Мард ва шерюрак
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, атоқли публицист ва жамоат арбоби Сафар Остонов ҳақида дастлаб талабалик давримда эшитган эдим. Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультети домлалари – профессор Очил Тоғаев, доцентлар Сайди Умиров, Бойбўта Дўстқораев (улар ҳам оламдан ўтиб кетишди. Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин) ва бошқа устозларимиз дарс жараёнида юртимиздаги таниқли публицистлар қаторида журналист Сафар Остонов ҳақида, унинг ижоди тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб, айрича меҳр ва эътибор билан гапиришар эди.
Дарҳақиқат, ўтган асрнинг 70-80-йилларида Сафар ака долзарб мавзудаги ўткир мақолалари, дадил фикрлари билан таниқли журналистлар сафидан жой олиб улгурганди. Унинг матбуот саҳифаларидаги ҳар бир чиқиши газетхонлар ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлар, ҳеч кимни бефарқ қолдирмас эди. Эҳ, нимасини айтасиз, ўша йиллар матбуот ходимлари учун ғоят таҳликали ва синовли, шу билан бирга, мароқли даврлар эди. Собиқ Иттифоқ замони эди. Қайта қуриш эпкини эсаётган бу пайтда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ёш ленинчи” (кейинчалик “Туркистон”, ҳозирги “Ёшлар овози”) газеталарининг адади салкам 1 миллион атрофида эди. Бу нашрларнинг нуфузи йил сайин ошиб бориши таҳририятларда ишлаётган ижодкорларнинг тинимсиз меҳнат ва изланишлари, муаммоларни холис ёритишга чин дилдан интилишлари натижаси эди, десам, ҳақиқатни айтган бўламан.
Эсимда, талабалик йилларимда юртимизда чоп этиладиган деярли барча нашрларни ўқиб борардим. Саноқлигина бўлган, кўпчилик яхши биладиган газеталарнинг эл-юрт меҳрини қозонган мухбирлари қаторида бўлиш биз учун ушалмас орзу бўлиб туюларди. Орзуга эса айб йўқ, дейдилар. Қашқадарёдек олис юртнинг чекка бир қишлоғида ўсиб-улғайган содда ва тўпори йигит бўлсам-да, публицист сифатида элга танилиб, моҳир журналист бўлиш учун тинимсиз ҳаракат қилдим.
Эзгу ниятларимга фаришталар омин, деган эканми, билмадим, мен далли-девонага ҳам кутилмаганда чинакам бахт кулиб боқди: – 1985 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони, элимизнинг ардоқли ва атоқли шоири, устоз Абдулла Орипов тавсиясига кўра “Ёш ленинчи” газетаси таҳририятининг хатлар бўлимида иш бошладим. Ҳозирги “Матбуотчилар уйи”нинг 5-қаватида жойлашган ёшлар нашрида устоз журналист Абдуҳамид Фозилов бошқарган бўлимда (у киши кейинчалик кўп йиллар “Қибрай садоси” газетасида бош муҳаррир лавозимида хизмат қилган, бугунги кунда пенсияда) ишга тушиб, бу қутлуғ даргоҳ нақадар табаррук маскан эканига чин дилдан амин бўлдим. Раҳматли устозларим, ҳамкасб оғаларим – бош муҳаррир ўринбосари Абдураҳим Абдуллаев, масъул котиб Фарруҳ Раҳимов, бўлим мудирлари ва мухбирлар Сафар Остонов, Зиёвуддин Ортиқхўжаев, Маҳкам Раҳмонов, Карим Раҳимов, Турғун Назаров, Зайниддин Мамадалиев ҳамда мусаҳҳиҳ Қурбон Эшматовдек ажойиб инсонлар билан ҳамкору ҳамқадам бўлиб ишлаганимдан доимо фахрланиб юраман. Таҳририятнинг ижодий ходимларидан – адабиёт ва санъат бўлими мудири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари – таниқли шоира ва публицистлар Муқаддас Абдусаматова, Умида Абдуазимова, зукко шоир ва мутаржим (машҳур “Авесто” китобининг таржимони) Асқар Маҳкам, шоир ва журналист Шавкат Туроб, истеъдодли публицистлар Зайниддин Рихсиев, Сувонқул Рустам, фотомухбир Муҳаммад Амин сингари таниқли ижодкорлар газетанинг нуфузини ошириш учун заҳмат чекиб ишлар эдилар. Минг афсуски, мен айтаётган бу инсонларнинг ҳам бир қанчаси бугун орамизда йўқ, бандалик қилишган.
