Бесамар кетмаган йиллар

Менга Қобилбек ака билан битта жамоада ишлаш ва у кишининг илмий-маънавий, сиёсий иқтидоридан баҳраманд бўлиш, албатта, ҳар томонлама ибрат бўлиб келади. “Мен ёшлик чоғларимдан бошлаб телекўрсатувларга, айниқса, сиёсий мавзудаги кўрсатув ва эшиттиришларга ҳавасманд эдим, — дейди Қ.Каримбеков. — Бунинг учун қайси фанларни кўпроқ ўқишим кераклигини мактабда устозларимдан сўраганман. Шу тариқа, тарих, адабиёт, география дарслигини қунт билан ўргандим. 5-синфда ўқиб юрган пайтим жаҳондаги 50 дан ортиқ давлатларнинг тарихи, географик жойлашуви, иқтисодиёти, аҳолиси тўғрисида маълумотларни ёддан билар эдим”.

 

Болаликдаги ҳавас Қобилбек акани 1973 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) нинг тарих факультети Халқаро муносабатлар бўлимига бошлаб келди. 5 йиллик таълим беиз кетмади. У халқаро муносабатларнинг турфа жиҳатларига қиёсий ва таҳлилий нуқтаи назардан нигоҳ ташлаш сирларини ўрганди.

“Устозларим қистови билан университетни тугатиб, шу даргоҳда ўқитувчилик қилдим. Илмий-тадқиқот ишларим сабаб немис тилини ўрганишга тўғри келди. Кейин билсам, немис тили нафақат Германияда, балки Европанинг Австрия, Бельгия, Нидерландия, Франция, Дания, Лихтенштейн, Люксембург ва Швейцария каби мамлакатларда ҳам анча оммалашган экан. Чехия ва Словакияга қилган сафарим чоғида ҳам ушбу мамлакатларда немис тили анча устувор эканлигига ўзим гувоҳ бўлдим”, деганди бир суҳбатимизда Қ.Каримбеков.

Ўтган асрнинг 80-йилларида Қобилбек аканинг орзулари ушалди, у Ўзбекистон телевидениесида халқаро масалалар бўйича туркум кўрсатувлар тайёрлай бошлади. Кўпчилик эслайди, ўша кезлари аввалдан ёзиб олиш деган нарса қарийб мавжуд эмас эди. Айниқса, халқаро мавзудаги кўрсатувлар жонли тарзда эфирга узатиларди.

“Ойнаи жаҳон” Қ.Каримбековга катта мактаб бўлди. Бир томондан илмий-педагогик фаолиятини мустаҳкамлаган бўлса, иккинчи томондан 10 йил мобайнида телевидениенинг “Ахборот” таҳририятида ўриндошлик асосида халқаро шарҳловчи вазифасида чархланди. “Шу ўринда, бир мулоҳазам бор, — дейди Қ.Каримбеков. — Кейинги йилларда 3-4 бор экранда кўринганлар титрига сиёсий шарҳловчи ёхуд шарҳловчи деб ёзилмоқда. Агар шу номга улар лойиқ бўлса, марҳамат. Аммо нафақат мен, анча тажрибали сиёсий шарҳловчиларни кўпинча оддийгина журналист деб таништиришарди”.

Қобилбек Каримбеков 1992 йилнинг ёзида “Ахборот” таҳририятига расман сиёсий шарҳловчи вазифасига қабул қилинган. Энг муҳими, ўша пайтлар телевиде­ниеда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Бобожонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Турсун Қоратоев, Ўзбекистон санъат арбоби Убай Бурҳон (охиратлари обод бўлсин), Баҳодир Муҳаммедов, Талъат Солиев, Муяссар Саидхонова, Баҳодир Абдуллаевлардек забардаст шарҳловчилар орасидан ўзига муносиб ўрин топиш анчайин мушкул эди. Шунга қарамай, Қобилбек ака ўз истеъдоди, дунёда бўлаётган воқеаларга ўз фикри, муносабати борлиги учун ҳам бора-бора устоз шарҳловчи даражасига кўтарилиб борди.

Ўтган даврдаги эфир билан ҳозирги эфирни таққослаш мушкул. У кезлари асосан “Ўзбекистон” каналидагина сиё­сий кўрсатувлар эфирга узатиларди. “Бугун оламда нима гап?”, “Халқаро панорама”, “Халқаро шарҳловчилар даврасида” ва бошқа мазмундаги кўрсатувларни асосан, Қ.Каримбеков билан бир қаторда устозлардан Турсун Қоратоев, Насриддин Муҳаммадиев, Аҳмаджон Мелибоевлар катта маҳорат билан олиб боришарди.

“Ҳали-ҳали ёдимда, — дея эслайди Қ.Каримбеков. — 1992 йилдан 2000 йилларгача “Ахборот” кўрсатуви учун “Хориж хабарлари”, “Жаҳон ҳафта ичида”, “Сайёрамиз садоси” сингари 3-4 дақиқалик лавҳалар тайёрлардим. Баъзида бир ой мобайнида 20 га яқин видеошарҳ тайёрлашга тўғри келган. “Ахборот”да тўлиқ ставкада ишлаганим учун зиммамда қўшимча вазифалар ҳам бор эди. Масалан, 15-20 дақиқага мўлжалланган муаллифлик кўрсатувларимдан “Етти иқлим садоси”, “Савол беринг — жавоб берамиз”, “Халқаро воқеалар шарҳловчи нигоҳида” каби”, дейди у.

1992 йилнинг январида Тошкентдаги талабалар шаҳарчасида бўлган кўнгилсиз воқеалар тўғрисида Қ.Каримбековга шошилинч кўрсатув тайёрлаб, ўша куннинг ўзида эфирга узатиш вазифаси топширилди. Ва бу кўрсатувлар январь ойининг иккинчи ярми ва февраль ойи бошларида “Юзма-юз” номи билан 7 бор эфирга узатилди.

“Бу ҳам майли, тезкорлиги сабаб, теледастурга киритилмаган бўлса-да, 1999 йил февраль воқеалари, Қирғизистоннинг Боткент ҳудудидаги, 2000 йил ёзидаги Сариосиё ва Узун туманларидаги террористик хуружлар, 2001 йил 11 сентябрь АҚШда юз берган қўпорувчилик, 2004 йил март ойида Тошкент ва Бухорода содир бўлган во­қеалар, 2005 йилнинг май ойидаги Андижон тўқнашувлари бўйича тайёрланган махсус кўрсатувларни тайёрлаш ҳам менинг зиммамга юклатилган эди.

Бугун йиллар ўтиб, ўша заҳматлар бесамар кетмаганлигига қайта-қайта ишонч ҳосил қиламан. Ўша кўрсатувларни фақат ўзим тайёрлаганман, деган фикрдан мутлақо йироқман. Чунки, кўрсатувни тайёрлаш чоғида бутун жамоа билан биргаликда меҳнат қилардик. Устозларимга, техник мутахассисларга, айниқса, режиссёрларимизга алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман, айнан улар баъзан йўл қўйган хатоларимни тузатишга, ҳеч бўлмаганда монтаж чоғида сайқал беришга имкон топганлар”, дейди Қобилбек ака.

Бугун ота касбини муносиб давом эттираётган иқтидорли журналист Шоҳсанам Каримбекова 15 йиллик фаолияти давомида оддий муҳаррирликдан то бош муҳаррирликкача бўлган машаққатли йўлни босиб ўтди. Энг муҳими, кўрсатувлари ранг-баранг, жозибали, овозида ҳам жарангдорлик, ҳам шиддат яққол намоён бўлиб туради.

2007 йилнинг 8 июни эди. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раҳбарияти топшириғи билан Олий Мажлис Сенатида оммавий ахборот воситалари тўғрисида Қ.Каримбеков маъруза қилганди. Ўшанда минбарда Сенатнинг фан, таълим ва маданият масалалари   бўйича қўмита раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов билан бирга Миллий телерадиокомпаниямизнинг раҳбари ҳам бўлган. Ўша маърузадан кейин телекомпанияда ажойиб гап тарқалганди, Эркин Воҳидов: “Қобилбек, сиз ўзингиз каби забардаст шарҳловчиларни тайёрланг. Бўлажак кўрсатувларга сиз каби катта тажрибага эга бўлган шарҳловчилар жуда зарур”, деган экан.

Дарҳақиқат, устоз журналист, маҳоратли сиёсий шарҳловчи Қобилбек Каримбековдан ҳали ҳамкасблар, айниқса, ёш журналистлар кўп нарсани ўрганса бўлади. Энг муҳими, ана шундай ажойиб инсон билан бирга ишлаётганимиздан, замондош эканлигимиздан фахрлансак арзийди.

Ғофур ЖАМОЛОВ,

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг

“Dunyo bo`ylab” телеканали бош муҳаррири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + 2 =