Ўзи ҳам, сўзи ҳам гўзал эди

Журналистлик раҳматли дўстимиз Насриддин Муҳаммадиевга (матбуотдаги адабий тахаллусиНосир   Муҳаммад) ота касб эди. Отаси Мисриддин ака Муҳаммадиев ўттиз беш йил мобайнида туман   газетасининг муҳаррири вазифасида ишлаганди.

Оиладаги ижодий муҳит Насриддиннинг касб танлашида муҳим омил бўлди. Мактабни битиргач, Тошкент давлат университетининг филология факультетига ҳужжат топширди. Университетни тамомлагач, пойтахтдаги газета ва журналларда ўттиз йилдан зиёд хизмат қилди. Биргина “Тошкент оқшоми” газетасида машҳур ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов билан бир хонада ўтириб ўн йил ишлади. Газета бош муҳаррири Саъдулла Кароматовдан ҳам кўп нарса ўрганди. Ўша даврда “Тошкент оқшоми” газетасининг юртимизнинг адабий-маданий ҳаётидаги мавқеи, нуфузи анча баланд эди. Насриддин   аксарият ижодкорлар каби илк машқларини шеър ёзишдан бошлаган бўлса-да, матбуотнинг қора, заҳматли юмушларини бажонидил зиммасига олди. Матбуотда қалами қайралиб, етук ижодкор бўлиб етишди.

Ўтган йиллар мобайнида “Эстетик идеал ва адабиёт”, “Оз-оз ўрганиб, доно бўлур” (Ш.Зуннун билан ҳаммуаллифликда), “Салом, келажак”, “Баҳор таронаси”, “Ҳикматлар”, “Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти сафида”, “Насаф ва Кеш алломалари”, “Тафаккур учқунлари”, “Сумалакдан тош топдим”, “Анқони маҳрам қилдингиз” каби ўндан зиёд китоблари чоп этилди. Китобларнинг номи ва мундарижасидан ҳам кўриниб турибдики, Насриддиннинг истеъдоди серқирра, билим ва қизиқиш доираси кенг ва ғоятда ранг-баранг эди. Ҳам назм ва насрда, мутаржимликда, тарихий мавзуларда илҳом ва иштиёқ билан қалам тебратарди. Ғарб ва Шарқ маданий, маънавий меросини пухта ўзлаштирганди.

Насриддиннинг мумтоз адабиётга бўлган қизиқиши ва қобилиятини пайқаган, имкониятларини тўғри баҳолаган раҳматли аллома Эргаш Рустамов (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) дўстимизни илмий иш билан шуғулланишга астойдил даъват қиларди. Хизматда ҳамиша қаттиқ банд бўлган дўстимиз гарчи диссертация ёзишга вақт тополмаган бўлса-да, мумтоз адабиёт, хусусан, Навоий ижоди ҳақидаги қизиқарли мақола ва китоблари билан устознинг руҳини шод этгандай бўлди.

Насриддин форс, турк, рус тилларини анча мукаммал эгаллаган, немис ва инглиз тилини ҳам яхши биларди. У эринмай Тошкент давлат университетининг шарқшунослик факультети қошидаги икки йиллик форс тили курсини битириб, Эронда форс тили бўйича таржимон бўлиб ҳам ишлади. Тил билгичлиги жаҳонга чиқишида, жаҳонга чиққанлиги эса тилларни яхши ўзлаштиришида қўл келди.

Насриддинни жаҳонгашта ижодкор эди, десак тўғри бўлар эди. Уч йил Эронда таржимон бўлиб ишлаган, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасида эса икки йил мобайнида биринчи котиб вазифасида хизмат қилганди. Хориж таассуротлари асосида мақолалар, китоблар чоп этганди.

Насриддиннинг яна бир ибратли жиҳатига ҳам ҳавас қилардим, ҳам ҳайратланардим. Одамлар бир кунда саккиз соат ишласа, у йигирма тўрт соат ишлаётгандек туюларди, аслида ҳам хизмати шунақа эди. Яна шу алфозда ижод учун вақт топганига қойил қолардим. Барча ёзган асарлари масъул хизмат вазифаларида қаттиқ банд бўлиб турганида, гоҳо дам олишни чеклаш ҳисобига яратилган. Тиришқоқлиги, меҳнаткашлиги, куйди-пишдилиги, жонсараклиги қонида бор эди. Ҳаётда нимагаки эришган бўлса, ҳаммасига ўзининг меҳнати билан эришганди.

Муқаддас Қуръони Каримда “Феълингиз – тақдирингиз”, деган пурҳикмат калом бор. Халқимиз ҳам “Нима топсанг, феълингдан топасан”, деб бежиз айтмайди. Назаримда, Насриддин ҳам ҳаётда нимагаки эришган бўлса, аввало, феъл-атворининг некбинлиги, муттасил комилликка интилгани туфайли эришган.

