Аъзамжон

гАъзамжон Худойбердиевнинг ёши 60га тўлганини ўқиб қолиб, шошилинч бир ҳис кечди: нимададир кечиккандек бўлдим. Ҳа-я, унинг туғилган кунини пахтазорда нишонлагандик. Шунгаям 40 йил бўлибди. Демак, ўшанда у 20да экан-да. Йиллар суронини қарангки, энди бўй кўрсатаётган ўсмир билан сочларига оқ оралаб қолган “йигит” (замондошларимиз ўзларини олтмишда ҳам қирчиллама навқирон деб ҳисоблашаяпти!)нинг сурати тасаввурда асло фарқланмайди. Хотира бир жойда тўхтаб қолгандек гўё. Ҳолбуки, орада нима гаплар ўтмаганди, ўтмади?!

Айни куз эди. Она замин ҳосил билан тўлишган. Талабалар Сирдарё далаларида пахта ҳашарида. Кунлар таассуротларга бой, гаштли ўтади. Биринчи босқич талабалари, айниқса, шаштли. Нуфузли ўқув юртига қабул қилинганлариданми ёки катта курслар олдида “Биз ҳам бормиз!” дегандек ғўдайишми, қадамлар шаштли, оқшомги шеърхонликлар авжида. Аммо пахта териш дегани асло фароғат эмас. Унда ҳам кўринмас мусобақа бор: ихтиёрий равишда биров-бировдан ортда қолишни хоҳламайди. Фурсат топилганда эса адабиёт ҳақида суҳбатлар, мушоира, янги машқларнинг муҳокамаси. Бу дамларнинг лаззатини топиб бўладими? Дала шийпонида икки қаватли қилиб қурилган сўрида Аъзамжон билан ёнма-ён жой олганмиз, оға-ини сингари “Бир ёстиққа бош қўйиб…” дегандек, пахтазорнинг эзувчи заҳматидан кейин донг қотиб ухлаймиз. Суякларда ҳарорат совимай, кундузги меҳнатнинг чарчоғи чиқмай, тонг отади. Ғира-ширада магнитофондан “Наргиз, Наргиз, қалбим ардоғи…” деб бошланувчи қўшиқ янграйди ва ҳамма совуқ сув сепилгандек сакраб ўрнидан туради. Бошланади…

Аъзамжон билан иноқлашиб кетганимизга анча бўлган эди. Факультетга илк қадам қўйган сурурли лаҳзаларда ҳали бир-бирини яхши билмайдиган гуруҳдошларнинг танишиши жуда ҳаяжонли кечади. Ҳар хил: бўй-басти дароз йигитлар, ҳарбий хизматни тугатган аскарлар, шу йил мактабни битирган, сочига попук тақилган қизчалар йиғилганди гуруҳда. Баногоҳ у билан нигоҳларимиз тўқнашди ва ўша лаҳзадан яқинлашиб кетдик, чамаси. Дарс бошланганда ёнма-ён жойлашдик. Аъзамжон ўзи ҳақида гапирмас, шунинг учун бироз кечикиб ўқишга қабул қилингани сабабини билмайман. Унинг ташқи кўринишиёқ кишини бепарво қолдирмасди: тийнатида бир улуғворлик яширинган, фақат у буюклик лаҳзаларини кутиб яшаётгандек эди (чунки журналистика факультети “буюклар устахонаси” эди-да). Жуда камсуқум, камтарлиги бу сирлиликни яна оширар, курсдошлар унга чуқур самимият, ботиний меҳр билан муомала қилишарди.

“Пахта”га алоҳида тайёргарлик кўрганмиз. Кирза этик, пахталик бушлатлар сотиб олинган. Лекин ўша йил ҳосил яхши бўлиб, бир ойга қолмай қайтдик. Таассуротлар эса йилга татиди. Рости, факультетда иқтидорли йигит-қизлар йиғилганди (анъана шундай!). Гарчи толиқиб даладан қайтилса-да, тунда гулхан ёқиб, шеърхонлик қилишга ҳамма тайёр эди. Туғилган кунлар ҳам шу давраларда нишонланарди. Аъзамжоннинг туғилган куни эди чоғи, кўтарма ариқдан бир дароз йигит сакраб ўтиб, даврамизга қўшилди. “Оғайним Чори”, деди Аъзамжон. У филфакдан экан. Меҳмон “Сирдарёнинг сулув қизи Гулнора” деган шеър ўқигани эсимизда қолган. Бу кейинчалик гўзал шоир бўлиб танилган Чори Аваз эди.

Эгатлар оралаб тентирашлардан толиққанда бирзум тин олинади ва бошланади… Бир гал машқларимдан ўқидим: “…совчиларнинг келиб-кетувчи йўли уни бошқа уйга олиб кетади”. “Такрорланг”, деди Аъзамжон. “Совчиларнинг…”. Ҳа, мен “сочларингнинг…” деб эшитибман. “Гўзал ташбеҳ бўлган экан”. Туғилган кунида эса “пахтакорона” зиёфат ҳозирладик, енг ичида яйрадик. Шунда деди: “Кўзларингиз биринчи марта кулди”.

Пахтадан қайтилгач, бир-бирини анча яхши таниб олган курсдошларнинг истеъдоди синови бошланди гўё. Шунда кимнинг кимлиги яна ҳам очиқ билинди. Сергей Есениннинг туғилган кунига гуруҳ адабий кеча тайёрлади. Газета чиқарганимиз эсимда. Албатта, мушоира, мунозара. Уларда Аъзамжон жуда фаол бўлди. Нафис шеъриятга севгисини сир тутиб ўлтирмади. Ҳали у пайтда ҳаммаси номаълум эди. Ҳамма умид билан тақдир эҳсонини кутарди. Бир куни Аъзамжон “Қисса ёздим” деб, бир даста қоғозни олиб келди. Унинг хати жуда чиройли, майиздек терилган сатрларни кўриб, “Ҳали иккинчи “Жамила” ёзилган бўлса-я” деб ҳам ҳавас, ҳам ҳасад қилдик. У табелчи ҳақида экан. Менимча, бу асар унинг ғаладонида қолиб кетди. Ижод табиати шундай.

Ўзингга яқин олган одамингнинг ҳар бир ҳаракати, қилиғи ёдингда муҳрланиб қолар экан. Аъзамжон билан бўлган бир майда гап ҳеч хотирамдан кўтарилмайди. Мен гуруҳ сардори, имтиҳон кетаяпти. Коридорда ҳамма навбатда турибди, бир стул ўтиб-қайтишга халақит бераяпти. Мен Аъзамжонга “Стулни четга олиб қўйинг”, дедим. Билмадим, навбатини кутиб тажанг бўлиб турган эканми, кутилмаганда “Олиб қўймайман. Нега менга иш буюрасиз?” — деб ўдағайлаб қолди. Анча вақтгача унута олмай юрдим. Ўзимга яқин олиб қолган эканман-да.

Таҳсил йиллари мароқли, сермазмун ўтди. Аъзамжон адабий жараёнга фаол аралашиб кетди. Айниқса, ёзувчи Нурали Қобул билан ижодий ҳамкорлиги муттасил, самарали бўлди. У Анвар Обиджон, Миразиз Аъзам, Озод Шарафиддинов, Қодир Деҳқонов сингари турли даражадаги ижодкорлар даврасида бўлиб туришини мамнуният билан таъкидлар, бу ҳол бизнинг ҳавасимизни келтирарди.

