Ўзлик устуни ёки тарих фани ўқитилмаса, нима бўлади?

“Ўзингни англа”.

Аполлон ибодатхонаси пештоқидаги ёзув

 

Тарих хазинаси — умуминсоният мулки. Бир эътиборли мисол. Яқин тарихда Япония кадр тайёрлаш бўйича АҚШ намунасини қабул қилган экан. Харитага қарасак, Япония қаердаю, Америка қаерда? Соат белбоғи бўйича 18 соат фарқланади. Эҳтимол, Америкадан Японияга йўлни биринчилардан бўлиб ёзувчи Жек Лондон очгандир. У “Денгиз бўриси” романида Америка қирғоқларидан Япон денгизига қимматбаҳо мўйнали денгиз мушугини овлаш учун йўлга чиққан кемачилар саргузаштларини жуда таъсирли тасвирлаган.

Перл-Харбор воқеасини кўпчилик билса керак. Тарихни ларзага солган Хиросима-Нагасаки фожиаси изоҳларсиз ҳам маълум. Хуллас, икки мамлакатга умумий бўлган жиҳатлардан айримлари шулар. Гарчи тақдир уларни қарама-қарши қутбларда яратган бўлса-да, аммо тамаддун қоидаси чегара билмайди. Бу ҳамкорлик қандай натижа берганини аниқ далиллаш қийиндиру, аммо Япониянинг, атом борбардировкасидан кейинги Япониянинг бугунги даражаси ҳаммага маълум.

Тарихда бундай мисоллар кўп: вобасталик – умумий боғлиқлик жуда кўп ўринларда асқотган (“Ер шари думалоқ” деган гап ҳам бежизга айтилмаган чиқади!). Гап тараққиётнинг сирт бўйлаб (горизонтал) тарқалиши ҳақида кетаётган экан, бу ҳолнинг тик (вертикал) ёйилиши қоидасини ҳам эсда тутиш лозим. Негаки, кўндалангига келган ахборотни сақлаб, ушлаб қолиш учун тик устунлар жоиз, ўша ўзгаришлар эпкини адл турган тўсинларга урилиб, муқимлашади, тўхтайди, қўним топади. Яъни, шу усул билан ўзига хос тўр ҳосил бўлади ва бу ҳол маконни ҳосил қилади. Энди бу жойда кечаётган жараёнлар хослик, яккалик касб этади. Худди шу ҳолатни шартли равишда “Ўзлик” деб аташ мумкин. Ўзликда жамланган ахборотлар томир ёйиб, яшашга киришади ва бошқа ҳеч кимга ўхшамайдиган ўзига хос кўриниш касб этади. Буни умумийроқ қилиб, “миллийлик” деб аташ мумкин. Ўзлик – дунё тажрибасини тўплайдиган тўр (идиш), унинг ичидаги массани эса миллийлик деб қабул қилиш ҳам мумкин. Албатта, биз нутқимизда бу сўзларни бот-бот такрорлаймиз, уларнинг маъно ифодалаш чегараси бундан-да кенг. Шунданми, аксарият улар ифодалайдиган туб мағизни англайвермаймиз ёки писанд этмаймиз.

Қуйидаги мулоҳазалар айнан шу тушунчалар билан боғлиқлиги учун ўзимча бир нусха ясадим ва маълум ҳақиқатларни бир қур эслатдим.

Сиртдан қараганда ва мулоҳазаларни тарозига солиб кўрилса, ўзлик ва миллийлик маълум халқнинг мавжудлик тиргаклари, кўзга ташланадиган қиёфаси. Ихтиёрдан ташқари ҳолат шундан иборатки, агар бир халқ жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнини тайин этар экан, у дунё тамаддуни эришган ютуқлардан бохабар бўлиши ва мазкур бойликни ўзида сингдириш қобилият касб этиши лозим, яъни пойгага қўшилгандан кейин ҳам ўзингнинг отинг бўлиши, ҳам отни бошқара олишинг лозим. Агар отга эга бўлган чавандоз уни етарли маҳорат билан бошқара олмаса, пойгада ҳеч нарсага эришолмайди. Бу   бор гап. Шунингдек, оти ориқ ва заиф бўлса ҳам худди шундай манзара юзага келади: ожиз чавандоз доимо чанг ютиб, тўданинг ортида юришга мажбур, унинг бор-йўқлиги ҳам билинмайди, писанд қилмайдилар, у билан ҳисоблашмайдилар. Бу мулоҳазалар тарих ҳақиқатидан кўра жўн маиший масалага ўхшаб туюлади, бироқ ботинга назар солинса, гапнинг бўлари шу: давра доим зўрларники бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.

