“Ҳамманинг ўз дарди бор…” ёхуд “мардикор бозори”дан репортаж

Форсларнинг бир ажойиб ҳажвияси бор: кечаси осмонни булутлар қоплаган пайти икки сарҳуш одам йўловчининг олдидан чиқишибди. Иккаласи унинг билакларидан маҳкам сиқиб, “Осмонда нимага ой кўринмаяпти?” — деб ҳоли жонига қўймапти. Шунда ҳалиги йўловчи булардан осон қутилишни ўйлаб, “Билмасам, мен бу ерлик эмасман”, — деган экан. Бу матални бекорга эсламадик. Атрофимизда юзини булутлар тўсган ойга ўхшаб борлиги сезилмай турган муаммолар талайгина. Лекин биз бу муаммолардан “Бу ерлик эмасман”, — деб қутилиб кетолмаймиз-да.

Пойтахтимиздаги Қўйлиқ ва Чорсу бозори атрофлари, Ибн Сино массиви. Бу жойлар нимани ёдингизга туширди. Ҳа, англадингиз, чамаси: МАРДИКОР БОЗОРЛАРИ. Агар мабодо орангизда бирортангиз психолог бўлсангиз-у, кузатиш учун сизга ҳаётдан, жамиятдан, инсонлардан, ўзидан норози, аламзада, жиноятга мойил одамлар керак бўлса, тўппа-тўғри ўша жойларга бораверинг. Керагича топасиз. Ахлоқсизлари ҳам талайгина. Тунов куни Чорсу атрофидаги мардикор бозорига биз ҳам бордик. Биласизми, қандай туюлди: у томонларда дунёнинг ранги худди эски замонларнинг фотосуратлари каби оқ-қора. Ёшлар, ўрта ёшлилар, катта ёшлилар, эркаклар, аёллар, қизлар… Йўқ, бу жойда улар жинсу ёшга қараб таснифланмайди, ҳаммасининг номи бир — мардикор. Тўп-тўп бўлиб турган эркакларнинг орасида гуруҳ-гуруҳ бўлиб турган аёлларни кўриб, бу ҳам “гендер тенглигининг бир кўриниши” бўлса керак-да, деган фикр ўтди хаёлимиздан.

Бир касалликка даво топиш учун, аввало, унинг келиб чиқиш сабабини ўрганиш керак, дейишади. Шу ўй билан у ердаги уч-тўрт киши билан суҳбатлашишга уриндик.

Табиийки, кўпчилиги буни исташмади, ёмон-ёмон қарашди. “Мен ишлашга чиққанман, сен билан гап сотиб ўтиргани эмас”, —деганлар ҳам; “Сен билан гаплашсам, менга фалон сўм берармидинг?” — дегувчилар ҳам бўлди.

Лекин айримлари истамайгина бўлса-да биз билан суҳбатлашди.

Муҳаммадали УСМОНОВ:

— Қашқадарёданман, Китобдан. Ёшим йигирма бешда. 11-синфни битирганимдан кейин 3 йил жисмоний тарбия йўналиши бўйича ўқишга ҳужжат топширдим. Лекин имтиҳонлардан ўтолмаганман. Аслида имтиҳонларга тайёрланмагандим ҳам, у ёқ-бу ёқда ишлаб юрардим. Қабул бошланганда бориб ҳужжатимни топшириб келардим, холос. Олдин “Интер инжинеринг” фирмасида оддий ишчи бўлиб ишлаганман. Ундан кейин яна битта ташкилотга ҳайдовчи бўлиб ёлландим. Бир ой ўтар-ўтмас, корхона тугатилди. Март ойида Шўртан газ кимё мажмуасида “Тараққиёт инжинеринг” корхонаси ишга таклиф қилди. Шартномага кўра, бир ойда 22 кун ишлаб, 8 кун дам олишимиз керак эди. Лекин биз 27-кун ишлаётгандик. Кейин карантин бошланди. “Ойликларингизни тўғирлаб берамиз”, — деб, жўнатиб юборишди. Лекин ҳалигача ўша ойликдан дарак йўқ. Тўғриси, Китоб туманидан иш қидирмаганман. Тошкентда кўпроқ юрганим учун шу ерга келдим. Бола-чақамни боқишим керак, шу ерга чиқишга мажбурман. Икки-уч кундан бери чиқиб кун бўйи тураман, иш йўқ. Янги йил байрамига қуруқ қўл билан бормайман-ку, нимадир қилишим керак… Бу ердан ишга чиқсам, масалан, баъзан бир кунда 100 минг сўм топаман. Баъзан еб-ичишга етадиган пул топишим мумкин. Бир хил пайти квартира (ижара) пули чиқса ҳам, шукр, деймиз.

