Янги сайлов, янги тафаккур сиёсий партиялар депутатликка муносиб номзодларни қандай танлайди?
Бугунги парламент аввалги қуруқ савлатли “олий совет” эмас, истиқлол йиллари халқ иродаси, миллий тараққиёт эҳтиёжи, озод фикр ривожи билан шаклланаётган, оғир синовлардан ўтган, жаҳоний андозаларга мос демократик минбар.
Бўғотлардаги сумалакларнинг эрий бошлагани қишнинг аёзли кунлари ниҳоясига етиб, баҳор нафаси сезила бошлаганидан далолат берганидек, Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга навбатдаги сайлов муносабати билан матбуотда, айниқса, телевидениеда баҳс-мунозара, эркин фикр алмашиниш, ҳаяжонли тортишувлар бошланаётганини ҳам шундай илиқликка қиёслаш мумкин.
Телевидениемизнинг “Муносабат” кўрсатувида Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга ўтказиладиган навбатдаги сайловлар муносабати билан сиёсий партиялар фаоллари имкониятидан фойдаланиб, депутатнинг мақоми, асосий вазифаси, бурч ва масъулияти, обрўси, эл-юртда таниқлилиги хусусида жиддий тортишув бўлди. Гарчи, томонларнинг бу борадаги нуқтаи назарлари бир-бирига тўла мос келмаган бўлса-да, ошкора баҳслашиш, фикрини тўғри бўлсин, баҳсли бўлсин, эмин-эркин ифода қилишнинг ўзи ижобий ҳол. Ҳақиқат шундай тортишувларда юзага чиқади.
Кўрсатувни томоша қилар эканман, жамият ҳаёти шитоб билан ўзгараётгани, ижтимоий фаоллик ошаётгани, одамлар, айниқса, ёшлар давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатига, парламент ҳаёти, қонун ижроси, партия ва депутатлар фаолиятига энди бефарқ эмасликларига амин бўлдим. Мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз бераётган ўзгаришларни давлат-жамият-шахс муносабатларига доир янгича қарашларда, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятда, фикр эркинлигини ҳис этиш масъулиятида кўриш мумкин.
Улуғ мутафаккирлар дунёқараши шаклланиб бўлган инсонни ўзгартириш ғоят мушкуллигини кўп бор таъкидлаганлар. Шундай бўлса-да, кейинги уч йил ичида бу борада ижобий силжиш юз бераётганини сезиш қийин эмас. Собиқ тузумдан қолган ҳадик ва қўрқув ўрнини журъат, қатъият, ишонч эгалламоқда. Бу — ғоят жиддий, ҳал қилувчи, миллат ва мамлакат тақдирига бевосита боғлиқ натижа. Буни эътироф этмоқ зарур. Шу билан бирга, турли нуқтаи назарлар “жанг”гида бир неча ҳақиқат юзага лўппидай қалқиб чиқдики, бунга тўхталмаслик мумкин эмас.
Биринчиси. Жамият аъзоларининг маълум қисмида (баъзи қатламларда кўпроқ ҳам) сиёсий партия ҳақидаги тушунча собиқ тузум пайтида қандай бўлса, деярли шундайлигича қолган. Иккинчиси, кўпчиликнинг тасаввурича, депутат бугун ҳам уй-жой, ичимлик суви, йўл қурилиши, электр энергияси таъминотидаги муаммоларни ҳал қиладиган, ташкилотма-ташкилот елиб югурадиган, набираларни боғчага, нуфузли мактабга бир қўнғироқ билан жойлаштирадиган беминнат дастёр. Шу каби ғовлаб ётган ишларни қойиллатиб бажарса — зўр, бажармайдигани депутатликка тасодифан келиб қолган ношуд.
Собиқ тузумдан қолган бу матоҳ, тасаввур ўтмиш йилларнинг аниқ ҳаётий воқелиги асосида шакллангани боис, ижтимоий қарашларимизга ниҳоятда чуқур сингиб кетган. Шўролар замонида бугунгидек, қонунчилик билан шуғулланиш, қонун лойиҳаларини умумхалқ муҳокамасидан ўтказиш асосида такомиллаштириш депутатнинг хаёлига ҳам келмаган, тушига кирмаган. Унинг асосий иши сайловчиларнинг маиший “наказ”ларини бажариш бўлган, холос. Йўлини топиб, кўчани асфальтлаб, мактаб томини янгилаб берса бўлди, отасига раҳмат дейишган.
