МАЪРИФАТ ЖАРЧИСИ ЭДИ

(Таниқли уламо Анвар қори Турсунов ҳаётидан улгилар)

2020 йилнинг 15-18 декабрь кунлари Тошкентда “Ўзбекис­тоннинг маданий мероси — Янги Ренессанс пойдевори” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда қирқдан ортиқ чет давлатлардан илм-фан вакиллари, шарқшунос олимлар, халқаро жамоатчилик намояндалари иштирок этди. Уларнинг маърузалари тингланди. Марказий Осиё ва Ўзбекис­тоннинг дунё тамаддуни ривожига қўшган ҳиссаси таҳлил этилди.

Конференция доирасида жумладан, Ўзбекис­тон маданиятига оид 114 та тарихий Қуръон қўл­ёзмаларини жамлаган китоб яратиш ҳақида ҳам гап кетди. Бу ҳақда австриялик ношир Александр Вильгелм лойиҳа тафсилотлари ҳақида маълумот берди. Унга кўра, Ислом динининг Муқаддас китоби Қуръони Карим 114 та сурадан иборат. Ло­йиҳада чет эллардаги музейлар ва кутубхоналарда сақланаётган Ўзбекистоннинг маданиятига оид 114 турли нусхадан биттадан сура олган ҳолда, уларни битта китобга жойлаш мақсад қилинган. Турли қўлёзмалардан олинган ҳар бир сура ўзи тегишли бўлган нусха ҳақида тасаввур ҳосил қилади.

Бошқа бир чет эллик олима эса маданиятимизга оид қўлёзма ва бошқа тарихий асарларга ишора қиларкан, бу каби ёдгорликларни яратган миллатга мансуб халқ — маърифатли халқдир. Мазкур бебаҳо меросни тарғиб этиш эса энг олий маснаддир, деди.

Конференция иштирокчиларининг юқоридаги каби сўз ва мулоҳазалари ҳақидаги кўрсатувни кўриб ўтириб, машҳур имомлар, мударрислар —халқимиз яратган ўлмас маданий мероснинг узоқ ва яқин даврларда яшаб ўтган улуғ тарғиботчилари хаёлимдан бир-бир ўтди. Улар орасида айниқса, кўп йиллар Тошкент шаҳар имом хатиби бўлиб ишлаб келган таниқли уламо, адабиётчи, навоийшунос олим, маърифатпарвар, зукко инсон Анвар қори Турсунов (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин) кўз ўнгимда яққол гавдаланди. Чунки маданий меросимизга боғлиқ бирон-бир янгилик, қўлёзма ёки янги нашрдан чиққан китоб бу уламонинг назаридан четда қолмасди. Булар ҳақида ўша куни ёки ўша жума намозидаёқ ўзи имомлик қилган масжид қавмига етказар эди.

Тошкент шаҳридаги қатор масжидларда, тўй-маъракаларда Анваржоннинг амру маъруфларини кўп бора эшитганман. Бу маъвизалар ҳар доим маърифат билан боғлиқ бўлиб, маданий меросимизнинг у ёки бу соҳасига бағишланар эди. Ўзим иштирок этган бирон-бир суҳбати бўлмаганки, унда янги топилган қўлёзма асар ёки эндигина нашрдан чиққан, ҳали босмахона ҳиди келиб турган бирон-бир китоб ҳақида гапириб, уни тарғиб этмаган, илм-маърифатга чақирмаган бўлса.

Оллоҳнинг китоби — Қуръони Каримда айтилган буйруқлар, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг Ҳадисларида келтирилган суннатларни шунчаки так­рорламас эди. Балки бу мўъжизани ҳаётий мисоллар асосида талқин этарди. Унинг насиҳатларида доим инсонга нисбатан улкан муҳаббат шундоқ акс этиб турарди. Оллоҳ томонидан одамийга фазл этилган Муҳаб­бат, меҳр туйғулари бу ҳаёти дунёда нақадар ноёб экани ҳақида кўп гапирарди. Ушбу байт унинг тилидан тушмасди:

Муҳаббатдан муҳаббат бўлди пайдо,

Муҳаббатсиз кишидин қоч Хувайдо!

