Муҳаббат ва садоқат мактаби

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, таниқли шоир, таржимон ва мутасаввиф олим Мирзо Кенжабек билан суҳбат

— Мирзо ака, аввало Сизни газетамиз жамоаси ва муштарийлари номидан Янги йил байрами билан табриклаймиз.

— Бу йилги милодий янги йилнинг биринчи куни ҳижрий 1441 йил, жумодул-аввал ойи­нинг 5-кунига тўғри келмоқда. Ҳижрий-қамарий тақвим ҳаракатланиб турувчи, яъни ҳар йили ўн-ўн икки кун сурилиб турувчи сана бўлгани боис, бу икки йил бир-бирига яқин келиб қолган вақтлар ҳам бўлади. Масалан, 2009 йилнинг биринчи куни ҳижрий 1430 йилнинг тўртинчи кунига мувофиқ келган эди.

Вақт ўлчовларида улкан ҳикматлар бор. Муқаддас ва муборак Қуръони каримнинг Тавба сураси, 36-оятида ойларнинг саноғи — Ҳақ таоло осмон ва ерни яратган кундан буён ўн икки ой эканлиги таъкидланган. Бир йилнинг ўн икки ой бўлишида ва ҳижрий-қамарий йилнинг ҳаракатланиб туришида ҳам улкан маънолар бор. Улуғ ватандошимиз Фақиҳ Абул-Лайс Самарқандий «Шундай қилиб, то дунё тургунича ҳожилар арафа куни Арафот тоғида турмайдиган, яъни арафа куни бўлмайдиган ёки икки ҳайит ёхуд жума бўлмайдиган бирор кун қолмайди» деганлар. Яратган Зотнинг буюк адолати вақтга нисбатан ҳам амалга ошар экан. Ҳақ таоло баъзи манзилларни муқаддас ва шарафли қилганидек, баъзи вақтларни ҳам шарафли ва муқаддас қилиб қўйган. Демак, то дунё яшар экан, шарафли ва муқаддас бўл­майдиган бирор ой, бирор кун, бирор тун қолмайди.

Суҳбатимиз қуруқ ва жонсиз бўлиб қолмаслиги учун маърифатга уйғун бўлган вақт ҳикматларини эслаб ўтдик. Табрик масаласига келсак, бизни табриклаш керакми ёки унумли фойдаланмай қолган йилларимиз, ой ва кунларимиз учун ҳамдардлик билдириш керакми — ўйлаб кўришимиз керак. Нима бўлганда ҳам, ҳар бир йил, ҳар бир ой ва кун бутун халқимиз учун хайрли ва баракотли бўлишини тилаймиз.

— Юртимизнинг катта ижодкорларидан бири сифатида сўнгги йилларда мамлакатимизда кечаётган янгиланишлар, ўзгаришлар ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдик?

— «Катта ижодкор» деган тавсифга ўзимни лойиқ санамайман. Бу — нисбий таъриф. Фаридуддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё» китобида Шайх Абу Али Даққоқ раҳматуллоҳи алайҳнинг гўзал сўзлари келтирилган: «Халқни ўз ўлчовинг билан ўлчама, аммо ўзингни эранлар — улуғ авлиёлар ўлчови билан ўлчаб, текшир; токи уларнинг фазилати-ю ўзингнинг тубанлигингни билгайсан!».

Шунга кўра,»Тазкират ул авлиё» китобини таржима қилганимдан бери камина ўзимни энг улуғ зотлар ўлчови билан «текши­риш»­га одатланганман.

Кейинги йилларда мамлакатимизда кечаётган янгиланишлар, ўзгаришлар ҳақида гапирсак, айтиш мумкинки, давримизнинг ҳар бир куни ёки ҳар бир ойи бир неча йилларга тенг бўляпти. Бу сўзда асло муболаға йўқ. Яъни, ўн йил, йигирма йиллар ичида қилинмаган ишлар ойлар, ҳафталар ва баъзан кунлар ичида ҳал бўлмоқда. Бу ҳолат бир неча нуқтада кўзга ташланади.

Ана шундай улуғвор ишларнинг энг муҳимларидан бири юртимиздаги ободонлик жараёнидир. Пойтахтимиз Тошкент жамолининг тобора ўзгариб бораётгани, ер усти «метро»си ва кўприклар қурилиши, шаҳар ичида шаҳарчалар барпо этилаётгани — бугуннинг ва келажакнинг ҳаққоний баҳосига сазовор ишлардир. Термиз, Бухоро, Наманган, Андижон, Мўйноқ ва бошқа шаҳарлардаги ободонлик ишлари ҳам табрик ва таҳсинга лойиқдир.

Бир қизиқ воқеани эслаб ўтайин. Тарихда неча юзлаб буюк Термизийлар ўтган. Шулардан энг улуғлари икки нафар: муборак қабрлари Амударё ёқасида бўлган ҳазрати Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизий ва файзли мақбаралари Шеробод туманида бўлган ҳазрати Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий.

Мустақиллик йилларида ҳазрати Ҳаким Термизий мақбараларига муносиб эътибор қаратилди. Лекин истиқлолнинг 25 йили ичида ҳазрати Имом Термизийнинг мақбараларида янада эътиборга эҳтиёж сезилар эди. Ҳолбуки, дунёнинг кўплаб мамлакатларида Термизий деганда аввало, ҳадис илмининг буюк имоми — ҳазрати Абу Исо Муҳаммад Термизий тушунилади. Биз муфтий ҳазратлари — Шайх Усмонхон ибн Темурхон Алимов билан бу ҳақда, ҳеч йўқса, у ерда масжид барпо қилиш ҳақида кўп гаплашар эдик. Лекин у киши ниҳоятда камтарин хислатли инсон бўлгани боис, бу гапларни юртнинг раҳбарига етказишдан ўзларини тияр эдилар.

Ўйлаб қарасам, ҳар ишда ҳикмат бор экан. У бебаҳо алломаи замон мақбараларини обод этиш Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевга насиб этган экан!

2016 йилнинг охирида давлатимиз раҳбари  Термиз шаҳрига бориб, маънавий фаолиятни ҳазрати Имом Термизий мақбараларини обод этишдан бошлади. Ёдгорлик қайтадан таъмирланиб, зиёратчилар учун алоҳида кутиш кўшки ва бошқа шароитлар барпо қилинди, у ерда гўзал янги масжид қурилиб, юксак мақомдаги кутубхона, мажлислар бўлмаси иншо этилди.

2017 йилда эса Халқаро Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази тузилди, сўнг Термиз шаҳри ўртасида назири йўқ янги масжид барпо этилиб, Халқ­аро Имом Термизий маркази иморати қурилиши режалаштирилди.

Маънавият ва маърифат соҳасида қилинган хайрли ишлар кўп. Шулардан муҳимлари буюк шахслар, олим, адиб ва шоирлар қадр-қимматининг ўрнига қўйилишидир.

Адабиётга, ижод аҳлига бўлган эътибор ва хайрихоҳлик яқин тарихда мисли кўрилмаган даражада юксалди.

Зиёлилар яхши билишади, жамиятимизда «қора рўйхат» деган бало бор эди. Инсонларнинг қалбини яхшиликка мойил қилиш ўрнига,  халқ ичидан душман қидириш, ҳар бир иймонли-эътиқодли, ибодатли инсонни жамиятга душман деб билиш ва ғаним қилиб кўрсатиш, обрўли шахсларни синдириш ва бадном қилиш авж олганди. Ҳолбуки, бунинг ўзи маънавий бир террор, чексиз ёвузлик, миллатни маънан ўлдиришдан ўзга нарса эмас эди.

Давлатимиз раҳбари турли айблов усулларидан халқимизни қутқарди, минглаб маҳбусларни афв этиб, қамоқлардан озод қилди, яна уларни иш билан, уй-жой билан таъминлаш, ҳаж ва умраларга юбориш ишларини белгилади, мухтасар қилиб айтганда, жамиятдан, эркин яшашдан умидини узган кишиларни ҳаётга қайтарди.

Яна энг муҳим бир воқеани эсламоқчиман. Ҳаётда алданиб, жиҳод деган тушунча билан уруш ўчоқларига ўзини урган, Сурия ҳудудларида сарсон юрган юртдошларимизни, хусусан, аёллар ва болаларни ватанга қайтариш сиёсат соҳасидаги мислсиз шижоатдир. Бутун хал­қимиз «ойнаи жаҳон» орқали кўргандир, ҳаво йўлида самолётдан тушган заҳоти ерни ўпган — Ватан тупроғига юзини сурган инсоннинг ҳолатини эсланг! Бу воқеалар виждони бор инсонни бепарво қолдирмайди.

