Холислик ва адолат — асосий мезон

Мен бугунги кунда фахрий журналистман. Аммо кўпдан бери ўзимни ўйлантириб келаётган баъзи муаммоларни сизлар билан баҳам кўрмоқчиман. Ваҳоланки йиллар давомида турли касб байрамлари арафасида фақат мақтанишдан нарига ўтмай келдик.

Камина 1993 йилдан 2005 йилгача “Озодлик” радиосининг Фарғона водийси бўйича мухбири бўлиб ишладим. Радиодаги фаолиятимнинг дастлабки йили мен ҳукумат ўқувчилар, ўқитувчилар, талабалар, корхоналар ходимларини мажбуран пахта теримига олиб чиқилаётганлигини ёритганим учун ёнимга наша, уйимга граната қўйиб икки ярим йилга қамашди. Халқаро ташкилотлар аралашуви билан бир йилда қўйиб юборишди. Чиқиб яна фаолиятимни давом эттирдим.

Ўзбекистонда 2003 йили цензура бекор қилинди. Лекин цензура масъулияти бош муҳаррирлар зиммасига “юклаб” қўйилди. Қўли бойлоқ муҳаррир жорий сиёсатдан четга чиқиб нима ҳам қила олар эди. Оқибатда энди журналистлар ўзини ўзи цензура қила бошлади. Баъзи “шаккок” журналистлар ҳақиқатни ёзиб юборгани учун ҳамкасбларининг кўз олдида қўлига кишан солиб олиб чиқиб кетилди. Хуллас одамлар “свет ўчиб қолди” дейишга ҳам қўрқиб қолган эди.

2016 йили биз журналистларнинг, халқнинг бахтига Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайлангач, очиқлик сиёсатини олиб бора бошлади. Биз бир пайтлар кўтариб чиқиб қора рўйхатга тушган муаммолар бугун бемалол ОАВларида ёритилмоқда. Ўзбекистон телевидениесининг биринчи канали орқали берилаётган “Муносабат” ток- шоуси, “Мунозара майдони”, “Маданият ва маърифат” телеканалининг “Мен билган ҳақиқатлар” каби кўрсатувлар ҳақиқий эркинлик майдонига айланди. Эркин сўз айта олиш жасорат майдонида “Hurriyat” мустақил газетасининг ҳам ўз ўрни бор.

Лекин эркинлик берилгач, одамни ўйлантирадиган баъзи муаммолар ҳам пайдо бўла бош­лади. Ижтимоий ҳаётимизга блогер сўзи кириб келди. Ва афсус­ки, айрим блогерлар эркинликни нотўғри тушуниб куч ишлатар тизим вакиллари, ҳокимият вакиллари билан ўта қўпол муомалада бўлиб, бақир-чақир қилиб ОАВ ҳурматини тўкиб қўймоқдалар. Жуда ғалати одатларимиз бор-да, эркинлик бўлмаса жим бўлиб, ичимизда сўкиниб юрамиз, эркинлик берилса, ошириб юбораяпмиз айримларимиз.

Журналист ёки блогернинг асосий вазифаси ахборот тўплаш. Бир томонга ўтиб олиш эмас. Ҳар икки томон фикрини ҳам ўрганиб томошабин, ўқувчи ҳукмига ҳавола қилиш. Эҳтимол, бир томонга ўтиб олиш бу ўтиш даврининг   муаммоларидир.

Энди бизни хурсанд қилган бир ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Шу пайтгача Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси борми, йўқми билмас эдик. Таниқли журналист Рўзимбой Қўлдошнинг ёзишича, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг яқинда тайинланган раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжумани ўта ошкора, танқидий руҳда ўтган. Уюшма баъзи бир ҳамкасбларимизни ҳимоя қилиб ҳам чиқмоқда. Бу адолат сари дадил қадам ҳисобланади.

Сўзимнинг охирида айтмоқчиманки тўғри, ҳозир ҳам айрим орган ходимлари, ҳокимлар, турли лавозимдаги раҳбарлар ҳамон матбуот ходимларини ўзларига “душман” санашмоқда. Айрим ҳолларда улар халқаро жамоатчилик олдида Ватанимизни имиджига салбий таъсир этувчи ҳаракатлар қилмоқда. Лекин Президентимиз “Биз очиқлик сиёсатидан ортга қайтмаймиз”, деб турганларида уларнинг бу ишлари сиёсатга хиёнатдек бўлиб кўринади.

Бу ҳам ўтиш даврининг муаммолари деб умид қиламиз.

Азиз ҳамкасблар, Сизларни касб байрамимиз билан чин қалбимдан табриклайман. Оилангизга тинчлик-хотиржамлик, ижодингизга Яратгандан   барака тилаб қоламан.

Носир Зокир,

фахрий журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 − 1 =