Умуман, Аъзамжон катта сафарга, юқори даражаларга шайланган карвондек, тўлишиб борарди. Унинг 1990 йилда нашр этилган биринчи тўплами — “Кузда кулган чечаклар” ўзбек шеъриятида янги овоз пайдо бўлганини тасдиқлаганди. Тўпламдаги шеърларда катта поэзияга хос барча унсурлар мавжуд. Жанрлар (айниқса, ғазалдаги изланишлар муваффақиятли), мавзулар ранг-баранг. Ҳар бир сўз дид билан танланган. Сатрларда майин самимият, қисиниб-қимтиниб турган, бироқ ботинида уммон гувлаётган йигитнинг қалб туғёнлари уфуриб турибди: “Эртак айтсанг ўғлингга ухлатмаслик учун айт!”, “Номимиз юракларга қон сачратиб ўяйлик”, “Мен фақат сўрайман чироғинг, эркам, тун ўтиб, кундузи ёқмаслигингни”, “Водий гулин тақай минорларингга, юрак расмин чизай дудоққинангга”… “Машқ майдонида…” туркумида биз учун азоб бўлган “военка” деган дарснинг иссиқ-совуғини шундай ифодалаганки, ўша нохуш дамлардан нафосат топа олган қалбнинг шоирлигига тасанно айтасиз. “Онам фотиҳаси” шеъри эса бадиий-эстетик жиҳатдан ёш шоирнинг низомномаси бўлса, маҳорат жиҳатидан гўзал шеърият намунасидир. “Бу ёруғ юздан…” деб бошланувчи шеър эса халқи, миллатини пурвиқор кўришни хоҳлаган ватанпарвар шоирнинг дил изҳоридир. Ушоққина тўпламда жиддий тафаккурга озуқа берадиган асарлар талай.

Умуман, Аъзам Ўктам тимсолида теран илдизларга эга шеъриятимиз янги бир истеъдодга доя бўлишга ҳозирланаётганди. Буни, ботинида кучли қудрат пинҳон эканини ўзи ҳам сезмасди, чамаси, билъакс, жуда хокисор, тортинчоқ эди, бошқаларга халақит беришдан чўчигандек, ўзини тийиб юрарди. Афсуски, унинг чинакам камоли бу майдонда бўй кўрсата олмади. Бу бир синоатки, ҳар қадамда пойабзал артадиган латтадек оёғингга илашаверадиган, ҳар бир тирқишдан тумшуғини кўрсатиб турадиган, аслида айтадиган гапи ҳам йўқ, шахсияти хира кимсалар яйраб-яшнаб юрганда миллатнинг бир умиди бўлган шоирнинг карами кенг дунёга сиғмаганлиги тирикликнинг ҳам “феъли тор”лигига ўхшайди.

Бир истисно ҳолат бор. Аъзам Ўктам биринчи тўпламидаёқ “Қайта туғилмасман, ўлмай деб минг бор — биргина бошимга олдим миннатдор. Битта истараси иссиқ ўлимни…”, деб ёзади. “Тараддуд” тўплами(1993)даги шеърларида эса “Ҳеч кимни севмасман, ўлган ҳайратим, Худо раҳмат қилсин, ёшлигим, омин”, “Мен умид қилганлар беҳад ёш ҳали, Бирма-бир ўляпти мени суйганлар”, “Бир дард ўртаб юборди дилни, ёзарканман титради қўлим. Ўз аслига қайтарса элни, ўлим бўлсин ҳар куни, ўлим”, “Видолашгим келар шу тилда” сингари сатрларга дуч келамиз. Албатта, навқирон йигитнинг бундай тушкун кайфияти кишини ҳайрон қолдиради. Бу ҳолга олиб келган сабаблар борми ёки шоирларга хос одатдаги “эркалик”миди? Одатда, “Ёш кетаман, қари ўламан, деб қўрқитади” дейишади. Халқнинг эрка фарзандлари — шоирлар жиндай кайфияти бузилса, “қўрқитаверади”. Баъзан айтилган сўз отилган ўқдек таъсир қилади. Бир йирик мунаққид   (Виссарион Белинский) тушкун кайфиятдаги шеърларни ўқиб, шоирларга “Нега ўзингизга ўлимни чорлаяпсиз?” деб қаттиқ танбеҳ берган экан. Халқимизда “Фаришталар “Омин” дейди” деган ибора бор, балки яхши гапга, балки…