Энг кўп ва машаққатли юмуш мен хизмат қиладиган хатлар бўлимида эди. Тасаввур қилинг, таҳририятга бир кунда 7 қопгача хат келиб тушар, биз уларни саралаб, махсус дафтарга қайд этиб, сўнг тегишли бўлимларга тарқатар эдик. Одамларни ўйлантираётган ташвиш ва муаммоларни дадил ёритгани, газетхонларнинг эътиборига тушиб, уларнинг кўнглига йўл топгани учун аксарият хатлар Сафар Остонов мудирлик қилаётган спорт ва ҳарбий-ватанпарварлик бўлимига тааллуқли бўларди.
Нимасини айтасиз, собиқ шўро тузуми даврида ҳамма жойда ечимини кутаётган чигал масалалар ошиб-тошиб ётарди. Шунинг учун ҳам кўпгина хатлар газетхонлар меҳрини қозониб улгурган, куюнчак журналист Сафар Остоновнинг шахсан ўзига аталган бўларди. Сафар ака хатларни синчиклаб ўқиб, мазмунига кўра саралаб, бир нечтасини рўйхатдан ўтказиб, раҳбарият топшириғи билан хизмат сафарига жўнаб кетар ва аҳолини безовта қилаётган ўткир муаммоларни ўрганиб, таҳлилий-танқидий мақолалар тайёрлаб келарди.
Камина ёшлар газетасининг янги иш бошлаган мухбири сифатида айрим қораламаларимни устозга кўрсатиб олардим. Сафар ака ёзганларимни ўқиб бўлгач, “Азамат, мавзуни яхши танлагансан, бироқ ёзганларинг таҳрирталаб, оғайни! Озгина меҳнат қилиб, яхшигина бош қотириш керак, сўзларни бўлар-бўлмасга увол қилмаслик лозим”, деб танбеҳ берар эди. Биз– ҳали ҳаёт қозонида қайнаб, пишиб етилмаган мухбирчаларга бу гаплар заррача малол келмасди. Аксинча, ана шундай ўринли даккилардан сабоқ чиқариб, тузукроқ мақолалар ёзиш, таҳририятга келган материалларни таҳрир қилишни ўрганар эдик.
Ўқувчилар ишончини қозониб улгурган газета таҳририятига баъзан жуда қалтис мавзулардаги мақолалар келар, журналистик суриштирувни талаб этадиган материалларни бош муҳарриримиз “Буни Сафар Остоновдан бошқанг эплай олмайсан”, деб ҳамманинг кўз олдида уни Сафар оғамизнинг қўлига тутқазарди. Устоз бу каби топшириқларни қойилмақом қилиб бажариб, катта жасорат билан ёзилган мақолаларни қайта-қайта ишлаб, кейин матбуотда эълон қилиб борарди.
Ўша пайтлар таҳририятга газетхонлардан ўта чигал муаммолар ҳақида ҳам хатлар келардики, уларни ўрганиш, тагига етиш ва ечим топиш журналистдан қаттиқ меҳнат, чуқур мулоҳаза, юксак маҳорат билан бирга, фавқулодда улкан жасорат ҳам талаб этарди. Табиийки, Яратган Эгам бундай жасур қалбни ҳаммага ҳам беравермайди. Сафар ака мард ва шерюрак инсон эди. Шу боис бош муҳарриримиз баъзида бирор-бир муаммонинг ечими ҳақида бош қотирса, “Бундай чигал масалани қандай ҳал қилса бўлади, Сафаржон!” деб оғамиздан маслаҳат сўраганини ҳамкасбларимиз яхши эслашади.
Ўша қадрдон жамоада ишлаган барча ҳамкасбларимизнинг ҳар бири ўзига хос ижодкор бўлганини эътироф этган ҳолда айтсам, уларнинг орасида энг дадили ҳам, сўзга чечан, заҳматкаш ва моҳир ташкилотчиси ҳам Сафар Остонов эди. Содда қилиб айтганда, раҳматли Сафар оғамиз таҳририятнинг таянч устунига айланиб қолганди. Кейинчалик газетада қатор иқтидорли қаламкашлар фаолият кўрсата бошлади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар Аҳрор Аҳмад, Қулман Очил, зукко ва изланиб чарчамайдиган ижодкор Рўзимбой Ҳасан, таниқли шоир ва публицистлар Сирожиддин Рауф, Норқобил Жалил, Амирқул Карим ва бошқалар Сафар Остоновнинг муносиб издошлари сифатида тан олиниб, бугунги кунда ижод майдонида фаол қалам тебратиб келмоқда.