Бу хусусда ғоят кулгили латифаларни ҳам ортда қолдирадиган, аммо сайловлар пайти аниқ содир бўлган ажабтовур воқеаларнинг сон-саноғи йўқ. Чингиз Айтматовнинг Мухтор Шохонов билан суҳбатида шундай мисол келтирилади: депутатликка номзод тадбиркор сайловчилар билан учрашиб, ўзига овоз беришлари учун ҳар бир кишига чиройли тикилган туфли совға қилади, аммо… бир пойини бериб, иккинчи пойини ўзида қолдиради. “Сайловда ютиб чиқсам, иккинчи пойини ҳам оласизлар”, дейди. Бундай ҳотамтойлигига қарамай, мақсадига эриша олмайди ва туфлиларнинг бир пойини ўзи билан бирга олиб жуфтакни ростлайди.
Ўзим гувоҳ бўлганим: ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошидаги сайловлардан бирида тадбиркор номзод қишлоқнинг ўйдим-чуқур йўлларини асфальтлаб бераман деб, кўчаларга шағал, қум ётқизди. Аммо… сайловда омади келмади. Жаҳл устида асфальтлаш учун текислаб қўйилган шағални сурдириб, кўчани баттар абгор қилди-ю кетди. Унинг рақиби икки-уч маҳаллага водопровод суви олиб келиб, ғалаба нашидасини сурди.
Ўша йиллари номзодлар ҳақида гап кетганда, кимдир “Бу йигит ўқимишли, қизил дипломли, қонунчилик бўйича мутахассис экан, шунга овоз берсак бўлади”, деса, кўпчилик: “Э, қонун билан шуғулланадиган давлат бор, олимлар бор, нима қилади сиёсатга аралашиб, ундан кўра ариғимизни тозалатиб берсин, томидан чакка ўтадиганларга шифер тарқатсин, омухта ем олиб келсин” дейишарди. Замона шундай эди. Сайловчиларига ялтироқ калиш тарқатиб овоз олган, анча вақт ичи бўш папкани қўлтиқлаб юрганлар ҳам бўлган. Элнинг дардини тинглайдиган одамнинг, ташкилотнинг ўзи йўқ замонда депутатликка ҳаракат қилаётган одам сайловчи учун нажот туйнугидай туюларди.
Айтишга ийманмайлик: бундай тасаввур яқин-яқингача яшаб келди. “Фалончининг номзоди депутатликка кўрсатилибди”, дейишса, дарҳол: “Ким экан, бирор иш қилиб бера оларканми, тепада одами бормикин?” деган саволлар пайдо бўларди. Бундай муносабат замонлари аллақачон ўтиб кетди. Янги жамиятда, янгиланаётган мамлакатда, янги ижтимоий-маънавий реалликда яшамоқдамиз. Сиёсий саводхонлик, дунёни англаш, фаоллик, ташаббускорлик, миллат ва мамлакат тақдирига дахлдорлик, эркин фикр – мана бугунги куннинг муҳим сиёсий атрибутлари.
Бугунги парламент аввалги қуруқ савлатли “олий совет” эмас, истиқлол йиллари халқ иродаси, миллий тараққиёт эҳтиёжи, озод фикр ривожи билан шаклланаётган, оғир синовлардан ўтган, жаҳоний андозаларга мос демократик минбар. Унинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни бутунлай ўзгарди, партия яккаҳокимлиги тугатилди. Парламент мажлиси телевидение орқали он-лайн тарзида намойиш этилди. Йиғилишларда номдор мулозимларнинг ҳисоботлари талабчанлик билан тингланмоқда. Парламент ва депутат сўровларига жавоб бериш сиёсий маданият тусини олди. Депутатлардан бири яқинда “Мен бу қонун лойиҳасига қарши овоз бераман”, деди. Собиқ тузум пайтида бундай дейиш ўз ихтиёри билан жаҳаннамга йўл олишдай гап эди.
Депутат ҳам бугун ўзгача: энди у қонун лойиҳасини тушунса-тушунмаса қўл кўтариб тасдиқлайвермайди. Минбарга чиқиб, фикрини очиқ-ойдин айта олади, баҳслашади, таклиф киритади. Аниқ мисоллар, фактлар, далиллар келтириб, хом лойиҳаларни рад эта олади. Фаол депутатлар бу имкониятдан унумли фойдаланаётганларини кўриб турибмиз. Аммо ҳамма ҳам фаол эмас. Мажлислар залида тинчгина, интизом билан, ҳеч нарсага қарши чиқмай, “шаккок”лик қилмай мўмин-қобил бўлиб ўтирганлар, телеэкранда икки оғиз гапни қоғозга қараб айтаётганлар ҳам бор. Бундайлар ҳатто озчиликни ташкил этганда ҳам умумий савияга салбий таъсир кўрсатади. Барча депутатларнинг фаоллигига эришиш учун нима қилиш керак?
