Ўзанини топган ўзлик

Дунёда бирликлар – кўп. Аммо энг буюк бирлик – тил бирлиги.

Экватор чизиғига яқин мамлакатлар амалда Ер шарининг белбоғини ташкил этади. Нима сир-синоат, билмадим-у, башарият пайдо бўлганидан буён ҳамма ана шу ўрталиққа қизиқади.

Туркий халқларнинг асл Ватани, асосан, айнан ана шу ўрталиқда жойлашган. Ер юзида қирққа яқин туркий тилли халқ бор. Бу тилларда гаплашадиганларнинг умумий нуфузи 200 миллион кишидан ошади.

Қардош” сўзининг асл шакли — “қориндош”. Бу “бир қориндан туғилган” деган маънони англатади. Қисқаришга учраб, ихчам ҳолга келган. Тилшуносликда “қардош тиллар” деган атама бир тиллар оиласининг бир тил гуруҳига кирадиган тилларга нисбатан ишлатилади. Славян тил гуруҳига кирган барча лисонлар — бир-бирига қардош забонлилардир. Худди шундай, туркий тил гуруҳига кирадиган забонлар ҳам бир-бирига қардош тилли халқ­лардир.

Тил хусусиятларига кўра, туркийлар қуйидаги уч гуруҳга ажратилади:

Биринчи гуруҳ — ўғузлар. Бунга турклар, озарбойжонлар, туркманлар, гагаузлар, қўмиқлар киради.

Иккинчи гуруҳ — қипчоқлар. Бунга қозоқлар, қирғизлар, қорақалпоқлар, татарлар, бошқирдлар, чувашлар, нўғайлар киради.

Учинчи гуруҳ — қарлуқ-чигиллар. Бунга уйғурлар киради.

Хўш, нега ўзбекларимизни бу гуруҳларнинг бирортасида ҳам санамадик? Гап шундаки, ўзбек миллати — буюк бобомиз Амир Темур таъбири билан айт­ганда, туркнинг бош бўғинидир. Туркий оламда адабий тилимиз минг йиллардан ошиқ даврлардан буён қарлуқ-чигил лаҳжасига таянган ҳолда шаклланиб, тараққий этиб келган. Шунинг учун адабий тилимизни инобатга олган ҳолда, тилшуносликда ўзбек тили қарлуқ-чигил гуруҳига киритилади.

Фахрланадиган жойимиз яна шундаки, дунёдаги барча туркий халқлар бизга қариндош. Ўғуз, қипчоқ, қарлуқ-чигил лаҳжаси вакиллари бизга жуда-жуда яқин ҳисобланади. Демак, биз, тимсолий қилиб айтганда, туркий оламнинг “Юраги” бўламиз.

Туркий халқлар башарият тарихида муносиб ўрин тутади.

Турк олими, профессор Умой Туркеш Гунойнинг аниқлашича, туркий халқлар милоддан аввалги IV минг йилликдан ҳозирга қадар ўтган 6 минг йил мобайнида 16 буюк императорлик, юзларча катта-кичик давлат қурган. Туркиянинг кўп шаҳарларида тарихда ҳукм сурган туркий давлатлар байроқлари ўрнатилган. Улар орасида Хоразмшоҳлар, Қорахонийлар, Темурийлар давлатлари байроқларини кўриш ҳар қандай юртдошимиз қалбида ғурур уйғотади. Қорабоқ университети ҳовлисида эса турк дунёси тарихида ўтган атоқли саркардалар бюстлари бор. Улар орасида Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймоси ҳам бор.

Бугунги кунда туркий тилли халқлар ўз ҳокимиятига эга ёки эга эмаслиги жиҳатидан қуйидаги уч гуруҳга бўлинади:

Биринчи гуруҳи – туркий тилли давлатлар. Рус босқинидан кейин Ер юзида битта туркий тилли давлат, яъни Туркиягина қолган эди. 1991 йили унинг ёнига собиқ иттифоқдан ажралиб чиққан яна беш туркий тилли давлат — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Турк­манис­тон, Озарбайжон Республикалари қўшилди.

Иккинчи гуруҳи — ўз давлатчилигига эга туркий халқлар. Булар бошқа бир давлат субъекти сифатида ўз давлатчилигига эга. Масалан, Россия Федерацияси таркибидаги Татаристон, Бошқирдистон, Олтой, Саха (Ёқутия), Тува, Хакасия Республикалари киради. Булар бошқа давлат таркибида ўз миллий давлатчилиги хусусиятларига эга.

Модомики, шунча туркий халқ бор экан, ўз-ўзидан, “турк дунёси” деган тушунча ҳам мавжуд бўлади. Бироқ собиқ иттифоқдан ажралиб чиққан туркий тилли беш давлат ўз мустақиллигига эга бўлганидан кейин Ер юзида “туркий тилли давлатлар” деган тамоман янги бир тушунча пайдо бўлди. Яширишнинг ёки қоғозга ўраб ўтиришнинг ҳожати йўқ — дунёда қайси давлат тараққий этган бўлса, ўзаро бирлик орқасидан бунга эришилган. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, бир тил гуруҳига мансуб халқлар ҳамиша ўзаро бирлашишга интилаверади, аммо ҳамма вақт буни истамайдиган кучлар ҳам топилаверади.