Маълумки, ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталаридан бошлаб, токи мустақилликка эришгунимизга қадар халқимиз жуда оғир ва мураккаб синовларни бошидан кечирди. “Пахта иши” баҳонасида 10 минглаб юртдошларимиз ҳибсга олинди. Мустабид тузумнинг темир исканжасига тушган одам ундан соғ-омон қутулиб чиқиши даргумон эди. Ноҳақ айбланганларни қаттол сиёсат зуғумидан оқлаб, озодликка олиб чиқиш қийиндан-қийин масала эди. Минг-минглаб жабрдийда инсонлар умид билан кўз тикиб турган биз – журналист аҳлининг дасти ҳеч қайга етмас, баъзан ожизона овозимизни кўтариш, заиф қаламимизни муаммолар гирдоби томон буришга журъат қилолмас эдик. Собиқ Марказ томонидан Ўзбекистонга ташланган ёвуз “десантчи”лар, хусусан, СССР Бош прокуратурасининг терговчилари Гдлян ва Ивановнинг оммавий қатағонга айланиб кетган қабиҳ хатти-ҳаракатлари халқимиз ўртасида кўплаб норозиликларга сабаб бўла бошлади. Бир умр “журналистика – бу адолат учун кураш” деган шиорга амал қилиб яшаган, ўша пайтда айни куч-ғайратга тўлган устозимиз Сафар Остонов ана шундай ўта мураккаб ва қалтис шароитда қўрқув нималигини билмасдан, эл-юрт тақдирини ўйлаб, ўткир қаламини том маънода қуролга айлантириб, “гдлянчи”ларга қарши мардона кураш бошлади. Мен бу ҳолатни бир ўзи тўқсон алпга қарши ор-номус жангига кирган азму шижоатли Алпомиш бобомизнинг жасоратига ўхшатаман. Чиндан ҳам, жуссаси кичкина бўлгани билан юрагида улкан шижоат жўш урган Сафар акамиз адолат йўлида ҳамиша курашга тайёр инсон эди. “Юраги отнинг калласидек экан”, дейишарди муаллифнинг долзарб мақолаларини ўқиган газетхонлар устознинг шаҳду шиддатига чин дилдан тан бериб. Биз ҳам унинг шердек юраги, жасоратига қойил қолардик. Албатта, Сафар ака ҳар хил туҳматларга қолмаслик учун мавзуга ўта эҳтиёткорлик билан ёндашарди. Тирноқдан кир қидирувчи муттаҳамлар мақоладан хато излашга тушар, бироқ холисона ёзилган – ҳар томонлама ўйлаб, қоғозга туширилган мақолалардан жўяли айб тополмасдан хуноб бўлишарди.
Шундай аламли вазиятлар ҳам бўлдики, собиқ Иттифоқда ном қозонган нуфузли олий ўқув юртида таълим олган таниқли ҳуқуқшунослар ҳам ўзини ўзи ҳимоя қилолмасдан, маҳкумлар қаторидан жой олди. Биргина мисол, Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетини имтиёзли диплом билан битирган опа ва ука Аҳмедовларнинг аянчли тақдири ҳақида кўпчилик ўша пайтда эшитган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг бирида хизмат фаолиятини ўтаб келаётган таниқли юристлар “десантчи”лар тегирмонига ташланганида, Сафар ака дадиллик билан уларни ҳимоя қилиб, газета саҳифаларида бу ҳақда мақолалар эълон қилди.
Катта лавозимларда хизмат қилган бир ҳамкасбимиз туҳматдан қамалиб, озодликка чиққач, анча вақт ишсиз юрди. Сафар ака унинг тақдири учун курашиб, илгари ишлаган лавозимига тўғри келадиган бошқа вазифага ишга тикланишига эришгани ҳақида эшитганман.
Албатта, ҳаётий тажрибамиздан яхши биламиз, бундай “нозик” ишларга ҳамма ҳам юрак ютиб бош қўшавермайди, аксинча, “оч қорним, тинч қулоғим” ёки “бизда ҳам бола-чақа бор, окоси”, деб ўзини четга олади. Сафар ака эса бундай вазиятларда адолатсизликка сира тоқат қилолмас, бировнинг ташвишига жим қараб туролмас эди.
