Муродбой Очилов: “Этик кийиб заҳкаш бўйларига бораман”

Йил якунланаётганда ҳар биримиз беихтиёр ортимизга бир қайрилиб қараймиз. Унда бажарилган ишлар билан бир қаторда, ният қилиб юракка тугилган, бироқ қила олмаган ишларимизни ҳам кўздан кечирамиз. Бироқ бу бизнинг ортга чекинишимиз учун асос бўла олмайди. Чунки юракда ҳарорат бўлса, бас! Хоразм вилояти Гурлан тумани ҳокими Муроджон Очилов билан суҳбатлашар эканмиз ана шу туйғуларни бошдан кечирдик. Давлатимиз раҳбари катта ишонч билан қараётган ёш раҳбарнинг суҳбатини олар эканмиз, унинг қалбидаги шижоатга, матонатга, меҳнат завқига ҳавасимиз келди.

— Ассалому алайкум, келинг суҳбатимизни яқиндагина охирига етган пахта терими ҳақидаги фикрларингиз билан бошласак. Бу йил йиғим-терим ишлари ва унга муносабат қандай бўлди?

— Туманимизда 2020 йилда 11259 гектар майдонга пахта экилиб, давлатга пахта сотиш режаси 34900 тонна қилиб белгиланган эди. Биз 39381 тонна пахта топшириб, режани 112,8 фоизга бажардик. Бу йил пахтани ким терди, халқ терди. Чунки моддий рағбат кўнгилдагидек бўлгандан кейин халқни далага мажбуран олиб чиқиш учун асос қолгани йўқ. Теримчиларга 41 миллиард сўм пул тарқатилди. Олдинлари халқни, мактаб болаларини далага олиб чиқиб ҳам пахта режасини бажара олмаганмиз. Бу йил эса бюджет ташкилотлари ўзлари “Биз ҳам пахта теримига ҳисса қўшайлик” деган ташаббус билан чиқдилар.

Пахтани териш, қайта ишлаш, ип қилиб йигириш, бўяш, мато қилиш бор.   Буларнинг ҳаммаси Худо хоҳласа, Гурланнинг ўзида амалга оширилади. Яқинда тикув фабрикасини ишга туширсак, занжир тизими иш бошлайди. Бу эса эртага гурланликларни иш билан банд этади, дастурхонини тўкин, ризқини бутун қилади деган умиддамиз.

2020 йилги ҳосил, йиғим-теримнинг ғаллачилик, пиллачилик, шоличилик борасида ҳам жуда юқори марраларга эришганлигимизни мамнуният билан эътироф этаман. Чунончи, бунинг замирида интизомли меҳнат тарзи, ўз ишига масъулият, жонфидолик каби хислатлар ётибди.

— Биз мана Гурлан туманига кела келгунимизча, йўлнинг икки четида боғлар пайдо бўлганини кўриб, қувондик рости. Олдинлари бу ерлар ёппасига пахта далаларидан иборат эди…

— Энди бу одамни хурсанд қиладиган мавзу. Чунки кейинги йилларда интенсив боғлар масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу йил туманимизда 200 гектар интенсив боғлар ташкил қилинди. Шунингдек, 50 гектар майдонда токзорлар пайдо бўлди. Бу халқимиз дастурхонига сархил меваларни тақдим этиш баробарида 110 нафар аҳолини ишли бўлишига ҳисса қўшди. Бу боғлар 3 йилда ҳосилга киради, 4,0 минг тонна мева ва 1,5 минг тонна узум ҳосилини беради. Бунинг натижасида эса 600 минг АҚШ долларлик маҳсулотлар Россия, Қозоғистон давлатларига экспорт қилиш имконияти яратилади.

Шунингдек,   Хоразм, хусусан, Гурлан   қовунларининг донғи ҳамма ёққа кетган. Газетангизнинг бир неча сонларида Хоразмнинг “Гурвак” навли қовуни ҳақида бир неча мақолалар эълон қилинди.   Маданий ўсимликларнинг қадимийларидан бири бўлмиш қовун инсонга тўрт минг йилдан бери маълум. Бизда қовуннинг 400 дан ортиқ навлари етиштирилиши ҳақида маълумотлар бор.

Хоразм қовунининг тилими тилни ёриши тўғрисида Мирзо Бобур ҳам лутф қилган. Қовун ўта хушхўр соғлиқ келтирувчи ва тўйдирувчи шифобахш неъматлардан биридир. Хоразм воҳаси қадим-қадимдан ўзига хос табиати, ширин-шакар мевалари, айниқса, тилими тилни ёрар қовунлари билан дунёга машҳурдир. Бу ҳақда қадимий қўлёзмаларда, Венгер олими ва сайёҳи Вамбери асарларида ва бошқа манбаларда таъриф ҳамда тавсифларни хоҳлаганча ўқишингиз мумкин.

Бугун Президентимиз бекорга тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани йўқ. Чунки тадбиркорликни йўлга қўйсак, пул ҳам, иш ўринлари ҳам, тўкис ҳаёт тарзи ҳам – ҳаммаси йўлга қўйилади. Мен бу ерга ҳоким бўлиб келишдан олдин бу ерда пахтадан бошқа ҳеч нарса бўлмайди, деб ўйлагандим. Энди қарасам, бу ерда интенсив боғлар ташкил этилди, балиқчилик ривожланмоқда. Яқинда минг бошли чорва комплексимиз, 100 минглаб паррандалар боқиладиган паррандачилик комплексларимиз   ишга тушади.

— Гурлан шоличиликнинг асл масканларидан бири ҳисобланади. Одатда гурланликларни шоли орқасидан жуда ўзига тўқ ҳаёт кечиришади, деб айтишади. Бу борада нима ишлар қилинди ва қилинмоқда?

— Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Хоразм илмий-тажриба станцияси негизида Шоличилик илмий-тадқиқот институти Хоразм филиали ташкил этилди. Филиалнинг асосий вазифалари этиб ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитларига мос, юқори ҳосилли, касалликларга чидамли, гуручининг юқори сифат кўрсаткичлари бўйича ажралиб турувчи шоли навлари ва дурагайларини яратиш бўйича тадқиқотларни кенгайтириш, янги ва истиқболли шоли навларининг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш, уруғчиликнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш белгиланган эди. Шунингдек, шоли етиштиришда замонавий ресурс тежамкор ва сув тежовчи технологияларни яратиш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш, чет эл илғор тажрибаларини қўллаган ҳолда ҳосилдорликни ошириш ҳамда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, шоли экинидаги касаллик ва зараркунандаларга қарши курашда атроф-муҳитнинг экологик мувозанатига таъсир этмайдиган усулларни ишлаб чиқиш, шоли ва дуккакли дон экинларини етиштиришни ривожлантириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш, юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш, илмий ходимларнинг касбий даражасини доимий ошириш ва такомиллаштириш каби вазифалар белгиланган эди.

Филиалга бизнинг Гурлан тумани, Шоликор қишлоғи, “Чинобод” муқобил машина трактор парки ҳудудидаги 1800 кв.м. бўш турган ер майдони бино ва иншоотлар қуриш учун ҳамда Гурлан туманидаги 82 гектар суғориладиган ер майдонлари доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида илмий-тадқиқот ишлари учун ажратилди.

Энди айнан туманимиздаги шоличилик истиқболлари ҳақида гапирадиган бўлсам, 8361,3 тонна шоли топшириш белгиланган эди, биз уни 8377,6 тоннага етказиб, режани 100,2 фоиз қилиб бажардик.

Шолидан жуда кўп сомон чиқади. Яқинда катта бир завод ишга тушади. ДСП, Ламинат, МДФ ларни ишлаб чиқаришга ихтисослашади бу заводимиз. Шу билан бирга дори ишлаб чиқариш корхоналари, тиббий қўлқоплар ишлаб чиқаришни бошладик.

Яқинда Гурланнинг ўзида ёғ заводи пайдо бўлади. Буларнинг ҳаммасидан халқимизнинг тўқ ва фаровон яшаши кўзланган.

— Гурланда дарёга қулай, ҳосилдор ва шунинг баробарида дарёдан, суғориш тизимларидан олис ер майдонлари бор. Фермерларга ер тақсимланишида қандай адолат тамойилларига амал қилиняпти?

— Экинларни жойлаштириш деган масала бор. Боя юқорида сиз айтган коррупция ҳолатлари рўй берса ҳам мана шу ҳолатларда юз бериши мумкин. Мен ҳоким бўлганимдан буён, айниқса, экинларни жойлаштириш тизими иш бошлагач, ҳали ҳозиргача бирорта одам норози бўлиб қабулимга киргани йўқ.

Боғдорчилик,   шоличилик, пахтачилик – ҳаммасида ерлар тенг тақсимланди. Нима учун “Эшмат сариқ экан деб кўп ер бериладию, Тошмат қора экан деб кам ер беришимиз керак?!”   Пахта режамизни бу йил 112 фоизга бажардик. Ғаллачилик, пиллачилик бўйича ҳам режаларимизни ошириб бажардик. Яъниким, гурланликлар ҳар жабҳада ўзларининг бемисл даражада меҳнаткаш, фидоий, эпчил ва ишбилармон   эканликларини намойиш этдилар.

— “Иссиқхоналар шаҳарчаси” барпо этиш ҳақидаги режаларингиз тўғрисида эшитиб қолдик…

— Жаҳон стандартлари талабига жавоб берадиган иссиқхоналар қурдирдик. Биз буларни 100 гектаргача етказишни мўлжаллаганмиз. Битта туманда шундан ортиғини қилиб бўлмаса керак, деб ўйлайман. Биз иссиқхоналарда етиштириладиган маҳсулотларнинг ҳаммасини бир жойда қиламиз. “Иссиқхоналар шаҳарчаси” қилмоқчимиз. Бу эса ўз-ўзидан экспорт ҳажмини кенгайтиради. Икки ярим минг тонналик музлатгичимиз бор. Яна икки минг тонналигини қуриш ниятидамиз. Ўзимизни ўзимиз қишдан чиқариш, маҳсулотларни сақлаш бўйича ҳам муаммолар бўлмайди. Захирамизда бир ярим минг тонна картошка турибди. Бу ерда гуручдан муаммо йўқлигини яхши биласиз. Аксинча, Тошкент вилоятининг гуруч заҳирасига ҳам биз ёрдам берамиз.

— Халқимиз “Минг мачит, минг мачитдан юз кечик, юз кечикдан бир ичик”, дейди. Ҳали бугунгача эски собиқ шўро даврида қурилган йўллардан фойдаланиб келар эдик. Йўл қуриш, уни таъмирлаш ишлари қандай бўляпти?

— Тўғри айтасиз. Бу халқ ҳаётида энг муҳим жабҳалардан бири. Гурлан туманида жами 1083 км йўллар бўлиб, шундан 80 километри давлат аҳамиятидаги, 120 км. қисми маҳаллий аҳамиятга эга ва қолган 883 км. қисми ички йўлларни ташкил қилади. Бугун биз кучимиз етганича ҳамма соҳани комплекс қамраб олишга ҳаракат қилмоқдамиз. 84 километрлик умумфойдаланувчи йўлларда 4,6 миллирад сўмлик таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Йўл — қисмат, йўл – тақдир, дейишади. Ҳозир Гурлан туманига келишда кўрган бўлсангиз, йўлларимиз тобора обод ва муҳташам бўлиб бораётганлигининг гувоҳи бўлгандирсиз.

— Бу йил бутун дунё учун, хусусан, мамлакатимиз учун жуда синовли келди. Четга кетадиган ишчи кучларининг кўпчилиги кетолмай қолди. Қолаверса, кунбай маош оладиган ишчиларнинг кўпчилиги қатъий карантин чоралари сабаб уйда ўтириб қолишига тўғри келди. Мана шундай паллаларда Гурлан туман ҳокимияти ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қай даражада қўллаб-қувватлай олди?

— Ҳозир ёшлар дафтарини шакллантириб бўлдик, энди аёллар дафтарини шакллантирамиз. Аёлларнинг нима дарди, нима гапи бўлса, ҳаммасини тўлиқ қоғозга туширдик. Айнан шу масала бўйича кўчама-кўча, секторма-сектор юришимизга тўғри келди. Тўғри айтдингиз, бу йил ҳар йилгидан кўра синовли келди. Бу эса давлатнинг, маҳаллий ва қуйи ҳокимиятларнинг зиммасига янаям кўпроқ масъулият юклади.

Кам таъминланганлар бўйича темир дафтаримизда 696 та хонадон бўлиб, уларда 2893 нафар фуқаро истиқомат қилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги Фармонига мувофиқ 636,5 миллион сўм маблағнинг фуқароларга берилиши таъминланди. Уларнинг ҳолидан хабар олинади. Озиқ-овқати, дори-дармони ёрдам тариқасида берилмоқда. Президентимиз бу оилаларга уч марта ёрдам пули ажратди. Тадбиркорлар “Саховат ва кўмак” жамғармамизга 3 миллиарддан зиёд пул ташлашди. “Ўз халқимизни ўзимиз қўллаб-қувватлаймиз” деган маънода тадбиркорлар қўллаб турибди. Мана ҳозир 100 килограммдан 300 та хонадонга кўмирни ҳам текин тарқатаяпмиз.

Бундан ташқари, ишлаш қобилиятига эга бўлмаган 69 та хонадонга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 40,1 миллион сўмлик, хусусан, 22 та хонадонга бир бошдан қўй, 45 хонадонга 25 бошдан жами 550 бош парранда, 25 та хонадонга 10 бошдан жами 250 бош курка берилди. Чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари томонидан 50 та камбағал хонадонларга 50 бош қорамоллар етказилди.

Бу қўллаб-қувватлаш, таянч, холос. Бу ёғига аҳолининг ўзи ўзидаги бор ички имкониятни ишга солиб, ўз турмуш тарзини йўлга қўйиши лозим. Акс ҳолда бу ҳам одамларда боқимандалик кайфиятини пайдо қилиши мумкин.

— Ишсизлик масалалари қандай ечим топмоқда?

Бизда аҳолининг бандлик даражаси 88,7 фоизни ташкил этади. Ишсизлар сони 7,4 минг кишини, ишсизлик даражаси эса, 11,3 фоиз ҳисобида аниқланган. 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига мурожаат қилган 1479 нафар фуқаролар турли корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилганлигининг гувоҳи бўлишингиз мумкин.

Ёшларнинг стартап ғоялари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш” ва бошқа дастурлар доирасида 186 нафар ёшларга маблағ ажратилиб, 271 та иш ўринлари яратилди.

Биз туманимизда ўсиб келаётган ёшларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратамиз. Чунки улар келажагимиз, эртанги кун яратувчилари. Гарчи булар баландпарвоз гаплардай эшитилса-да, аслида шундай. Айнан ўтаётган йил давомида 4024 нафар ишсиз ёшлардан 2380 нафари иш билан таъминланди. “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида 807 нафар ёшга ер майдонлари ажратилди. Бу орқали эса биз ёшларни ота-боболаримиздан қолиб келаётган деҳқончилик анъаналарини малакали давом эттиришларига шароит яратиб беряпмиз.

— Айтингчи, маънавият, маърифат соҳасида гурланликлар ҳаётида қандай эврилишлар юз бермоқда?

— Биз бу борадаги ишларни, биринчи навбатда, боғча ва мактаблардан бошладик. Индивидуал суҳбатлар қиляпмиз: унинг билими, савияси, даражаси, малака оширганлиги, янги Ўзбекистон ёшларига таълим ва тарбия бериш борасидаги ўзига хос жиҳатларини кўздан кечирмоқдамиз.

