Қозилашган қариндош бўлмас

Қизиқ, бу каби низоларнинг маънавий ечими қаерда, деган савол туғилади. Наҳотки, бундай инсонлар ўтган умрини ортга қайтариб бўлмаслигини тушунмасалар?! Турмушдаги ижтимоий ва мулкий низоларни суд, албатта ҳал этади.

Ҳа, қозилашган қариндош бўлмас, деб бежиз айтишмаган экан. Ўз қондошингни судга етакладингми, ўртадаги ришталар аввалги ҳолига келиши мушкул…

Ёз фаслининг жазирамали кунларидан бири эди. Биз суд таркиби билан белгиланган манзил бўйича сайёр суд мажлисига чиқдик. Фуқаролик иш юритувида фуқаро Адизов Равшаннинг синглиси Зокирова Саидага нисбатан уй-жойни бўлиш ҳақидаги даъвоси мазмунан кўрилди. Низоли турар-жойда ака-сингиллар, яъни даъвогар ва жавобгар ўз оила аъзолари билан биргаликда яшаб келганлар. Улар уй-жойдан фойдаланиш тартиби ва мулкни бўлиш борасида ўзаро келиша олмаганликлари сабабли ака даъво аризаси билан судга мурожаат этган. Туман судининг қарори билан Равшаннинг даъвоси қаноатлантирилиб, тарафларга низоли уй-жойдан фойдаланиш тартиби қонуний асосларга кўра бўлиб берилди. Аниқланишича, низоли Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, Лутфий кўчаси, 115-уйнинг 1/3 қисми ворислик ҳақидаги гувоҳномага асосан даъвогар Р.Адизовга, қолган 2/3 қисми эса ушбу гувоҳнома ҳамда ҳадя шартномасига асосан жавобгар С.Зокировага тегишли.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 116-моддасига мувофиқ икки ёки ундан ортиқ шахснинг эгалигида бўлган мол-мулк уларга умумий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади.

Мазкур кодекснинг 219-моддасига кўра, улушли мулкдаги умумий мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш унинг барча иштирокчиларининг келишувига мувофиқ амалга оширилади. Бундай келишувга эришилмаган тақдирда, улушли мулкдаги умумий мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш суд томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Кодекснинг 223-моддасига асосан улушли мулк иштирокчилар ўртасида уларнинг келишувига мувофиқ тақсимланиши мумкин. Бунда иштирокчи ўз улушини умумий мол-мулк­дан ажратиб беришни талаб қилишга ҳақли. Улушли мулк иштирокчилари умумий мол-мулкни тақсимлаш ёки улардан бирининг улушини ажратиш усули ва шартлари тўғрисида келишувга эриша олмасалар, ўз улушини асл ҳолида ажратиб беришни суд орқали талаб қилишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Якка тартибда қурилган уйга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низолар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 19-бандида тушунтирилишича, умумий улушли мулк бўлган уйдан улушни асл ҳолида ажратиб бериш (уйни бўлиш) мумкин эмас. Лекин бу умумий улушли мулк иштирокчисининг уйдан фойдаланиш тартибини белгилаб бериш ҳақидаги талаб билан арз қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Бундай талабни ҳал этаётганда судлар уйдан фойдаланишнинг амалда шаклланган ва умумий мулкдаги улушларга батамом мутаносиб келмаслиги ҳам мумкин бўлган тартибини, мулкдорлардан ҳар бирининг уйдан фойдаланишга бўлган эҳтиёжини ҳамда биргаликда фойдаланишнинг реал имкониятини инобатга олишлари зарур.

Мулкдорга фойдаланиши учун кириш-чиқиш йўли алоҳида, шунингдек, алоҳида бўлмаган яшаш хоналари ажратиб берилиши мумкин. Бундай ҳолда, умумий мулк бўлган уйга нисбатан мулк ҳуқуқи бекор бўл­майди. Ёрдамчи иморатлар ва қурилмалар (пиллапоялар, йўлак-даҳлизлар, иситгич асбоблар ва шу кабилар) умумий фойдаланишда қолдирилиши мумкин.

Ушбу норма талабларини Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 5-моддасига асосан мазкур фуқаролик ишига ҳам татбиқ этиш мумкин бўлади. Суд иш ҳолатига ойдинлик киритиш мақсадида судга оид қурилиш-техник экспертизасини ҳам тайинлаган. Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг хулосасига кўра, низоли уй-жойни бўлиш варианти мавжуд бўлиб, ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар умумий фойдаланувида қолдирилиши кўрсатилган. Унга кўра, айвон ўртасини ёпиш, жумладан, айвондан ҳамда умумий фойдаланишдаги дарвозадан алоҳида кириш-чиқиш йўлини очиш мумкинлиги аниқланган. Сайёр суд мажлисида раислик этувчи тарафларга эксперт хулосасидан келиб чиқиб, ўзаро келишган ҳолда низони тинч йўл билан ҳал этишни ва кириш-чиқиш йўлагини алоҳида, бошқа ердан очиш таклифини берди. Бунга даъвогар Р.Адизовнинг жавоби шундай бўлди: “Ҳурматли судья, агар мен уйнинг бошқа жойидан дарвоза очсам, эртага мачитга чиқишга қийналаман, менга узоқлик қилади…”. Бу жавоб нафақат суд таркибини, балки Сиз газетхонни ҳам ҳайратлантириши табиий.

Қизиқ, бу каби низоларнинг маънавий ечими қаерда, деган савол туғилади. Наҳотки, бундай инсонлар ўтган умрини ортга қайтариб бўлмаслигини тушунмасалар?! Турмушдаги ижтимоий ва мулкий низоларни суд, албатта ҳал этади. Бироқ қариндошлик, меҳр-оқибат каби тушунчалар, яъни маънавий муаммоларни бартараф эта олмайди. Шундай экан, ҳар бир инсон умрининг ҳар лаҳзасидан унумли фойдаланиб, вақтини беҳуда гапларга эмас, хайрли ишларга сарфлаши, атрофидагиларга оқибатли бўлиши зарур. Акс ҳолда на қариндошлик, на инсонийлик бурчи бажарилади.

Сайёра Раҳматуллаева,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × four =