Сирасини айтганда, ноҳақ қамалганларнинг топталган ҳуқуқини ҳимоя қилиб, уларни жазодан озод этиш осон иш эмас. Бунинг учун ҳуқуқий билим, юксак савия билан бирга, яна бир бор айтишга тўғри келади, журъат, жасорат ва фидойилик талаб этилади. Оғамизнинг шахсий кутубхонасида ҳуқуқий адабиётлар ҳам кўп эди. Сафар ака суд-ҳуқуқ мавзусида ёзавериб, “адвокат” бўлиб кетганди. У ҳақ-ҳуқуқи поймол бўлиб, ноҳақ қамалганларнинг дуосини олган чинакам жонкуяр журналист эди. Бу эса ҳаммага ҳам ёқмас, шу боис Сафар аканинг обрўсини туширишга ҳаракат қилганлар ҳам бўлди. Бундай каслар охир-оқибат бор обрўсидан ҳам айрилиб, ўзлари қазиган чоҳга ўзлари қулаб, бадном бўлишди. Нафақат суд-ҳуқуқ соҳасида, балки спорт, ижтимоий-сиёсий мавзуларда ҳам ҳеч ким Сафар Остонов каби фаол ижод қилган эмас, деб ишонч билан айта оламан. Сафар ака юқори идорада масъул лавозимда самарали хизмат қилган кезларда ҳам ижод қилишдан сира тўхтамади. Ҳаётни, одамларни янада теран ўрганиб, фикрини қаламини чархлаб яшади.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Сафар Остонов “Спорт”, “Ўзбекистон футболи” газеталарида бош муҳаррирлик қилган пайтларда ушбу нашрларнинг адади сезиларли даражада ошди, матбаа сифати яхшиланди, спортнинг турли соҳаларига оид бир-биридан қизиқарли мақолалар дунё юзини кўрди. Янги-янги спортчилар, спорт ҳомийлари ҳақида бир-биридан қизиқарли мақола ва очерклар газета саҳифаларидан ўрин олди.
Журналистлар ижодий жамоалари ўртасида бўлиб ўтадиган футбол беллашувлари Сафар аканинг иштирокисиз ўтмасди. Устоз ихчам гавдасига мос спорт кийимида ўйинга тушиб кетар, дарвозага кетма-кет голлар урганидан ҳайратга тушмай илож йўқ эди.
Шу ўринда яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратишни истардим. Сафар ака жуда маданиятли инсон эди. У киши дид билан кийинар, кийимлари қоматига ярашиб турар, чиройли қадам ташлар, тенгдошларига қараганда анча ёш кўринарди. Сўзини ҳам салмоқлаб, дона-дона қилиб гапирар, ҳеч кимнинг дилини оғритмас эди. Биз шогирдлар устозга ҳавас билан қарардик.
Бутун онгли ҳаёти ва фаолиятини миллий журналистикамиз ривожига бағишлаган Сафар Остонов салкам 20 йил (2002 йилнинг 2 февралидан умрининг охиригача, яъни 2021 йилнинг 9 июнигача) давомида юртимиздаги энг нуфузли нашрлардан бири бўлган “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталарига раҳбарлик қилди. Бу газеталарнинг бирорта сони йўқки, долзарб мақолалар чиқмаган бўлса.
Устоз сиёсатни нозик тушунарди. Шу боис, таҳририятга келган кўплаб материалларни ўта ҳушёрлик билан таҳрир қилар, бундан муаллифнинг ўзи ҳам мамнун бўлар, муҳаррирнинг таҳрир маҳоратига, нуктадонлиги ва билимдонлигига қойил қоларди.
Дарвоқе, устоз бир пайтлар Сафар Остон тахаллуси билан тузуккина шеърлар ҳам ёзган. Умуман, шеъриятга меҳри ўзгача эди. “Ўзбекистон овози” газетасида камдан-кам, лекин яхши шеърлар эълон қилинарди. Чунки Сафар ака яхши шеърларни танлай биларди. Қадрларди. Устоз анча йиллар илгари ижодини шеър ёзишдан бошлаганини, бироқ ёзган машқларидан қониқмагани сабабли публицистикага қизиқиб кетганини айтиб берганди.