Энди мулоҳазаларимизни олға силжитиб, кейинги қадамни қўядиган бўлсак, бугунги издиҳомда – пойгада қандай ҳолатлар кузатилмоқда? ХХI аср буҳрон ва суронларга бой бўладиган кўринади. Зеро, коронавирус деган сўз ҳеч кимнинг луғатида йўқ эди, кўзга кўринмас бу “микроб” чинакам балога айланди, одамзот оламини анча довдиратди. Демак, замондошларимиз томнинг тепасига чиқиб олдим, дея қанча айюҳаннос солмасинлар, дунё асрорлари сирлигича қолаверади. Инчунун, кутилмаган анамал ҳолатлар рўй бераверади. Шундай шароитда фақат синалган, чийралган ҳақиқатларгина халқларни, миллатларни балолардан асраб қолишга қодир бўлади. Оддий ҳақиқат: тождорвируснинг авж олиб кетмаганига (илоё, шундай бўлсин) турмуш тарзимиздаги азалий қадрият – рўзғорда ва шахсий ҳаётда тозаликка, покликка қатъий амал қилишга эришганимиз сабаблардан бири бўлди, деб ўйлайман. Негаки, тозалик, озодалик бор жойда микробларнинг кўпайиши учун муҳит бўлмайди – масаланинг энг оддий шарҳи шу!

Ҳолбуки, турмуш тарзимизда, ахлоқимизда бундай чўнг қадриятлар кўп. Демак, хулоса оддий – агар ўзлигимизни тўла англасак ва миллий қадриятларимизга амал қилсак, ҳар қандай балони ҳам даф этадиган салоҳиятга эга миллатмиз. Фақат мана шу ҳақиқатни тушуниб етсак ва тўла англасак, марра бизники! Ошиғич такрорлашга тўғри келади: эртанги куннинг калити – ўзлик ва миллийликда!

Энди энг жўн савол қалқиб чиқади: бу икки сеҳрли кучни, бебаҳо бойликни қандай топиш ёки ўзлаштириш мумкин? Уларнинг манбаси, яшаш жойи ёки қўллаш механизми борми? Бундай саволлар кўп бўлиши мумкин, жавоб эса битта – бу хазиналар олтин сандиқда сақланяпти! Уни оддийгина қилиб “ғаладон” ҳам деб аташади, яъни “Тарих ғаладони”. Кўриниб қоладики, барча саволларнинг жавоби яширинган сеҳрли сандиқ мавжуд, бу Тарих, яъни ўтмиш мероси. Тарихни “ўтмиш мероси” деб аташ жуда жўн таъриф бўларди. (Типратикан ҳам ташқи томондан жуда жўн туюлади, фақат уни ағдариб кўрилса, жонивор эканлиги, оёқлари борлиги билинади; чуқурроқ кетилаверса, унинг ҳам ўз дунёси мавжуд, насл қолдиради, ҳатто севиш туйғусидан ҳам бегона эмасдир). Шундай қилиб, неча минг йиллар тажрибаси тўпланган тарих бутун бойлиги, хазинаси билан бизнинг ихтиёримизда ҳозиру нозир турибди.

Мавзунинг яна ҳам хусусий томонларига урғу берадиган бўлсак, кўп такрорланган чўнг ҳақиқатни яна бир марта эслаб ўтишга тўғри келади: биз жуда бой тарихга эга бўлган халқларданмиз. Бу гапни шу заминда умргузаронлик қилаётган ўзбек ҳам, туркману тожик ҳам, уйғур ҳам… илдизи чуқур кетган ҳар қандай миллат вакили айтиши мумкин. Негаки, бугунги Ўзбекистон тарихини азалдан турли миллат ва халқлардан ташкил топган жамоа яратган. Улар ҳар жиҳатдан киришиб, бир-бирига сингиб кетган, ҳатто миллий белгилари ҳам аралашиб, умумлашиб қолган (шунданми, ҳазиломуз иборалар юради: “ўзбекнинг қозоғи”, “ўзбекнинг корейси” сингари). Бугун Ўзбекистонда яшайдиган аҳолини “ўзбеклар” деб аташ урф бўлган. Уларнинг сафида ота-онаси бошқа миллат вакиллари, бироқ ўзлари ўзбек бўлиб кетганлар кўп ва бу ҳол ҳеч кимда монеълик туғдирмайди. Тарих эврилишлари бир маконда яшаётган, келиб чиқиши, маданияти, урф-одатлари умумий (булар “миллат” тушунчасининг асосий белгилари) бўлган одамлар жамоасини бир тақдир билан сийладики, энди бу ҳақиқатлар “Ўзбекистон” деган умумий номда мужассамлашган. Демак, шу маконда умргузаронлик қилган ота-боболар яратган хазиналар ҳаммамизнинг мулкимиз. Фақат гап энди ана шу бойликдан унумли, мақсадли, самарали фойдаланишда. Бу ҳол хатоларнинг олдини олади, барча соҳани баравар ривожлантиришни таъминлайди.