Бу саволнинг ўзидан бошқа савол келиб чиқади: сиёсий партияларимиз фаолияти мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётининг бугунги талаблари, сайловчиларнинг онг-тушунчаси, сиёсий фаоллиги, янгича қарашларига мосми? Дунёда кечаётган мураккаб ижтимоий жараёнлар, сиёсий партиялар, тузилмалар, блоклар ўртасидаги ғоявий-назарий курашлар, улардан англашиладиган хулосалардан хабардормилар? Бешта партия ўртасида соғлом баҳс-мунозара мавжудми? Сайловчи ўзи аъзо бўлган партиянинг, шу билан бирга, мухолиф партияларнинг мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид қарашларини биладими, бир-биридан фарқлай оладими?
Кўпчилик АҚШ, Буюк Британия, Франция. Греция, Италия каби етакчи мамлакатлар парламентидаги фракциялар раҳбарларининг экология, иқлим ўзгариши, қочоқларни қабул қилиш, Евроиттифоқ тақдири, ижтимоий ҳимоя, саноатни роботлаштириш каби муҳим масалаларга нисбатан муносабатини уларнинг маъруза ва баёнотлари орқали яхши билади. Бизда эса таассуфки, бундай баёнотлар йўқ ёки етарли эмас. Шу боис партияларимиз етакчилари, фракциялар раҳбарлари, фаол депутатларнинг қарашлари, улардаги жиддий ёки нисбатан фарқ хусусидаги билимимиз жуда заиф.
Ғарбда ижтимоий-сиёсий масалалар билан бирга, саноат, қишлоқ хўжалиги, иқлим муаммолари, инвестиция оқими, пулнинг қадрсизланиши, тиббиёт, озиқ-овқат хавфсизлиги каби масалаларни домий равишда ўрганиб, тегишли ташкилотларга ғоят муҳим хулосалар берадиган “ақл марказлари” мавжуд. Бизда бундай марказлар энди-энди тетапоя қилмоқда. Жамоатчилик фикрини ўрганиш республика маркази томонидан ўтказилаётган сўровлар натижаларидан ҳам англашиладики, бизда бундай марказлар, шубҳасиз, бўлиши керак. Партияларимиз раҳбарларидан бири аччиқроқ бўлса-да, “Бизда давлатга ўз таъсирини ўтказа оладиган партиялар шаклланган эмас”, деган гапни айтди. Сиёсий партия, токи у ҳокимият учун кураш олиб борар экан, ўзининг “ақл марказлари”ни йўлга қўйиши, воқеалар ривожини аввалдан кўра олиши, фаолиятини шу асосда қуриши мақсадга мувофиқдир. Ҳар бир партия янги шароитда вояга етаётган ёшларнинг салоҳияти, қизиқишлари, орзу-умидларидан бохабар бўлса, келгусида улар билан ўз сафларини янада бойитиш имконияти туғилади.
Собиқ тузум ҳаммани бир хилда фикрлайдиган, йиғилишларда фақат тасдиқловчи овоз берадиган “лаббай”чилар қилиб тарбиялашга уринди, аммо ўзи таназзулга юз тутди. Сиёсий партияларнинг, депутатларнинг қарашларида маълум айричаликлар бўлиши шарт ва табиий. Бусиз олдинга силжиб бўлмайди. Бу билан бизда фикрлар хилма-хиллиги йўқ демоқчи эмасман. Бор, баъзи қонун лойиҳалари қизғин муҳокамадан сўнг ҳам қабул қилинмаётгани, қайта-қайта ишланаётгани, айрим депутатлар етарли даражада ишланмаган лойиҳаларга қарши овоз бераётганлари бунга далил. Лекин парламент мажлислари, қўмиталарнинг йиғилишлари, у ердаги аёвсиз тортишувларнинг ҳаммаси ҳам эфирга узатилмайди. Бунинг учун алоҳида телеканал бўлиши керак. Ҳозирча эса сайловчи бу баҳслар мазмунидан бехабар қолмоқда ва бу унинг парламент, депутатлар хусусидаги тасаввурига салбий таъсир кўрсатаётир.
