Ёшлар нигоҳи билан келажакка назар

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими ташаббуси билан воҳада ижод қилаётган ёш журналистлар, олийгоҳларда таҳсил олаётган соҳанинг бўлажак ворислари иштирокида “Ёшлар нигоҳи билан келажакка назар соламиз” мавзуида Сирдарё бўйича саёҳат ва очиқ осмон остида маҳорат дарслари ташкил этилди.

Энадарёмиз — Сирдарё ви­лоятининг рамзи саналади. Чунки у шаҳару қишлоқларимиз, боғу роғларимиз, далаларимизга “оби ҳаёт” улашади. Медиа тур қатнашчилари Сирдарё шаҳридан ўтиб, Меҳнат станцияси йўлига чиққанларида ажиб бир саноат шаҳарчасига рўбарў келдилар. Бу ерда “Пенг-шен” Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси, “Дўстлик” боғи, мактабгача таълим муассасаси ва бошқа қатор маданий-маиший иншоотлар қад ростлаган. Сирдарё шаҳридан “Шоликор” маҳалласига олиб борадиган йўл замонавий бир кўринишга келтирилибди. Бу йўлдан юрган машиналар “қилт” этмай, равон юради.

Сирдарё бўйидаги оромгоҳга етиб борганимизда, қуёш икки терак кўтарилган эди. Ёзги таътил пайти бу ерда дам олган ўғил-қизлар аллақачон уй-уйларига қайтишган. Дарахтлар қуюқ соя ташлаб турган йўлаклар тинч, осуда. Ҳаводан кузнинг ифори келади. Биз учун тайёрланган майдончадаги жойга ўрнашиб, нафас рост­ладик. Орадан кўп ўтмай, қизғин гурунг бошланиб кетди. Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раи­си Бойжигит Абдуллаев, ўринбосари Дилором Исмадиёрова ёш журналистлар учун мавзу топиб беришди: тажрибали ва ёш журналистлар ўртасида ўзига хос дилтортар гурунг бошланди. Соҳада катта тажриба тўплаган жур­налист­лар ўзларининг изларидан келаётган ёш ижодкорларга соҳага қандай кириб келишгани, муваффақиятлари сири ҳақида сўзлаб бердилар.

Шундан кейин медиа-тур иштирокчилари ўртасида шахмат-шашка мусобақалари бошланди. Кўп ўтмай, “шоҳ!”, “мот!” деган каломлар янграй бошлади. Шу тариқа медиа-тур иштирокчилари ақлларини чархлаб олдилар. Шахмат-шашка мусобақаларининг барча қатнашчиларига Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимининг эсдалик совғалари — бадиий китоблар топширилди.

Сўнгра тадбир иштирокчилари Сирдарё соҳилига йўл олдилар. Дарё ҳориган онадек сокин оқмоқда. Аввалги айқириб оққан оқиндан нишона ҳам йўқ. Маълумки, пахта яккаҳокимлиги ҳукмрон бўлган йиллар Сирдарёнинг суви ўнлаб каналларга тортилиб, дашт қўйнига оқизилган. Хаёлимга беихтиёр ҳассос шоиримиз Эркин Воҳидовнинг “Сирдарё ўлани” манзумасидаги мана бу маҳзун сатрлар келди:

Сен борсанки, кенг воҳада ҳаёт бор,

Демак, юртнинг лабида бол, навот бор,

Сенда элим саботидек сабот бор,

Собит бўлгин, Она сойдан нажот бор,

Оқиб тургин, қуриб қолма, онажон…

Дарёдан қайтгач, медиа-тур қатнашчилари мўъжазгина айвончанинг гирдо-гирдини қўрғалаб ўтиришди. Тажрибали журналист­лар ёш ука-сингилларига долзарб мавзуларда маҳорат дарслари ўтиб беришди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳайъати аъзоси, “Сирдарё” газетаси бош муҳаррири Умарқул Очиловнинг “Миллий ғоядан — миллий юксалишга” мавзуидаги маҳорат сабоғи бугунги куннинг энг долзарб муаммосини кўтариб чиққани билан аҳамиятли бўлди. “Сырдаринская правда” газетаси бўлим мудири Тўлқин Аҳмадалиевнинг “Халқ­аро журналистика сабоқлари” мавзуи­даги суҳбати эса ёш ижодкорларни жаҳон миқёсидаги ҳам­касб­ларидан ўрнак олиш ва ўрганишга чақирди. Таниқли журналист Дилором Исмадиёрова касб этикаси ҳақида сўз юритди. Камина Президентимизнинг 5 ташаббуси ва уни ОАВда қандай ёритиш йўллари ҳақида ўз тажрибаларимни сўзлаб бердим.

