Сирингни аён эт, Хўжамушкент!

(Эссе)

Хўжамушкент, хўжамушкент. Бу қандайдир сир-синоатли кент? Бағрингда нелар яширин, Хўжамушкент?

Зиёратчилар оқими асло тўхтамайди. Руҳий мадад сўраб келувчилар қадами узилмайди. Хўжамушкент, мўъжизанг сири нимада? Неча йилларки ошкор этмайсан. Бу сирларни, мўъжизаларинг қудратини аён этмайсан, қандай сирли зотсан?!

Аслида, Хўжамушкент ота бошқа зиёратгоҳларга ўхшаб унчалик номдор, ҳашаматли эмас. Оддий. Зиёратгоҳдаги масжид ҳам нафис қурилган. Қатор булоқлардан ўтадиган кўприклар, йўлаклар, айвон — ҳамма-ҳаммаси оддий. Сўнг тик зиналардан тепаликка Хўжамушкент ота рамзий қабри сари кўтариласиз. Кўтарилган сари руҳингиз енгил тортади, қандайдир кўзга кўринмас куч сизни юқорига оҳиста чорлайди. Мақбарага киришингиз билан яна бир майин сокинлик сизни бағрига олади. Қуръон тиловати руҳингизни янада юксакларга кўтаради. Хўжамушкент отанинг рамзий қабри гўё мақбарага сиғмай салобат билан турибди.

Мақбаранинг ичида катта қабристон. Бу қадимий қабристонга туташ тепаликда оғзи темир панжара билан бекитилган иккита ғор бор. Айтишларича, бу муқаддас қадамжо Хўжа ибн Исоқ шахси ва номи билан боғлиқ. Ривоят қилишларича, Хўжа ибн Исоқ исмли киши ислом оламида юксак обрў-эътиборга эга кароматгўй авлиё бўлган. У киши муқаддас динимизни тарғиб-ташвиқ қилиш билан одамларни муқаддас исломга чорлаган. Ўз иниси Чилмаҳрам ота билан ҳозирги Хўжамушкент қишлоғининг кунботар томонидан келганлар. Улар бир ёлғиз кампирникида тунаш учун жой сўрайдилар. Кампир уларни очиқ чеҳра билан кутиб олиб, меҳр билан меҳмон қилади. Кампирнинг меҳмондўстлигидан бениҳоя хурсанд бўлган ака-ука унга ҳам бир яхшилик қилиб кетишни дилларига тугади. Кампирнинг бир эчкиси бўлиб, ҳар куни ундан бир коса сут соғиб олар ва ўша ҳудуддаги бойникига элтиб берарди. Шу тариқа зўрға кун кўриб тирикчилик қилган. Улар кампирга тол новдаларидан бир човли тўқиб берадилар. Бойнинг хонадонига олиб боришдан аввал сутни ана шу човлидан ўтказиш кераклигини айтиб, йўлга тушадилар. Кампир улар айтганини қилган экан, челак сутга тўлармишу лекин косадаги сут тугамас эмиш. Бундан хабардор бўлган бой кампирни қийноқ-қистовга олади. Кампир бой одамларининг зулмига чидайолмай, ҳаммасини айтиб беради. Натижада, бойнинг одамлари ака-укаларни қўлга оладилар. Уларни қийнаб бойнинг ҳузурига олиб келадилар. Бу авлиёларнинг каромати туфайли бой ҳисобсиз мол-дунёга эга бўлади, катта бойлик тўплайди. Кунлар келиб, ака-укалар кетиш вақти бўлганини бойга айтиб, рухсат сўрашади. Бой уларга хазинасидан истаганча бойлик олишни таклиф қилади. Улар бунга рози бўлмайди. Лекин бой уларни қуруқ қўл билан кетишларига йўл қўмайди. Ака-ука авлиёлар мажбур бўлиб, бойнинг подаси ичида бир кўк буқа борлигини, уни сўйиб гўштини аҳолига тарқатишни, терисининг ўрнича келадиган ерни уларга беришини айтадилар. Бундан бой ҳайрон бўлиб, ака-уканинг устидан роса кулади. Уларни нодонлар, деб атайди.

