Тўйдан олдин ноғора чалманг!
Мамлакатимизда жорий йил бўладиган сайловларга ҳар бир партия ўзига хос тарзда тайёргарлик кўрмоқда. Кимдир қуруқ гаплар, қаердандир ўғирланган чақириқлар билан ниманидир исботлашга уринаётган бир шароитда бошқалар амалий ғоялар, таклифлар, муҳокамалар билан иш тутишни маъқул кўрмоқда.
Шундай шароитда айрим партиялар томонидан сувни кўрмай этик ечиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 24 сентябрь куни “Миллий тикланиш” демократик партияси карнай-сурнай, ноғоралар билан ўзининг Марказий сайлов штабининг тантанали очилиш маросимини ўтказди.
Ҳурматли, “Миллий тикланиш”чилар сайловда иштирок этиш, этмаслигингиз маълум бўлмасдан туриб, сайлов штабини очиш тўйдан олдин ноғора чалиш эмасми?
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 39-моддасига кўра, “партияни қўллаб-қувватловчи шахсларнинг имзолари сони белгиланган энг кам миқдордан яна оз бўлиб чиқса, мазкур имзо варақалари тўлиғича ҳақиқий эмас деб топилади. Мазкур ҳолатда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишига рухсат бермайди.
Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, бу амалиёт Ўзбекистон учун бегона эмас. 2007 йилги Президентлик сайловларида ўша пайтда фаолият юритаётган 5 та партиядан 2 таси, яъни “Фидокорлар” ва “Миллий тикланиш” демократик партиялари (ҳали улар қўшилишга улгурмаган вақтлар) биттадан ўз номзодларини таклиф этадилар, бироқ иккови ҳам ўз номзодларини қўллаб-қувватлаш учун керакли беш фоиз имзолар тўплай олмагандилар. Гувоҳи бўлганингиздек, кузатилган бу икки ҳолат ҳам “Миллий тикланиш” номи билан боғлиқ. Наҳот, тарғибот-ташвиқотда турк сиёсатининг элементларини кўчираётган миллий тикланишчилар миллий адабиётимизнинг забардаст сиймоси Абдулла Қодирийнинг “Мозийға қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар” нақлини уқмаган бўлсалар?!
Камолиддин Эргашев,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Ёш адолатчилар қаноти фаоли.
Қонун талабларини бузмайлик!
Ўтган ҳафта “Ўзбекистон 24” телеканалида “Адолат” СДП томонидан 2019 йилнинг 29 сентябрь куни Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги “Бешбулоқ” ўйингоҳида ўтказилган “Адолат — ҳар бир инсон учун!” шиори остидаги митинг ҳақидаги ахборот намойиш этилди. Унда “Адолат” СДП вакили Саидолим Абдураҳмонов журналистга интервью берар экан, сайловчиларни партия номзодларига овоз беришга чақирди.
Маълумки, бу йилги сайловлар Марказий сайлов комиссияси томонидан “Янги сайлов, янги Ўзбекистон!” шиори остида ўтиши эълон қилинди. Бунинг маъноси жорий йил илк маротаба сайловлар янги Сайлов Кодекси асосида ўтказилаётганидир. Аммо “Адолат” СДП вакилининг бемаврид қичқирган хўроздек сайловчиларни овоз беришга даъват қилгани “Адолат”чи йигитнинг Сайлов Кодексидан бехабар эканлигини кўрсатади.
Бу интервьюни кўриб, Сайлов Кодексининг 44-моддасидаги Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланишини эсладим.
Боз устига ҳали депутатликка номзодлар эълон қилингани йўқ. “Адолат” СДП вакили одамларни чалғитиб, қонунга хилоф равишда “йўқ номзодлар”га овоз беришга даъват этиши эса халқимизнинг юқоридаги иборасини эслатади.
Дарвоқе, 20 сентябрь куни “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан ўтказилган Тошкент шаҳридаги “Анҳор-Локомотив” боғида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Мухаррам Дадаходжаева ҳам омма олдига чиқиб, барчани партия номзодларига овоз беришга чақирди.
Агарки, Олий Мажлисда қонунлар “кашф” этаётган депутатларнинг ўзи қонун талабларини бузиб турса, бошқалардан нимани кутиш мумкин?
Икром Худайбергенов,
ЎзМТДП «Ёшлар қаноти» фаоли.