Эл-юртга сидқидилдан хизмат

муваффақиятга элтувчи йўлдир, — дейди Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Орал Атаниязова

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Орал Атаниязова, 1956 йили Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида туғилган. 1979 йили Тошкент давлат тиббиёт инс­титутини тугаллаб, аввал туғуруқхонада шифокор, 1980-1981 йилларда эса Қанликўл тумани қишлоқ шифохонасида аёллар шифокори бўлиб ишлади. Сўнгра Ленинград шифокорлар малакасини ошириш институтида клиник ординатурада ўқиди, Россия соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли “Она ва бола” соғлиғини сақлаш маркази аспиранти, Россия Фанлар академияси акушерлик ва гинекология илмий-текшириш институтида докторант сифатида изланиш олиб борди.

Ватанпарварлик бу — улуғ фазилат. Табиийки, киндик қони тўкилган жой инсон учун муқаддас. Демак, Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ватанни ардоқлаб асраш ва эл-юрт манфаати йўлида хизмат қилиш инсон табиатида мавжуд бўлган улуғ хислат. Мана шу эзгу туйғуларни кўнглига тугиб, она юртга хизмат қилишни олий мақсад билган — Орал Атаниязова бугунги кунда Тошкент педиа­трия тиббиёт институти Нукус филиали раҳбари сифатида иш юритмоқда.

Орал Атаниязовани бир пайтлари чет элнинг энг обрўли халқаро ташкилотига ишга таклиф қилишганда ҳам, юрт меҳри баридан устун келди. Ўзимизда қолди. Билим ва тажрибасини туғилиб ўсган она юрти ривожи учун сарфлашга бел боғлади.

Албатта, юксак натижаларга эришиш профессор аёл учун осон кечмади. Ўтган асрнинг 80-йилларини эслар экан, у замонлар “Пули борнинг тили узун, билими борнинг қўли калта”, бўлганлигини, лекин шунга қарамасдан, халқ манфаати учун кураш олиб борганлигини айтади. Энг аввало, чекка қишлоқларда яшовчи турмуш тарзи оғир вазиятдаги ногирон фарзандлари бор аёлларнинг саломатлигини яхшилаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, экологик маданиятни ошириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширди.

Халқаро лойиҳалар асосчиси О.Атаниязова 1991 йили Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб “Фарзанд” нодавлат-нотижорат марказини очиб иш бошлади. Марказнинг саъй-ҳаракатлари билан хотин-қизлар ўртасида учрайдиган оғир касалликларнинг камайишига ва болаларда учрайдиган камқонлик, диарея касалликларининг олдини олишга эришилди. Аҳоли ўртасида витаминга бой озиқ-овқат, дори-дармонлар ва соғлом турмуш тарзини тар­ғиб қилувчи китоблар бепул тарқатилди. Мана, орадан 28 йил ўтибдики, ҳалигача бу марказ ўзининг иш фаолиятини самарали давом эттириб келмоқда.

Бугун Қорақалпоғистонда бўлаётган бунёдкорликларни, Орол фожиасидан азият чеккан Мўйноқ туманида олиб борилаётган кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишларини кўриб кўзингиз қувнайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Қорақалпоқ диёри бутунлай янги кўринишда чирой очмоқда. Айниқса, Орол денгизи тубида яшил қопламали тўқайзорликлар яратиш борасидаги ишлар қорақалпоғистонликлар учун мисли кўрилмаган эзгу қадамлар бўлмоқда.

О.Атаниязова бошчилигида бундан бир неча йил бурун Марказий Осиё Республикалари ва чет эл давлатларидан Норвегия, Щвеция, Авс­трия сингари давлатларнинг 14-17 ёшли ўсмир ёшлар иштирокида илк бора “Орол денгизи фожиаси болалар нигоҳида” номли халқаро конференция ўтказилди. У конференцияни ўтказиш учун 3 йил вақт сарфлади. Ўшанда болаларга ҳали Орол фожиаси гўёки эртакдек бўлади, дея олдинда нурли кунлар турганлигини айтганди. Бугунга келиб бу ишларнинг самараси яққол кўринаяпти.

Тиббиёт илми фидойиси О. Атаниязова 18 йилдан буён Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиалига раҳбарлик қилар экан, саъй-ҳаракатлари ва раҳбарлик масъулияти билан олиб борган фаолияти самараси ўлароқ институт юқори натижаларга эришиб, юртимизнинг энг намунали олий таълим муассасасига айланиб бормоқда. Бугунги кунда филиалнинг 2 факультет,  17 та бўлимида 1800 дан зиёд талаба ўқияпти. Ўтган йили Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ташрифи давомидаги топшириқларига асосан мўйноқлик 50 нафар ёшлар ҳам шу институтда таълим олишмоқда.

Ёш кадрларни халқаро миқёсда тайёрлаш учун институтда барча имкониятлар яратилган. Филиалда Россия, Жанубий Корея билан ҳамкорликда очилган халқаро факультет, инс­титут филиалига қарашли замонавий намунада қад кўтараётган Халқ­аро юқори технология инновацион клиникаси, магистратура ва докторантура дастурининг мавжудлигини эътироф этсак арзийди. Тинимсиз меҳнат натижасида 2019 йил август ойида эълон қилинган “Webometrics” халқ­аро рейтинг тизимида Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари бўйича 3-ўринни эгаллаб, мамлакатимизнинг энг намунали олий ўқув юртлари қаторига кирди.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, “Webometrics” халқаро рейтинг тизими (Webometrics Ranking of World Universites) Испанияда 2004 йил ташкиллаштирилган ва айни кунда дунё миқёсида энг таниқли халқаро мустақил илмий рейтинг тизим ҳисобланади. Олий ўқув муассасаларининг рейтинг натижалари, илмий ишлари, илмий мақолалари, веб-сайт сифати ва бошқа мустақил кўрсаткичлар орқали экспертлар гуруҳи томонидан белгиланади.

Орал Атаниязова шундай дейди:  — Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали жамоаси учун бу албатта катта муваффақият. Мамлакатимиз раҳбарининг, айниқса, охирги йилларда олий таълим муассасаларига кўрсатаётган эътибори, имкониятлар учун чексиз миннатдормиз. Бизнинг олдимизга қўйган энг олий мақсадимиз, дунёнинг ТОП 1000 олий таълим муассасалари қаторига кириш ва жонажон Ўзбекистонимизнинг обрўсига ҳиссамизни қўшишдир.

Орал опа жамоат арбоби, Сенатор — Халқаро Парламентлараро гуруҳи аъзоси ҳисобланади. У тиббиёт илмини ривожлантириш, экологик муҳитни яхшилаш борасида сиёсат майдонида ҳам самарали меҳнат қилиб келмоқда.

— Мен бахтлиман, сабаби, мустақил юртимизда инсон манфаати, унинг қадр-қиммати юксак баҳоланмокда, миллийлигимиз улуғланмокда, — дейди у сўзини давом эттириб. — Элсевар Президентимизга ёндош бўлиб ўз фаолиятимизни олиб бормоқдамиз.

Бир пайтлар собиқ иттифоқ даврида эгаллаб турган ишимдан бўшатилганман, қайтиб иш топишим қийин бўлган, эмин-эркин фикримизни айтишга, мақсадларимизни амалга оширишга йўл қўйилмаган. Мустақиллигимиз шарофати билан мен мана шундай ютуқларга ва мартабага эришдим. Ҳали ҳам олдинда қиладиган ишларим, амалга оширадиган лойиҳаларим, режаларим кўп.

Бугун Президентимиз ташаббуси билан қайта ташкил бўлган Бузатов туманида оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида фао­лияти қайта тикланган соғломлаштириш марказини ишга тушириш борасида ишлар олиб бормоқдаман. Бузатов тумани республикамизнинг олис ҳудудларидан бири, бу марказни ишга туширсак у ерда яшовчи аҳоли туманнинг ўзида саломатлигини яхшилаш имкониятига эга бўлади.

Қаҳрамонимиз нафақат тиббиёт, таълим, сиёсат соҳасида, балки миллий маданиятимиз, қадриятларимизга ҳам ихлоси баланд аёл. Унинг ташаббуси билан Қорақалпоғистоннинг энг чекка ҳудудларида яшаётган, миллий мусиқа санъатига қизиқувчи ёшлар иштирокида “Дем бермес” лойиҳаси амалга оширилди.

Шунингдек, ҳудудимизнинг ҳосилдор ерларида етиштирилган 55 турдаги қовун навлари кўргазмаси — “Қовун сайил”лари ташкиллаштирилди. Қорақалпоқларнинг миллий таоми ҳисобланган “Кавун оксавлак” сайил қатнашчиларга тортиқ этилди. Унинг галдаги мақсади Бузатов туманида келгуси йили баҳорда — Наврўз байрами арафасида “Қорақалпоқ миллий таомлари”  халқаро фестивалини ўтказиш.

— Бугунга қадар “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби”, “Соғлом авлод ордени” соҳибаси, Халқаро Голдман мукофоти совриндори унвонларига эришган бўлсам, албатта, буни устозларимнинг менга берган сабоқ ва билимларининг натижаси деб биламан. Академик Т.Доминов, У.Орипов, Д.Семёновлардан тиббиёт соҳаси бўйича билим олганман ва улардан бир умр қарздорман, — дейди у.

Гўзал Якудаева,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + sixteen =