* * *

Янги йилнинг биринчи Жумаси эди. Ўша кунги маъвизадан ёдимда қолганларини ҳамон эслаб юраман. Ёзганларим орасида янглишлари бўлса хато мендан.

— Ҳа, бугун вақтни бутун дунё милодий йил ҳисоби билан юритади, — деди Анваржон ўз маъвизасида… Аммо бу дегани янги йилни бошқаларга ўхшаб қўлига шампан шишасини ушлаб, эшикма-эшик кезиб, табрик айтиб юриш керак дегани эмас. Нима билан табриклайсиз, йил бўйи қилган гуноҳларингиз биланми? Ахир биз мусулмонмиз. Янги йилни олдинги йилда қилган гуноҳларимиз учун истиғфор айтиб кутиб олсак Оллоҳга хуш келмайдими?! Ҳазрати Али важҳаху айтдилар: “Менинг гуноҳ қилмаган куним байрам”, деб. Ё Оллоҳ, гуноҳ қилмаган кунимиз борми? Зотан, инсон доим зиён ичида… Истиғфор айтайлик, тавба қилайлик, зора кечирилганлардан бўлсак… Кеча ҳузуримга бир йигит келиб: “Астағфуруллоҳ”ни тўрт мингтага етказганини ва ишлари юришиб, оиласидаги кўнгилсизликлар ҳам барҳам топганини айтди. Мен ўша йигитга ишондим ва сизлар ҳам ишонинглар. Тавбада хосият кўп… Шу кунларда шаҳримиздаги китоб дўконларини бир китоб мунаввар этмоқда. Бу Абул Хасан Мовардийнинг “Адабут дунё” китобидир. Китобни уламоларимиздан Исмоил махсум араб тилидан таржима қилганлар. Бу ёғини сўрасангиз кечаги кунгача бўлган ҳамма имом домлаларимиз ҳужраларда шу китобни ўқишган. Унда дин, нафс ва умуман дунё билан бўладиган алоқаларимизнинг барча одоблари баён этилган.

Анваржон ўша кунги чиқишида “Шамоили Муҳаммадий” каби яна бир нечта диний ва ахлоқ-одобга оид китобларни ўз қавмига тавсия қиларкан: янги йилда мана шу мен айтган китобларни албатта ўқиб чиқинглар, деб тайинлади.

Намоз тугаб, ҳамма тарқагач, Қирғизистондан келган меҳмонларга қўшиб бизни ҳам масжид ҳужрасига таклиф қилди. Хонага кириб, дуои фотиҳадан сўнг шундай деди: “Аттанг, боя маъвизада бир гапни айтиш ёдимдан кўтарилибди. Байрам ҳамма замонда бўлган. Аммо у ахлоқ-­одоб доирасида бўлиши керак. Алишер Навоий бир ғазалида дўстлар дийдорини кўриш ҳар куни байрам, ҳар лаҳза Наврўз эканини тасвирлайди. Мана ўша ғазалдан бир байт:

Кўюнга ҳар кун бориб, ҳар дам кўрай дерман сени,

Менга ҳар кун байраму ҳар лаҳза наврўзе керак.

* * *

Анвар Турсунов ёшлигидан илм истади. Алишер Навоийнинг ижодига ўқувчилик пайтларидан шайдо бўлди. Ўзининг айтишича, бирон марта бўлсин кўчадан уйга уст-бошини чанг-тупроққа белаб кирмаган. Қўлидан эса Навоийнинг девони тушмаган.

Раҳматли Омонулла Мадаев бир суҳбатда шундай деган эди: “80-йиллар бошида бўлса керак, университетда Субутой Долимов раҳбарлигида араб ёзувини ўрганиш бўйича тўгарак ташкил этилди. Анваржон ўша тўгаракда домланинг ёрдамчиси бўлган. Унинг Алишер Навоий ижодидан ёзган курс ишини кўрган профессор Азиз Қаюмов ҳали талаба эканига қарамай музейга ишга олмоқчи бўлган. Биласизлар, мазкур музей қўлёзмаларга тўла эди. Ҳозир ҳам шундай”.

Демак, Анвар Турсунов араб ёзувини илгаритдан, балки болалигидан бошлаб билгандир. Чунки ҳам ота, ҳам она томонидан бувиларининг оғизларида илми бўлган. Дин арконларини ўша бувиларидан ўрганганини бир суҳбатида Анваржоннинг ўзи айтади.

Маълумки, Ўзбекистон телевидениеси 90-йиллар охирида “Ҳидоят сари” кўрсатувини ташкил этди. Анваржон айни шу кўрсатувда узукка қўйган кўздек порлади, ижоди баланд пардаларга кўтарилди. Бир диний уламо, адабиётчи олим, маърифат жарчиси ўлароқ элга танилди. Мазкур кўрсатувни халқ интиқлик билан кутадиган бўлди. Менинг назаримда айнан шу кўрсатувда чиқишлар қилиш, мавзуларнинг хилма-хиллиги, уларга тайёргарлик кўриш жараёни ҳам Анваржонни Ислом маърифати билимдони сифатида янада тоблади.

Ўша кўрсатувнинг муҳаррирларидан бўлган Икромжон Чориевнинг сўзларига кўра Анвар қори Турсунов ҳар қандай мавзу юзасидан мулоқотга доим тайёр бўлган. Фик­рининг тиниқлиги, сўзларнинг дона-дона ва тўғри талаффузи, гап орасида келтириладиган ривоятлар, Навоий, Фузулий, Машраб ғазалларидан келтирилган мавзу талаб иқтибослар кўрсатувнинг савиясини янада юқори кўтарган.

Анваржон ўз маъвизаларида буюк аллома, туркий халқларнинг фахри, “Тарихи Муҳаммадий”, “Туркистон қайғуси” каби мумтоз асарларнинг муаллифи Алихонтўра Соғунийни кўп тилга оларди. Унинг Шарқий Туркистонда кўрсатган жасоратлари ҳақида сўзларкан, инсонни севиш, динни эъзозлаш, халқни қадрлашни Соғуний домладан ўрганиш керак дея кўзларидан ёш чиқарди.

Камина узоқ йиллардан буён Алихонтўра Соғуний ҳаёти ва фаолияти билан қизиқиб келаман. 2014 йили “Соғуний соғинчи” номида кичик бир китобим чоп этилди. Мазкур китоб ҳақида матбуотда бирон бир сатр бўлсин сўз айтилмади. Балки ёзганларим ўқувчилар кўнглига ўтирмагандир, деб юрган кунларим Анваржон билан бир маъракада учрашиб қолдик. Гап орасида китобимни олгани ва ўқиб чиққанини, ҳатто масжид қавмига ҳам ўқишни тавсия этганини айтди. Бунгача Анваржоннинг “Минор” масжидида ўтган жума намози маъвизасида китоб ҳақида яхши гаплар деганидан хабардор эдим. Эътибор бергани учун раҳмат деб, Соғуний ҳазратлари ҳақида янги китоб ёзаётганимни ҳам билдирдим. Кейин эса ҳар кўришганимизда китобни қачон ёзиб бўлишимни сўрар, китобда келиши мумкин бўлган диний масалалар юзасидан маслаҳатлар берарди. Ҳатто китобнинг бир-икки бобини ўқиб, зарур тузатишлар ҳам қилди. Аммо “Соғуний” китоби нашрдан чиқишига бироз муддат қолганда мен учун жуда ҳам азиз бўлган Анваржон оламдан ўтиб қолди…

Бу машҳур уламонинг ҳаёт йўли бир текис кечмади. Бу ҳақда яна ёзилар. Аввало, Оллоҳнинг иродаси, қолаверса, меҳробдан чиқиб ҳар томонга қочган ва эл ўртасидаги обрў-эътиборини кўролмаган, туҳматлар қилган чаёнлар ҳам унинг умрини қисқартирди… Мевали дарахт­­га тош отилади, деб халқ бекорга айтмас экан. У айни шиғил ҳосилга кирган пайтида бу ёруғ дунёни тарк этди. Бундан албатта ўкинамиз. Аммо Анваржон бу ҳаёти дунё­­да шундай бир улуғ мақсаднинг амалга ошишига ҳисса қўшдики, илоҳим, икки дунё саодатига эришган бўлсин!..