Кутилмаганда авлиёлар яна бир каромат кўрсатадилар. Иккаласи терининг икки чеккасидан тортган вақтларида тери чўзилгандан чўзилиб, бойнинг ер ҳудудининг ярмини эгаллайди. Иккинчи томонидан тортганда ҳам шундай ҳодиса рўй беради. Жоҳил бой уларни сеҳргар, деб эълон қилиб, ўлдиришга буюради.

Хавфдан огоҳ бўлган ака-укалар икки томонга қочадилар. Таъқибчилар Хўжа ибн Исоқ ортидан қувадилар. Шунда у зиёратгоҳ ҳудудидаги булоқлар оқиб турган жойга келиб яширинади. Авлиёнинг каромати билан булоқ сувларидан парда ҳосил бўлади. Буни сезган душман аскарлари унга қарата камонлардан ўқ ва найзалар билан ҳужум қилади. Сўнг авлиё қочиб тепаликка чиқади, Аллоҳга астойдил ёлвориб, бақувват қўллари билан тошларга мушт уради. Аллоҳнинг мўъжизаси билан шу ерда ғор пайдо бўлади ва авлиё ака унга кириб, кўздан ғойиб бўлади.

У ёмонлар, ёмонликлар ва ёмон ниятли одамлардан қочиб, ғорга кириб кетади. Ёвузлардан, очкўзлардан, молпарастлардан қутулиш учун ғорни мангу макон тутди. Одамзот бойликка тўймаслиги, бойликнинг қулига айлангани боис ҳар қандай жоҳилликдан, қотилликдан қайтмаслигини англаб етган авлиё ғорда яшашни афзал билди. Ғорда қанча яшади, қандай яшади, қанча умр кечирди, ёлғиз унинг ўзи ва Аллоҳ билади.

Хўжамушкент, хўжамушкент илоҳий мўъжизангни аён эт, аён эт,

Хўжамушкент, хўжамушкент мўъжизанг ила иллатларни тўзон эт, тўзон эт.

Хўжамушкент бобо, сизга душман бўлган ёвуз тўда ҳали-ҳануз яшаб келаётир. Ўша олғирлар, еб тўймас очкўзлар ашаддий таъмагирлар, юзсиз ёлғончилар, хушомадгўйлар, риёкорлар, афсуски, орамизда ҳамон топилади. Айрим ёмон тоифалар ҳар қадамда учрайди, ёнгинангда ишлайди, яшайди. Баъзан уларнинг риёкорлигини, қилмишларини кўриб қочгинг келади, улардан батамом бекингинг келади, улар билан яшашни истамайсан. На илож?! Ҳаммасини Аллоҳга соласан, жазосини Аллоҳ берсин, деб қўл силтайсан. Қаергадир қочгинг келади, Сизга ўхшаб ғорга кириб кетишни истайсан. Қани ўша ғор? Ғор очишга бизнинг муштимиз кичик ва мўртлик қилади. Сиздай улуғ авлиёнинг муборак ва қудратли мушти олдида бизнинг оддий, нимжон муштчаларимизга йўл бўлсин! Сизнинг муштингизда илоҳий куч бўлган…

Мен ғордан эмас, ҳалол, пок ва яхши инсонлар паноҳидан нажот топдим. Улар қуёш мисол йўлларимни ёритдилар. Ёмонларга қалқон бўлдилар, бало-қазолардан асрадилар. Эҳтимол, шундай инсонлар бор учун ҳам ҳаёт давом этаётгандир. Тириклик қўшиғи ҳамон янграётгандир. Эҳтимол, Сиздай улуғ авлиёлар, пирларнинг мўъжизалари туфайли инсоннинг маънавий қиёфаси нурланиб бораётгандир…

Сизнинг муборак қадамжоингизни обод қилганларни ҳамиша Аллоҳ сийласин, Яратганнинг ўзи ҳар доим паноҳида асрасин. Ҳали бу азиз ва мўътабар тарихий қадамжо қанча-қанча зиёратчиларни ҳайратга солишига ишонамиз. Лекин яхши ниятлар билан келаётган ҳар бир зиёратчи Сизнинг мўъжизаларингиз сирларини билишга қизиқади. Уларнинг қалбларида бир савол мудом акс-садо беради: Хўжамушкент сирларингни аён эт, мўъжизаларингни баён эт!..

Ашурали Жўраев.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 + four =