Ҳазрат Навоий айтганларидек:

Кимки бир кўнгли

                синуқнинг хотирин

                               шод айлагай,

Онча борким,

                Каъба вайрон бўлса,

                               обод айлагай…

Хуросон шаҳаншоҳи Ҳусайн Бойқаро ҳазрати Алишер Навоийни «Турк тилининг ўлик жасадига руҳ кийгизди» деб улуғлаган ва бу билан туркий-ўзбек тилининг янги ҳаётини бошлаб берганини эътироф этган. Ўзбек тили мавқеига оид қарор ва фармонлар ҳам тилимиз ҳаёти ва ривожида янги бир даврни бошлаб беради, деб умид қиламиз.

— Хабарингиз бор, пойтахтимизнинг Эски шаҳар ҳудудида ўзбек романчилиги мактаби асосчиси, буюк ёзувчи Абдулла Қодирий музейи ва «Турон» миллий кутубхонаси ҳамда Абдулла Қодирий уй-музейининг очилишида иштирок этган Президентимиз бир гуруҳ зиёлилар билан юракдан суҳбат қурди. Унда Юртбошимиз Қодирий шахсиятига, ижодига юксак баҳо берди. «Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз, олиб бораётган ишларимиз аввало, маънавиятга хизмат қилиши» кераклигини таъкидлаганларида барча ижод аҳли ғурурланди, десак хато бўлмас…

— Ҳа, очиқ айтганда, Абдулла Қодирий адиб бўлиб етишганидан ва қайта оқланганидан бери бугунгидек эътибор ва шарафга ноил бўлган эмас. Унинг зурриёти — ўғли Ҳабибуллоҳ Қодирий, невараси Хондамир Қодирийнинг «Қодирий» деган нисба (фамилия) остида яшаши ҳам ҳеч қачон осон бўлган эмас. Давлат раҳбарининг бир адиб шахсияти ва ижодига бўлган эътибори адабиётга, ва умуман, ижод аҳлига бўлган эътиборнинг бир намунасидир.

Абдулла Қодирий уй-музе­йининг очилиши, Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида адиб номидаги «Турон» миллий кутубхонаси ва адабий музейининг ташкил этилиши тарихда мисли кўрилмаган улкан ҳодисадир.

Мен дорулфунун талабаси бўлиб юрган кезларимда «Турон» кутубхонасини севар эдим. Кутубхона Чорсу бозорининг ичида эди. Эскигина иморатда сақланган минглаб китоблар, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат қадами етган ғиштин зиналар мен учун бениҳоят қадрли эди. Мазкур кутубхонанинг буюк адиб номи билан қайта тикланиши йиллар давомида топталган ҳақиқат ва адолатнинг қайта тикланишидир. Бу КИТОБга бўлган эътибор ва эҳтиромнинг амалий кўринишидир.

Биз — Сирожиддин Саййид, улуғ адибнинг невараси Хондамир Қодирий, марҳум шоир ва журналист Ҳабибуллоҳ Хотам­қул, марҳума ёзувчи Жамила Эргашева, спорт шарҳловчиси Рихситилла Умаров, марҳум аллома ва шоир Тўғон Эрназаров домланинг ўғли — Азиз Эрназаров ва камина — Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида бирга ўқиганмиз. Хондамир Қодирийнинг синиқлиги ва камгаплиги бизни ҳайратга солар эди. Бу синиқлик ва маҳзунликнинг сири Хондамирнинг уй-музейи очилган кундаги нутқида очилди: Қодирий нисбаси билан яшаш ва буюк адибнинг шаънини муҳофаза қилиш уларга осон бўлмаган экан!

— Бугун бизга халқ учун, Ватан учун ёниб-куядиган, керак бўлса, жонини аямайдиган Қодирийлар, Чўлпонлар етишмаяпти, деди Президентимиз. Ватан, миллат келажаги учун қайғурадиган, борини бағишлайдиган ижодкорлар миллатимизнинг бахти, ғуруридир. Шундай эмасми? 

— Президентимиз сўзларини мен шундай тушунаманки, истеъдод хусусида, ғоя ва мақсад бобида, Ватан ва Миллатга фидо бўлиш борасида, субут, яъни иймон-эътиқодда собит­қадамлик бобида биз бу кун Қодирийдек, Чўлпондек шахсларга муҳтожмиз. Дарҳақиқат, етишмаяпти шундай зотлар!