Замонавий тарих фани жуда ҳам бойиб, таркибидан бир неча янги тармоқлар пайдо бўлгани ҳам бор гап. Бу ҳол тарихий далилларни яна ҳам аниқлаштиришда, умумийлик, хусусийлик, яккалик тамойили асосида ўтмиш воқелигини амалий фаолиятда қўллаш механизмини ойдинлаштиришда, чўкиб ётган миллий биқиқлик кайфиятининг томирига сув бермай, аксинча, бошқа халқларга нисбатан тажовузкорлик ҳисларини жиловлашда, бундай ҳолларнинг оғир салбий оқибатларидан огоҳлантиришда, салмоқли ва теран бойлик хазинасидан фақат прогрес (илгариланма ҳаракат) учун фойдаланишга йўналтиришда қўл келади.

Энди тарихни ўрганишнинг аҳамиятини аниқроқ тасаввур этиш учун бу фан соҳаларининг табиатини, яъни ўқиган одамга нима маъни беришини бир қур эслаб ўтайлик. Умуман, воқелик – вақт – инсон муносабатларини таҳлил қилиш жуда чуқур ёндашувларни талаб қилади. Жумладан, тарих фалсафаси (фалсафа тарихи эмас!) тарихий жараёнларнинг моҳиятини умумий тарзда тадқиқ этувчи илмий тизимдир. Тарих фалсафасининг ватани Шарқ, деб эътироф этилади. Дунёнинг пайдо бўлиши ҳақидаги илк тасаввурлар космогония, космология, теогия тарзида кунчиқар юртларда пайдо бўлган, яъни бизнинг аждодларимиз биринчи марта дунёнинг яралиши юзасидан фикр юритганлар (ер юзи текислик шаклида, уни ҳўкиз шохида тутиб туради; ёки ер олти кунда яралган, сингари тасаввурлар билан). Кейинчалик бу фаннинг метафизика, гносология, логика (мантиқ), психология (руҳшунослик), этика, эстетика сингари тармоқлари ҳам пайдо бўлганки, уларнинг ҳаммаси тарихий жараён моҳиятини (“аслида қандай эди, нега бундай бўлди?” сингари) англашга ёрдам беради.

Тарихий маданият эса вақтнинг инсон ҳаётидаги моҳиятини тушунтириб берадиган маданият унсуридир. Вақт кўзга кўринмайди, ҳаракатдан тўхтамайди, инсон – мавжуд, вақт “ишлаб чиқарган маҳсулот” – воқелик инсон фаолиятида моддийлашади: шаҳарлар пайдо бўлади, урушлар рўй беради, денгизлар қурийди, одам космосга учади ва ҳоказо.   Ана шу жараёнларнинг “қипиғи”ни ўрганиш ҳам катта кашфиётларга йўл очади ва келажакни таъминлашнинг хатосиз кечишига кўмаклашади. Масалан, бизга яқинроқ мавзуни олиб қарайдиган бўлсак, “Темурийлар салтанати – воқелик, хўш, бу воқеликнинг инсониятга туҳфа этган меросини ўрганиш учун қайси ўлчовлар билан ёндашиш адолатли ва жонли ҳаётда қандай меъёрлар талаби билан фойдаланилади?” сингари саволларга айни шу фан тармоғи мезонни белгилаб беради.