Иккинчи суҳбатдошимиз исмини ошкор қилишни истамади:

—  Ёшим ўттизда, сурхондарёликман. Беш-олти йилдан бери шу мардикор бозорида туриб, иш топиб ишлайман. Аввал ўзимизни вилоятда “Темирбетон” заводда ишлаганман. Бориб-бориб ойлик камайиб кетди, 400 минг сўмга тушиб қолди. Бу ерда пайвандлаш (сварка), оғир юкларни ортиш ишлари бўлса, боряпман. Тўғриси, шунақа ишлар қилиб, ойига 4-5 миллион сўм пул топяпман. 400 минг сўм ойликка ишлаб юргандан кўра ўн марта яхши-да. Маоши яхши бўлганида, мунтазам ойликли жойларда ишлашга йўқ демаган бўлардим. Бундан ташқари, бир-иккита иш сўраб борган жойларимизда қулоғимизга “лағмон осиб” юборишган. Қишлоқда уйим бор, ерим бор, иссиқхоначалар қурганман. Барибир, пул орттиролмаяпман.

Диёр ҚОРАБОЕВ:

— 18 ёшдаман. Пул керак бўлгани учун шу ерга чиқиб, иш қидираман. Меҳрибонлик уйидан чиққанман. Мусиқа мактабини битирганман. Гитара чалишни ҳам биламан. Бир нечта санъаткорларнинг олдига борганимда, “Пул керак”, дейишган. Мактабда ўқиётган пайтимда олимпиадаларга чиққанман, дипломларим ҳам бор. “Ўзбекконцерт” (“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси)га бордим, “Дипломларингни Сирдарёдан регистрация қилдириб кел”,   дейишган.

Ҳозир шу ерда юрибман. Официантлик ёки шунга ўхшаш юмушлар чиқса, ишлагани бораман. Карвон кўп, ризқи бўлак, дейишади-ку, насибамизни териб юрибмиз-да.

Мурат ҲАБИБУЛИН:

— Мен умуман мардикор бозорлари ҳақида айтмоқчиман. Ибн Сино массивидаги мардикор бозорни оладиган бўлсак, у ерда одамлар ҳам, машиналар ҳам кўп. Автоҳалокат хавфи жуда катта. У ерда кимнидир машина уриб юборса, ҳеч ким жавоб бермайди. Пиёдалар учун йўлак бор, лекин машиналар бунга қараб ўтирмайди. Ибн Синодаги мардикор бозорига икки мингга яқин одам чиқади. Анча-мунча талабалар ҳам бўлади, балки ярмидир. 60 ёшгача бўлган одамлар бор. Хуллас, мардикор бозори учун бирорта жой қилиб беришса, дейман. Бизга ўхшаганлар кўчада ёйилиб турмасдик.

Ўзини танитишни истамаган яна бир суҳбатдошимизнинг айтганларига эътибор қилинг-а:

— Мен сувоқчиман. Тўғриси, кўплаб қурилиш ташкилотлари ишчиларни алдайди. Бошида “Фалон сўм ойлик берамиз”, — деб, яхшигина маош таклиф қилишади, бориб ишлайсиз. Сўнг қилган ишингиздан айб топа бошлашади. Масалан, менинг сувоқларимнинг устига чизиб ташлашади “Бўлмайди”, — деб. Яна сувайсиз. Охирида “Сенинг ишинг яхши чиқмади”, — деб ойликдан кесиб қолаверади. Кейин ишлагингиз келадими ўша жойда? Йўқ, кўнглингиз совийди. Кимдан сўрасангиз, сўранг, ишчилар прорабларга ишонишмайди. Ўзим ҳам шунинг учун ойликли ишларда ишлагандан кўра, шу ерга чиқиб иш топишни маъқул кўраман. Биргина Чорсуга кунига 400–500 нафар одам иш қидириб чиқади, 100га яқини аёллар. Ҳозир бу ерда ишга кетганлардан ташқари юрганларни кўряпсиз.

Эргаш САФАРБОЕВ:

— Мен кўп йиллардан бери Самарқанддаги, Тошкентдаги мардикор бозорларига чиқиб иш топаман. Кимдир ундай, кимдир бундай кун кўради-да. Ҳалол меҳнатим эвазига пул топяпман. Лекин бир-икки муаммолар ҳақида айтмоқчиман. Авваллари Самарқандда милиция ходимлари мардикор бозорида йиғилган одамларни мажбуран автобусларга тиқиб, пахта теришга мажбурлаб олиб кетарди. Хўп, ҳозир бундай ҳоллар камайган. Лекин барибир мардикор бозордаги одамларни тарқатишга уринишади, қувлашади.

Бир нечта эркаклар билан гаплашганимиздан сўнг аёлларга юзландик. Аммо уларнинг деярли ҳеч қайсиси бизнинг саволларимизга жавоб беришни исташмади. Гуландом ТОЙИРОВА эса бундан мустасно:

— 34 ёшдаман, Қашқадарёдан келиб ишлайман. Турмуш ўртоғим вафот этган. Онамнинг уйига сиғмаяпман, уларга ҳам оғирлигим тушишини истамайман. Қашқадарёда маҳаллага, хотин-қизлар билан ишлаш муассасаларига мурожаат қилганман. Ёрдам қилишмаган, десам, ёлғон бўлади. Сабр қил, дейишган. Карантин пайтида озиқ-овқат, пул бериб туришди. Лекин иш топишга ёрдам беришолмади. Бандликка кўмаклашиш марказига ҳам боргандим. 400 минг ойлик тўлайдиган жойдан иш топиб беришди. Унақа пул билан яшаб бўладими, ҳозир?

Мактабни битиргандан кейин ПМКда ишлаганман, қора меҳнат қилганман. Кейинчалик Тошкентдаги мардикор бозорларга чиқадиган бўлдим. Бу ердаги аёлларнинг ҳаммасининг ўз дарди бор. 40-50 ёшли хотинлар ҳам, 20 ёшли қизлар ҳам бор. Бу ерда ҳам ҳар доим иш топилавермайди. Баъзан ижарага пул тополмасам, Қашқадарёга қайтишга мажбур бўламан.

Бирорта яхшироқ ойлик берадиган иш бўлса, ошпазликми, фаррошликми қилиб, яхши ишлашни хоҳлайман.

Биз билан суҳбатлашишдан бош тортган кишилардан бунинг сабабини сўраганимизда, “Биз гапирганимизнинг, сизлар ёзганингизнинг нима фойдаси бор? Барибир натижа бўлмайди, ҳеч нарса ўзгармайди…” — дейишди.

18 ёшли Диёр Қорабоев ҳақида алоҳида тўхталмасак, бўлмайди. Биз ўша атрофда бўлганимиз бир соатдан зиёд вақт давомида бу йигит икки-учта сигаретани чекиб битиришга улгурди. Йигитчанинг мақол қўшиб гапиришидан гапга чечанлиги билиниб турарди. Рус тилида ҳам бинойидеккина гаплаша оларкан. Россияга кетганимда керак бўлади, деб ўрганиб қўйгандир-да. Эътибор қаратган жиҳатимиз шу бўлдики, у ўзининг айтишига кўра, “детдом”дан чиққан. Ва бизда шундай савол пайдо бўлди: Болалар уйидан етишиб чиқаётганларнинг кейинги ҳаётлари қандай белгиланади?!

Мурат исмли суҳбатдошимизнинг айтишича, мардикор бозорига чиқаётганларнинг анчагина қисмини талабалар ташкил қиларкан. Шундай эканини ўзимиз ҳам биламиз, аслида. Мамлакатда илм-фанни ривожлантириш, малакали кадрлар, ўз касбининг устаси бўлган мутахассисларни етиштириш, таълим соҳасини ислоҳ қилиш ҳақида гапирмаган кунимиз йўқ-ку. Лекин нега талабалар иш излаб мардикор бозорларига чиқиши керак?! Улар кунлик пул топиш учун кафе-ресторанларда, қурилишларда, бировларнинг уйида ишлаб юриши керак.

Бирор машина келиб, ишчи олиб кетмоқчи бўлса, тумонат одам унинг атрофини ўраб олиб “Нима иш, мени олиб кетинг, ака, мени”, — деяётганини кўришингиз мумкин. Ҳамма мардикор бозорларида ҳам аҳвол шундай. Рости гап, уларнинг ўзларида ҳам катта-катта камчиликлар бор. Ўқишга ёки ҳунар ўрганишга эътибор қаратишмаган; баъзилари носоғлом оилавий муҳитдан етишиб чиққан. Буларни тан олмасак, нохолислик қилган бўламиз.

Эргаш Сафарбоев каби суҳбатдошимизнинг арзлари ҳам ўринли албатта. Лекин ҳар жойдан келган ҳар турли одамлар тўпланадиган ерларда турли можаролар, кутилмаган хавфлар чиқиб қолиши турган гап. Ички ишлар ходимларининг хавотири, уларни тартибга солиши, тарқатишга уриниши ўринлими? Эҳтимол. Бироқ мардикор бозорларида йиғиладиганларга иш керак, элда ҳам уларнинг хизматига эҳтиёж бор. Шунинг учун уларнинг фаолиятини қонуний, оддий ва содда тартибда расмийлаштириб қўйиш керак эмасмикан?

Хуллас, мардикор бозорлари, у ерларга йиғиладиган ишсиз одамлар, уларни у ерга чиқишга мажбур қилган сабаблар… Буларнинг бари мамлакатимизнинг имижига акс таъсир кўрсатиши мумкин.

Бунинг бош сабаби эса, шубҳасиз, ишсизликдир. Қанчадан-қанча юртдошларимиз оиласи, бола-чақасини боқиш учун чет элларда ишлаб юргани сир эмас. Мардикор бозорларидаги ҳолат эса мамлакатимиз ичкарисида. Албатта, бу муаммолар бирданига ёки бир-икки йил ичида тўпланиб қолган эмас. Бу узоқ вақт давомида қанчадан-қанча иш ўринлари фақат қоғозларда яратилганлигининг ҳосиласидир.

Сўнгги 3-4 йилда юртимизда кўплаб катта-кичик корхоналар ишга туширилди. Тадбиркорлик қўллаб-қувватланмоқда. Лекин… одамларга рўзғорини бемалол тебратишга етадиган маошли иш керак. Энг катта муаммо ва оғриқли масала шу. Қолаверса, мардикор бозорлари фақат пойтахтимизда эмас, вилоят, шаҳар ва туманларимизда ҳам мавжуд. Иш йўқ, етишмаяпти, одамлар эса яшаши керак.

Ушбу мақола юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бирор жўяли таклиф беради, деган умиддамиз.

Шаҳзод ШОДМОНОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − 4 =