Туркий тилли давлатлар раҳбарлари биринчи саммити Туркия Республикаси Президенти Турғут Ўзал ташаббуси ва Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қўллаб-қувватлаши асосида 1992 йилнинг 30 октябрида Анқара шаҳрида бўлиб ўтган эди. 1994 йилнинг 18 ноябрида Туркиянинг Истанбул шаҳрида иккинчи, 1995 йилнинг 28 августида Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида учинчи, 1996 йилнинг 21 октябрида Тошкентда тўртинчи, 1998 йилнинг 9 июнида Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бешинчи, 2000 йилнинг 8 мартида Озарбайжоннинг Боку шаҳрида олтинчи, 2001 йилнинг 26 мартида Истанбул шаҳрида еттинчи, 2006 йилнинг 17 ноябрида Туркиянинг Анталия шаҳрида саккизинчи ва 2009 йилнинг 3 октябрида Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида тўққизинчи саммитда Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик Кенгаши ташкил этилди. 2010 йилнинг 15 сентябрида Туркий тилли давлатлар раҳбарларининг  ўнинчи саммити ўтказилди.

2011 йилдан бошлаб эса “Туркий тилли давлатлар” Ҳамкорлик Кенгаши саммитини ўтказиш бошланди. Биринчи саммит ўша йили Олмаота шаҳрида 21 октябрда бўлиб ўтди. Иккинчи саммит 2012 йилнинг 23 августида Бишкекда, учинчи саммит 2013 йилнинг 16 августида Озарбайжоннинг Габала шаҳрида, тўртинчи саммит 2014 йилнинг 5 июнида Туркиянинг Бодрум шаҳрида, бешинчи саммит 2015 йилнинг 11 сентябрида Остонада ва олтинчи саммит 2018 йилнинг 3 сентябрида Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлди.

Бир муддат мамлакатимиз бу жараёнларга қўшилмади. Бунинг турли объектив ва субъектив сабаблари бор эди, албатта.

Яқинда давлатимиз тарихида муҳим бир янгилик юз берди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 14 сентябрида Ўзбекистон Республикасининг “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини (Нахичеван, 2009 йил, 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунини имзолади. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 13 сентябрида қабул қилинган ва Сенат томонидан 2019 йил 14 сентябрида маъқулланган.

Шундай қилиб, биз эзгу жараёнга қўшилдик. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги, яъни еттинчи саммитида тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қатнашамиз.

Кенгашнинг мақсади — унга аъзо давлатлар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Кенгаш Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми мақсадлари ва қатъиятлари ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа тан олинган, шу жумладан, суверен тенглик, ҳудудий яхлитлик ва халқаро чегараларнинг бузилмаслиги, ички ишларга аралашмаслик каби қатъият ва меъёрларига амал қилган ҳолда фаолият олиб боради.

Шуни ҳам қўшимча қилиб ўтиш керакки, 1993 йилнинг 7 декабрида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида имзоланган битим билан “Турксой” Улуслараро турк маданияти халқаро ташкилотига, 2008 йилнинг 21 ноябрида Истанбулда имзоланган битим билан эса Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеясига асос солинди.

Ҳар мамлакатнинг ўз ҳудуди, муайян имконият ва шароитлари, Ер ости ва Ер усти бойликлари, халқи, унинг салоҳияти ва бошқа қадриятлари  бўлади. Халқ ана шуларни ишга солиб, ўз тақдирини ўзи белгилайди, миллий ривожланишнинг турли-туман йўлларини излайди, жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллашга интилади. Бунда у бир сўмини ноўрин бировга бермайди ҳам, бировнинг бир чақасига зориқмайди ҳам. Берса, эвазига ниманидир олади. Олса, уни, албатта, қайтаради. Аммо бир ҳақиқатни унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ: ҳеч бир давлат ўз қобиғига ўралиб олиб ривожланган эмас. Тараққиётнинг сири — ўзаро ҳамкорликда.

Ўзбекистонимиз  аҳолисининг нуфузи жиҳатидан туркий тилли мамлакатлар орасида Туркиядан кейин турадиган иккинчи йирик давлатдир. Туркия биринчи галда биз билан мустаҳкам бирликка эришмоқчи. Бу — амалда Марказий Осиёнинг ярми билан ҳамдамлик таъминланди, дегани. Чунки минтақамиз умумий аҳолисининг тенг ярми Ўзбекистонимизда яшайди.

Шунинг учун Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши фаолиятида Ўзбекистонимизнинг ўз муносиб ўрни ва мав­қеи бўлади, албатта. Бундан ҳам биз, ҳам бошқалар ютади.

Ҳақиқий ҳамкорлик дегани шундай бўлади-да.

Султонмурод Олим.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × one =