Жасорат, журъат бўлмаса…

Азалий таомил шу ўзи: адабиётда бўладими, журналистикадами, қайси ижодкор бор ҳақиқатни бўямайбежамай, ёлғоняшиқ қўшмасдан, борича ёзган бўлса, номи юз йилдан кейин ҳам одамлар хотирасида яшайверади. Эслайлик, зўр ёзувчишоирлар ҳам аввал қаламини публицистикада синаб кўрган, бу эрмак учунмас, албатта. Қаламнинг кучи жамиятда қандай акссадо беришини ҳаммамиз яхши биламиз. Замон, тузум эврилишлари бу оддий ҳақиқатни кўп бора исботлаган.

Хўш, бугун-чи, журналистика глобал, долғали, серташвиш, машаққатли ҳаёт зарбалари (ўзгариш­лар ҳам мустасно эмас)га қандай жавоб бера олаяпти?

Ўтган куни ижтимоий тармоқларда кўзим тушди. “Sevimli” деган телеканалдаям беришибди. Шаҳрисабз давлат музей-қўриқхонаси бош директори, таниқли олим, фидойи бир инсон шаънини обрўсизлантирувчи хабарлар ҳаммаёқда тарқалди. Энди, қўяверинг, билганам, билмаганам ҳали сайтларда, ҳали “Facebook”да қуруқ шов-шувга ўч одамлар ўзларига “очко” тўплаш учун ана шу кўнгилсиз гапларни дўмбира қилди. Шуми энди биз кутган журналистика, айтинг!? Қани асосли далил, бу ерда катта бир сумма — гўёки “ўзлаштирилгани” ҳақида гап кетган. Ҳатто ҳали гумонланаётган шахснинг ҳибсга олингани ҳақидаям миш-миш чиқди дейишди. Ким бўлишидан қатъи назар, бу хабар ортида инсон шаъни, қадр-қиммати, оиласи, қолаверса, дунё миқёсида ўзига хос нуфузга эга бўлмиш қадим шаҳардаги музей-қўриқхона нуфузи ҳақидаги нохолис ахборотни ўқиган яқин ва узоқдаги мезбону меҳмонлар нима деб ўйлайди?

Охири нима бўлди, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасданоқ Маданият вазирлиги ОАВда тарқалган хабарлар нотўғри эканлигини тасдиқлади.

Энди ким жавоб беради, ҳалиги жарчилар бирдан ғойиб бўлди-қолди. Бир зумда номи (илму фанимиз тараққиёти йўлида қилган хизматлари-чи?) қора қилинган олим энди элдошлари, ҳамкасблари оғзига бирма-бир элак тутиб, оғайнилар, мен айбдор эмас эканман, мухбирлар янглишибди, деб чиқадими шу замонда!

Мен биттагина мисол орқали журналистикадаги кемтиклик, масъулиятсизлик, рост ёки ёлғон шов-шувлар ортидан қувишнинг аянчли оқибатлари нималарга олиб келиши мумкинлиги хусусида кузатувимни айтдим. Бундай воқеалар ҳар куни содир бўлаяпти атрофимизда. Афсуски, аксариятимиз юртимиздаги янгилик-ўзгаришлар, муаммоларга холисона муносабат билдириш, жамоатчилик ўртасида фикр уйғотишдек энг муҳим жараёндан бир қадаммас, ҳатто беш-олти қадам ортда қолиб кетаётганимизни ҳалиям англаб етолмаётганимиз ўйлантиради кишини.

Яна бир оддий кузатувларимдан мисол келтираман: бугун бутун дунё аҳлини, жумладан, мамлакатимиз халқини ҳам жиддий хавотир ва ташвишга солиб турган коронавирус пандемияси шароитида ҳамкасбларимиз ўз зиммаларидаги масъулиятли вазифани қай тарзда уддалашмоқда? Очиғини айтиш керак, хориж матбуоти ҳамда қатор нуфузли ахборот агентликлари, сайтлар жуда фаол ишлашяпти. Албатта, барча фуқаролар амал қилиши шарт бўлган карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда ваколатли идоралар билан ҳамкорликда одамларни бу кўринмас хатарнок фожиадан асраб қолиш мақсадида барчани огоҳликка, ҳушёрликка чорловчи ҳаётий мақолалар бизнинг баъзи ОАВларда ҳам эълон қилиб бориляптики, лекин бундай чиқишларда журналист позициясидан кўра расмий маълумотлар устунлик қилаётгани кўпроқ сезилади. Агар худди шундай мазмундаги (ахборот-хабар кўринишдагиларни тушуниш мумкин) материаллар асосланган таҳлил ва мушоҳадага бой бўлса, одамлар орасида тарқалаётган турли миш-мишларга ўрин қолмасди. Сабаби, баъзан ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар билан расмий тарқатилган ахборотлар ўртасида фарқ борлиги кузатилди. Бу эса ортиқча, бўлар-бўлмас саволларни ўртага ташлайди.

Матбуот куни — байрамимиз баҳонасида барибир кўнгилдан кечаётган яна бошқа айрим мулоҳазаларни ҳам айтмасак бўлмайди. Бир замонлар афсонавий адибимиз Шукур Холмирзаев ташвиш ва хавотир ила “Адабиёт ўладими?” деганида айримлар “бу нима дегани, шундоғам ноўрин савол бўладими”, дея аюханнос солишганди. Суюкли ёзувчимиз башорат қилмаган бўлса-да, ана шу биттагина даҳшатли савол ҳаммамизнинг, ҳатто миллионлаб ўқувчи-китобхонларнинг ҳам кўзини очиб кетди-ку! Бугун давлат раҳбари ташаббуси билан Ватанимизда китобхонлик маданиятини кучайтириш, адабиётга эътибор қаратиш давлат сиёсати даражасигача олиб чиқилди, мутолаасеварлар сийланяпти. Бу катта хайр­­ли ишлардан нишона эмасми?

Дарвоқе, шахсан мен ҳам   бугун ҳеч иккиланмасдан раҳматли Шукур аканинг ана шу жиддий саволини журналистикага нисбатан қўлласам, ҳамкасбларим оғринмасалар керак. Нега, нима учун, дейилса, имкон топиб бир кузатайлик ОАВларни, эгизак мавзулар, она тилининг қадрсизланиши, савиясизлик, замонавий услублардан ортда қолиш, устоз-шогирд анъанасининг унутилаёзгани, кадрлар парокандалиги, жанрсизлик, муаммоларни хаспўшлаш, ижтимоий ҳимоясизлик, хуллас, санайверсам, долзарб масалалар кўп экан. Демак, муштни бир жойга қўйиб, бамаслаҳат, кенгашиб ўйлайдиган, ечим излайдиган фурсат келибди.

Журналистиканинг нони қаттиқлигига бежиз урғу берилмайди. Чунки Яратган бизнинг тақдир пешонамизга ҳамиша уйғоқлик, жасур, жасоратли ва журъатли бўлмоқлик каби ноёб ва нозик фазилатларни битган экан, барча дилдошларимга СЎЗ ва ҚАЛАМга ҳамиша содиқлик, собитлик тилайман!

Норқобил Жалилов,

“XXI asr” газетаси Бош муҳаррири,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + two =