Ўтган ҳафта “Пойтахт” бизнес марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ташаббуси билан “Ўзбекистоннинг янгиланган сайлов қонунчилиги — демократик сайлов ўтказишнинг асоси” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтгани маълум қилинди. Анжуманда сайлов жараёнини ёритишда ОАВнинг иштироки, журналист этикасига риоя қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинган. “Миллий тикланиш” газетаси вакили ташвиқот пайтида газеталарда эски қолипга асосан номзоднинг расмий фотосурати ва таржимаи ҳоли эълон қилинади, холос, бу қолипни синдириш керак”, деган фикрни ўртага ташлаган. Тўғри гап. Аммо ҳар галги сайлов арафасида етакчи газетамиз бўлмиш “Халқ сўзи”да сиёсий партияларнинг номзодларига ўз қарашларини эркин ифода этишлари учун тенг имконият берилишини ҳам унутмайлик. Фақат… бу ишлар, авваллари бўлганидек, сайлов яқинлашганида бошланади. Анча-мунча тортишувлар бўлади. Сайловдан кейин-чи? Баҳсга, мунозарага ўрин қолмайдими? Сайлов сабабли муаммоларнинг ҳаммаси ҳам ҳал бўлмайди-ку? Уларни ким, қачон ва муҳими, қаерда муҳокама қилади?
“Муносабат” кўрсатуви иштирокчиларидан бири “Ғарбда ҳар бир сиёсий партиянинг ғоявий-назарий масалалар билан мунтазам шуғулланадиган, жаҳон парламентаризмининг илғор тажрибаларини таҳлил қиладиган, янги шиору даъватларни ўртага ташлайдиган кучли интеллектуал гуруҳи бўлади”, деган фикрни айтди. Чиндан ҳам шундай. Партияларимизга айни шундай кучли илмий гуруҳ етишмайди. Ҳафтада бир марта чоп этиладиган партия нашрлари имконияти бу масъулиятни зиммага олиш даражасида эмас. Уларнинг ўзига ёрдам керак.
Парламентимизга партиялар раҳбарлари, фракцияларнинг етакчилари ва умуман, оддий аъзоларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари, раддиялари, нуқтаи назарлари, таклиф ва ташаббусларини холис туриб ёритадиган илмий-амалий журнал етишмайди. Унда жаҳон парламентаризми тажрибаларини мунтазам равишда ёритиб бориш, сайловчиларга эркин сўз бериш, муаммоларни кенг кўламда муҳокама қилиш имконияти юзага келган бўларди. Янада муҳими, сиёсий баҳслар фақат сайловлар арафасида эмас, йил давомида мунтазамлик касб этарди.
Парламентнинг нуфузини белгилайдиган яна бир муҳим жиҳат — қабул қилинаётган қонунларнинг барқарорлиги. Қонун деярли бир овоздан қабул қилинса-ю, кейинги сессияларда уларга тинимсиз ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаверса, бу мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар таъсири бўлиши билан бирга, бир маънода қонуннинг мукаммал эмаслигидан ҳам далолат беради. Францияда Наполеон Бонапарт пайтида қабул қилинган айрим қарорлар яқин-яқингача ҳеч бир ўзгаришсиз амалда бўлган.
Телекўрсатувда бўлажак сайловларда иштирок этадиган номзодлар масаласи жиддий мунозарага сабаб бўлди. Чиндан ҳам, уларни ким танлайди, ким тавсия этади? Танлов қайси мезонларга асосланади? “Адолат” СДПнинг номзоди билан “Миллий тикланиш” партияси номзодига қўйиладиган талабларда фарқ бўладими ёки йўқми?
Бу саволларга жавоб топиш учун яна “кучли интеллектуал гуруҳ”га қайтамиз. Айни шу гуруҳ футбол мураббийсига ўхшаб, бошланғич ташкилотлар фаолиятини ўрганар экан, партиянинг бўлажак фаол аъзолари, ёш лидерлар, депутатликка номзодларни аниқлайди, уларни маънавий жиҳатдан тарбиялаб боради. Депутатлик мўмай даромад манбаи ёки сўзи ҳаммага ўтадиган нуфузли лавозим эмаслигини тушунтиради. Бу ишни партия учун бошқа ҳеч ким қилиб бермайди. Ҳар ким ўз захирасини ўзи шакллантириши керак. Бу иш йўлга қўйилса, депутатлик номи билан ўзининг шахсий муаммоларини ҳал қилиб олишни кўзлаганлар сони кескин камаяди, бинобарин, парламентимизнинг нуфузи, профессионаллик даражаси ошади.
Бугунги депутат миллий қонунчилик билан шуғулланади. У парламент қўмиталари йиғилишларида, ҳукумат мажлисларидаги муҳокамаларда ўзи сайланган округ манфаатлари учун куюниш билан чекланиб қолмайди, асосан, умуммиллий манфаатларни ҳимоя қилади.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов суҳбатларидан бирида битта қонун яратиш бешта роман ёзишдан қийин, деган гапни айтган эди. Шундай экан, бу машаққатли ишга астойдил бел боғлаганларни ҳурмат қилишимиз, энг муносибларига овоз беришимиз лозим.
Аҳмаджон Мелибоев.