«Дарахт йиқилганда бўйи кўринади», деган мақол бор. Қодирийдек, Чўлпондек, Фитратдек улуғларнинг қадрига етишимиз учун ўртада «ўлим» иштирокчи бўлди. Буюк рус шо­ири Александр Пушкин тириклигида хўрланди, таъқиб этилди, сургун қилинди. Шоир яккама-якка отишмада ўлдирилгач, уни таҳқирлаган ҳукмдор: «Россиям овозидан айрилди!» — деб дод солди.

Яъни, бир нарсани мулоҳаза қиламан: Қодирийдек, Чўлпондек инсонлар бор бўлган тақдирда ҳам, биз уларнинг қадрига етармидик? Ёки жамиятдан четлатиб, устоз Абдулла Орипов «Нечун томошага бунчалар ўчсан!?» деганидек, томошабин бўлиб ўтармидик!

Қодирийдек, Чўлпондек халқ учун ёниб-куйиш дегани, керак бўлса, жонини бериш дегани — қаламнинг кучини пуч ва беҳуда ғояларга сарфламаслик дегани, ҳар қандай шароитда ҳам ҳақ сўзни айтиш дегани, тарихни бузмаслик ва хаспўшламаслик дегани, ўзи нолойиқ бўлсада ундай шахсларни кўтар-кўтар қилмаслик дегани, ҳамиша қалби озор бўлмас деганидир!

Дарҳақиқат, қани бундай фидойи шахслар!

— Шундай экан, бугунги ўзбек адабиёти ҳақида бир ижодкор сифатида нима дея оласиз? Нега одамлар қўлма-қўл бўлиб ўқийдиган китоблар жуда кам ёзиляпти, дейишмоқда? Ёки одамлар китоб ўқимай қўйдими, ё ҳақиқатан ҳам забардаст асарлар яратилмаяптими?

— Бугунги ўзбек адабиёти ҳақида гапирганда, айтиш мумкинки, ўтган ХХ асрнинг 60-йилларидан қайта уйғонган ўзбек шеърияти Чўлпонлар савияси ва даражасидан анча юксалган. Фақат санъат жиҳатидан эмас, балки тагдор мазмун, ғоя ва мақсад жиҳатидан ҳам Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Чўлпон Эргаш, Рауф Парфи, Усмон Азим, Сирожиддин Саййид, Хуршид Даврон, Абдували Қутбиддин, Эшқобил Шукур шеърияти муайян юксакликка эришган.

Лекин романчилик масаласига келсак… Чўлпон «Кеча ва кундуз» романининг «Кеча» қисми билан ғоя бобида Абдулла Қодирий билан елкадошдир. Ойбекнинг мафкуравий тазйиқлар исканжасида битилган «Навоий» романи, Одил Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси», «Кўҳна дунё» асарлари, Пиримқул Қодировнинг Бобур ва Бобурийларга оид туркум китоблари улкан маърифат маҳсулларидир.

Буюк адиб Шукур Холмирзаевнинг ўз романларидан кўнгли тўлмас эди. Ҳикоя бобида эса у, менинг назаримда, Абдулла Қодирийдан неча чандон юксакликка чиқиб, жаҳон адабиёти мезонига эришган. Қисса бобида Тоғой Мурод ўзбек адабиётида бошқалар эришмаган юксакликка эришди. Роман бобида эса ягона карвонбоши ҳамон Абдулла Қодирийдир!

Қўлма-қўл бўлиб ўқийдиган китоблар ёзилган ёки ёзилмаган бўлса ҳам, улуғ ва таниқли адибларнинг қўлма-қўл бўлиб ўқиладиган асарлари нашр этилиб турибди. Очиқ айтиш керак, энди кирилл ва лотин имлосида ўқиган одамлар орасида муайян узилиш, кўринмас жарлик пайдо бўла бошлади. Кетма-кет юз берган имло ўзгаришлари ўз оқибатини кўрсата бошлади.

Барча маънавий ҳалокатларнинг олдини олиш чораси миллий таълим-тарбияга, исломий маърифатга, жаҳоншумул дунёқарашга эътиборни кучайтиришдир.

— Албатта, ҳозирги ёшлар орасида ҳавас қиладиганлари кўп, айниқса, фан баҳсларида, спорт соҳасида юқори натижаларни қўлга киритаяпти ёшларимиз. Аммо бугунги  ёшлар катта қисмининг қўлида энг қимматбаҳо телефон, компьютер, баъзи ўсмирлар ҳатто уйқуга ётганида телефонини ёстиғининг остига қўйиб ётади. Турли файллардан нимани хоҳласа, шуни томоша қилаяпти. Улар табиийки, китобдан, китобхонликдан йироқдадирлар. Президентимиз ёшларни китобхонликка қайтариш борасида чора-тадбирлар белгилади, амалий ишлар қилинмоқда. Сиз яна нималар қилиниши керак деб ўйлайсиз?