Масжидларда имомлик, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар имом хатиби лавозимлари, “Ҳидоят сари” кўрсатувини олиб боришдек масъулиятли вазифаларгача Анвар Турсунов Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Таржима ва адабий алоқалар” бўлимида хизмат қиларди. Ўшанда 1989 йил эди. Бўлим маслаҳатчиси Анвар Турсунов Қуръони Каримни ўзбек тилига таржима қилиш ҳақида уюшма раҳбариятига таклиф киритади.

Унгача эса…

Катта қизим Малика 1976 йилда туғилган. Аёлимнинг юраги заиф бўлгани боис докторлар сунъий тўлғоқ тутдириб, чақалоқни етти ойлигида туғдириб олишди. Она-болага Тошкентда қарайдиган одам бўлмагани учун уларни Қорасув шаҳридаги ота эшигига олиб бордим. Бир куни телеграмма келди. Ҳали қирқи чиқмаган чақалоқнинг бўйнига бир яра чиқиб, касалхонага тушиб қолибди. Хабарни эшитибоқ йўлга чиқдим. Қизимни операцияга олиб кириб кетишаётган пайтда касалхонага етдим. Боламнинг тақдиридан хавотирда ўзимни қўярга жой тополмасдим. Кечагина туғилган бувакка бу дард қаёқдан илашди экан, деб ўйлаб, фарзандимга юрагим ачишарди. Ўша кунларни эсласам ҳозир ҳам этим увушади.

Хуллас, касалхонада туришга сабрим етмади. Ташқарига чиқдим. Муштдеккина, ҳали тирноқлари қотмаган, йиғлашни ҳам билмай, биғиллаб ётган норасида қизгинамнинг сурати нигоҳимда қотиб қолган эди. Ҳар қадам ташлаганда ўша суратни босиб бораётгандек бўлавердим. Ўзим билмаган ҳолда касалхона қаршисидаги боққа кириб қолибман. Бир пайт:

— Ўтиринг! – деган овоздан ҳушимга келдим.

Қаршимда ўрта бўй, тўладан келган, сочлари силлиқ таралган бир йигит чиғаноғимдан ушлаб, ёнидаги ўриндиққа ўтиришимни айтди.

— Тинчликми, меҳмон! Хаёлингиз қочган кўринади. Нима гап бўлди?

Менинг эса ҳа деганда тилим калимага келмас, унга тикилганча жим турардим.

— Келишингиздан касалхонадан чиқдингиз шекилли, бирон яқинингиз ётибдими?..

Ниҳоят, ўзимга келдим. Қизимни операцияга олиб кириб кетишганини айтдим.

— Худо йўлини очсин, — деди нотаниш йигит. – Сиқилманг, докторларимиз тажрибали, қўли енгил кишилар. Эсон-омон чиқади.

— Айтганингиз келсин! Кечирасиз, сизни безовта қилдим…

— Йўқ-йўқ. Ҳеч хижолат тортманг, — деди мулойим кулиб ҳамсуҳбатим. — Бир дўстимни кутиб ўтирган эдим. Ердан бошимни кўтарсам, қаршимда турибсиз. Кўринишингиздан бу ерлик эмаслигингизни сездим. Аввалига меҳмон экан, қаёққа юришни билмай турибди, деб ўйладим. Аммо сал бўлмаса йиқилиб кетишингизни кўриб, қўлингиздан тутдим. Ҳа, боланг азоб чекиб турса, тинч ўтиролмайсан одам. Ҳалак қилиб қўяди. Бошимдан ўтган. Ўзингиз қаерликсиз?

— Асли сузоқликман. Шу ердан уйланганман. Тошкентда истиқомат қиламиз.

— Хизмат қаерда?

