Бебаҳо неъмат қадри
— Акрамжон, авваллари Мустақиллик байрами ҳақидаги қарор ёзга яқин эълон қилинмасмиди?
— Ахир келгуси йил ўттиз йилликни нишонлаймиз! Байрамга эртароқ тайёргарлик кўриш керак. Ҳар қандай тўйнинг “бўлди-бўлди”си қизиқ. (Бекатдаги суҳбатдан) |
Яқинлашиб келаётган 2021 йилдан умидларимиз катта. Янги йилда давлатимиз мустақиллиги ўттиз ёшга тўлади. Ўттиз йил. Тарих учун лаҳза ҳисобланса-да, инсон умрининг каттагина бўлагини ташкил этади. Ҳайратда қоламиз, кечагина эмасмиди Мустақиллик майдонида истиқлолнинг беш йиллигини нишонлаганимиз. 10, 20 йиллик саналар ҳам ортда қолди. Мана, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинган кунга ҳам етиб келдик. 2020 йилда коронавирус деб аталмиш бало-қазодан юрагимиз безиллаб, чарчаган халқимиз 2021 йилда “Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак” дея яхши кунлар келишидан умидвор. Ҳар кимга ниятига яраша беради дейишади, биз ҳам ниятимизни яхши қилайлик.
Ўзбекистон ўттиз йил ичида ҳам чароғон, ҳам булутли кунларни бошидан ўтказди. Шу давр мобайнида дўстлар қувонди, ҳасадгўйлар ичидан ёнди. Эсингиздами, Мустақилликнинг биринчи йилида Россия матбуоти Ўзбекистон ҳақида “Узилган вагон” сарлавҳали мақола берганди. Ўшанда одамларимиз мустақиллик қувончи нималигини тушунмаганликда айбланганди. Бўлса бордир.
Энди халқимиз озодлик, ҳуррият нима берганлигини ўз ҳаёти, кундалик турмуши мисолида яхши билади.
“Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” шиори ҳар бир инсонда эртанги кунга умидбахшликни оширади. Шу тамойил ёнига эндиликда яна бир мақсад қўшилди: “Камбағалликни қисқартириш”. Илгари “кам таъминланган”, “эҳтиёжманд” деган мулойим сўзларни ишлатардик. Камбағаллик ҳақида сўз юритилганда, ҳеч бўлмаса, камбағал ҳам ўзига ўзи “Нега энди мен камбағал бўларканман?” деб савол берар, озгина бўлса-да, хижолат тортар.
Туронзамин ҳудуди тарихида икки марта Ренессанс деб аталмиш ўсиш, юксалиш жараёни юз берган. Эндиликда навбатдаги Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратиш вазифаси белгиланган. Пойдевор яратиш учун бир-икки йил етмайди. Туяга миниб узоқни кўзланг деганларидек, биз ҳам анча йилларга мўлжалланган стратегик уфқларни кўнглимизга тугишимиз керак. Порлоқ келажак бугундан бошланади. Биз шундай баланд чўққиларга эришишимиз керакки, токи уни бутун башарият эътироф этсин.
Мустақиллик байрами бизга қачон татийди? Қачон бу неъматнинг асл моҳиятини ҳамма-ҳамма, чекка ҳудуддаги оддий юртдошимиз ҳам дилдан ҳис этса, муродимиз ҳосил бўлади. Бунинг учун Президентимиз қарори ижроси йўлида барча ҳудудларда одамлар билан мулоқот қилсак, дил-дилдан суҳбатлашсак тўғри бўлади. Бундай тадбирларда академизм кетмайди. Юзма-юз дийдорлашувда самимий, чин юракдан, халқона фикр алмашиш керак. Ҳаётий мисоллар келтиришда “сопини ўзидан чиқариб”, халқ эришган натижалар асосида гапирсак, мўлжалга етиб боради. Саҳна тўридаги президумдан эмас, пастда одамлар билан бақамти оддий кўрпачада ўтириб гурунглашсак, сўзимиз ўрнига тушади.
Яқинда Жиззах вилояти, Шароф Рашидов туманидаги маҳаллалардан бирида “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” мавзуидаги суҳбатда қатнашиш насиб этди. Бир пиёла чой устидаги ҳангомада оддий одамларни ҳам суҳбатга тортдик. Бир ажойиб, жозибали гурунг бўлди. Оқсоқоллар, маҳалла фаоллари: “Бормисизлар, энди қачон келасизлар?” дейишгани тарғибот тадбирига баҳо бўлди. Ўзаро гаплашганда нуқул расмий, тумтароқ жумлаларни эмас, халқона, жайдари иборалар, қуйма таърифлар ёрдамида фикр билдирган маъқул. Бу ҳақда тилга олинган қарорда алоҳида таъкидланган. Аҳоли қатламлари билан учрашувларни “Мустақилликнинг ўттиз йиллиги ғояси ва руҳи билан уйғун ва ҳамоҳанг ҳолда ташкил этиш” керак.
Тунов куни Чиноз туманидаги Эшонобод қишлоғида жуда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилганини телевидение кўрсатувида мароқ билан томоша қилдик. Бу тадбирда Жиззах вилоятидаги Манас қишлоғидан ҳам меҳмонлар қатнашишибди. Ўша маросимда манаслик юртдошимизнинг сўзлари ниҳоятда таъсирли чиқди. Шу муносабат билан бир фикр туғилди. Юртимизнинг турли ҳудудларида замонавий қулайликларга эга бўлган шинам уй-жойлар фойдаланишга топширилмоқда. Йиллар мобайнида омонат уйларда яшаган, ижарада сарсон-саргардон бўлган инсонлар илгари ўзлари хаёл ҳам қилмаган хонадонларга кўчиб киришяпти. Мустақиллик мавзуидаги суҳбатларимизда ўша юртдошларимизга сўз берсак, суҳбатларимиз янада таъсирчан бўлармиди.
Уларнинг ўз тақдири мисолидаги гапларида шукроналик, шу юртга дахлдорлик туйғуси, ифтихор ҳислари табиий кўринишда ифода топиши аниқ.
Одамларга баландпарвоз, ҳавойи гаплар эмас, ўзлари гувоҳ бўлган ҳаётий ўзгаришлар, мустақиллик акс этган натижалар тилга олинса, кўпроқ тушунарли бўлади. Бу дийдорлашувларда ўртада “девор” бўлмаслиги керак.
Шу маънода юбилей йилида Ўзбекистон пойтахтида “Истиқлол” мажмуаси бунёд этилиши айни муддао бўлибди. Бу муқаддас даргоҳ халқимиз нималарга эришганини ёрқин ифода этувчи ёдгорлик композицияси бўлғусидир. Президентимиз ташаббуси билан яратиладиган ушбу мажмуа асрлар мобайнида халқ жасоратининг чинакам тимсоли бўлиб яшайверади.
Коррупцияга қарши курашиш ҳақида сўз юритганда ниҳоятда ҳушёр бўлайлик. Бу мавзуда тумтароқ, идоравий гапларни айтсангиз, оддий одамлар гапингизга ишонмай кулиб қўйиши мумкин. Аввало, ўзбек халқи азалдан иймонли, ҳалол-пок бўлганлигини, ҳаром луқма ҳеч қачон палаги тоза инсонларга юқмаслигини, давлатимиз сиёсати ҳам шу мақсадни кўзлаётганини айтсак, кўпчилик фикрингизга қўшилади. Коррупция ботқоғига ботган кимсалар ҳақида, уларнинг эл-юрт олдида шармандаи-шармисор бўлгани хусусида ҳаётий мисоллар фикрингизни бойитади.
Албатта, турмушимизни ислоҳотларсиз тасаввур этолмаймиз. Энг муҳим ислоҳот эса онгимиздаги ўзгаришлардир. Қайси соҳадаги янгича иш тутумлари ҳақида сўз юритмайлик, “Нега шу ишни аввал қилмадик?” деган саволни берамиз. Ҳар жабҳада инсон манфаатларини кўзлаш, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши кераклиги янги Ўзбекистон танлаган йўлнинг ўзига хос жиҳатидир. Бу талаблар ҳаётимизнинг бирламчи мезонига айланиши керак.
Кейинги пайтларда коронавирус пандемияси ҳақида ваҳималар бироз пасайгандай. Ҳозир ҳам дунёнинг айрим бурчакларида антирекордлар ўрнатилаётган бўлса, бизда баъзи ковид марказлари ёпилмоқда. Илоҳим, бу бало-қазо юртимиздан тезроқ кўтарилсин. Лекин барибир хотиржам бўлмаслигимиз керак. Аввало, ҳар биримизни Яратганнинг ўзи асрасин. Бироқ Оллоҳ ҳам сақланганни сақлайди, деган гап ҳам бор. 2021 йилда оммавий тадбирларни аввалгидай жам бўлиб, шоду-хуррамлик билан ўтказиш насиб қилсин. Она Ватанимиз эрки, мустақиллиги абадий бўлсин!
Шуҳрат Жабборов,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист