Эътиборсизлик, лоқайдлик шунчаликми?

Тандирда пишган иссиқ нонни ким хушламайди дейсиз. Қишлоқ жойларда эса тандирхонаси бўлмаган уйни топиш қийин. Аммо айримлар уни сомонхонанинг ёнига қуришаётгани, алал-оқибат ёнғин содир бўлишига сабаб бўлаяпти. Эътиборсизлик, лоқайдлик қандай нохуш оқибатларга олиб келишини ўйламаётирлар.

Иштихон туманига қарашли Исахон қишлоғида яшовчи фуқаро А.Саид­хоновнинг турмуш ўртоғи Б.Равшанова тандирга олов ёққанда ундан учган чўғни шамол учирган, чўғ молхона ёнидаги сомон ғарами устига тушиб, ёна бошлаганда уй бекаси чўғни ўчиришга улгуролмайди. Натижада молхона томининг 30 кв. метр жойи ва унда сақланаётган бир қишга етарли сомон ёниб, кулга айланган.

— Яхшиям ўт ўчирувчилар вақтида етиб келди. Бўлмаса, олов уйга ўтиб кетарди, — дейди хонадон соҳиби.

Бу ҳам майли, бунисига нима дейсиз: тумандаги Кўктепа қишлоғилик Н.Мамарасулов қурилиши тўлиқ битмаган уйига сомон ғарамини жойлайди. Кўргиликни қаранг, хонадон бекаси М.Каримова ҳовлини супуриб-сидириб бўлгач, чиқиндисини айнан битмаган уй олдига тўплаб ёқиб юборади. Олов чўғи ҳавода учиб, сомон ғарами устига тушади. “Вой до-од, уйга ўт кетди!!!” — ҳай­қириғидан қўшнилар жонланади.

Аммо гуруллаб ёнаётган олов бирпасда битмаган уйнинг 25 м.кв шифти ёғочларини ва молларга озуқалик учун йиғилган сомонни кулга айлантиради.

Туман ёнғин хизмати ходимлари халқ орасида ёнғиннинг олдини олиш борасида профилактик суҳбатлар ва тегишли тушунтириш ишлари олиб боришаётганига қарамасдан, жорий йилнинг ўтган даврида туманда 70 га яқин юқоридаги каби нохуш ҳолатлар рўй бергани ачинарлидир. Шу сабаб айрим лоқайд ва эътиборсиз фуқароларга нисбатан қонуний чора кўришга тўғри келаяпти.

Ўзлари моддий зарар кўришаётгани рост, бинойидай кишиларнинг молхона ёнига тандирхона қуришлари ёки сомонни қурилиши битмаган уйда сақлашларини кўриб, наҳотки шунча нарсага етган ақлингиз шунга етмайди, дегингиз келади.

Азизбек Рўзиев,

Самарқанд вилояти,

Иштихон тумани ФВБ ЁХБ инспектори,

катта сержант.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × four =