Айниқса, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов устозни ўзининг туғишган инисидек ҳурмат қилар, унга “Сафаржон”, деб мурожаат этарди. Қадрдон укаси билан суҳбатлашишни хуш кўрарди. Бир муддат Абдулла аканинг шеърлари кимгадир ёқмай қолдими ёки бошқа сабаб бормиди, ҳар қалай, атоқли шоиримизнинг шеърлари матбуотда кўринмай қолди. Сафар ака ўзида журъат топиб, “Ўзбекистон овози”нинг ҳар сонида кичик-кичик шеърлардан, тўртликлардан намуналар бериб бориб, Абдулла Орипов ижоди учун яна йўл очиб юборгандек бўлди. Бу ҳам ўзига хос жасорат эди.
Кўпчилик журналистлар “Сафар аканинг газетасида мақола чиқариш қийин, ҳар қандай мақолани эълон қилавермайди, ўта инжиқ муҳаррир”, дейишарди. Кимнингдир мақоласи “Ўзбекистон овози”да чиқса борми, бу унинг учун чинакам байрам эди.
Одамохунлик, камтарлик Сафар аканинг зийнати эди. Кимга нима ёрдам керак бўлса, қўлдан келганча ҳаракат қилар, иши битган инсондан кўра, ўзи кўпроқ хурсанд бўларди. Шунинг учун ҳам устозни ҳамма – ёшу қари бирдек яхши кўриб, сидқидилдан ҳурмат қиларди.
Каттақўрғон сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзоди қўйилиб, устозимиз ғалаба қозонганида ҳамкасблар, шогирдлар ғоят хурсанд бўлганмиз. Таъбир жоиз бўлса, бу нафақат унинг, бутун журналистика соҳаси аҳлининг, қалам кучига ишонган халқнинг ғалабаси эди. Қисқа фурсатда янги сайланган депутат сайловчиларнинг меҳрини, ишончини қозонди. Шунданми, ойда бир-икки марта Каттақўрғонга бориб, сайловчилар билан мулоқот қиларди.
Сафар аканинг яна бир яхши бир одати ўзи ёзиб улгурмаган долзарб мавзуларни қўл остидаги ходимларга тарқатиши, шу орқали ижодкорларнинг публицистик ишларига баҳо бериб боришида кўринарди. “Журналист ёзаман, деса мавзу кўп, муаммоларимиз етарли, ҳамма гап уни моҳирлик билан ёритишда, газетхон қалбига етиб боришида, юракни жиз эттирмаса, у яхши журналист эмас”, дерди раҳматли акамиз. Устоз чиройли иборалар топар, сўзларни ўз ўрнига қўйиб, мақоланинг янада таъсирлироқ чиқишига алоҳида урғу берарди. Муаллифи ким бўлишидан қатъи назар, таҳририятга келган мақолаларни эринмай таҳрир қилиб саҳифага туширар эди.
Тажрибали муҳаррир Сафар Остонов қалам тебратмаган мавзунинг ўзи йўқ эди. У қайси соҳада ёзмасин, воқеа-ҳодиса тафсилотларини чуқур ўрганиб, фикрини жамлаган ҳолда ёзув столига ўтирар, чарчаш нималигини билмас эди. Шуни ҳам алоҳида айтиш керакки, ҳамиша суд-ҳуқуқ мавзусида мақола ёзадиган публицистлар республикамизда саноқли бўлган. Бу борада Сафар ака етакчилардан бири эди. Умуман олганда, Сафар аканинг ҳуқуқ-тартибот масалаларига оид ёзган таъсирли мақолалари жамланса, каттагина китоб бўлади. Ижтимоий-сиёсий мавзудаги мақолаларининг сони бундан ҳам кўп эди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи вазирлик ва идораларда бўлиб ўтадиган матбуот анжуманларига тез-тез таклиф этиларди. Суд-ҳуқуқ мавзусидаги таҳлилий кўрсатувларнинг аксарияти Сафар аканинг иштирокисиз ўтмасди. У ўзининг ҳақиқатпарварлиги, адолатпешалиги билан кўп сонли телетомошабинлар ҳурматини қозонган эди. Устозимиз чинакам суд-ҳуқуқ шарҳловчиси ҳам эди, десак, муболаға бўлмайди.
