Журналистлар таянчига айланади

Жорий йилнинг 4 июнь куни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди

 

Конференцияда уюшма фаолиятини янада такомиллаштириш масаласи кўриб чиқилди. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов бошқарган ушбу анжуманда Президентимиз томонидан оммавий ахборот воситаларига, журналистларга катта эътибор қаратилаётгани, юксак ишонч билдирилаётгани, бу эса соҳа вакиллари зиммасига улкан масъулият юклаши таъкидланди. Айни пайтда бугунги ўзбек журналистикаси бундан тўрт-беш йил аввалги медиа соҳадан тубдан фарқ қилиши эътироф этилди. Энди уюшма фаолиятида ҳам бугунги даврга хос янгиланиш ва истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқиши лозим. Уюшма мамлакат журналистларининг таянчига айланиши керак.

Тадбирда Уюшманинг 2019-2021 йиллардаги фаолияти ҳақида уюшма раиси ўринбосари Ҳ.Салимовнинг ҳисоботи тингланди.

 

Ҳисоботда қайд этилганидек, ўтган вақт мобайнида давлатимиз раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари, уюшма устави, йиллик режа “Йўл харита”лари, бир қатор дастурлар ижроси доирасида маълум ишлар амалга оширилди.

Жумладан, “Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси” қабул қилинди. Мазкур кодекс бўйича Жамоатчилик кенгаши ташкил этилди. Кенгаш таркиби тажрибали, таниқли ва устоз журналистлардан иборат. Ҳисобот даврида ушбу кенгаш жамоаси томонидан касб этикаси қоидалари бузилгани тахмин қилинган ҳолатлар ўрганилиб, бир неча маротаба тегишли тартибда муносабат билдирилди. Керакли тавсиялар ишлаб чиқилди. Ҳисобот даврида оммавий ахборот воситалари ходимларини ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ёш журналистлар билан ишлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга эътибор берилди. “Ёш юраклар садоси”, “Журналист ва ҳаёт” лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилди. Мунтазам тарзда ташкил этилган ме­диа-турлар оммавий ахборот воситалари ходимларини жойлардаги ислоҳотлар одимлари билан яқиндан таништириш имконини берди.

Кейинги йилларда Уюшманинг халқаро алоқаларини янада кенгроқ йўлга қўйишга эътибор қаратилди. Бундай ҳамкорлик журналистларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўтган вақт мобайнида “Олтин қалам”, “Энг улуғ, энг азиз”, “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Ғалаба-75” каби кўрик-танловлари муваффақиятли ўтказилди. Медиа форумлар, пресс-турлар, давра суҳбатлари ва анжуманлар журналистларнинг касбий маҳоратини чархлашга хизмат қилмоқда.

Анжуманда бугунги янгиланаётган жараёнда ижодий уюшманинг фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг замон руҳи билан ҳамоҳанглигини тобора кучайтириш долзарблиги таъкидланди. Уюшманинг ҳисобот давридаги фаолияти қониқарли, деб баҳоланди.

Конференцияда тафтиш комиссияси ҳисоботи тингланди ва маъқулланди.

Конференцияда ташкилий масала кўриб чиқилди. “Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Шуҳрат Жабборов томонидан тажрибали журналист, “Нуроний” газетаси ва “Кексалик гашти” журнали бош муҳаррири сифатида фаолият юритиб келган Олимжон Ўсаровнинг номзоди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси вазифасига муносиб деган таклифни илгари сурди. Шундан сўнг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёров, “Hurriyat” газетаси бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов, “Маънавий ҳаёт” журнали бош муҳаррири Эшқобил Шукурлар сўзга чиқиб уюшма раислигига тавсия қилинган номзод тўғрисида ижобий фикрларини билдириб ўтишди ва конференция иштирокчиларини ушбу номзодни қўллаб-қувватлаб овоз беришга чақирди. Шундан сўнг анжуманда бир овоздан О.Ўсаров Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси лавозимига сайланди.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + twenty =