Яқинда Гурлан туман марказида Ахборот ресурс марказини очдик. Бу ерга 20 мингдан зиёд китоб жамланди. Биз ёшлар билан суҳбатар қилиш жараёнида шунга гувоҳ бўлдикки, улар бизларга “Бизга китоб беринг” деган масалани қўядилар. Шундай экан мен бугунги ёшларни қандай қилиб китоб ўқимайди, маънавий даражаси паст деб айта оламан. Мен бугун шу туманниннг ҳокими сифатида китобга, газетага, журнал ўқишга иштиёқи баланд гурланлик ёшлар билан фахрланаман. Мана бугун сиз билан суҳбат қилишдан аввал ёшлар билан учрашдим. Улар жаҳон адабиёти намуналари етишмаслигини айтишди. Буни ўша пайтнинг ўзидаёқ ҳал қилдик. Ёшлар ўқишни исташса, бас! Биз ҳаммасининг чорасини топа оламиз. Ҳозир замонавий кўринишдаги, тил ўрганиш учун қулай бўлган диск-китобларни ҳам имкон қадар ёшларга етказиб беришга ҳаракат қиляпмиз.

“Янги Ўзбекистон — янги дунёқараш” деган шиор остида 50 та маҳаллада маънавий-маърифий тадбирлар ўтказдик. Олимлар, шоирлар, санъаткорлар биргалашиб, ушбу тадбирларнинг биринчи этапини кенг халқ ўртасида ўтказдик. Буларнинг ҳар бирида халқимизнинг буюк келажак, гўзал ҳаётга интилишиларини кўриш мумкин.

— Бугун халқ тилида “мажбурий обуна” деган ёпишқоқ сўз пайдо бўлди. “Халқни мажбурий обунадан халос этиш ” деган шиширилган меҳрибончилик билан одамларнинг маънавият, маърифат сари йўлларини тўсиб қўймаяпмизми?

— Бу масала бугун Президентимиз томонидан ўртага ташланяпти. Раҳбаримиз газета-журнал ўқимаган раҳбар билан ишлаша олмаслигини айтяптилар. Биз ахир ўзимизни таниш, ўзимизни билиш, ўтаётган кунимизни англаш учун ҳам газета ўқишимиз керак-ку. Қачонгача “олди-қочди”, “Алдаркўса” ижтимоий тармоқларга инонамиз?! Биз бугун газета-журналга обуна бўлмас эканмиз, уни ўқимас эканмиз, нафақат ўз оиламиз тақдирини, балки бутун миллат тақдирини хавфга қўямиз. Мен, биринчи навбатда, тумандаги иқтисодий-ижтимоий, сиёсий, маънавий ахборотлардан бохабар бўлиб туришлари учун “Гурлан ҳаёти” газетасини, шунинг баробарида бир қанча республика нашрларини ўқийман. Атрофдагиларга ҳам шуни ўқишларини тавсия қиламан. Биз ҳали халқнинг маънавиятини кўтариш учун элликка эллик ишлашимиз керак бўлади. Ҳозирги шароитда газета-журнални одамларнинг қўлигача етказиб беришимиз шарт.

— Ёш бўла туриб, элга бошчилик қилиш оғирлик қилмаяптими? Чунки уларнинг орасида турли тоифа одамлар бор. Улар билан мулоқот қилиш, кўнглига йўл топиш мушкул бўлса керак?