— Сафар ўзини аямай ишлади. Газетачиликка бор вужуди билан шўнғиб кетди. Спорт ва ҳуқуқий журналистикани танлади. Ҳар иккисида ҳам самарали ижод қилди, – дейди “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоев “Тушга айланган кўз ёши” мақоласида (“Ўзбекистон овози” газетаси 8-сон, 2022 йил, 23 февраль). – Дам олиш кунлари у учун энг маҳсулли кунлар бўларди. Одамларга ёрдам бериш, кимларнингдир шахсий, оилавий муаммоларини ҳал қилишга вақт топди, аммо бирор жойда тузукроқ дам олишга, асаб толаларини асрашга вақт топмади. Мактабга шошилаётган аълочи ўқувчидек ҳар тонг ишхонага шошилди…
Рост. Устоз раҳбарлик қилган газетанинг ҳар бир сонида, албатта, ўқишли мақола бўларди. Одатда Сафар ака уйдан кўра, хизмат хонасида кўпроқ ижод қиларди. Шанба-якшанба кунлари ҳам уни ишхонасидан топиш мумкин эди.
Бутун дунёда коронавирус балоси кезиб юрган, бу офат республикамизни ҳам четлаб ўтмаган пайтлар… Аксарият корхоналар ўз фаолиятини вақтинча тўхтатди. Жумладан, газеталар ҳам бир муддат танаффус қилишга мажбур бўлди. Кўчаларда транспорт ҳаракати чекланди. Хизмат машинам ҳарбий идорага тегишли бўлгани учун бемалол ишга келиб-кетардим. Қадрдон устозларим Сафар Остонов, Аҳмаджон Мелибоев “ҳайдовчингга айт, бизни уйимиздан олиб кетсин, қайтишда ташлаб кетсин”, деб илтимос қилишарди.
Албатта, тинимсиз ижод билан шуғулланадиган одам бир жойда муқим туролмайди. Улар “зап ижод қиладиган давр бўлди”, деб анча-мунча нарсаларини қоралаб қўйганидан хабарим бор. Пандемия асоратлари юмшагач, бу икки ижодкорнинг материаллари марказий матбуот нашрларида пайдар-пай эълон қилинди.
Ўтган йили “Йилнинг энг фаол журналисти” танловига иштирок этишга жазм қилдим. Ўнга яқин мақолам “Ўзбекистон овози” газетасида эълон қилинган, аксарияти бир саҳифалик материаллардан иборат эди. Республика танлови совриндорлари сафидан жой олишимда устознинг ҳиссаси ғоят катта бўлди. Мени биринчилардан бўлиб табриклаган ҳам Сафар ака эди. Ҳа, Сафар Остонов юқорида айтилганидек, ўзганинг ютуғидан хурсанд бўладиган ғоят олижаноб, дилбар инсон эди.
… Яна хотирам кўзгусига нигоҳ ташлайман. Кундузги ўқишимни кечки бўлимга ўтказиб, таҳририятда ишлаётган кезларим эди. Кечки бўлимда таҳсил олаётган пайтларимда юридик фанлари номзоди, доцент Раҳима Жўрабоева “Ҳуқуқшунослик” фанидан сабоқ берарди. Раҳима Абдуллаевна дарснинг биринчи куниёқ кечки бўлимда ўқийдиган талабаларни йўқлама қилиб чиқди-да, кимнинг қаерда ишлаши билан қизиқиб, танишди. Менга гал келгач исми шарифимни айтиб, “Ёш ленинчи” газетасида мухбир бўлиб ишлашимни айтдим. Шунда домланинг чеҳраси ёришиб, “Сафар Остонов билан бирга ишлайсанми, салом айтиб қўй, уни жуда ҳурмат қиламан. Сафаржон юраги катта, забардаст журналист. “Десантчи” — Гдлян ва Ивановга қарши чиқиб, Ленинград давлат университетини аъло баҳоларга битирган қизим, адлия катта маслаҳатчиси Зулфияни ҳам, ҳуқуқшунос ўғлим Музаффарни ҳам матбуотда ҳимоя қилиб чиққан ўша журналист бўлади. Ҳозир у кунларни эслагим ҳам келмайди. Қизим билан ўғлим оқланиб чиққач, ўз соҳаси бўйича хизматни давом эттиришяпти. Сизлар ҳам шундай куюнчак, инсонларга нафи тегадиган олижаноб журналист бўлиб етишишларингизни истардим”, деди кўзда ёш билан.
