Сайлов кампанияси иш бошлади
Халқ ўзининг муаммолари, дарду ташвишини кимга ишонади? Ўзи овоз берган депутатгами?.. Демак, ушбу мақомни оқлай биладиган номзодга овоз бериш лозим. Номзодлар ва уларнинг сайловолди дастурлари эса оммавий ахборот воситалари, турли тадбирлар орқали халққа етказилади. Ушбу жараён қанчалик очиқ, шаффоф ва адолатли ўтса, натижа ҳам шунга яраша бўлади.
27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган ўқув семинарида жорий йилнинг 22 декабрида Олий Мажлис ва вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайлов кампаниясини ёритиш билан боғлиқ амалий ва ҳуқуқий масалалар кўриб чиқилди. Унда Марказий сайлов комиссияси ва Адлия вазирлиги вакиллари журналистларга сайлов қонунчилигидаги янгиликларни ташкилий ва ҳуқуқий жараёнларга доир маърузалари орқали етказди.
— Марказий сайлов комиссияси 20 сентябрь куни сайлов кампанияси бошланганини эълон қилди. Бу йилги кампания “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар” шиори остида ўтади, — дейди Марказий сайлов комиссияси котиби, котибият мудири Худоёр Маматов. — Нега янги Ўзбекистон? Хабарингиз бор, кейинги уч йилда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичини бошлаб берди. Ҳаракатлар стратегияси ва унинг маҳсули сифатида маъмурий ислоҳотлар концепцияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларни ҳаётга татбиқ этиш борасида давлат ҳокимият ва бошқарув органлари, хўжалик бошқарув органлари тубдан ислоҳ қилиниб, мақбуллаштириляпти. Бу органларга замонавий билимларни эгаллаган, турли тилларда сўзлаша оладиган ташаббускор, иқтидорли ёшлар жалб қилинмоқда. Сўз эркинлиги, ахборот эркинлиги, ҳурфикрлиликка кенг йўл очилаётирки, бугун ҳар бир янгилик бутун мамлакат, қолаверса, дунёнинг исталган бурчига етиб бормоқда. Буларнинг бари янги Ўзбекистон қиёфасини кўрсатмоқда.
Хўш, нега янги сайловлар деяпмиз? Бунга сабаб кампания демократик ислоҳотларнинг янги босқичида ўтаётгани, энг муҳими, халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксалиб, уларнинг депутатларга, партиялар олдига қўяётган талаб ва ташаббусларида намоён бўлмоқда. Бундан ташқари, аввалги сайлов жараёнлари бешта қонун билан тартибга солинган бўлса, айни пайтда, тарқоқ ва бир-бирини инкор этадиган айрим нормалар чиқариб, эндиликда 500 га яқин норма яхлит сайлов кодексига мужассам этилгани ҳам янги сайловлар дейилишига сабаб бўлди. Ушбу кодекс 103 моддадан иборат. Биз миллий давлатчилик тарихига эга халқмиз. Инсонларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уни қадрлашдек ўлмас қадриятларимиз ҳам ушбу кодексда ўз аксини топди.
Мамлакатимизда демократик сайловларни ўтказишда аввалги тенгсизлик принципига барҳам берилди. Аввал Экоҳаракатга берилган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 15 квоталанган ўрин бекор қилиниб, Ўзбекистон Экологик партияси ташкил бўлди. Эндиликда бешинчи сиёсий партия сифатида жорий йилги кампанияда Қонунчилик палатасидаги 150 та депутатлик ўрнига бирдай даъвогарлик қилиши мумкин. Бундан ташқари, Экоҳаракатнинг фақат Қонунчилик палатасида вакили бўлиб, маҳаллий органларга номзод кўрсатиш имкони йўқ эди. Бундан буён Экологик партияси ҳам қолган тўртта партия билан бир хил ҳуқуқларга эга ва халқнинг ичига бемалол кириб бора олади. Гап фақат соғлом рақобатда…
Марказий сайлов комиссияси бўлим бошлиғи Фарҳод Насриддинов сайлов қонунчилигидаги янгиликларни бирма-бир қайд этиб ўтаркан, қуйидагиларга алоҳида тўхталди:
— Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрда Парламентга қилган илк мурожаатларидаги ташаббусдан келиб чиққан ҳолда, Марказий сайлов комиссия томонидан Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бунинг учун ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, унга ҳуқуқшунослар, сиёсий партиялар вакиллари жалб этилди. Лойиҳани ишлаб чиқишда йигирмадан зиёд давлатнинг тажрибалари ўрганилди. 2018 йил августдан бошлаб лойиҳа муҳокамага қўйилди. Аввал жамоатчилик, сўнг экспертлар ва халқаро ташкилотлар ўртасида муҳокамадан ўтди ва таклиф-мулоҳазалар эътиборга олинди. Унга сайлов қонунчилигида илгари бўлмаган қатор янгиликлар киритилди. Асосийларидан бири шуки, айни пайтда Президентимиз томонидан замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш тўғрисида қабул қилинган қарорга мувофиқ, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилди. Бундан мақсад бир сайловчи бир овозга эга бўлишини таъминлашдан иборат. Авваллари бир сайловчи ҳам доимий, ҳам вақтинча яшаш жойидаги рўйхатга кирган бўлса, энди сайловчининг хоҳишига кўра, фақат бир манзилда рўйхатга олинади…
Маърузачи бундан буён сайловчи овоз бериш бюллетенидаги исталган белгини танлаши мумкинлиги, яширин овоз бериш принципи бузилмаслиги учун олдиндан овоз берувчиларга ажратилган варақанинг бекор қилингани каби бир қатор янгиликлар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтди.
Х. Файзиева.