Аъзамжон “Чўлпон” нашриётида ишлаб турганида Қуръони карим олдин “Шарқ юлдузи” журналида босилди, кейин алоҳида китоб ҳолида 1992 йилда чоп этилди. 500000 нусхада босилган Алоуддин Мансур таржимаси ва шарҳидан иборат ушбу дурдонада нашриёт муҳаррири сифатида Аъзам Ўктамнинг номи дарж этилганки, бу шарафли рутбадир. У мазкур улуғвор юмушда фаол иштирок этди ва шу аснода диндорлар билан яқинлашди. Фитратида ҳалоллик, поклик синггиган, аммо теварагидаги ҳаётда мунофиқлик ва алдовларга кўплаб гувоҳ бўлган ижодкор ҳаёт ҳикматини диний ақидаларда, деб билди, чамаси, бу таълимотни ўрганишга чуқур киришди. Табиий, қалбларнинг шифоси бўлган уҳравий илм унга қаттиқ берилганларни чирмаб олади. У мунаввар бир дунёга муҳиб бўлди ва унинг бағридан чиқиб кета олмади. Ўша йилларда фаол ҳаракатда бўлган радикал кайфиятдаги диндорлар бу ҳолатдан фойдаланиб қолишга уриндиларми, Аъзам Ўктамнинг ўзинигина эмас, оилавий ҳаётини ҳам таъсирларига олмоқчи бўлганлар. Турмуш ўртоғи Ҳулкархонни ҳам ҳижобга киритганлар. Секин-аста оилада парокандалик бошланган ва оқибати оғир асорат билан тугаган.

Ҳаммаси йиғилиб юракка юк бўлди ва айни камолга тўлган ёшида Аъзамжон шеърларида кўп эслаган охират кунига етишди. Албатта, бу аламли кўргулик эди. Ортда қолганлари аччиқ айрилиқдан жизғанак бўлишди. Айниқса, дадажонини жондан яхши кўрган эркатой қизалоқнинг алами кечмас ва унутилмас бўлди. Унинг бу кўргуликка кўникиши қийин кечди…Фалак чархи эса маромида айланар, унинг ғуссалар, ситамлар юкидан ғижирлаган сасида ҳаёт қўшиғи бор эди. Кун ботиб, тонг отар, вужудда айланаётган илиқ нафас ҳаракатга, яшашга чорларди. Шу зайл кўз ёшлар томган тупроқдан чечаклар унди. Албатта, ҳар бир инсон учун ортида номини кўтариб юрадиган зурриёд қолдиришдан ортиқ бахт топилмайди. Ҳамма меҳмон дунёда эса тирикликнинг боқий қонунларига бўйсунмасликнинг чораси йўқ. Тумор (Тўмарис) бугун баркамол инсон мақомига эришди. Энди Она! Ҳаёт мазмунини теран англайди. Изтироблар ўрнини таскин ва ифтихор эгаллаган. У бугун чинакамига халқига, ватанига эзгулик соғинган, шу йўлда фидойи хизмат қилишга азм этган ижодкор инсоннинг фарзанди эканлигидан тўла ҳуқуқ билан фахрланади.

Хотиралар дилга юпанч бўлади, ҳаёт эса яшашни талаб этади. Зеро, тирикликнинг шарти ҳам, ҳикмати ҳам шунда.Унинг бардавомлиги эса изинг кўмилмаса, сени кимдир эсласа. 60 йилликни мухлислар билар экан, чиқишлар бўлди, Аъзам Ўктамнинг шеърлари, унга бағишланган фахриялар эълон қилинди. Умидли шоирлардан бири гапини “Энди навбат Аъзам Ўктамга” деб тугатибди. Демак, шоир —сафларда. Унинг ижоди адабиёт гулшанида бўй кўрсатиб турибди. Фақат истак шуки, Аъзамжоннинг тонг шабнамидек тароватли битиклари жамланиб, “Куллиёт”и эълон қилинса, шахси ва ижоди юзасидан тасаввурлар, таассуротлар яхлитлашган, мукаммал ҳолга келган бўларди.

  Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − five =