— Мен ёш ҳокимлардан бириман. Қирқ ёшда ҳокимликка тайинландим. Шундай экан, туман аҳолисининг ҳар қандай муаммосини юрагимдаги ёлқин билан ҳал қилишга ҳаракат қиламан. Агар сиз ўз ишингизни яхши кўриб ёндошсангиз ҳеч бир иш оғирлик қилмайди одамга. Ахир биз 12 ёшида юрт бошқарган Бобурмирзо, Чингизхон “Шундай ўғлим бўлса эди” дея армон қилган Жалолиддинларнинг авлодларимиз. Биз бу борада аждодларимизга муносиб бўлишимиз шарт. Қолаверса, ҳар қандай одам у олим бўладими, у ҳоким бўладими, ўзининг атрофидаги одамларни ўзидан бир поғона баланд деб муносабатда бўлмоғи керак. Ўйлайманки, мана шу омил ҳар қандай салбий иллатларга қарши эмланма вазифасини ўтай олади.

Мен республикада турли вазифаларда ишлаганман. Бироқ чекка-чеккаларда аҳвол бу даражада эканлигини тасаввур ҳам қилмаганман. Этикларни кийиб заҳкашларнинг бўйларигача бораман. Ҳатто баъзи одамларнинг уйларига ўтадиган йўл йўқлигининг гувоҳи бўлдим. Бориб тадбиркорлар кўмагида уйини қуриб беряпмиз, яшаш шароитини яхшилашга ҳаракат қиляпмиз, кўчасини таъмирлаяпмиз. Имкон қадар ҳаммасининг ҳолидан бохабар бўлишга ҳаракат қиляпмиз. Бироқ ҳолидан хабар олинмаган кимдир чиқиб қолади. Лекин бу бугун маҳаллий раҳбарлар ишламаётганлигини англатмаслиги керак. Биз шу миллатга даҳлдор нима юмуш бўлса, не иш бўлса қилишга тайёрмиз, шаймиз! Халқни рози қилишимиз, қолаверса қилаётган ишимиздан ўзимиз ҳам рози бўлишимиз шарт!

Халқ ўртасида “Амударё сувини ичганлар санъаткор бўлади” деган гап юради. Мен шунга қиёсан айтмоқчиманки, Аму сувини ичганлар нафақат санъаткор, яхши олим, яхши шоир, яхши мутахассис, борингки энг яхши одам бўлишади. Уларнинг ичида Аму мавжлари ҳеч вақт тўхтамайди.

— Раҳмат. Келгусидаги ишларингизга зафарлар тилаймиз.

Гўзал МАТЁҚУБОВА суҳбатлашди.

 

Гурлан тумани ҳақида қисқача маълумот: Гурлан тумани Хоразм вилоятининг Шимолида жойлашган бўлиб, 1926 йил 29 сентябрда ташкил этилган, ҳудуди 447,4 км.кв.ни ташкил қилади. Туманнинг шарқий қисмидан Амударё ўтади. Жанубий томони Янгибозор, ғарбий томонлари Шовот, Туркманистоннинг Тозабозар, қардош Қорақалпоғистоннинг Амударё туманлари билан чегарадош. Вилоят маркази Урганч шаҳридан 36 км, Шовот темир йўл станциясидан 15 км. масофада жойлашган. Аҳолиси 148,5 минг кишини ташкил этади. Туманда 9 та фуқаролар йиғини, 39 та аҳоли пункти, 50 та маҳалла мавжуд. Маркази — Гурлан шаҳарчаси.

Табиати. Рельефи бироз паст-баланд текисликдан иборат бўлиб, шимолий-ғарбга қияроқ. Иқлими континентал. Июлнинг ўртача ҳаво ҳарорати 26—28°, январники —6°. Йиллик ўртача ёғин 100 мм.   Туман экинзорлари Қиличбойарна, Қиётқўнғирот, Дарёлиқ, Асёп, Тўқсонарна, Нукусёп, Хизирлиёп, Янгиёп, Олғаёп, Савоёп каби канал ва ариқлардан суғорилади. Туман ҳудудида кичикроқ қумликлар ҳам бор. Ёввойи ўсимликлардан оқбош, янтоқ, шўра, печак, қамиш, якан ва бошқа ўсимликлар ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан чиябўри, бўрсиқ, қуён, қобон, ондатра, паррандалардан тустовуқ, ўрдаклар учрайди.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 + sixteen =