Истиқлол одами ёки оловда туғилган қақнус

Ўзбекистон халқ бахшиси Шомурод бахши Тоғай ўғли халқ бахшичилик санъатида ўзига хос мактаб яратган бахшилардан. Унинг юз китобга жо бўлгудек терма-достонлари халқ орасида машҳурдир. Отаси Тоғай шоир 1932 йилда душманларининг чақуви билан Сибирга сургун қилинган. Шунда Шомурод олти ойлик чақалоқ бўлган. Тўққиз ойлигида онаси Тожихол Шукурова совуқ иқлимга мослашолмай оғир шамоллашдан вафот этди. Шомурод бахши опаларининг қўлида ўсди. Саккиз ёшида отасининг мунгли қўшиғини тош қотиб тингларди.

Тоғай шоир ич-ичидан йиғлаб терма айтарди.

Элимдан адашган ёлғиз сўнаман,

Булбул бўлиб гул шохига қўнаман,

Энасойга дардим айтиб жиладим,

Ишим билан Иртишларга жиладим,

Ҳой-ҳой,ой-й-й-й, ҳей-ҳей-й-й-й…

Тоғай шоир 1945 йил урушдан қайтиб келиб, болаларини кўкрагига босиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлади. 1948 йилда Тоғай шоир оқлангач, улар Чироқчига қайтишди. Шомурод бахши билан гурунгларим кўп бўлган. Маҳаллий шоирлардан Жўра Алимардон хотира кечасидан қайтиш чоғида қишлоғимизда укамнинг уйида бўлиб ўтганди бу гурунг. Бизга ҳамроҳ бўлган болалар шоири Ўта Бердиёрга (ҳозир 92 ёшда) қаттиқ ҳазиллашарди. Ўшанда бахши 85 баҳорни қаршилаганди.

– Укажон, болалигимни эсласам, тош­га игна қадаб шардоз ўтказаман. Вой-вой-а, энажоним-а, Оқ мўланинг муз бағрида қолиб кетди. Отам Тоғай шоирга кўп зорландим: “Оқмўлага борайин, энажонимни кўрайин. Ўттиз жилни ҳатлаб, умримни хатлаб ўтказавераманми” десам, отам кўнмади. У ёқларнинг бетини ит кўрсин, журагимни тиғлама, болам, деди. Худди мени этагимдан тортиб, Оқмўла олиб қолаётгандай туюлдими, отажоним унамади. Шуйтиб энамнинг мозорида бир мартаям тунамадим. Энди саксон учни жағалаб, сувим қочиб ўтирибман. Қанотим бўлса-да, учиб-учиб, энажонимнинг мозорини олдига қўнсам.

Шомурод шоир дўмбира чертиб, овозини баландлатади.

Жигит улгур Меккам чол,

Летибамни синдирдинг.

Отам олиб бериб эди,

Насибамдан айирдинг.

Билмаганни билдирдинг,

Ажал бўлиб паймонамни тўлдирдинг,

Учар эдим қанотимни қайирдинг,

Юрар эдим, оёғимдан тойдирдинг.

Бийигул, Бийигул,

Рангсангул, рангсангул.

Пуфаклари қирқтан гул,

Ҳай-ҳаё, Раббимо, Оллоё,

Муллатўрғай тонг саҳарда сайрайди,

Нега менинг отажоним келмайди?

Ростин айтгин, энажон, эна-ёв,

Менинг отам ўзи қачон келгайди?..

Бўғзингга хўрсиниқ тиқилади, кўз ёшларинг чўғга айланади. Ер тебраниб, осмон қалдирайди. Ўзингдан ўзингни мосуво этгинг келади. Ҳа, хунрезлик, қатлиом зулуклари қатра қонингни симириб, олам шайнини улоқтирганда коинот тартиботи издан чиқиши бор гап. Шомурод бахшининг қизаринган кўзларига ўксиниб тикиламан. Саксон учида оёғини “салта” қилиб кўзойнак илондай ўйнатадиган, ўрнидан сакраб турадиган бахшининг борлиғи оғирлашади. Аччиқ тумандай ёпирилган хотиралар юки уни заифлик чилвирида ўриб-эшади.