— Давлатимиз раҳбарининг китоб ва китобхонлик борасида қайғуриб, кетма-кет чора-тадбирлар кўраётгани бежиз эмас. Ҳеч қандай халқаро алоқа, ҳеч қандай ижтимоий тармоқ, ҳеч қандай томоша манбалари китобнинг ўрнини боса олмайди.

Мен муҳтарам Президентимизнинг китоб нашрларини такомиллаштириш чора-тадбирлари, китобхонлик савиясини тарбиялаш ҳақидаги қарор ва фармонларини шарҳлаб, кетма-кет мақолалар ёздим. «ХХI аср», «Адабиёт зиёси» газеталарида чоп этилган «Китобга қайтиш — виждонга қайтишдир», «Ёшларга дил сўзларим» каби туркум мақолаларим бу масаланинг моҳиятини ўта муҳим эканидандир.

Айниқса, ёшларда китобхонлик иштиёқини уйғотиш ва ривожлантириш сув билан ҳаводек зарур! Миллатни ҳалокатдан сақлаб қолишнинг энг муҳим йўли, миллий тафаккурни муҳофаза қилишнинг энг тўғри воситаси — китобхонлик малакасини оширишдир. Бунинг учун ҳар бир оила китобхонликка қайтмоғи керак бўлади.

— Юксак маънавият, албатта, юксак тарбия маҳсулидир. Лекин, бу борада ҳам муаммолар кам эмас. Дейлик, ўз отасига ёки ўзидан ёши катталарга гап қайтарадиган, ҳатто қўл кўтарадиган ёшлар йўқ эмас. Сизнингча, бу кунларга қайси йўлдан юриб етиб келдик? Бу ҳолатни фожиа деб ўйлайсизми? Агар фожиа бўлса, ечими нималарда кўринади?

— Биз фақат ёшлар ҳақида эмас, адабий муҳитда ўзини «буюк» деб биладиган қалам аҳлларининг ахлоқи ҳақида ҳам кўпроқ ўйлашимиз керак. Зеро, адабиёт — адаб мактаби, муҳаббат ва садоқат мактабидир. Демак, аввало тарбият қилувчининг ўзи тарбияли бўлиши керак.

Президентимизнинг «Бугунги кунда Қодирийлар, Чўлпонлар етишмаяпти» деган сўзларини эсласам, кўп нарсалар хаёлимга келади. Тарбияни зиёлиман деган шахсларнинг ботин оламини тузатишдан бошлашимиз керакка ўхшайди.

— Буюк боболаримиз: Имом Бухорий, Абу Исо ат-Термизий, Алишер Навоий, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби яна юзлаб миллатимизнинг улуғ шахслари билан фахрланиб келамиз. Албатта, улар биз учун ибрат мактаби. Буни бутун дунё эътироф қилаяпти. Тўғри, улар меросини узоқ вақт ўрганмадик. Мустақиллик шарофати билан, кейинги йилларда боболаримиз яратган маънавий бойликдан тўла фойдаланиш имконига эга бўлдик. Сиз эртамизни нималарда кўраяпсиз? «Оққан дарё яна оқади», деганларидек, биздан боболаримиз сингари камолга етишган инсонлар етишиб чиқишига ишонасизми?

— Биз ўтган улуғларимизнинг номини санаш ва уларнинг авлодимиз деб мақтанишни одат қилиб олдик. Ҳақиқий авлод — ўтган буюкларнинг меросидан баҳраманд бўлаётган авлоддир. Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик илмий-тадқиқот институтида минг-минглаб ўрганилмаган манбалар, қўлёзмалар, тошбосма асарлар ётибди. Ҳаётда хазинанинг атрофини илон ўраб ётади. Бизнинг буюк хазиналаримиз атрофини ўраб ётган илон қандай илон экан? Бу жаҳолат ва нодонлик илони! Бу илмсизлик ва кибр илони! Бу лоқайдлик ва хиёнат илони! Бу алдов ва найранг илони! Бу сохтакорлик ва худбинлик илони!

Тасаввур қилинг, яқин ўтмишда Фанлар академияси тасарруфидаги бир неча илмий-тадқиқот даргоҳларини, жумладан, Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий номларидаги илмий-тад­қиқот институтларини оддий Илмий марказга айлантириб олган эдик. Президентимиз ўз фаолиятининг илк давридаёқ бу мудҳиш фалокатнинг олдини олиб, у илм даргоҳларини аслига қайтарди.

