Зайнабга хат

“Ўткан кунлар” — Абдулла Қодирийнинг шоҳ асари ва биринчи йирик ўзбек романи. Асарни ўқимаган, ушбу асар асосидаги фильмларни кўрмаган юртдошимиз бўлмаса  керак. Романда нафақат воқеалар ривожи балки ҳар бир персонаж яхлит бир дунёдек гўё. Бош ва эпизодик қаҳрамонлар узвий равишда бир-бирини тўлдиради. Асарни ўқиган китобхонда Отабек ва Кумушнинг муҳаббати-ю, Юсуфбек ҳожининг кенг феъллилиги, тадбиркорлиги, Ўзбек ойимнинг ўзгача табиати ҳақида тушунчалар пайдо бўлади. Аммо Зайнаб ўша-ўша ҳасадгўй, қотиллигича қолаверади. Лекин мен учун Зайнаб ҳам ёт эмас. Шу сабаб ҳам ҳозирги дил сўзларимни ёлғиз Зайнабга бахшида этмоқчиман. Зора, буни ўқиган инсон қалбида Зайнабга нисбатан зарра бўлсада меҳр уйғонса…

Ассалому алайкум, менинг яраланган оқ қушим, кўнгли ярим дилбарим Зайнаб! Ҳол-аҳволингизни сўраш-да мен учун анчайин ноқулай. Эҳ, бечорагинам, дили озорда бўлган опагинам, ўткинчи дунёнинг аччиқ зарбаларига бардош бериб чарчадингизми? Беҳуда отилган нафрат тош­ларидан паришондирсиз-а? Ҳамон муҳаббатингизнинг биргина ширин илтифотига муштоқмисиз?

Тўғрисини айтсам, “Ўткан кунлар”ни илк бор ўқиганимда кўпчилик қатори сизни фақатгина салбий образ сифатида баҳолаган эдим. Гўёки ҳамма кўнгилсизликлар сиз туфайли содир бўлгандек эди. Лекин вақт ўтиши билан ҳаммасини тушуна бошладим. Бир куни ўзимча фараз қилдим: Зайнабнинг ўрнида мен бўлганимда нима қилар эдим? Гап Кумушни заҳарлаш ҳақида эмас. Асло. Фақат не-не умидлар ила бир ёстиққа бош қўйган инсонидан бенажот, “жонсиз ҳайкал” бўлган жуфти билан ўтказган “кўнгилсиз ҳаёт”ида қандай яшаган бўлар эдим? О, йўқ, раҳмдил Аллоҳ душманимнинг бошига ҳам бу кунларни солмасин, муҳаббатсиз турмуш билан ҳеч кимни “сийламасин”.

Шу боис, нима бўлганда ҳам сизга қойилман. Сизни тушунишга ҳаракат қиламан. Суюклигингизни суюклиси билан бўлган вақтларини четдан томоша қилиш, сиз орзу қилган меҳрни “Кумуш опангиз”га шунчаки туҳфа этилиши… Камига ўтган-кетганнинг сиз ҳақингиздаги ножўя фикр-у, беҳуда гап сўзлари, киноялари… Бир аёл учун нақадар аянчли қисмат бу!

Кумушнинг ўлими… Заҳарланиш воқеаси… Бу турмушда учрайдиган кундош рашки оқибатининг асли сабабчиси ким эди ўзи? Агар Отабек икки аёлига бир хил муносабатда  бўлиб, рашк ўтининг аланга олишига “шароит” яратиб бермаганида шу нарсалар бўлармиди?

Тўғри, бундай вазиятда барибир сиз қилган ишни оқламоқчи эмасман, Зайнаб. Сизни ўша пайт рашк ва ҳасад ўти бошқарди ва энг катта гуноҳ бўлмиш кундошингизга қўшиб, унинг бағридаги ҳали дунё­­га келмаган мурғак вужудни ҳам онасидан жудо қилдингиз. Ҳа,  бир эмас, икки жоннинг умрига зомин бўлдингиз. Қутидор оиласининг яккаю ягона фарзанди бўлган, Марғилонга сиғмаган Кумушни ўлдирдингиз! Эҳ, қандай фожиа бу! Аммо сизнинг қалбингиз бу қадар ёвуз эмас эди шундайми? Сиз беҳуда гапларга қулоқ солганингиз учун шу кўргуликлар рўй берди. Кўнглингиз бу қадар қора туйнукка айланмаган эдику-а? Агар вақт ортга қайтса асло бу хатога қўл урмайсиз, тўғрими? Пушаймонсиз-а?..

Қани эди, сиз юрагида бошқа аёл бўлган — Отабекка эмас, қалби фақат сизни истайдиган бир инсонга ёр бўлсангиз эди. Қани эди, Кумуш ва Отабекни танимасангиз, Юсуфбек ҳожи ва Ўзбек ойимларга келин бўлмаганингизда эди.

Ишонаман, сиз бошқа оилада севимли, суюкли келин бўлганингизда эди, бахтдан масрур яшаб ўтар эдингиз. Ахир, ахир Тошкентнинг энг бой, тагли-тугли хонадони фарзанди, гўзалликда ҳам не-нелар ҳавас қиладиган сулув эдингиз!

Қайғуланманг, Зайнабим! Сизни бутун дунё анг­ламаса ҳам мен англайман. Олам сизни ёмон отлиқ қилса ҳам мен ундай қилолмайман. Майли, сизни қотил дейишсин… Аммо… Аммо мен учун аввало, аёлсиз. Меҳр ва эътиборга тўлиб, бу дунё­­да бахтнинг ифорини тўлақонли ҳис қилишга ҳақли аёл эдингиз!

Аллоҳ раҳимли ва меҳрибон зот. Яратган кечирсин Сизни… Яна ҳеч бир аёлнинг қисмати сизникига ўхшамасин.

Мактубни Д.ДЎСМАТОВА

оққа кўчирди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 − 2 =