Эсимда, бундан анча йиллар муқаддам Туркиядан самолётда юртга қайтаётиб, у ерда ишлайдиган ҳамюртлар билан ҳамроҳ бўлиб қолдик. Орасида Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасида ишлайдигани ҳам бор экан. Гурунг асносида элчихонада ишлаган Насриддин Муҳаммадиевни танийсизларми, деб сўрадим. Шунда бирдан жонланиб, оғзиларидан бол томиб, бир-бирига гал бермай, дўстимизни алқашга тушдилар. Мени янада ҳайратлантиргани уларнинг эътирофлари жуда ҳам самимий эди…

Муборак ҳадисларда айтилади: “Кимнинг хулқи гўзал бўлса, унга жаннатнинг энг тўридан қаср бино қилинади”.

Дарҳақиқат, хулқи гўзал, феъл-атвори   қувноқ, самимий, хушчақчақ одам ҳамиша, ҳамма ерда ардоқланади. Ҳаётда ҳам иши ўз-ўзидан юришиб кетаверади.   Насриддин ҳеч қачон таниш-билишларини орага қўйиб, ўзига иш қидирмаган, балки ишнинг ўзи уни қидириб топган. Ҳамиша дўстларининг, ҳамкасбларининг ардоғида яшади. Уни бир кун кўрмаса соғиниб қоладиган дўстлари, жўралари кўп эди.

Айниқса, устоз Эркин Воҳидовнинг унга меҳри, ихлоси (улар “Ёшлик” журнали гуриллаган замонда бирга ишлашганди) жуда баланд бўлган. Насриддин шундай ардоққа лойиқ инсон эди-да. Эркин ака ҳаётининг охирги йиллари педагогика университети ёнидаги ижодхонасидан телефон қилиб, Насриддин иккимизни ҳузурига чорлаб турар, шахмат баҳонасида яхшигина гурунглашар, шундай улуғ инсон билан замондош, ҳамнафас эканимиздан биз ҳам чексиз ғурурланар эдик. Гоҳо Насриддинни соғиниб уйига телефон қилсам кўпинча: “Дадамиз ҳали ишдан қайтмадилар ёки дадамиз меҳмондорчиликда!” — деган жавоб бўларди. Кўришганимизда ўзига: “Уйга ҳам келиб турибсизми?”, дея ҳазиллашиб қўярдим.

Насриддин билан университетни кетма-кет битирганмиз. Тақдир тақозоси билан битта “дом”да яшадик, Чорвоқдаги дала ҳовлимиз ҳам бир жойда эди. Дўстимиз қишлоқда ўсган эмасми, ерга ниҳоятда меҳр қўйган, бола-чақаси билан дала ҳовлисида астойдил тер тўкиб меҳнат қиларди. Натижа ҳам   заҳматга яраша бўларди. Баҳор ноқулай келиб, кўпчиликнинг меваларини совуқ уриб кетганда ҳам Насриддинларнинг дарахт шохларига чирмашиб кетган узуми мўл-кўл ҳосил берарди. Шотутлари, хурмолари шиғил-шиғил мева тугарди. Аллоҳ яхши инсонларни ўз неъматлари билан шунақа сийласа керак-да.

Дунёга машҳур   ёзувчилардан бири ўғлининг фотосурати орқасига: “Менинг энг яхши асарим!”, — деб ёзиб қўйган экан. Мураккаб ҳаётда гоҳо ижодни рўкач қилиб, оилага бепарво қараши оқибатида боши кулфатдан чиқмайдиган кимсалар ҳам учрайди. Шу ўринда Лев Толстойнинг: “Оилада бахтли бўлган инсонгина ҳаётда бахтли бўлади”, деган ҳикматли гапи эсга тушади. Насриддин ниҳоятда оилапарвар, оилада чинакам бахтли инсон эди. Ўзига муносиб, ҳаётнинг хуш-нохуш кунларида, хорижда кечган узоқ мусофирчилик йилларида елкадош-ҳамнафас бўлган фариштали умр йўлдоши Машруфахон билан бир қиз, тўрт ўғилни тарбиялаб, вояга етказдилар. Имон-эътиқодли, солиҳ фарзандлари ҳаётдан ўзларининг муносиб ўринларини топишди. Ота-оналари уларнинг орзу-ҳавасини кўриш бахтига муяссар бўлдилар.

Насриддин ҳаётдан завқ олиб яшашни билар, дўстларини ҳам шундай бахтга чорлар эди. Ашаддий шахмат ишқибози, ижодкорлар ўртасида ўтказилган Чорвоқ мусобақасининг икки карра ғолиби, устоз Эркин Воҳидов: “Мен учун одамлар икки тоифага бўлинади – шахматни биладиганлар ва билмайдиганлар”, деган эди. Биз Насриддин билан биринчи тоифага мансуб — шахмат “жинни”си, яъни ҳаётда катта дўст, шахматда эса муносиб рақиблар эдик.

Насриддин шахмат билан боғлиқ тадбирларда, айниқса, ижодкорлар ўртасидаги мусобақаларда ҳамиша фаол эди. Шахмат баҳонасида — Иброҳим Ғафуров, Сайди Умиров, Бахтиёр Назаров каби устозлар, Хуршид Дўстмуҳаммад, Сувон Мели, Ҳабиб Темиров, Носиржон Тошматов, Мирпўлат Мирзо, Зуҳриддин Исомиддинов, Шоҳрух Акбаров, Саиджон Сиддиқов, Ёқубжон Хўжамбердиев каби дўстлар билан дийдор кўришиб, мириқиб гурунглашар эдик.

Насриддиннинг ғайрати, ташаббуси билан Ғафур Ғулом номидаги нашриётда “Шахмат мўъжизаси”   деган қизиқарли китоб чоп этилган, “Навоий ва шахмат” номли салмоқли мақоласи ҳам тилга тушган эди. Ҳа, тиниб-тинчимас дўстимиз қадимий ўйин бўлган шахматни оммалаштириш ва тарғиб этишда ҳам катта хизмат қилган.

Насриддин билан охирги кўришишимиз ҳам шахмат ўйини пайтида бўлган эди. Ўшанда Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмондаги ижод уйида адиблар ўртасида шахмат мусобақаси ўтказилаётган, ўйин ташкилотчиси сифатида ёнимиздаги Қибрай санаторийсида даволанаётган Насриддинга бир кун аввал хабар берган эдим. Уста шахматчи бўлган дўстим бу гал ҳайрон қолдириб: “Ўйинда қатнашишга қатъий ваъда беролмайман, аҳволимга   қарайман”, дея мужмалроқ жавоб қилди. Эртаси ўйинимиз роса қизиган пайтда дўстимиз одатдагидек кулимсираб ёнимизга келди ва узрини айтди: “Дўстларим! Афсуски, мен ўйнай олмас эканман. Тобим йўқроқ…” Ана шу қисқа мулоқот бизнинг охирги кўришишимиз экан…

“Яхшиликни чеҳраси очиқ инсонлардан изланг”, деган ҳикматли гап бор. Насриддиннинг ҳамиша чеҳраси очиқ эди. Мен ҳаётимда бунақа феъли яхши одамни бошқа учратмаганман. У ҳамиша қувноқ, ҳамиша самимий, кайфияти ҳам   ҳамиша кўтаринки, аъло даражада бўлар эди. Донишмандларнинг таъкидлашича, кайфиятнинг ҳамиша яхши бўлиши доноликнинг биринчи шартидир. Ўн нафар шоир, ёзувчилардан иборат бўлган гап-гаштагимизда Насриддин давранинг гули эди. Тилга олинган ҳар бир масалага унинг ўз нуқтаи назари, ўз қарашлари бўлар, шу боис гурунги дилтортар эди.

Насриддин Муҳаммадиев узоқ йиллар Ўзбекистон байналмилал маданият марказига раҳбарлик қилди. Дўстлик ва қардошлик ришталарини мустаҳкамлайдиган турли   фестиваллар, тадбирлар ўтказилишида бош-қош бўлди.

Насриддиннинг ўзим кузатган яна бир эътиқоди туркий халқлар бирлиги ғояси билан боғлиқ эди. У бир умр ана ўша ғоянинг тарғиботи билан шуғулланди. Туркистон   қайғуси унинг эътиқодидан мустаҳкам ўрин олганди.

Байналмилал маданият марказидаги заҳматли хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланиб, дўстимизга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони берилган эди. Кейинроқ у “Меҳнат шуҳрати” орденига ҳам лойиқ кўрилганди.

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи Носир Муҳаммаднинг “Ҳут шамоллари” деган салмоқли “Сайланма”сини нашр этди. Унга ижодкорнинг турли йилларда ёзган шеърлари билан бир қаторда форс, турк, немис, рус тилларидан қилган таржималари ҳам киритилган. Қимматли манбалар асосида ёзилган “Турон тарихи” китоби ҳам мухлис ва мутасаддиларда илиқ таассурот қолдирди. Шунингдек, унинг юртимизда матбаачилик ва кутубхоначилик тарихига бағишланган китоби ноёб китоблар қаторидан ўрин олди.

Ўзининг табаррук етмиш ёшини   қирчиллама йигитдек тетик, кўтаринки кайфиятда кутиб олган дўстимизнинг ҳали ижодий режалари бисёр эди. Афсуски…

Ажойиб инсон ва етук ижодкор Насриддин Муҳаммадиевнинг бир неча йил олдин ҳаётдан бевақт кўз юмиши уни яқиндан билган ёру биродарлари, қариндошлари   учун оғир мусибат бўлди. Ягона таскин-тасалли шуки, у аввало, ўзидан яхши ном, яхши хотира ва бой адабий   мерос қолдирди. Албатта, унинг умри отасининг чироғини ёқиб ўтирган   солиҳ фарзандларда, набира, эвараларида, қатор китобларида давом этмоқда.

Шодмон Отабек,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + 6 =