Ёшларнинг фикрларини эшитиш ҳам мароқли кечди. Улар орасида замонавий, ҳур фикрлайдиган, ўз сўзи ва қарашига эга бўлган ижодкорлар борлиги кишини қувонтиради. Уларнинг айримларини келтиришни лозим топдим.

Алишер Шералиев,

Гулистон давлат университетининг 4-курс талабаси:

— Ҳар йили курсдошларимиз билан фалон пулга газета-журналларга обуна бўламиз. Бироқ вақтли нашрлар ўз вақтида қўлимизга тегмайди. Ваҳоланки, журналистлар орасида газетанинг умри бир кун, деган гап юради. Эскирган хабарларни ўқишдан не фойда? Журналистлар эркинроқ ижод қилсалар, бунга газета ва телевидение раҳбарлари шароит яратиб беришса, деган фикрим ҳам бор…

Бу ёш дўстимизнинг фикри анча баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Эркинлик берилмайди, балки кураш билан олинади, дейишди даврадагилар. Бунинг учун журналистда журъат ва жасорат бўлиши уқтириб ўтилди.

Мафтуна Абдукаримова, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 2-босқич талабаси:

— Журналистлар воқеликни ёритганда жимжимадорликдан қочиб, газетхон, тингловчи ва томошабинга оддий халқ тилида етказиб беришга ҳаракат қилиши керак. Устозим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррири Сафар Остонов ҳар гал ҳузурларига борганимда шундай насиҳат қиладилар. Мен яна журналистларнинг маҳоратига қараб тоифалар берилишини (худди ўқитувчилар каби) таклиф қиламан. Шунда ижобий ва ижодий рақобат бўлади. Меҳнатларига яраша маош олишади.

Сарвиноз Раҳмонқулова,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 2-босқич талабаси:

— Журналист материал тайёрлаганда, энг аввало, инсонийликни унутмаслиги лозим. Оммавий ахборот воситалари эркинлашиб, халқ дардига малҳам бўлиб яшамаса, обрў-эътибори кўтарилмайди. Замон шиддати тезлашиб кетди. Ижтимоий тармоқлар янгиликни етказишда пешқадамликни бермаслиги аниқ. Бундай пайтда босма нашрлар халқ дардини кўтарадиган танқидий-таҳлилий мақолаларга куч берса, обуначилари олдидаги вазифани тўла-тўкис бажарган бўларди. Айримлар башорат қилаётганидек, газеталар ўлмайди, аксинча яшаб қолади.

Баҳс-мунозарада журналист қавми қандай қилса яхши яшайди, ОАВнинг ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш йўллари, блогер ва журналист орасидаги фарқ нимада, деган масалаларга ҳам муносабат билдирилди. Ўртага ташланган мулоҳазалар нечоғли тўғри бу бошқа масала. Асосийси, ёшларимиз эркин фикрлашга, ўзларини қийнаётган муаммоларни очиқ-ойдин айтишга ўрганаётгани муҳим. Фикрли инсонлар яшаётган жамиятнинг келажаги ойдин бўлиши оддий ҳақиқатдир.

Сирдарёдан Гулистонга йўл олдик. Ҳамманинг кайфияти аъло. Бир вақт ёш журналистларимиз бизга нотаниш бир қўшиқни жўр бўлиб куйлай бошлашди. Сўраб-суриштириб билсак, улар журналистлар ҳақида қўшиқ яратишибди. Балки Ўзбекистон Журналист­лари ижодий уюшмасининг ҳам мадҳ­иясини яратишимиз керакдир…

Муҳаммадали Аҳмад,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё

вилоят бўлими ҳайъати аъзоси,

медиа-тур иштирокчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 5 =