Тарихнависликнинг ўзи бир дунё. Тарихни ёзиш масъулияти бир шаҳар бунёд этиш ёки улкан кашфиёт яратишдан кам бўлмаган. Унинг мезони – ҳаққонийлик, унга қўл урган шахс Ҳаққа етган бўлмоғи шарт ва ҳақиқатга амал қилишнинг кафолати сифатида тарихнавис сўзининг аввалида Худо ва пайғамбарлар номи билан қасам ичган, чунки у бирор унсурни эътибордан қочириши мумкин бўлмаганидек, бирор далилни нотўғри шарҳлаши ҳам мумкин бўлмаган. Бу хатолар, аввало, Яратган қаршисида, қолаверса, келажак олдида гуноҳ ҳисобланган.

Хуллас, Тарих ҳақида гап жуда кўп, бу узун далилдан қисқа хулоса шуки, маърифатли дунёда тарихсиз яшаб бўлмайди. Қолаверса, тарихни ўрганиш инсоннинг камолотида бошқа ҳеч бир нарса билан алмаштириб бўлмайдиган асос – устун вазифасини бажаради. Ғурурнинг, ориятнинг, ифтихорнинг ёки бошқа кўплаб ахлоқий категорияларнинг таърифи аниқ эмасдир, бироқ тарих билан таниш бўлган киши шу фазилатларни беихтиёр ўзига сингдиради. Олайлик, Соҳибқирон Амир Темурнинг тахтда масрур ўтириб, Европанинг энг шавкатли давлати ҳукмдори ҳақида: “Менинг ўғлимнинг аҳволи яхшими?” деган саволини элчилар қатори эшитса, жисмида қандай ҳислар жўшади? Ёки дарё бўйида дунёни зир титратган фотиҳнинг оғзи ланг очилиб, “Отанинг ўғли шундай бўлса!” деган эътирофидан кейин Султон Жалолиддин ҳар бир қалбга кириб бормайдими, ифтихор уйғотмайдими?! “Аввал Ватан, кейин жон!” дея ҳайқирган аллома Нажмиддин Кубронинг даъвати минг йиллар оша наслларни жасоратга чорлайди… Тарихимизда бундай мисоллар кўп, жуда кўп. Уларнинг моҳиятини, мағзини сингдирмай, ғоя, миллий ғоя сифатида тафаккурни тўйинтирмай, инсон шахс – аниқ ижтимоий муҳитнинг фаол аъзоси бўлиши мумкинми? Йўқ, албатта!

Шахс – ижтимоий муносабатларни ўз-ўзида намоён этган фаол, якка иштирокчи – унга берилган таърифларнинг бир қисми шундай. Демак, инсон атроф-теваракда кечаётган воқеликнинг бевосита қатнашчиси экан, унда оқни-оқ, қорани-қорага ажратидиган малака бўлиши шарт. Бусиз шахс ё тўла шаклланмаган бўлади, ё умуман мавжуд бўлмайди. Ҳамма бир хил кийинган, ҳамма бир хил ўйлайдиган оломонни кўз олдимизга келтирайлик. Уларга борлиқ бир хил тавсия этилади: қуёш чиқади-ботади, уйқудан турилади-ишланади-овқат-уйқу. Бўлгани шу. Ўтмишидан, тарихидан маҳрум қилинган тўдани бошқа қандай тасвирлаш, таърифлаш мумкин? Албатта, бу издиҳомни бошқариш осон, чунки уларда борлиқ бир хилда намоён бўлмоқда. Қолаверса, бундай тўда қандайдир ижтимоий буюртманинг маҳсули бўлиши мумкин.

Афсуски, одамзот бундай кўргиликка гирифтор қилинмаган, ҳамма халқлар, миллатлар томир отган заминида туп ёзиб, гуллаб, мева тугиб, насл қолдириб яшаб келган. Дунё шу билан ранг-баранг ва жозибали, шу билан гаштли, сурурли. Минглаб фикрлар туғилган ва уларнинг энг сараси ғоя сифатида эътироф этилган. “Ғоя — нарсаларнинг абадий онгдан инсон ақли билан англанадиган моҳияти” (Платон). “Ҳали тажрибада кўрилмаган ақл” (Кант). Тафаккур қобилиятига эга бўлган инсон ёрқин ғоялар билан яшаган, илғор ғоялар кишиликни олға бошлаган, аввало, руҳан, сўнг жисмонан парвозларга чорлаган. Худди шундай, кейинги ўттиз йилда ҳам тарихимиз, бой қадриятларимизга асосланган ёрқин ғоялар ўртага ташланди. Улар тараққиётга қайсидир даражада ҳисса қўшди. Бугун амалда бўлган Ренессанс ғояси ҳам тасодифан пайдо бўлмаганини ҳар бир маърифатли ватандошимиз эътироф этади. Қонунийлигининг бир асоси – юртимизда бундай ҳоллар рўй берган, бунга тарих гувоҳ! …Шундай деймиз-у, лоп этиб, тилга бир савол келади: бугун тарихни ўрганиш қай аҳволда? Албатта, бу саволга турли тоифа ва даражадаги кишиларнинг ўз жавоби бор. Умумий манзара эса қуйидагича экан: шу ўқув йилидан бошлаб тарих йўналишидан бошқа олий ўқув юртларида тарих фанининг фақат мустақиллик даври ўқитиладиган бўлибди. Яъни, 1991 йилдан кейинги тарих ўрганилади, бошқаси эса – йўқ!