— Одамгарчилик юзасидан анчадан буён Сафаржонни уйимга бир пиёла чойга таклиф қиламан. Хўп, опажон, дейди-ю, юмушларидан ортмайдими, келолмаяпти. Азамат, сендан бир илтимос, ўзинг бош бўлиб, Сафаржонни ишдан қайтадиган чоғда ҳовлимга олиб келсанг, хурсанд бўлардим, – деб ўз уйи манзилини берганди ўшанда Раҳима опа. Бу илтимосни Сафар акага ҳар ишга келган куним эслатардим. Устоз ҳаёт ташвишлари, ижод билан андармон бўлиб, бунга имкон тополмади. Бу дийдор таниқли ҳуқуқшунос олима учун армон бўлиб қолди.
Кўпчилик ижодкорлар амал пиллапояларига кўтарилгани сайин ижодида пасайиш кузатилади. (Абдусаид Кўчимов, Аҳмаджон Мелибоев бундан мустасно). Сафар ака амални ҳам, ижодни ҳам баб-баравар олиб борди. У қайси лавозимда раҳбар бўлиб ишламасин, ижоди кучайгандан кучайдики, асло сусайгани йўқ. Ёши 70 дан ошганига қарамасдан, оғриқли муаммоларни кўтариб чиқди. Тўғриси, Сафар аканинг бирорта зерикарли мақоласига дуч келмаганман. Унинг ёзган материаллари нишонга аниқ тегарди. “Ўзбекистон овози” газетаси таҳририятининг ҳамма ходимлари ишини якунлаб, уйига қайтгандагина Сафар ака хонасида тинчгина ёзишга киришарди. Шу боис, уйига кеч қайтарди.
— Сафар Остон номини ўзбек журналистикаси яхши билади, нафақат билади, у кишининг юзлаб шогирдлари бу инсоннинг соҳада қандай меҳнат қилганидан яхши хабардор. Сафар аканинг ўтган аср 90-йилларида матбуотда эълон қилинган суд очерклари, “Пахта иши” бўйича оқланганлар ҳақидаги жиддий мақолалари катта шов-шувларга сабаб бўлгани ҳақиқат. Сафар аканинг ўша битиклари ўзбек журналистикасининг ёрқин намуналари эди. Ака чинакам қалам одами эди, – дейди таниқли шоир ва публицист Абдумажид Азим. – Кейинчалик “Моҳият” газетасига муҳаррирлик қилган йилларимда мен Сафар ака билан кўп тадбирларда, ижодий сафарларда бирга бўлдим. Янада яқинроқ танишдим, дилкаш суҳбатларидан баҳраманд бўлдим. Сафар ака шундай обрў-эътиборли қаламкаш, катта газетанинг бош муҳаррири бўлишига қарамасдан, инсон сифатида оддий, камтар, касбдошлари, қўл остидагиларга нисбатан оқибатли эди.
Сафар Остоннинг энг яхши фазилатларидан яна бири ижод ва илм аҳлига катта ҳурмат ва эҳтиром билан ёндашиши эди. Хусусан, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Усмон Азим ва бошқа ижодкорлар ҳақида акамиздан кўп яхши гаплар эшитганман. Ҳаёт ўткинчи экан, мана бугун Сафар ака орамизда йўқ, Аллоҳ раҳмат қилсин, руҳлари шод бўлсин.
Сафар Остонов нуфузли халқаро тадбирларда ҳам фаол қатнашган чинакам фаол ва жонкуяр ўзбек журналисти эди. Аксарият халқаро спорт мусобақалари (футбол, бокс, ўзбек кураши ва ҳоказо) устознинг иштирокисиз ўтмасди. Куюнчак журналист сифатида нуфузли халқаро тадбирларда қатнашиб, ғолиб бўлган спортчиларимиз ҳақида қувониб, суюниб ёзди. Юртимиз вакиллари имкониятни бой берганларида эса йўл қўйилган камчиликлар хусусида ачиниб, куюниб ёзди.
Кўпчиликнинг хабари бор, Германияда ҳамюртимиз Руслан Чагаев ҳамда “Айиқ” лақабини олган россиялик таниқли боксчи Николай Валуев ўртасида кечган муросасиз бокс мусобақасида Сафар ака шахсан иштирок этиб, жаҳон чемпионлигини қўлга киритиб, “Олтин камар” белбоғи соҳибига айланган ҳамюртимиз ҳақида алоҳида кўтаринки илҳом ва ғурур билан очерк битди. Муросасиз кечган бокс мусобақаси жараёнларини қаламга олиб, уларни ёрқин бўёқларда, юксак ҳаяжон билан тасвирлади. Шубҳасиз, буларнинг барчаси спорт миллий журналистикамизнинг ёрқин саҳифаларини ташкил этади эди, десак, асло муболаға бўлмайди.