— “Қишлоқ ҳақиқати” газетасида мухбирман. Исмим Ёқубжон.

— Э, шундан гапирмайсизми олдинроқ. Шеърларингизни “Ёшлик” альманахида ўқиганмиз. Ҳозир кутиб ўтирганим дўстим ҳам адабиётга жуда ишқибоз. Мен ҳам унча-мунча шеър ёзиб тураман. Фарғона педагогика инс­титутини тамомлаганман. Насиба Қорасувда экан. Шаҳардаги мактабда ўзбек тили ва адабиётидан дарс бераман. Исмим Йўлдошали.

Янги танишим сўзини тугатмай ёнимизга сочлари жингала, истараси иссиқ ёш бир йигит келиб салом берди.

Ўша йигит Алоуддин Мансур эди… Бу энди бошқа бир ҳикоя.

Шу тобда Алоуддинни эслашдан мурод 1989 йилда Анвар қори бош қўшган муборак ишнинг тафсилотларига тўхташ эди.

Шайх Алоуддин Мансур билан тошкентлик ижодкорларнинг дастлабки ўзаро мулоқотлари, қизғин суҳбатлари қачон ва қаерда бошлангани ёдимда йўқ. Бу учрашувлар назаримда азалдан бордай туюлаверади, менга. У инсоннинг Тошкентга келиши бир дўстимиз айтганидек, маърифат байрами эди. Алоуддин Мансурнинг бир сафар Тошкентга келиб, бизни Янгийўл туманидаги шогирдининг уйига таклиф қилганини яхши эслайман. Ўшанда биз у ерга Эмин Усмонов, Машраб Бобоев (иккала устозни ҳам Оллоҳ раҳмат қилсин) ва яна бир неча киши борган эдик. Агар хотирам панд бермаган бўлса, Анвар Турсуновни ана ўша янгийўллик шогирднинг уйида кўрган эдим.

Алоуддин мактабни битиргач, Марғилонда, диний таълимнинг ҳужра усули асосчиларидан бири Ҳакимжон қори даданинг қўлида сабоқ олади. У Қори даданинг энг илғор, хос шогирдларидан бири бўлган. Ҳакимжон қори ташкил этган ҳужраларда эса бутун Ўрта Осиёдан келган талабалар ўқиган. Алоуддин Мансурнинг нафақат Тошкентда, шунингдек, бошқа шаҳар ва қишлоқларда ҳам ёшлигиданоқ таниш-қадрдонлари кўп бўлгани шундан. Қалбларида муқаддас динимизга нисбатан меҳр-муҳаббат кучли ёнган одамларни Оллоҳнинг ўзи шундай бирбирларига яқин қилиб қўяркан. Бу яқинликдан эса ким баҳра олади, ким эса бизларга ўхшаб дарё бўйида туриб сувни кўрмай ўтади… Бу ҳам Оллоҳдан!

Хуллас, Алоуддин билан Анваржоннинг узоқ йиллар наридан устоз-шогирд мавқеида борди-келдиси бўлган. Шундан айтаманки, 1989 йилда Анваржон Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Таржима ва адабий алоқалар” бўлими бошқарувини олиб борар экан, уюшма раҳбариятига Қуръони Каримни ўзбек тилига таржима қилиш ҳақидаги таклифи бежиз эмасди. Албатта, бунинг сабаблари бор. Биринчидан, Анваржоннинг ўзи ҳофизи Қуръон эди. Иккинчидан, Алоуддин Мансур билан қачон бир мулоқотда бўлмасин суҳбатлари ҳар доим Каломи Шариф устида кечган. Устоз ва шогирд бу буюк Мўъжизани халқимизга ўз тилида етказишдек улуғ вазифа юзасидан ўзаро кўп марта фикрлашишган. Учинчидан, бу иш, яъни Қуръони Карим таржимасини амалга ошириш айнан ўзи фаолият юритаётган бўлим зиммасида эканини ҳис қилган (Худойим-эй, зиммаларида қандай улуғ вазифалар борлигини ўзлари билган ҳолда сезиб сезмаганга, кўриб кўрмаганга олган қанча-қанча одамлар дунёдан ўтди ва ўтяпмиз. Оллоҳнинг буйруқларини англаб етган ва уларни бажо этишда шижоат кўрсатган бандалардан бўлиш қанчалик шараф!).

Қуръони Каримни ўзбек тилига таржима қилиш хусусидаги таклиф албатта дастлабки ва муҳим қадам бўлди. Аммо ечилиши зарур муаммолар, бажарилиши керак ишлар ҳали бисёр эди. Бу муаммолар ва ишларни бажарган зотлар ҳақида ҳам ҳали кўп гапирилади. Улар орасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ўша пайт­даги раҳбари, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг ўша пайтдаги раиси, муфтий Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Шарқ Юлдузи” журналининг ўша даврдаги бош муҳаррири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов, ёзувчи Омон Мухтор, таниқли адабиётшунослар Озод Шарафиддинов, Алибек Рустамов ва бошқа биз билган-билмаган, мазкур савобли ишга ўз зиммаларидаги масъулиятни ҳис қилган ҳолда ҳисса қўшган одамлар бор эдики, эслаб ўтиш жоиз. Улар ҳақида ҳам хотиралар ёзиляпти, бундан кейин ҳам кўп-кўп ёзилади. То абад Қуръони Каримнинг тилимизга таржимаси, тафсирлари ҳақида гап кетса ўша одамлар албатта ёдга олинади. Балки уларнинг бошқа ишлари халқнинг ёдидан кўтарилар, аммо динимиз йўлида қилган улуғ хизматлари унутилмайди. Жумладан, Анваржоннинг ҳам.

Таклиф маъқуллангач, Анвар Турсуновнинг ишлари янада кўпайди. Алоуддин Мансур Қуръони Каримнинг таржимасини 23 ой деганда тугатди. Шу вақт мобайнида (1990-1992йй.) Қуръони карим “Шарқ Юлдузи” журналида ўзбек тилида узлуксиз бериб борилди. Анваржон ҳам таржимоннинг вакили сифатида ҳар ой Қорасувга қатнади. Оятларнинг ҳар бир жумласи, ҳарфи унинг назоратида бўлди. У пайтларда бугунгидек электрон хабарчилар йўқ эди. Барча ишлар қўлда, саҳифама-саҳифа назардан ўтказилар эди. Ҳар ой Китобнинг нашрга тайёрланаётган саҳифалари ўқиш учун таржимонга олиб борилади. Бирон бир имловий хато бўлса бордир, аммо таржима қилинган сўзларнинг ҳатто синоним сўзлар билан алмаштирилиши ёки бошқа таҳрирлар ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмасди.

Алоуддин Мансур ҳазратлари ўзининг бир суҳбатида: “Китобнинг журналда нашр этилиш жараёнида таҳрирларга мен қаттиқ турдимми ёки Анваржонми билмадим. Аммо бошқа муҳаррирлар ҳам бизни яхши тушунишди. Таржиманинг бирон ҳарфи ҳам ўзгармасдан чоп этилди. Бунда Анваржоннинг хизмати катта”, деб унинг дин йўлидаги меҳнатларига юксак баҳо берган эди.

Ҳар ой ёки ҳар ҳафта Қорасувга бориш Анваржоннинг жони дили эди. Қуръони Карим таржимаси битилган қўлёзмани таҳририятга мунтазам етказиб турди. Нашрга тайёрини эса Қорасувга, Алоуддин Мансур ҳазратларининг ҳузурига олиб борди. Шу тариқа икки йил деганда таржима ҳам, уни журналда чоп этиш ҳам ниҳоясига етди. Ўзбек халқи буюк бир маданий мерос­ни қўлга киритди.

Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистон маданий мероси — Янги Ренессанснинг пойдевори” халқаро коферен­цияси ҳақидаги кўрсатувни кўриб ўтириб, Анвар қори Турсунов ҳақида юқоридаги хотиралар хаёлимдан ўтди.

Ёқубжон ХЎЖАМБЕРДИЕВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × three =