Мен неча-неча мақолаларимда ўқув даргоҳларида матншунослик ва манбашунослик факультетларини очиш, Матншунослик ва манбашунослик инс­титути ёки университетини ташкил этиш ҳақида гапираман. Ахир, буюк хазинани ўрганадиган ва халққа етказадиган олим шахсларни етиштириш жуда муҳим.

Президентимиз айтганларидек, «Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш» миллий ўзликни сақлаш, халқимизнинг қадимий салоҳиятини ҳимоя қилишнинг ягона чораси илм, маърифат ва маънавиятдир. Қуруқ ва сохта гаплар замони ўтди. Ҳар кунни ғанимат билиб, амалий фаолиятга ўтишимиз керак.

— Сиз Имом Бухорий, Имом ат-Термизий ҳадисларини нашрга тайёрлагансиз, изоҳи билан. Ва яна Мирзо Бобурнинг «Мубайян» асарини насрий баён қилиб, унга шарҳ тайёрладингиз, бу улкан меҳнатингиз билан ўзбек адабиётини нодир, дурдона асарлар билан бойитдингиз… Айтинг-чи, ҳозирда яна қайси асарлар устида ишлаяпсиз?

— Кўп шукрки, раҳмати чексиз Яратган Зот менга улуғ неъматлар ато қилди, жумладан, умрни беҳуда ўтказмаслик қайғусини қалбимга жойлади. Буюк маърифий манбаларимизни таржима қилиб, шарҳлаб, нас­рий баён этиб халқимизга етказиш саодатини менга насиб этди.

Камина ҳазрати Имом Бухорий асарлари таржимасига муҳаррирлик қилдим, ҳазрати Имом Термизийнинг «Сунани Термизий» асари икки жилди ҳамда «Аш-шамоил ал-Муҳаммадийя» китобини бугунги ўзбек ёзувига ўгириб, нашр эттирдик. Ўзингиз айтганингиздек, Бобур мирзонинг «Мубайян» асари насрий баёнини туздим. Бу қалбимга таскин берадиган ишларимдир.

Лекин тазкира жанри адабиётимизда унутилган эди. Тазкиранавислик осон иш эмас. Улуғ адибларимиз — Ойбекнинг «Навоий» романи, Одил Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси», Пиримқул Қодировнинг «Бобур» туркумлари — бадиий адабиёт. Лекин тазкирада бадиий тўқимага рухсат берилмайди. Тазкира — илмий далил-ҳужжат ва ҳаётий ҳақиқатга асосланади. Менинг «Термиз тазкираси», «Буюк Термизийлар», «Қусам ибн Аббос – Шоҳи Зинда», «Ошиқ Машраб ва тасаввуф олами» асарларим буюк сўз устозларининг асарлари ёнига тазкира намуналари бўлиб қўшилганига кўп шукр қиламан. «Хушхабар» шеърий китобига эса Ўзбекистон халқ шоирлари Сирожиддин Сай­йид, Маҳмуд Тоир сермазмун тақризлар ёзиб, матбуотда чоп эттирдилар.

Бу ожизона меҳнатларимни муҳтарам Президентимиз қадр­лади ва ҳеч кутмаганимда мени «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» унвони билан тақдирладилар. Лекин адабиёт оламида бу асарлар муносиб баҳосини олгани йўқ. Камина ҳозирги кунда шеърий, илмий-маърифий ижод билан, ана шу тазкиранавислик ишини давом эттирмоқдаман. Худо хоҳласа, яқин орада янги китобларим нашр бўлади.

— Мана, гўёки кўз очиб юмгунча 2019 йил ҳам ўтди. Янги — 2020 йил қадам ранжида қилди. Байрам  тилакларингиз…   

— Ҳазрат Навоий саодатли жамият васфи ва талабини юксак мақомда шеърий ифода қилганлар. Менинг доимий тилакларим гўё ана шу сатрларда дарж этилгандек. Бу  элнинг шод ва мамлакатнинг обод бўлиши тилагидир:

То ҳирсу ҳавас хирмани

                барбод ўлмас,

То нафсу ҳаво қасри

                барафтод ўлмас,

То зулму ситам жониға

                бедод ўлмас,

Эл шод ўлмас,

                мамлакат обод ўлмас!..

А.Пардаев суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × two =