Маънавиятимиз кўприги

Давлат тили — халқнинг маънавий қиёфаси санъат, маданий мероси ва тарихий ўзига хослиги, урф-одатлари каби қадриятларда акс этади. Ушбу жиҳатларни ўзида умумлаштирган, уларни асрлар шамолларидан асраб, бугунги кунга олиб ўтган она тили эса, шубҳасиз ўша халқ маънавиятининг устуни, даврларни боғловчи кўприкдир.

Мутахассилар таҳлилига кўра, дунё бўйича мингдан зиёд тилнинг йўқолиб кетиш хавфи бор экан. Фақатгина 40 та тил оғзаки ва ёзма жиҳатдан мукаммал шаклланган бўлиб, пойдевори мустаҳкам эканлиги айтилмоқда. Уларнинг орасида ўзбек тили ҳам борлиги  қувонарли, албатта. Аммо, бунинг замирида жонфидо жадидчи боболаримиз кўрсатган матонат, қолаверса, халқимизнинг она тилимизга бўлган муҳаббати ётибди.

Маълумки, 1989 йил 21 октябрда она тилимизнинг янгиланаётган дунёда яшаб қолиши сари муҳим қадам қўйилганди. Шу куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги қонун шунчаки ҳуқуқий-норматив ҳужжат эмас, балки она тилининг ҳуқуқий асосини белгилаб берганди. Сўнгги йилларда макзур қонун ижроси ва тилга муносабат борасида қатор жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг 2019 йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорини алоҳида таъкидлаш адолатдан бўлади.

Унинг ижроси доирасида Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бораётганидан келиб чиқиб, Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тилга эътиборни тубдан ўзгартирди ва унинг мавқеини мустаҳкамлашнинг янги босқичини бошлаб берди. Фармонга кўра, 21 октябрь санаси Ўзбек тили байрами куни деб эълон қилинди.

Республика Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти олдига тилимизнинг мавқеини янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ қатор муҳим вазифалар қўйилган.

Жумладан, давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш (Департамент фаолиятида жиддий ўзгаришлар сезилиши керак) бугунги кунда муҳим аҳамият касб этади.

Сир эмаски, лотин ёзувига асос­ланган ўзбек алифбосини жорий эътиш билан боғлиқ вазифалар ҳамон охирига етмасдан қолмоқда. Хусусан, мавжуд адабий меъроснинг лотин алифбосида қайта нашр этилиши кўп­лаб янги авлод вакилларининг китобга, қолаверса, маънавий онги талабини қондиришга хизмат қилади. Департамент ўзбек тилининг ёзма нутқи меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш билан бирга мазкур масала бў­йича ҳам ишларни жадаллаштириш устида изланишлар олиб бораяпти.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, илм-фан ривожи ҳамда маҳсулот ва хизмат турларининг кун сайин ошиб бораётгани ўз-ўзидан янги сўзлар сони ҳам ортишини англатади. Бундай ҳолатларда, уларнинг ўзбекча муқобил атамаларини аниқлаш ва қўллаш энг муҳим масала сифатида бўй кўрсатади. Зеро ўзлашма сўзлар ҳисобига она тилимизнинг сўз бойлиги четга чиқиб қолмаслиги керак.

Айрим мутахассисларнинг фик­рича, соф қадимий хитой ва инглиз тиллари софлиги бузилганидан, ўзлашма сўзлар ҳаддан ташқари кўплигидан ўлик тиллар гуруҳига кириб қолган.

Ваҳоланки, ҳар иккала тилда дунё аҳолисининг қарийб ярми гап­лашади, десак муболаға бўлмайди. Демак, замон талаби асосида иккала тил ҳам асл ҳолидан таниб бўлмас даражада ўзгарган. XVI-XVII асрларда мавжуд бўлган буюк инг­лиз ёзувчиси Уильям Шекспирнинг тилини бугунги кунда инглизларнинг ўзлари асл манбадан ўқиб мутлақо тушунмаслиги исботлангани фикримиз тасдиғидир.

Бу маълумотдан анг­лашиладики, Департаментнинг илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш ва бир хилда қўлланишини таъминлаш, географик ва бошқа топонимик объектларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ном берилиши борасидаги фаолиятни мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш билан боғлиқ вазифаси тилимизнинг асл ҳолатини асрлар оша сақлаб қолишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Энг асосийси, 2020 йил 10 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни кучга кирди. Демак, бугун мазкур қонун асосида илк бор Давлат тили байрами нишонланмоқда. Умуман, ўтаётган йил она тилимиз софлигини сақлаш, унинг мавқеини мус­таҳкамлашда қатор воқеликлари билан эсда қоларли бўлмоқда. Фик­римиз тасдиғи сифатида, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблея­сининг 75-сессиясида Ўзбекистон тарихида илк бор ўзбек тилида нутқ сўзлаганини фахр билан айтсак арзийди.

Зеро, дунёнинг энг нуфузли минбаридан тилимиз шунчаки янграмади. У орқали, нафақат Ўзбекис­тон, балки инсоният ҳаётини яхшилашга қаратилган қатор эзгу таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Уларнинг жаҳон жамоатчилиги томонидан қизғин кутиб олингани эса, тилимизнинг улуғлиги, меҳр-муҳаббат, умид ва ишонч тили сифатида ҳам дунё халқларига намоён бўлганидан далолат беради.

Зулайҳо АКРОМОВА,

Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси депутати

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan