Дудоқинг ғунча десам, ғунча унчалар эрмас
Муаллиф ҳақида: Муҳаммад Али — Ўзбекистон халқ ёзувчиси. “Машраб”, “Гумбаздаги нур”, “Авлиёнинг башорати”, “Ошиқлар эртаги” каби достонлар, “Боқий дунё” шеърий романи, “Навоий ва Бойқаро”, “Ҳиндистон маликаси” тарихий драмалари муаллифи. Адиб насрда “Сарбадорлар” диологияси, Амир Темурга бағишланган тўрт жилдлик “Улуғ салтанат” эпопеясини яратган.
Муҳаммад Али
Ўзбекистон халқ ёзувчиси,
Давлат мукофоти лауреати
Шоирга даъват
Сен шоирсан, қалбингда бор илоҳий бир ўт,
Қаҳратонлар чекингувчи учқунларидан.
Қўлларингга олганингда нозик адо уд,
Юракларга шиддат киргай сас-унларидан.
Хаёлларинг чаманларни чизгай ҳавода,
Чаманларнинг гулларига бергай турфа ранг.
Меҳрибонлик кўргизурсан бешак, мабодо
Бирор гулнинг дўл қайириб ҳоли бўлса танг.
Ҳаёт деган иқлим борки, сенинг ҳаққинг мўл,
Қадамингда гупуради бемисл қудрат.
Наҳот ҳали тоғларда бор сен солмаган йўл,
Наҳотки бор сен топмаган шон-шараф, шуҳрат?
Наҳотки бор сен туймаган меҳри мўътабар?
Бордир ҳали овозингга тушмаган суруд?
Сен кирмаган майдон бордир, сен кўрмаган қаър,
Сен кечмаган дали дарё, сен ёнмаган ўт?..
Ҳаёт улуғ, қаламини чархлаган шоир
Биллур ичра ўйноқлаган нурдай беҳисоб.
Хавотирга тушма, шоир, сен инсон ахир,
Тирик инсон имконида бор ҳисоб-китоб.
Балки, балки сен тоғларга сололмассан йўл,
Ўтолмассан у йўл билан майдонлар сари.
Чеҳраларда балқимас ҳам, кезмас ҳам буткул
Сен ёнмоқчи бўлган ўтнинг шаън шуълалари.
Эҳтимолки, насиб бўлмас шон-шарафлар ҳам,
Оқолмассан сен кечмаган дарё сувидек…
О, барида, барчасида эркинсан, жўрам,
Огоҳ бўлгил, бир нарсада шоирда йўқ эрк:
Офтоб мисол ҳақиқатга солсанг кўзингни,
Туз ҳурмати, нон ҳурмати — рост сўзла фақат!
Йўқса… бордир учиргувчи еллар сўзингни,
Бордир ҳали сен кўрмаган иснод ва нафрат!
* * *
Дудоғинг ғунча десам, ғунча унчалар эрмас…
Ошиқликда мен танҳо, ҳечким менчалар эрмас.
Ширинни ширин дерлар, Зуҳрони — тонг юлдузи,
Лайлини — Лайли, аммо, аммо сенчалар эрмас.
Зулфингни лом деюрлар, қошинг ҳилолга қиёс,
Аноринг гўзал, ҳатто “нун” ҳам шунчалар эрмас…
Сен сахийсан жафога, боқ Лайлию Зуҳрога,
Жабр қилурлар, вале, зинҳор бунчалар эрмас.
Васлингни тилаб, Али, етолмай жони ҳалак,
Кўнглим йиғлатган ўзинг, йўқ, йўқ, ғунчалар эрмас…
“Муҳокамат ул-луғатайн”ни ўқиб…
Ҳазрат Навоий дер: “Бой эрур тилим,
Ҳар бир нуктада жам имо-ишора.
Роҳат ҳам, азоб ҳам кўрди бу элим,
Ҳар бирига бордир калом, ибора.”
Инчкирмоқ — ингичка ун билан йиғлаш,
Бўхсамоқ, синграмоқ Ҳаққа ҳавола.
Инграмоқ — беаёв бағирни тиғлаш,
Ўкирмоқ — фалакка сиғмаган нола…
Кўп оқди ўзбекнинг ёши шашқатор,
Сўз йўқдир, бу ажиб сермаъно сўздек.
Шул сабаб ҳар бирин ифодаси бор…
Йиғининг кўп хилин билади ўзбек…
* * *
Келар аста боқиб қиё асалгина,
Бир балойи офатижон масалгина.
Белларига боғлаб нозик тасмасини,
Яширганча кўксин амал-тақалгина.
Сарви қомат, нозик адо, қадди расо,
Тенг келадур унга ёлғиз ҳайкалгина.
Бас, куйдириб оташларга отмасмиди,
Инсоф бўлса агар унда сал-палгина.
Кошки эди хабар олса, бори-йўғи
Кулиб қўйса бизга бир лоақалгина…
Келар аста боқиб қиё асалгина,
Бир балойи офатижон масалгина…
Эски ривоят
Кўзи ожиз одам борар, қўлида чироқ,
Ҳайрон бўлиб боқар эди ўтганлар бироқ.
Ўзи кўзи ожиз бўлса, чироқ на даркор?
“Айтинг, эй зот, бу тутумда қандай ҳикмат бор?..”
“…Ўзим қолиб, мен сизларнинг ғамингиз ейман,
Сизнинг борар йўлингизни ёритсам дейман…”
Лондон газетасида эълон
(Ҳазил)
Нуфузли газетда чиқар бир эълон,
Лондон бошдан-оёқ шов-шувга тўлар:
“Шанбада борингиз Хаймаркет томон,
Зотдор эшакларнинг кўриги бўлар…”
Ҳамма шошилади, ҳеч кимда йўқ шак,
Одамга тўлади теварак майдон.
Одам, одам… йўқдир битта ҳам эшак…
Ҳамма бир-бирига боқади ҳайрон…
Шоирнинг фазилати
Шоирда бари бор: обрў, эътибор,
Маошу машина, мансабу виқор…
Яна нима керак тинмаган жонга?
Шоир нонга тўяр, тўймайди шонга!..
Дўстимга
Тўлан Низомга
Дўстим, эслайсанми болалик чоғлар,
Билтанг-билтанг қилган ёлғиз оёқ йўл.
Подалар чангига кўмилмиш боғлар,
Чучмома, лолалар ўсмайдиган чўл…
Олислар қуйилар кўзимизга жим,
Чаманлар кўрамиз уфқлар ортида.
Бола қалбларимиз тепар бетиним,
Қишлоқмас, Ватану жаҳон дардида…
Норасида севги завқидан мағрур,
Шодмон тикиламиз бир-биримизга.
Толе ваъда айлар бизга бахт-сурур,
Осмон торлик қилар дил сиримизга.
Барчасин кашф этиб юрар эдик маст,
Куч-қудрат жам кўнгил зарбларимизда.
Чучмома, лолалар чўлларда эмас,
Япроқ ёзар эди қалбларимизда…
Халқ йўлида
Изларингни қува-қува,
Излаб бордим сени Қува.
Гир атрофим кўм-кўк боғлар,
Қиру адир,
Яшил ува!
Изларингни қува-қува,
Излаб бордим сени Қува.
Излаб борсам, жойида йўқ,
О, қизларинг бирам қув-а!
Изларингни қува-қува,
Излаб бордим сени Қува.
Топмай қайтдим… Сариғ юзим
Кўз ёшларим юва-юва…
Изларингни қува-қува,
Ортга қайтдим энди, Қува!
Атрофимда заъфар боғлар,
Тақир адир,
Сариқ ува…
Машрабга икки мухаммас
* * *
Ўзинг тўзим бер фарзоналарга,
Кўкни тўлдирган афсоналарга,
Ҳуснингдан гунг, лол ҳайроналарга,
Кўрсат жамолинг мастоналарга,
Ишқингда куйган парвоналарга.
Кўнгилда йўқдир асло ҳаловат,
Руҳим тилайдур ором, фароғат.
Сендин умидим, айла каромат,
Мендин дуодир, сендин ижобат,
Жоним тасаддуқ жононаларга.
Сирдошингман мен, сир сўйламайсен,
Ҳолинг надур, деб бўй бўйламайсен,
Инсофга келиб ҳеч ўйламайсен,
Эй кўнгли қаттиғ, раҳм айламайсен,
Қилғил назора бечораларга.
Дунёда қайда сен каби соҳир,
Соҳиру доно, касбига моҳир,
Пинҳон сирим йўқ, барчаси зоҳир!
Куйган ғарибмен, шафқат қил охир,
Кўйингда юрган девоналарга.
Тилни тий, Али, нафсиз баёндин,
Отилган ўқ ҳеч қайтмас камондин,
Ҳақ сўзи азал холи гумондин,
Машраб сени деб кечди жаҳондин,
Бошини қўюб остоналарга…
Шарқ
Шарқ — ибтидо, у биз айтган Шарқ бўлса,
Фарқ ўшадир, у биз айтган фарқ бўлса.
Устоз, ҳақ гап, халқ — холиқнинг ҳиммати,
Халқ — буюк куч, агарда у халқ бўлса…