Ўзимиз ўтирган шохга арра тортмайлик

Албатта, очиқ майдондаги манзарали дарахтлар қуршовида, ям-яшил ўт-ўланлар бағрида сайр қилиш инсон саломатлигининг тикланишида табиий шифо вазифасини ўтайди.

Олимларнинг айтишича, дарахт баргларидан таралаётган табиий ифордан руҳият баҳраманд бўлиб, кайфияти кўтарилади. Дарахт танасига суянган одамнинг тани қувват олади. Шунинг учун бўлса керак, халқимиз дарахтларни руҳ ва вужуд табиби санайди. Буни қарангки, бир гектар майдондаги арчалар бир кеча-кундузда 30 килограмм бактерия­ларни нобуд қилади. Атроф-муҳитга фойдали учувчан мод­даларни ишлаб чиқаради. Бир гектар майдондаги дарахтзор ва бутазорлар эса бир кунда инсон организмига зарарли бўлган 220-280 килограмм карбонат ангидрид газини ютиб, ўз нав­батида тирик­лигимиз манбаи бўлган шунча миқдордаги кислородни ҳавога чиқаради. Дарахтзорлар ҳаводаги чанг миқдорини камайтириб, ер юзидаги об-ҳавони мўътадиллаштириш ва фильтрлаш   вазифасини ҳам бажаради.

Шундай экан, атроф-муҳит тозалигини бар­қарорлаштиришда ва табиат­ни муҳофаза қилишда Чирчиқ шаҳар инспекцияси назорат бўлими инспекторлари томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинаётгани мақтовга лойиқ. Хусусан, Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг махсус топшириғига биноан 1 ва 2 тоифага мансуб атроф-муҳитга таъсири мавжуд бўлган объектлар ўрганиб чиқилди. Мутасаддилар билан келишилган ҳолда ташкилий-техник тадбирлар амалга оширилди. Шунингдек, инспекция томонидан Чирчиқ шаҳри ҳудудида экологик вазиятнинг барқарорлигини сақлаш ва яхшилаш   борасида жорий йилнинг 3-чорак ҳолатида 11 та корхонада 37 та ташкилий техникавий тадбирлар ташкил этилган.

Бундан ташқари, Олмалиқ тоғ металлургия комбинати акциядорлик жамиятининг Чирчиқ филиали илмий ишлаб чиқариш бўлими тавсиясига кўра, соҳа мутахассислари чанг тозалаш ускуналарини график асосида таъмирлаб, сув тизимлари ва иссиқ сув иситиш тизимидаги радиаторларни регистрга алмаштириб чиқишди. 10500 бутасимон ва бошқа дарахт кўчатлари ҳамда 71789 та кўп йиллик ва мавсумий кўчатлар экилди.

— “Йўл харитаси”га асосан Чирчиқ дарёсининг қирғоқ бўйи минтақасида ўзбошимчалик билан қурилган дала ҳовлилари, маиший биноларни кўчириш юзасидан огоҳлантириш хатлари берилиб, бўш қолган майдонда ободонлаштириш ишлари ташкил этилди. Атроф-муҳитни беэътиборлик туфайли ифлосланишига ва чиқиндихонага айланишига сабаб бўлган фуқаролар учун қоплама тўловлари тизими такомиллаштирилган эди. Жорий йилнинг шу кунигача 658 миллион 560 минг сўм маблағ Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси жамғарма фондига ўтказиб берилди.

Шунингдек, шаҳар ҳавосининг тозалигини сақлаш мақсадида вилоят “Тоза ҳудуд” ДУК Чирчиқ шаҳар филиали томонидан 4 та чиқинди йиғиш майдони қурилиб, фойдаланишга топширилди. Энг муҳими, чиқинди йиғиш майдонлари одамлар гавжум яшайдиган масканларда, аҳолига қулай қилиб барпо этилди, — дейди Чирчиқ шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инс­пекцияси бошлиғи Исматилла Мамадиёров. — Шаҳар аҳоли пунктлари ҳудудларини доимий равишда режа асосида кўкаламзорлаштириш шаҳарсозликнинг асосий шартларидан бири. Шунинг учун кўчалар атрофида тарвақайлаб ўсган дарахтларга ишлов берилди. Уй-жой мулкдорлари ширкатлари билан келишган ҳолда янги кўчатлар экилди, кўкаламзорлаштирилган майдонлар инспекторлар томонидан доимий назоратга олинди.

Кейинги йилларда шаҳарлар, қишлоқлар ҳақиқий қурилиш майдонига айланди, десак муболаға бўлмайди. Лекин шуни ҳам таъкидлаш керак, айрим ҳолатларда жойларда нотўғри лойи­ҳалаштириш оқибатида дарахтларга, ўт-ўланларга катта зиён етказилаяпти. Кесилган битта дарахтнинг ўрнига экилган янги ниҳолнинг вояга етиши учун камида 10 йил керак бўлади. Мутасаддилар, шу ўринда, бу масалага тўғри ечим топиб, амалий ёндашишлари керак. Бош Қомусимизнинг 55-моддасида “Ер, ер ости бойлик­лари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунё­си ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”, дея таъкидланган.

Масалан, Чирчиқ шаҳрининг 8-митти туманида юқори кучланишли электр симларининг шундоққина ёнида қурилаётган кўп қаватли бинолар, аввало, ток кучланишига, қолаверса, ҳудуднинг экологик муҳитига катта таъсир ўтказмоқда. Бир қанча дарахтлар кесилиб, яшил табиат пайҳон қилиниши эҳтимолдан холи эмас. Кимнингдир манфаатини ўйлаб, иншоотларни юқори кучланишли электр симларнинг ёнидан қурилишига рухсат берган мутасаддилар наҳотки шунга эътибор беришмаган.

Масалага ечим топиш ҳамда ҳукуматимизнинг соҳага доир қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Чирчиқ шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси шаҳардаги мавжуд корхона, ташкилот, умумий ўрта таълим, мактабгача таълим маркази, маҳаллалар ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳудудларидаги мавжуд 40 мингдан зиёд дарахтларни хатловдан ўтказиб, электрон тарзда компьютер тизими базасига киритди. Айрим ҳолатларда эса жисмоний ва юридик шахсларнинг белгиланган тартиб-қоидаларни билмасликлари маълум бўлиб қолди. Шу кунларда жойларда тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Айрим шахсларнинг амалдаги қонунни менсимаслиги натижасида яшиллик оламига катта зиён етказиш ишлари ҳали ҳам давом этаётгани ачинарли, албатта.

Табаррук заминимиз жуда сахий, умид билан суқилган ниҳол албатта, бир куни ўз мевасини беради. Атроф-муҳитни озода сақлаш, уни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш эса халқимизга хос одат.

Флора ва фаунани асрашда она табиатга нисбатан ҳуқуқбузарликларни бартараф этишда жамоатчилик назорати ҳам ўта муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан, биргалашиб ўз уйимизни, боғ-роғимизни асрайлик. Келажак авлодга мусаффо осмону заминни, обод масканни мерос қолдирайлик. Зеро, бу яшил оламнинг мусаффо ва озодалиги ҳар биримизнинг экологик маданиятимизга боғлиқдир.

Ҳикматулло ҚОДИРОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − 9 =