Фалак қўлидаги жом

Ойдин ҲожиеванингИшқ аро парвоналарномли таржима китоби бундан олти йил муқаддам нашр этилган (“ Мумтоз сўз”, 2014. – 108 б) экан. Бу тўплам шоиранинг ўз ҳисобидан оз нусхада чиқарилгани, китоб дўконлари орқали сотилмаганлиги учун ҳам кўпчилик ўқимаган бўлиши мумкин. Китобда Озарбайжон халқи туҳфа этган қатор шоиралар орасида алоҳида ўрин тутадиган уч нафарМаҳсатий Ганжавий, Ҳайрон хоним, Хуршидабону Нотавонларнинг шеърлари озарбайжон ва форс тилларидан ўз тилимизга ўгирилгани ўзбек китобхонларини, албатта, қувонтиради.

Маҳсатий Ганжавийнинг асл исми Муниса бўлиб, 1098-1188 йилларда яшаб ижод этган. У Умар Ҳайём, Низомий Ганжавий билан яқин ижодий алоқада бўлган. Асосан, рубоий жанрида ижод қилган.

Ойдин Ҳожиева бармоқ вазнида шеър ёзиб, ўзига хос тасвир йўлини топган шоира. Унинг Муниса Маҳсатий рубоийлари таржимасини ўқиб ҳайрон қолдим. Рауф Парфи ҳам ижоди давомида деярли ғазал ёзмаган. Аммо “Жаҳон адабиёти”да таниқли бир шоир ғазаллари таржимасини ўқиб шундай ҳолга тушгандим. Демак, Ойдин опа Рауф Парфи сингари фақат ўз йўлидан юришни афзал билган бўлса-да, мумтоз шеъриятимиз намуналарини ижодининг пойдевори деб билган. Қаранг, Маҳсатий Ганжавий рубоийлари таржимон наздида қандай жаранглаган:

Юз шукур, субҳу шом ризқим муҳайё,

Ва лекин хуш ўтмас кунларим асло.

Заҳарга айланар оғзимда шинни,

Ҳақирлар ёдимга тушган ҳамоно.

Сабр, таъма ҳақида кўп гапирилади. Ёзилади. Аммо мол-давлат бандиларининг ночорларга насиҳатида ҳам сабрли бўлишга чорловлар борлиги барибир кишини ўйлантиради. Бу ҳолни баҳолашга қийналасан. Шундай ўй Маҳсатий кўнглидан ҳам кечган бўлса керак, ёзади:

Бировларга кунинг қолса, бу — ёмон,

Қуриган шох соя солибди қачон?

Сабр азиз айлар, таъма этар хор,

Тансиқ нарсаларга қаноат даркор.

Шоиранинг Умар Ҳайём билан адабий алоқада эканлигини юқорида айтдик. Хўш, у қай жиҳати билан ундан фарқ қилади? Маҳсатийнинг деярли барча рубоийларида аёл қалби кўриниб туради: “Ҳар гал ёр камондан ўқ отган чоғи, гулдай дудоғидан ўпич олсайдим”. Тўғри, устози таъсирида ҳам битганлари бор: “Шод яша, тупроқда ётгунг бенаво”, “Дунё ҳам фалакнинг қўлидаги жом, Қон тўла пиёла, десам, рост бўлар”. Шу ўринда айтиш жоизки, рубоий жанрида камдан-кам ижодкор янги фикр айта олади. Чунки Бедил, Умар Ҳайём, Паҳлавон Маҳмудлар бу жанрни юксакларга кўтаришган. Маҳсатий ана шу юксакликка кўтарила олган. “Хароботдан чиқиб бир ой юксалди”, “Харобот — манзили жўмард эрларнинг, Бунда ўрни йўқдир бадкирдорларнинг” дея шоира дарвешлар дунёсига назар солса, бошқа бир рубоийсида эронларнинг толибларни тарбиялаш учун тоблаганларига ишора қилади: “Афсус чекма дея зарар келтирдим”.

Ҳайрон хоним Думбули ХVIII асрнинг 80 йиллари ХIХ асрнинг 50 йилларида яшаб ижод қилган. У Озарбайжоннинг Нахичиван шаҳрида Канғарли думбули авлодига мансуб хонадонда туғилиб вояга етган. У, асосан, ғазал жанрида ижод қилган. Шоира ёзади: “Тақдирга чора йўқдир рози-ризодан бошқа”. Ўйланиб қоласан: фоний дунёда бўш қўйган нафсимиз, бировнинг ҳаққидан қўрқмаслигимиз, дилозорлигимиз, ўзимизга, бошқаларга бефарқлигимиз тақдирга қанчалик алоқадор?

Тасаввуфда ёрни Яратганга тимсол сифатида қўллаш анъанаси икки йўналишда давр суриб келган: ҳол талабида ва ҳоли ибрат бўладиганлар таъсирида. Ҳайрон хоним ижоди иккинчи йўналишга хос:

Дилим бир булбули беошиёндур,

Унга гул бутоғи бир макондур.

Чун дилбар кетди, иймон – дин кетди,

Дилу жон изма-из йўлга равондур.

Ёки:

Бир ой юзли илинжида нигоҳим бор,

Саҳарлар, кечаларда нола, оҳим бор.

Шоиранинг бундай шеърлари кўп ва О.Ҳожиева уларни маромига етказиб таржима қилган.

Хуршидабону Нотавон 1832-1897 йилларда яшаб ижод этган. 1855 йили шоира Бокуда француз адиби Александр Дюма билан учрашган. Дюма хотираларида “онаси 40, қизи 20 ёшлар атрофида бўлиб, улар қўлидаги фарзандларини худди қўғирчоқ каби ўйнатиб туриши”ни ёзади. Шоира ижоддан ташқари мусиқа, рассомлик, бадиий каштадўзлик, кўйлакка безак беришда моҳир бўлган”. Шоира “Мажлиси фаромуш” тўгарагини моддий жиҳатдан таъминлаб турган. “Хон қизи булоғи” деб ном олган сув таъминотини ишга туширган. Шу булоқни шоира ижодига менгзаса ҳам бўлади. Аммо бунда у меҳр булоғига айланади.

Шоира илоҳий ишқ ошиқлари ҳолатини шундай тасвирлайди:

Кўнгил қонин кўзумдин новаки ғамзанг равон айлар,

Масалдур мардум ичра: “Маст ўлан, албатта, қон айлар.

Кўнгил билким, у чашми маст ўлуб асло хато этмас,

Сира йўқ шубҳа гар қон этмак ўлса, қонга – қон айлар.

Яратганга бағишланганлар эътиқод, иймон тақозо этса, уни ўз жони, қони эвазига бўлсин ҳимоя қилади, деган фикрни илгари сурган шоира бошқа ғазалида дил аҳлини огоҳлантиради: “Ҳар оқшом кўрди мажлисдаки, шам ағёрга ёрдур”.

Китоб муқаддимасида Жаннат Нағиева уч шоира тақдирини шундай изоҳлайди: “Маҳсатий эл-юртидан қувғин этилди, Нотавон таҳқир ва ҳасратда умр кечирди. Ҳайрон хоним мажбуран Эронга кўчирилди, ёридан йироқ тушди — Табризда узоқ вақт танҳоликда умр кечирди”. Аммо улар кўрган жабру ситамлар, қилган орзу-умидлар илдиз эканки, муаттар гуллар унди, ўсди, муаттар ҳидлар таратмоқда. Мана, бу ифордан бугун бизнинг элимиз ҳам баҳраманддир.

Илҳом Аҳрор

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − one =