— Отам урушда. Иброҳим акамдан қорахат келган қора кунлари Болалар уйида жашайдим. Бир кунга бир бурда нон беради-я! Очликдан тош чайнашданам тап тортмаймиз. Кўз сополдай қотган, қорин қавишган, тери устухонга жавишган, тирик жон шайтон билан топишган бадбахт кунларнинг бирида чўчқабоқар Леониднинг тўнғизхонасига ўғирлиққа тушдим. Пишакдай тўнғиз боласини жиртиқ фуфайкамни этагига ўраб, девор ошувдимки, чўчқабоқар пайқаб қолди. Қочаман-а, қочаман. Оч одам жугура олмайкан, ирғаланиб, аяғи жерга ботиб қолайкан. Тўнғизфеъл Леонид ва унинг икки ули мени ушлаб олишди. Роса дўппослашди. Одам таёқдан ўлмайкан. Кўкармаган, қораймаган жойим қомади. Энажо-он! — деб зор қақшаб жиладим. Оғзимдан какрадай аччиқ сўлак оқди, кўз ўнгим қоронғилашди. Энам бўлганда Леониднинг тўнғизхонасига ўт қўяйди. Одамлар очликдан ўламан деб жотибди, чўчқабоқарнинг икки бети кувачадай, чертсанг қон сизади. Тўнғиз боласини қўрққанимдан бўғиб ўлдириб қўйибман. Ўлик чўчқачаниям мендан қизғаниб, итининг олдига отиб жуборди. Қорним пўст ташлаб шундай санчқи берардики, тирноғимам қизиб кетганди. Шундай, укажон! У кунларнинг бетини тес­кари қисин. Манови Ўта бува Сталинни қўмсаб жилайди. Ҳа, бебақнинг боласи. Қора уйидан бир умр чиқмай жашаган нимани билади. Анови радионинг жолғонига ишонади. Жаланғочлаб муздай сувга ботириб қўйса, қундузнинг боласидай ўрмалаб қочармиди. Сталин отам дейди-я, отасиз қогур!

Шомурод бахши менга кўз учириб олади-да, яна селдай тўлиб-тошади.

— Айналай ука, қизиллар кўз олдимизда етти жуз жапон аскарини отиб ташлади. Биз “детдом”нинг бир тўда болалари тепаликда – буталар орасидан мўралаб қараймиз. Қуролсиз аскарлар ҳар ёнга сочилиб қочади-яй! Атрофини ўраб олган қизиллар пақ-пақ этиб, отгани-отган. Бир жапон аскар ўзини дарёга отди. Жудаям сузағонакан. Униям қайиқда сузиб бориб отиб ташлашди. Бечора солдай жонбошига ағдарилиб сувга чўкиб кетди. Биз болалар қақшаб жиладик. Уйи куйсин, ҳаммасининг деб сўкиб жиладик. Одам боласининг нархи қилдан арзонийди ўша пайтлар. Бир қир нари бўйламаган Ўта бува нимани билайди. Жумронқозиқдай бўйнини чўзиб-чўзиб, ер тирнаб журган-да! Ҳа, айнала-я, энасини бегона журтда қолдирган билади. Энамнинг тилини ўн жеттимда – ота журтимга қайтганимда тетапоя баччадай ўргандим.

Шомурод бахши “бахши” сўзини кўп ёқтирмайди. Бу луқмани фолбинларга бориб тақайди. Ромчи деб тушунади. Бахши десангиз сапчиб тушади. “Ҳов, шоир бува, битта терма айтиб жуборинг” денг, бармоғи учи куйгунча тўкилиб-сочилиб куйлайди. Шўро даврида Москвада ўтказилган халқ ижодиёти фестивалида “Катюша”ни куйлаб, йиғламаганни йиғлатган. Русларнинг шевасидаям турли ўрисча термалар айтиб, русийзабонларнинг ҳайратдан нафасини қайтарган. Гоҳо украинча, гоҳо японча, гоҳо эса немисчаям куйлай олади. Талаффузда манқаланмайди, сўз шаффоф шабнамдай жаранглайди.

Мана, ҳозир, дастурхон қошида дўмбирасини бир четга авайлаб қўйди-да, тиззаларини жуфтлаб, қаддини тик тутиб, қадрайиб украин халқ қўшиқларидан бирини овозини баландлатганча куйлай кетди. Уй шифтлари зириллай бошлади. Укам Шойимназар оғзи очилганча унга анграйиб тикилиб қолди. Саксон беш ёшли қариянинг йигитлардай чаққон ва ўктам ҳаракатидан ҳайратланарди. Қўшиқ тугаши билан Ўта бобоям беихтиёр чапак чалди.

— Бир жилдан бери, укажон, термалар куйлашим бир соатдан ошмаяпти. — деди Шомурод бахши бироз музтар тортиб. — Илгари ўрисча, украинча термаларни кўп билайдим, энди хотирамдан кўтарилаяпти. Термалар айта билмасам жилаб жубораман, укажон. Қариликни бўйинга олай десам бўйним ёр бермаяпти. Энди нима қиламан. Одам шуйтиб қариб-тўзиб қолама. Ҳали эл кезиб миллатни миллатдан, элатни элатдан айри этмадим. Отам Тоғай шоир дўмбирани қўлимга тута туриб: “Болам, лўли орасида лўли бўл. Шоирнинг миллати йўқ. Уруғ ажратган кунинг ўлганим де” деб қаттиқ ўгит суққан. Золимдан қочаман, яхшининг этагидан тутаман. Эл бир қисим майиз тутса, кўзимга суртаман. Элдан айир­масин, укажон.

— Назар Эшонқул деган ёзувчи биродаримиз айтувди: “Шу Шомурод бахшининг куйлашидаям, дўмбира чертишидаям бурятларга хос оҳанг, ижро бор, деб.

— Сибир боласиман-да. Сибиряк! – қийқириб кулади бахши. – Қўбизминанам чиқиша оламан. Назар тушмагур оқиннинг овозини “тери”сиданам ажрата билайкан. Бурят бахшилари овулимизга меҳмон бўлиб келайди. Қозоқ оқинлариям дўмбира чертиб, айтишувлар қилганининг гувоҳиман. Дўмбира чертиб, терма айтишнинг уддасидан чиққанимдан сўнг қозоқ оқинлариминанам “ташлашганман”. Тан берган жойи кўп бўлган. Билсанг, катта мактаб кўрмадим. Отамни мактабидан чиққанман. Қодир бахши Раҳим ули хўп саводлийди. Сўзни чертиб-чертиб айтайди. Сўзиниям залвори юк босайди. Бизлар яккама-якка айтишув қилмаганмиз. У менинг ҳурматимни жойига қўйган. Бир Сибирнинг “шер”ини бўлгани шу-да! Оқ мўлада қолиб кетганимда овозим ўзимминан кетайди. Аллоҳга шукур, қай бир ковакда қолиб кетмадим.

Ўриснинг боласини лаҳжасидан қайси вилоятдан эканлигини биламан. “Тошкент-Москва” поездига тушиб, купедаги ўрис ҳамроҳларимни лаҳжасига қараб қайси вилоятдан эканлигини айтганимда учовиям ҳайратдан жаға жиртган. Новгородликлар ўзбек боласига ўхшаб “хорошо”ни “хорошо” деб талаффуз қилади. Москваликларга ўхшаб “харашо” демайди. Айтдим-ку, Сибир боласиман деб! Сургун бўлган миллатларнинг зўрлари минан яшаганмиз. Ғарибликда келгиндилар ҳам оға-инига айланаркан. Кўрган азобларим ҳеч бандасининг бошига тушмасин. Тинчликдан, айланай. Ўн қоп олтининг бўлсин, кунингда фароғат бўлмаса, ўтган умрингга ҳайф! Ахмоқ подшо элдан мамлакат ғазнасини яширади. Уларнинг қанчалари ер остида жотибди. Элдан айир­масин. Эл бир муштдан урса, ўлдиради. Бир чимдимдан тутса, итингни товоғи тиллодан бўлади. Термаларим қонарга сиғмайди. Халқ оғзаки ижодини ўрганувчиларам жилдан-жилга камайиб бораяпти.

Шомурод бахши ёшли кўзларини дастрўмоли билан арта туриб, дўмбирани ғилофига ўрайди. Дас­турхонга дуо ўқилиб, ўрнимиздан қўзғаламиз…

Шомурод бахши Термизда ўтказилган халқаро бахшичилик фестивалига боролмади. Оғир хасталикдан тўшакда ётиб қолганди. Фестивалдан қайт­ганимда бахши хонадонида бўлдим. У оғир сўлиш олди. Кўзларидан шашқатор ёш сизиб ёноқларини ҳўлларди. Унинг қуруқшоқ лабларидан сўзлар қумдай тўкилди.

— Президентга минг раҳмат. Бахшиларни кафтига олди. Бахшилар назардан четда қоляпти деб журагим оғрирди. Эҳ-ҳей, шунча бахшилар бор экан-а, уларга навбат тегмай қолама девдим. Дўмбирасини сайратиб, жониб-жониб, тўкилиб-тўкилиб термалар айтишини телвизорда кўриб жиладим. Жилашимдан болаларим қўрқиб кетишиб қошимда чарх уришди. Манови қуруқшоқ қўлларимни баъзўр кўтариб телвизорга қаранглар дегандай имо қилдим. Мен истиқлол одамиман. Умрим оловда ўтди. Оловда туғилган қақнусман. Истиқлолни менчалик ким кутган. Бегана жерда кўкариб, кўрганим хўрлик бўлди. Энадан болани ажратиб қўйган жаллод тузумга ўт тушсин. Отам Тоғай шоир бачадай ҳўнг­раб жилайди: “ўз журтимни тупроғига бош қўйиб ўлсам, Аллоҳдан рози эдим”, деб. Ҳали армон қиламан, энамнинг майити бегана журтда қолди, деб. Бахшилари бор халқ қаримайди, журтда тўкинчилик бўлади. Ҳамманглар омон бўлинглар.

Шомурод шоир чуқур хўрсинди унинг хўрсинишида ҳам бугунги дориломон кунларга шукроналик балқиб турарди.

Шомурод бахши ўтган йили 88 ёшида бандаликни бажо келтирди. Аммо унинг алп овози, ўзидан қолдирган бетакрор санъати ҳеч қачон ўлмайди.

Яқинда Чироқчи туманида бахши хотирасига бағишланиб “Қашқадарё ёш бахшилари” танлови ўтказилди. Унда ёш бахшилар Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм бахшичилик мактабларига оид термалар, достонлардан парчаларни куйлашди.

Ўроз ҲАЙДАР,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 4 =