ЙПХ ходими энди қандай ишлайди?
Куни кеча Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимида амалга оширилган чора-тадбирлар ва галдаги вазифалар муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирда Ички ишлар вазири ўринбосари Азизбек Икромов 2020 йил 1 январдан бошлаб ЙПХ ходими хизмат вазифасини бажаришда бодикамералардан фойдаланилишини маълум қилди. Мухбиримиз А.Икромов билан суҳбатлашди.
— Бодикамераларнинг ишлаш тартиби ҳақида гапириб берсангиз?
— ЙПХ ходимларини бодикамералар билан тўлиқ таъминлашдан олдин синов жараёнини амалга оширдик. Хитойнинг «Хайтера» компанияси томонидан ишлаб чиқилган бодикамеранинг 50 донаси Тошкент шаҳрида ЙПХ ва ППХ ходимлари томонидан тест синовларидан ўтказилди. Ҳозирда «Хайтера» компаниясидан 6 минг 193та бодикамера харид қилинди. Бу қурилмаларга тегишли дастурлар ўрнатилди, махсус сим карталар билан таъминланди ва ҳимояланган VPN-каналлари орқали алоқа йўлга қўйилди. Биргина Тошкент шаҳрига 2 минг 876та бодикамера ажратилди.
Бодикамерани ЙПХ ходими бошқармайди ва уни ўчириш имконига эга эмас. Барчаси марказий сервер орқали назорат қилинади. Бир марта қувват олганда, 8 соат узлуксиз ишлайди. Қувват тугаганда, автоматик қувватлагичга уланган ҳолда ишлаши мумкин. Бодикамера 25-30 метргача масофадаги объектни тасвирга олади ва олинган маълумотлар бир ойгача сақланади.
— 2018-2019 йилларда Республика бўйича қанча йўл транспорт ҳодисаси рўй берди ҳамда оқибатда нечта одам жабр кўрди?
— Кўрилган чора-тадбирлар натижасида йўл транспорт ҳодисаси ўтган йилгидан кўра, камайди деб бемалол айта оламан. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2019 йилнинг ўтган 11 ойида 2018 йилнинг шу даврига нисбатан республика бўйича содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари 11,9 фоизга (8077 тадан 7115 тага), уларда ҳалок бўлганлар сони 11,6 фоизга (2066 тадан 1826 тага), жароҳатланганлар сони 13,7 фоизга (7564 нафардан 6531 нафарга) камайишига эришилди. Бизнинг энг катта мақсадимиз ҳам йўлларда автоҳалокатларнинг олдини олишдан иборат.
— Бугунги кунда кўчаларда, ташкилотлар олдига ҳаддан зиёд автотранспорт воситаларининг тўхташи тақиқланади белгилари қўйилган. Аввал бўлиб ўтган матбуот анжуманида ЙПХ раҳбарияти йил якунига қадар йўл белгиларини, жумладан, тақиқланган белгиларни қисқартирамиз деган мазмунда ахборот беришганди. Хўш, бугун қандай натижага эришилди?
— Бугунги кунда амалда ушбу белгиларни камайтириш устида иш олиб боряпмиз. Шу пайтгача бундай тақиқларнинг 34 тасини эскирган ҳолатда эканлигидан олиб ташлаганмиз.
— Янги йил байрами арафасидамиз. Шодиёна кунлари ҳамма ҳам ёш болалари билан жамоат транспортидан фойдаланишни афзал кўрмайди. Шахсий автомашиналарни қўйиш учун жой тайёрландими? Умуман олганда бу борада қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?
— Бу бизни ҳам ўйлантирган энг катта масала ҳисобланади. Бош режамизда фуқаролар энг кўп ташриф буюрадиган ҳудудлар яқинига, яъни пойтахт бўйича 13 та манзилда автотураргоҳ фаолияти йўлга қўйилади. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 10 дан зиёд кўчалар беркилади. Бундан ташқари, режамизда тор йўлларни кенгайтириш ва ривожлантириш, автотураргоҳларни кўпайтириш каби вазифалар бор. Амалда бунинг натижасини қисқа фурсатда юртдошларимиз кўришади.
Маълумот учун: ЙПХ ходимлари бодикамералар 2020 йилнинг 1 январь кунидан бошлаб республика миқёсида амалиётда қўлланила бошлайди.
Феруза Бердиева,
“Hurriyat” мухбири.