таълим тизимини ярата оладиган, “жадид”­ларнинг издоши бўлган педагогларни эмас, балки асл ҳолатдан бехабар, бошқа соҳа мутасаддиларини эшитиб, уларнинг таклифларига қонуний тус бермоқдамиз. Соҳага оид қабул қилинаётган айрим қонунлар эса соҳанинг ривожланишига эмас, балки шунчаки вазиятни бироз вақт юмшатиб туришга хизмат қилмоқда. Тизимда муаммолар юзага келганда уни ислоҳ қилиш ёки кейинчалик улар такрорланмаслиги учун қатъий ҳаракат қилиш ўрнига ҳолатга муносабат билдириб қўйяпмиз, холос. Натижада педагогларимизнинг хориж давлатларига бориб, уларнинг таълим сифатини юқори даражаларга кўтаришига ёки олий маълумотли педагогларнинг тирикчилик учун ўз касбини ташлаб бозорларда сотувчилик қилишига, чет элларда сарсон-саргардон ҳолда кўча супириши ёхуд қурилишларда мардикор бўлишини юзага келтирдик. Содда тил билан айтганда “ватандан кетишларига” кўмак бердик.

Тўғри, сўнгги йилларда билимли ва кўплаб ютуқларга эришган, сифатли таълим берадиган фидойи педагогларни рағбатлантириш ва уларга йил давомида юқори фоизли устамалар бериб борилиши таъминланди. Бу масалаларда бундан 5-10 йил олдинги даврга қараганда кўпгина ижобий ўзгаришлар бўлди. Бироқ барибир мактаб директорларининг эркин фаолияти ва мустақил қарор чиқариши йилдан-йилга қийинлашиб бормоқда. Мактаб директорларининг фидойи ва юқори натижалар кўрсатган ўқитувчиларни рағбатлантиришидан тортиб, янги педагогларни ишга олишигача бўлган барча қарор ва буйруқлари Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлигининг ҳудудий бўлимлари томонидан “ижобий хулоса” берилганидан сўнггина амалга ошиши мумкин. Буни “соҳада коррупцион ҳолатлар кўпайганлиги сабабли” деб оқлаш мумкиндир. Бироқ бу каби ҳолатлар мактаб директори ва ўқитувчиларнинг мустақил давлат ташкилоти сифатида эркин фаолиятига тўсқинлик яратади. Албатта, гуруч курмаксиз бўлмайди, энди ишга кираётган педагоглардан ёки ўқув йили бошланишидан олдин дарс тақсимоти пайтида пора олиниши ҳолатлари ҳозиргача мавжуд. Аммо мана шундайлар касрига бутун тизимни жиловлаб ташлаш тўғрими?

Яна шунингдек, мактабга ҳудудий газ таъминот ходимлари, электр энергияси-ю мактаб ободонлигини талаб қиладиган мутасаддилардан тортиб, маҳаллий халқ тилида ҳали-ҳануз “СЭС” деб аталмиш ташкилот ишчиларигача ташриф буюришади. Аслида уларнинг мактабга зиёни эмас, фойдаси тегиши керак. Лекин улар томонидан “йўқ” бўлган тақдирда “бор” қилиб кўрсатиладиган камчиликлар топилар ва ҳаттоки жаримага тортилиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Юқоридаги маҳаллий давлат ҳокимияти мутасадди ташкилотлари томонидан бартараф этилиши талаб ва назорат қилинадиган барча муаммоларнинг ечими маблағга тақалади. 80-90 фоиз ҳолатларда мактаб директори ва ўқитувчилар ўз ҳисобларидан муаммоларни бартараф этишади ёки “комиссия” билан “келишилади”. Aкс ҳолда ХТБ йиғилишлари ва ҳокимлик соатларида яна мактаб директорларининг “пўстаги қоқилиши” шубҳасиз.

Яна бир мулоҳаза. Сўнгги йилларда ота-оналарнинг юқори давлат ташкилотларига арз қилиш ҳолатлари кўпайди. Юқори давлат ташкилотлари ҳам “камчиликлар ижобий бартараф этилсин” қабилида иш тутиб, ишни ўзидан соқит қилади. Натижада яна мактаб директори ва ўқитувчиларнинг обрўсизланишига замин яратилмоқда.

Бундан ташқари, мантиқсиз турли тадбирларда зални тўлдириш мақсадида ўқувчи ва ўқитувчилардан фойдаланиш амалиёти ҳали ҳануз барибир сақланиб қолмоқда. Мазкур тадбирлар эса дарс соатлари вақтида ўтказилмоқда. Натижада ўқувчиларнинг бўш зални тўлдириш тадбирлари кунларидаги дарс соатларини ўзлаштириши қолиб кетмоқда. “Тепадан келган буйруқ” қабилидаги бундай ҳолатларда на мактаб раҳбарияти, на синф раҳбари, на фан ўқитувчиси қаршилик қила олади. Юқоридаги давлат ташкилотларининг рўйхатини давом эттирадиган бўлсак, деярли барча маҳаллий ташкилотларни санаб ўтишимизга тўғри келади. Таълим сифатининг ўсишига хизмат қилмайдиган турли жадвал, ҳисобот ва тадбирбозликлардан кўзланган мақсад нима? Aйни шу сабаблар туфайли ҳам жамиятда мактаб директори ва ўқитувчиларнинг ўрни, уларга бўлган ҳурмат кўтарилмаяпти.

Ҳозирги кунда нодавлат таълим муассасалари, репетиторларнинг ўқувчи-ёшларни олий таълим муассасаларига ўқишга киришидаги ўрни сезиларли даражада ошиб бормоқда. Чунки нодавлат таълим муассасаларидаги ўқитувчилар ҳар хил кераксиз қоғозбозлик, тадбирбозлик билан шуғулланишмайди, уларга кунора турли давлат ташкилотларидан “комиссиялар” ташриф буюрмайди. Кундан кунга кўпайиб бораётган бу тизим осон ва сифатли, аммо эътиборли бўлайликки, уларда ўқувчиларга таълим билан бир қаторда тарбия, Ватанпарварлик руҳи, ўзаро ижтимоий муносабатлар ва эркин ижодий ёндашув, танқидий фикрлаш ва жамоавийлик ўргатилмайди.

Зеро, айнан мактаб таълим-тарбиясини ислоҳ қилиш ана шундай омиллар туфайли ҳам заруратдир.

Айтинг-чи, Бухоро вилоятидаги Қоракўл мактаби ёки Навоий вилояти Хатирчи тумани “Тамабахрин” маҳалласидаги мактабларнинг республика миқёсидаги энг юқори сифат кўрсаткичларига эга бўлишида асосий сабаб нима? Маълум бўлишича, мазкур мактабларга ҳаттоки бошқа ҳудудлардан ҳам ўқувчилар келиб таҳсил олишади. Бундай сифат кўрсаткичида бош омил — ота-оналар, мактаб раҳбарияти ва фидойи устозларнинг жонкуярлигидир. Мазкур ҳудуддаги мутасадди ташкилотлар ҳам “таълим ва тарбия” масаласини энг асосий масала сифатида кўришида. Бунга қўшимча тариқасида яна бир мисол келтирадиган бўлсак, тузилганига унча кўп бўлмаган, “Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги” (аввалги “Президент таълим муассасалари агентлиги”) таркибидаги ихтисослаштирилган мактаблар жуда қисқа фурсат ичида юқори таълим кўрсаткичларига эриша олди. Чунки, бу таълим даргоҳлари ҳам кераксиз турли тадбирбозликлару қоғозбозликлардан холи ҳисобланади.

Таълим тизими масъулларидан умидимиз шуки, вақтни увол қилмайлик, Юртнинг эртаси ва эгаси ҳисобланмиш ёш авлоддан ўз манфаатларимиз йўлида фойдаланмайлик! Зеро, “таълимдан ўзга нажот йўқ!” Президентимиз ҳар сафарги йиғилишларида таълим ҳақида гапиришлари бежиз эмас. Давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар барча ҳудудларда бирдек жорий этилса, фақатгина қоғозда эмас, балки амалга ҳам тадбиқ этилса кўпгина муаммолар ўз-ўзидан ечимини топарди. Хуллас, таълим тизимига нисбатан эскича қарашдан бутунлай воз кечишимиз лозим.

Камина шу соҳадаги меҳнат фаолиятим ва таж­рибамдан келиб чиқиб, тизим ислоҳи йўлида бир неча таклифларимни билдирмоқчиман:

  1. Мактаб директори лавозимига номзод ўз мутахассислиги доирасида халқаро тан олинган ёки миллий сертификатга эга, камида 5 йил педагогик меҳнат тажрибаси бор ва фаолияти давомида вилоят ёки республика миқёсида натижага эришган мактаб ўқитувчиларидан тайинланиши керак. Мактаб директорларининг ойлик иш ҳақи масаласида амалдаги мавжуд “ўқувчи сонидан келиб чиққан ҳолда” тизимидан воз кечилиб, улар учун бир хил миқдорни жорий этиш лозим. Директорларнинг иш ҳақини ҳозиргидан 25 фоиз миқдорида ошириш зарурати бор. Шунда мактабда улар томонидан йўл қўйилаётган коррупцион ҳолатларнинг олди олинган бўлар эди. Шунингдек, порахўрлик ҳолати қонуний тасдиқланган ҳолларда мазкур мактаб директори билан нафақат меҳнат шартномасини бекор қилиш, балки унинг педагогик фаолият билан шуғулланиши ман этилиши лозим.
  2. Ўқитувчининг ўз устида ишлаши ва сифатли таълим тизимини мустаҳкамлаш мақсадида “мутахассис” тоифасидаги ўқитувчи “иккинчи тоифа”га ўтишда кетма-кет уч маротаба ўз фани доирасидаги имтиҳондан ўта олмаса, у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш керак. Шунингдек, олий таълим муассасаларининг педагогика йўналишларини битираётган талабалар якуний давлат имтиҳони сифатида “Мутахассис” тоифаси даражасини олиш учун синовдан ўтишлари, мазкур имтиҳондан ўта олсаларгина, Олий таълим муассасасини битирганлик тўғрисидаги диплом берилиши зарур.
  3. Барча фанлар доирасида халқаро ёки миллий сертификатларни қўлга киритган ўқитувчилар ойлик иш ҳақига қўшимча тарзда камида 50 фоизлик устама тизими жорий этилса, улар ўртасида эркин рақобат тизими яратилиб, педагогларнинг ўз устида ишлаш механизми пайдо бўларди.
  4. Ўқитувчи ёки мактаб маъмурияти фаолиятига асоссиз аралашган ёки уларнинг устидан юқори давлат органларига ёзма тарзда мурожаат қилганларнинг шикояти “уюштирилган” ёки “асоссиз” деб топилса, улар тегишли тартибда жаримага тортилиши керак.
  5. Фуқаролик паспорти олиш ёшига етгунга қадар ўқувчи-ёшларнинг айрим ижтимоий тармоқлардан (Tik-tok, Instagram каби) фойдаланишини чеклаш лозим. 16 ёшга тўлгунигача бўлган вақт болаларда психологик ўтиш даври бўлиб, бу каби чекловлар уларнинг келажакдаги олий мақсадларидан чалғимаслиги учун ижобий хизмат қилган бўларди.
  6. Aввалги вазирликнинг “туман халқ таълими бўлими” бошқарув ташкилотларидан бутунлай воз кечилиб, янги вазирликнинг ҳудудий бошқаруви сифатида “вилоят бўлими” тизимини жорий этиш лозим. Шунингдек, мактаб ва боғчаларнинг асосий буйруқлари электрон ҳолда шакллантирилиши керак. Ҳар бир мактаб ижтимоий тармоқларда ўз расмий саҳифаларини очиб, амалга оширган чора-тадбирларини жойлаб борадиган бўлса, мазкур мактаблар вазирлик ёки унинг вилоят бўлими томонидан ўрганилганда таълимдаги кўпгина тўсиқлар ва қоғозбоз­ликлардан воз кечилган, мактаб директорларининг эркин фаолияти таъминланган бўларди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг вилоят бўлими бош­лиғи ва унинг таркибидаги штатнинг ҳуқуқий мажбуриятига, энг аввало, “мактаб директори ва фан ўқитувчиларининг эркин ижодий меҳнат фа­олиятини таъминлаш”, “таълим сифатига тўсиқ бўладиган турли текширув ва ортиқча қоғозбоз­ликларнинг олдини олиш”, “бола тарбияси учун, аввало, ота-она жавобгарлигини таъминлаш” ва “мансабдор шахс­ларнинг таълим тизимига аралашишининг олдини олиш” кабиларни киритиш лозим.
  7. Умумий ўрта таълим мактабларида “Давлат ва ҳуқуқ асослари” фани дарсликлари мазмунини қайтадан кўриб чиққан ҳолда мазкур фанга ҳафтасига камида 2 соат ўрин бериш лозим. Янги дарсликка халқаро тан олинган ҳуқуқ нормалари ва ривожланган давлатлар қонунчилигини киритиш, шунингдек, республика фан олимпиадаларига “Давлат ва ҳуқуқ асослари” фанини ҳам қўшиш мумкин.
  8. Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий ички ишлар бошқармалари томонидан мактабларга нисбатан ишлатиладиган “Тақдимнома киритиш” тизимини бутунлай бекор қилиш керак. Шунингдек, ўқувчининг дарсдан ташқари ёки дам олиш куни содир этган ҳар қандай хатти-ҳаракати учун мактаб маъмурияти ёки синф раҳбарини бошқармага чақирган, яна шунингдек, асос ва сабабсиз, ўзларининг ҳисобот ва “режа”ларини бажариш учун дарс жараёнларини буз­ган ИИБ ходимларига чора кўриш лозим.
  9. Тарбия фани доирасида юқори синф ўқувчиларига (албатта, боланинг ёши ва унинг психологик ҳолатини инобатга олган ҳолда) ҳар ойнинг бошида битта бадиий китоб мутолааси мустақил иш сифатида берилса ва ой охирида “бадиий китоб таҳлили” соатида фан ўқитувчиси ва ўқувчи-ёшлар томонидан асар таҳлил қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу нафақат ёшларнинг дунёқарашини бойитишга, асардан ўзи учун хулоса олишига ва эркин танқидий фикрлашга, балки буюк ёзувчи-адибларимиз томонидан ёзилган асарларга қизиқишни орттириб, ўқувчилар ўртасида китобхонликнинг юксалишига хизмат қилади.
  10. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги таркибида “Таълимда мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари” бўлими ташкил этиш лозим. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари таркибида ҳам мазкур бўлим учун алоҳида штат очилса. Бу ходимлар тўғридан-тўғри фақатгина вазирга ҳисобот берса, мақсадга мувофиқ бўларди.
  11. Янги ўқув йилининг бошланиши (2023 йил 1 сентябрь)га қадар республика миқёсидаги барча умумий ўрта таълим мактаблари ўқув хоналарини кузатув камералари билан таъминлаш режаси амалга кўчиши лозим. Бунинг натижасида нафақат сифатли таълим ва дарс кафолатланади, балки ўқувчи, ота-она ва ўқитувчи ўртасидаги муносабат ва мавжуд муаммолар ҳам ижобий ҳал этилади.
  12. Қолаверса, яна бир муҳим таклиф шуки, тизимдаги барча ички ва ташқи ҳужжатлар лотин алифбосига асосланган ёзувда, ўзбек тилида жорий этилиши ва бунинг устидан назорат ўрнатилиши лозим. Шундагина қисқа фурсат ичида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни мустаҳкамланади, миллатидан қатъи назар давлат тилини ўрганиш ва уни ҳурмат қилиш анъанаси шаклланади.
  13. Яна бир мулоҳаза: мактаб ўқувчиларининг қўлидаги телефон масаласи. Майли, ўқувчилар телефондан фойдаланишсин. Аммо мактабда дарси тугагандан сўнг. Шу боис, барча мактабларда ўқувчилар таълим ўчоғидаги махсус хонада ва масъул шахсга телефонларини топшириб киришлари, мактабдан қайтишаётганда эса, марҳамат, олиб кетиш­ларини йўлга қўйиш керак. Ана шундагина ўқувчи дарс пайтида чалғимайди, хаёли жойида бўлади.

 Завқибек МАҲМУДОВ,

ЎзР ФA Тарих институти кичик илмий ходими,

Юқори Чирчиқ туманидаги

34-мактаб директори ўринбосари

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − three =