2017 йили Самарқанд шаҳрининг Регистон майдонида тантанали равишда ўтган нуфузли “Шарқ тароналари” ХI халқаро мусиқа фестивалида матбуот котиби вазифасини бажариш Сафар Остонов зиммасига юклатилгани маҳоратли журналистга бўлган юксак ишонч ифодаси эди.
— Сафар Остонов халқаро тадбирда матбуот котиби сифатида фаолият кўрсатган йили мени устозга муовин этиб тайинлашганди, – дея эслайди таниқли шоир ва журналист, “Шарқ юлдузи” ҳамда “Звезда Востока” журналлари бош муҳаррири Сирожиддин Рауф. – Ўша йили юртимизга олтмишга яқин давлатдан санъат усталаридан иборат меҳмонлар ташриф буюрган эди. Устоз дипломатларга хос иш тутиб, матбуот анжумани ва брифинг ўтказгани, чет эллик меҳмонларнинг саволларига оғир-босиқлик билан жавоб бериб, ахборот майдонида ўзининг қандай шахс эканини намоён этгани кечагидек эсимда.
Ҳақиқатан ҳам, раҳматли Сафар Остонов эл-юрт ишончини оқлаган фидойи қаламкашлардан бири эди.
Сафар аканинг қабулхонаси аксарият ҳолларда банд бўларди. Кимдир қандайдир илтимос билан, яна кимдир мақола олиб келган бўларди. Ғоят дилкаш, камтар, одамохун инсон бўлганидан, яқин биродару дўст-ёрлари кўргани тез-тез келиб туришарди. У ҳаммани ўзига яқин олар, шу сабаб ошна-оғайнилари ҳам бисёр эди. Ҳар соҳада ўзига яқин, садоқатли одами борлиги боис, юки ҳеч қачон ерда қолмас эди. Шундай бўлса-да, ортиқча ҳою ҳавас ва ҳашаматга, маишатга берилмади. Умрининг аксарият қисмини Тошкент шаҳрининг Юнусобод даҳасидаги бундан қирқ йил олдин ёшлар газетасида ишлаган кезлари давлат томонидан берилган оддий квартирада яшаб ўтказди. Ўнга яқин невараларнинг суюкли бобоси бўлди.
Тоби қочиб, ҳукумат касалхонасида ётган кезлари хабар олгани бордим. Тоза ҳавода сайр қилиш учун ташқарига чиқдик. Катта арча соясидаги бир ўриндиққа жойлашиб, анча гурунг қилдик. Суҳбатимиз асосан ижод тўғрисида бўлди. Гаплашиб турганимизда шу ерда даволанаётган таниқли давлат ва жамоат арбоби, академик Оқил Умрзоқович Салимов йўлакдан ўтаётиб, Сафар ака билан узоқ суҳбатлашди. У кетганидан кейин бир оз ўтиб, узоқ йиллар турли идораларда раҳбарлик лавозимларида хизмат қилган Маҳмуджон Асқаров келиб қолди. Гурунг авжига чиқди. Маҳмуджон ака Сафар Остоновга қараб: “Сиздек дадил, холис ёзадиган журналистни ҳали кўрмадим”, деганига гувоҳман. Шу икки нафар жамоат арбоби ва мен билан Сафар ака шифохона ҳовлисида салкам тўрт соат суҳбатлашди. Устоз хасталигини сездирмас, ўзини қувноқ, тетик тутишга ҳаракат қилар эди.
Орадан икки кун ўтиб, машъум хабар тарқалди. Кимдир ишонди, кимдир ишонмади. Сафар ака бу дунёни ташлаб кетганди…
Ўша суҳбат асносида устоз касалхонада, хаста ҳолига қарамасдан, ўнга яқин мақолалар ёзганини, материалларини жамлаб, катта ношир дўстимиз Аҳрор Аҳмедов билан китоб ҳолида чиқариш ҳақида гаплашиш нияти борлигини айтган экан. Афсуски, устознинг бу нияти амалга ошмай қолди. Коронавирус асорати туфайли барчамизни бўзлатиб, боқий дунёга рихлат қилди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сафар Остоновнинг порлоқ хотираси асло ўчмайди. Хешу ақраболари, дўсту биродарлари, биздек шогирдлари қалбида доимо яшайди.
Азамат СУЮНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси