Бугунги ўқувчининг талаби катта

Пойтахтимиздаги Сергели туманида жойлашган 301-мактабда “Темурбек ворислари”, “Ёш китобхон”, “Очиқ дарс” тўгараклари машғулотлари наинки иштирокчиларни, балки ўқитувчи ва ўқувчиларни ҳам кўпроқ жалб этади. Айниқса, бадиий асарлар асосида саҳналаштирилган кичик эпизодларни кўриб, ўқувчилар ўзларини театр залида ўтиргандек ҳис қилиши устозларни ҳам мамнун этаётгани маълум бўлди.

 

Бундан ташқари, “Китобхон оила” тўгараги аъзолари ҳар бир ўқиган китобини оилавий таҳлил этиши, асарда илгари сурилган ғоя нимаю унинг ўқувчига берадиган маънавий аҳамиятига кўпроқ эътибор қаратиши мақтовга лойиқ.

Ҳар гал тўгарак йиғинларида иштирокчилар ўзгача шижоат, чанқоқлик билан қатнашишларини кўриб ҳавасингиз келади. Айниқса, бугунги “Ёш китобхон”лар кечаги китобхонлардан анчайин фарқ қилишади. Улар, энг муҳими, бадиий жиҳатдан савияси баланд асарларни пала-партиш, бўш, савиясиз ёзилган асарлардан ажрата олишади.

— Тўгарагимизга ўқувчилар ўзлари хоҳиш билдириб аъзо бўлишган. Китобни фақат ёд олиб ўқиш билан чекланишмайди, балки маъно ва мазмунини ўзлаштиришга ҳаракат қилишади. Мени қувонтиргани: ўқувчилар энг яхши китобни танлай олади. Ҳатто баъзида менга ҳам ўқиган китобининг таърифини мароқ билан сўзлар экан, менинг ҳам ўқишимни тавсия этишади. Гарчи бу асарни ўқиган бўлсам-да, “хўп, албатта ўқийман”, дейман. Уларнинг завқ билан ҳикоя қилишини эшитиб ич-ичимдан хурсанд бўламан. Ахир қилаётган ишинг фойдали ва маълум маъно касб этса, кимгадир нафинг тегса бундан ортиқ бахт борми?! — дейди “Ёш китобхон” тўгараги раҳбари Муборак Муҳитдинова.

Биз мактабда бўлганимизда она-тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Шаҳноза Умарова 5-“в” синф ўқувчиларига машҳур адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ҳаёти ва ижодига бағишланган “Очиқ дарс” олиб бораётган экан.

Асарни шунчаки ўқиш эмас, балки ёзувчининг мақсадини билиш, асар моҳиятини англаш ўта мураккаб вазифа. Бир нарсага амин бўлдикки, “ўсмир-ёшлар китоб ўқимай қўйди”, деётганлар аслида уларнинг ички кечинмаларидан хабардор эмаслар, бугунги ўсмир-ёшларнинг қизиқиши, тасаввур дунёси, бадииятни қабул қила олиш имконияти даражаси анчайин баланд. Аммо айрим ҳаваскор ижодкорларнинг ўз пулига чиқарган, яъни Республика Ёзувчилар уюшмасининг наср бўлими таҳриридан ўтмаган, ҳар томонлама савиясиз китобларнинг мактабларга турли йўллар билан келиб қолиши баъзи ўқувчиларни чалғитиб қўймоқда.

Улар айни вақтда чоп этилаётган, таниқли ижодкорларнинг асарлари кутубхонада йўқ эканлигини, агар бўлганда, албатта, ўқишларини айтишди.

Юсуф ЖЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + four =