Қоғозга тўкилган кўз ёш

Ҳозирги замон психологларининг таъкидлашича, спиртли ичимликка ружу қўйган кишиларнинг аксарияти ақлини йўқотиб, ҳайвоний ҳолатга тушади. Гарчи айрим кимсалар “ўз чарчоғимни босиш учун” ёки “асабларимни тинчлантиришим учун”, деб ўзини овутсалар-да, оқибати ҳеч қачон яхшилик билан тугамайди.

Дунё адиблари ҳам ўзини англаган ҳолда битилган ҳар қандай асарда буни инкор этишмаган. Аксинча, ўзлигини йўқотгандаги ҳар қандай ҳаракат бемаъниликдан бош­қа нарса эмас сингари фикрларни кўп марта айтишган.

Алишер Навоий ўз асарларида маст ҳолатга тушган одамлар одамийлик қиёфасини, шевасини бутунлай йўқотиб, ўз яқинларидан, ҳатто ўз ҳолидан ҳам тамомила бехабар қолажагини кўп бор таъкидлайди. Тарихчиларнинг ёзишича, улуғ шоир Ҳусайн Бойқаро саройида ўтказиладиган базми-жамшидларни у қадар хушламас, умрини сархушлик ила беҳуда ўтказаётган кимсаларга ачиниш ҳисси билан қарар эди. Ҳатто, Мўмин мирзога ҳам бундай давраларда доимо ҳушёр бўлмоғи лозимлигини кўп бора уқтирган эканлар.

Не таассуфки, Ҳусайн Бойқародек улуғ ҳукмдор ҳам янглишади, ичкилик туфайли мудҳиш хатога йўл қўяди. Зиёфат чоғида жуда маст бўлган ҳукмдорга душманлари суюкли набирасини қатл этиш ҳақидаги фармонга муҳрини бостириб олишга эришадилар.

Бу оғир кулфат, оламни титратгувчи хатоликни не-не алломалар, шоирлар надоматлар ила қоғозга туширмаганлар, кўплаб кинофильмларда ҳам бу фожиа ўз аксини топган…

Ижодкорга нима керак? Энг аввало, ижод завқи билан яшаш хушнудлик, дилкушолик бағишлайди. Яхши ва янги нарса ярата олган адиб ўз-ўзидан бахтиёр, хушчақчақ одамга айланади. Ўзини еттинчи самода юргандек ҳис этади. Бундай ҳолатда кўнгил сархушлигини сўз билан ифодалаш қийин.

Буюк итальян рассоми Микеланжело ўзи чизган суратдан таъсирланиб йиғлаган, кўз ёшларини тия олмаган экан. Ёки ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг ўғли Ҳабибулла Қодирий “Отам ҳақида” номли китобида шундай сатрларни келтиради: “Бибим бечора сакраб ўринларидан туриб, дадамнинг уйига йўл олдилар. Кап-катта кишининг йиғлашидан ҳайратга тушиб, мен ҳам бибим ортидан эргашдим. Кирсак, дарҳақиқат, у киши юм-юм йиғлар, курсига тирсакланиб олиб, тўхтовсиз ёзар эдилар. Кейинчалик англасам, ўшанда дадам ўз севикли қахрамони Кумушнинг ўлими пайтини тасвирлаб, изтироб чекаётган эканлар…”

Демоқчимизки, ижодкор кўнглида чинакам меҳр ва ишқ мужассам бўлгач, воқеалар реалликка айланади, ўзи билиб-билмаган ҳолатда мўьжиза яратиб қўяди. Бундай мўъжиза ўз қўли билан яратилган эрса-да, унинг қалбини ларзага солиб, бутун борлиғини тўлқинлантиради. Ўшандай ҳолатда асар таъсиридан йиғламасликнинг, изтиробга тушмасликнинг иложи бўлмай қолади.

Ашурали Боймурод.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 4 =