Бу янгилик билан қизиқиб, турли кишиларга мурожаат қилишга тўғри келди. Улар таъкидлайдики, 10-15 йиллардан бери олий ўқув юртларининг дарс жадвали тасдиқланаётганда ижтимоий фанлар тизимини қисқартириш юзасидан можаро бўларкан. Фақат алоҳида кишиларнинг саъй-ҳаракати билан дарс соатлари сақлаб қолинаркан. Бу йўналишдаги фанларни қисқартириш ёки олиб ташланиши тарафдорлари юкламалар кўпайиб кетганини ва ўрта мактабда олинган билимлар кифоя қилишини дастак қилишаркан. Ҳолбуки, тарих фани ўрта мактабларда ҳам қувғинга учраган, бу йил тенг ярмига қисқартириб ташланган эмиш.

Масалага чуқурроқ разм ташлайлик. Давлат тизимида олий таълимдан мақсад – мутахассис тайёрлаш экани рост ва тўғри. Аммо мутахассиснинг шахсияти (маънавияти, эътиқоди, маслаги, дунёқараши) ҳам муҳим эмасми? Ахир биз глобаллашув замонига тушиб қолдик, ўзлигимизни сақлайлик ва шу йўл билан ўзимизни сақлаб қолайлик, деб ҳар куни бонг урамиз, хўш, бу мақсадга қандай эришамиз? Тарихидан мосуво, бошқалардан фарқ қилмайдиган ўзбек мутахассиси бир мамлакатнинг бек инсоними ёки умуминсониятнинг фарзандими? Агар биринчиси бўлса, унинг тимсолида миллат яшайди, ватан яшайди – абадий яшайди. Агар иккинчиси бўлса, жами саъй-ҳаракатларнинг нима кераги бор, ҳозир урф бўлаётган тубанликларга қўшилиб, кузатувчи бўлиб туравериш лозим. Аммо бу жуда аламли хулоса ва ҳеч қачон бундай бўлмайди. Ҳали эсини танимаган мактаб боласининг тарихдан олган сабоғини бутун умр бўйи етарли, деб ҳисоблаш эса нодонликдан бошқа нарса эмас. У сабоқлар ёдлаб олинган тушунчалар бўлиб, шахснинг шаклланиш босқичида тафаккурида сингмаса, болалик тушларидек бўлиб қолаверади.

Бунинг устига жуда бой анъана ва урф-одатларга эга бизнинг менталитетимизда тарихдан бехабарлик гумроҳликка олиб боради, чунки ҳар бир одатнинг тарихини билмаса, уни тушунмайди ва қабул қила олмайди. Умуман, тарихдан бохабар бўлиш ҳар қандай ёшда ҳам, касбда ҳам маънавий заруратдир. Шундай экан, миллатдошларимиз ўқиб-ўрганиши учун умумий бўлган “Тарих китоби”ни яратиш ҳам зарурат. Унда миллий тарихимиз оммавий услубда, қисқа, аниқ ифодаланса, чалкашликларда ягона тўхтамга келиниб, воқелик холис ва ҳаққоний шарҳланса, кўплаб англашилмовчиликларга чек қўйилган, миллатни бирлаштирадиган бир маънавий робита яратилган бўларди. Шунда, эҳтимол, юртдошларимизнинг инсоний қиёфаси чинакамига мукаммал бўларди, сохта ғояларга берилишлар, адашишлар кам учрарди.

Гўзал ва бой тарихга дахлдор кишилар уни ўрганишдан ўзларини бахтиёр ҳисоблайдилар!

Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + nineteen =