Ичимизда яшаётган “ваҳима”

Яқинда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда маҳаллаларда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ўрганиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар режасини ишлаб чиқилди. Албатта, ҳеч бир иш сабабсиз бўлмайди…

Бир куни Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртини тамомлаган акамиз нолиб қолди: “Институтни тугатиб, Тошкент шаҳрида ишга қоладиган бўлдим. Қайси идорага бормайин рус тилини биласизми, деб сўрашди. Рус тилида сўзлаша оламан, лекин…   десам, йўқ, биз сизни ишга ололмаймиз, дейишади. Шу-шу бир йилча овора бўлиб юрдим, яна туғилган қишлоғимга қайтганман”…

Бу эски гап дерсиз, аммо бирон-бир ҳужжатни тайёрлашда ёки баъзи фанларга оид илмий ишларни рус тилига таржима қилдириш шартлиги учун катта-катта домлаларнинг таржимон қидириб юрганлигига кўпчилигимиз гувоҳмиз.

Қизиғи, мустақиллигимиз сабаб, имкониятимиз кенг бўлишига қарамай, ўз тилимиздан фойдаланиш, уни амалда қўллашга ё ўзимизда ҳафсала етмайди, ё иштиёқимиз анча суст. Боиси нима экан?

Мана мисол, “Яқинда бир йиғилишда, — деб гап бошлади танишим, — залга 50-60 чоғли одам тўпланган, мажлисни олиб борувчи сўзининг бошида ўзбекча гапира бош­лади. Шу пайт залдан бир киши “На русском пожалуйста, если можно”, деб қолди. Бошқарувчи худди айб иш қилгандек, қўлини кўксига қўйиб, букилиб, узр сўраб: “Как скажете”, деди-да, билса-билмаса, қийналиб, “чапарастасига” русча гапира кетди. Зал тўла ўзбек анграйганча қолди. Сўнг бир пасда ғала-ғовур бош­ланди: “Чорсуда тилло арзон экан”, “Вай ростданми, Олойда роса қиммат-эй”, қабилида.

Ташкилотчилар шунча одамни нимага чақирди? Анави маърузачи нима деб гапирди ўзи, ҳеч ким тушунмади. Атайлаб кузатдим, ҳатто ўша ўрис ҳам эшитмади, ғавғога қўшилиб кетди.

“Ака, бу ёғи қанақа бўлди энди, ўзбекча гапираверсангиз бўларкан”, десам ёнимдаги киши секин туртиб: “Ҳа, қўяверинг, сизга нима”, деди.

Одамга алам қиладигани, наҳотки маънавий савиямиз кун сайин ўтмаслашиб бораяпти, ҳали ҳам бошимизда “цензура” бордай, дарров ён босамиз, гўё ўзимизни билимдон қилиб кўрсатиб мақтансак мартабамиз ўсиб қоладигандек, яна атрофга кўкрагимизни кўтариб қараб қўямиз”.

— Гап тушунишда эмас, ғуруримиз қайда қолди, — деб давом этади, суҳбатдошим безовталаниб. — Нега биз бегоналарни доим тушунамиз-у, улар бизни тушунишмайди. Ўша одам мен бир ўзимман, булар кўпчилик, деса бўларди. Бу тилимизга, халқимизга беписандлик эмасми?!

— Йўқ, беписандлик эмас, — деб тушунтира бошладим. — Чунки у ўз мурожаатида “Агар мумкин бўлса”, деган жумлани қўшиб сўрапти. Бу хоҳласанг ўз тилингда гапиравер, мен қарши эмасман дегани. Шунинг учун уни айблашга ҳаққимиз йўқ, — дедим.

Айтмоқчи бўлганим, айб ўзимизда, ичимизда. Аввало, рус тилини ўзимиз чала биламиз, сўзни тўлиқ англаб етмаймиз, шундай экан, яна кимни айбдор қилиш керак…

Келинг, яна бир мисол, бугун кўпчилигимиз йўл ёқалари, ошхона-ю савдо шахобчалари ва маиший хизмат масканлари пештоқларига турфа рангларда, ўзи ҳам тушунмайдиган ажнабий тилда атама номларни ёздириб, безаб ташлади. Гўё энди дўконини харидор босиб кетадигандек, ғоз юриш қилиб келади, ғоз юриш қилиб кетади. Бу ҳам майли. Отанг ўзбек, онанг ўзбек бўлса, тилинг ўзбекчада чиққан бўлса, бунинг устига Ўзбекистонда яшасанг, сенга нима зарил тилинг ўтмайдиган ажнабий номни? — десанг миқ этмайди.

Айтишингиз мумкин, “улар хусусий”, деб, аммо Ватан туйғуси-чи, уни ўзимиз шакллантирмасак, бизга четдан келиб ким шакллантириб беради? Тил халқники, миллатники, давлат тили мақомини олди, энди айтинг-чи, яшаб турган уйимиз тагидан сув сизиб чиқса, унинг чиқаётган жо­йи­ни бекитмагунимизча тўхтайдими? Албатта, йўқ. Уйни ўпирмагунча тўхтамайди. Демак, зарба жойига урилмас экан, кучимиз пашша ўлдиришга сарф бўлаверади.

Бундан ташқари, бир ойлик кузатишларим шуни кўрсатдики, вазирликда тайёрланаётган хат-ҳужжатлар, маълумотнома ва бошқа ёзишмаларда учраётган хато­ликлар аксарияти шаклан бир-бирига ўхшаш экан.

Идоралараро ёзишмалар бир вақтлар рус тилида ёзилган хатлардан таржима қилинган намуналар асосида шаклланган қоида бўйича ёзилмоқда. Масалан, биринчи жумла шундай бошланади: “Ваше письмо изучен в министерстве…” вазирлик номи ёзилади. Ўзбекча шакли “Сизнинг хатингиз фалон вазирликда, вазирлигида ёки вазирлик томонидан ўрганиб чиқилди”.

Вазирликда ёки вазирлигида, де­йилса, вазирликнинг жонсиз от эканлигидан маъноси сезилмайди. Аммо вазирлиги томонидан дейилса, жуда хунук. Ахир қандай қилиб вазирлик ўрганиб чиқади. Уни мас­ъул ходимлар ўрганиб чиқиши керак-ку? Шунинг учун хатларда вазирликнинг мас­ъул ходимлари деган иккита сўзни қўшиш, зарур эмас — шарт.

Бундан ташқари, “Мы этот проект поддерживаем и притензии не имеем”нинг ўзбекча шакли: “Биз лойиҳани қўллаб-қувватлаймиз ва эътирозимиз йўқлигини маълум қиламиз”. Қўллаб-қувватлайдиган бўлсангиз эътирозни қайд этишга қандай ҳожат ёки зарурат бор. Ахир бу гап мантиққа зид-ку!

Аслида бундай мазмундаги жавобнинг ўзи ҳурматсизлик. Яна кимдир бош қотириб, меҳнат қилиб, бир ҳужжат тайёрлагандан кейин фикр беринг, десаю жавоб юқоридаги мазмунда бўлса, бу биргаликда қилинадиган ишга бефарқ муносабатни, ўзаро ҳамкорликка лоқайдликни билдиради, холос.

Агар шу жавобни: “Биз лойиҳани қўллаб-қувватлаймиз, идорамизга юклатилган вазифаларни ҳамкорликда бажаришга тайёрмиз”, деб ёзсак, қўллаб-қувватлашимизга ҳамоҳанг тарзда ташаббусни рағбатлантирган бўламиз.

Президентимиз таъбири билан айтганда: “Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”. Бу сўзларни онгимизга шиор, қалбимизга малҳам қилиб олсак, албатта, шифо ўз-­ўзидан келади. Энг муҳими, ана шунда кўзлаган мақсадимизга эришамиз.

 

Шуҳрат РЎЗИЕВ,

Республика Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш

вазирининг Маънавий-маърифий ишлар

самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги

қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш

масалалари бўйича маслаҳатчиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + four =