ИСТЕЪДОДИ ҲАМ, ОҚИБАТИ ҲАМ БОР ЭДИ …

Набижон Собир билан бундан чорак аср илгари қувалик шоир Шокирхон Ҳакимийнинг укаси Ҳурматилло ака таништирган эди. Бир пиёла чой устида қилинган самимий суҳбат келгусидаги ижодий ҳамкорлик ва дўстлигимиз ришталарини боғланишига сабаб бўлганди.

Шу-шу ҳар гал хизмат сафари биланми, тўй-тўлқин сабаб­­ми Фарғонага борсам, албатта Ҳурматилло Ҳакимов билан учрашиб Набижон акани ҳам йўқлайдиган бўлдим. Республикамизнинг марказий газеталарида ишлаган пайтларим Фарғонадан бирор-бир мақола тайёрлаш керак бўлса, Набижон ака билан маслаҳатлашар эдим. Чунки у киши вилоят ҳаёти ва одамларини жуда яхши биладиган, оқни оқлигича, қорани қоралигича кўрадиган инсон эди. Қалби ҳавасларга лиммо-лим, ўзгаларга заррача ҳасади йўқ, бағрикенг ижодкор эди. У нафақат вилоятда, балки мамлакатимизда ҳам қалами ўткир журналист сифатида танилганди.
Набижон ака жуда кўп китоб ўқиган маърифатли бўлибгина қолмай, Аллоҳ унга кучли хотира ҳам ато этган эди. У билан бир суҳбатлашган киши яна гаплашишга ошиқарди.
Тошлоқ туманининг Садда қишлоғидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур кўчаси ўнинчи уйи. Бу файзли хонадонга Набижон аканинг падари бузруквори оламдан ўтганида борган эдим. Яқинда Қурбон ҳайити арафасида яна шу хонадонда бўлдим. Бир неча ой аввал бу фоний дунёдан у боқий дунёга риҳлат қилган устоз журналист Набижон аканинг руҳларини шод қилиш учун дуои фотиҳа қилдим. Турмуш ўртоғи Матлуба опа рўмолининг бир чети билан кўзидаги ёшини артар экан, ҳамдардлик билдириб келганимиз учун Аллоҳ рози бўлсин дейди. Матлуба опа Набижон аканинг жуда оилапарвар, фарзандларию набиралари тарбиясига эътиборли ота бўлганлигини алоҳида эслади…
Фарғона вилоят халқ таълим ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ҳудудий маркази директори ўринбосари, Набижон Собирнинг маслакдош дўстларидан бири Зикрилло Тешабоев шундай хотирлайди: “Набижон ака билан у “Халқ сўзи” газетаси мухбири сифатида 2005 йилда Қўштепа туманига борганида танишган эдик. Шундан бери тез-тез учрашадиган бўлдик. У бизга ҳам устоздек, ҳам отадек бўлиб қолганди. Дунёни ичига сиғдирган, қувваи ҳофизаси кучли, мард ва холис инсон эди. Мен у кишини устозим деб ҳисоблайман. Набижон акани ҳатто тирик энциклопедияга қиёслар эдим. У киши билмайдиган соҳа йўқ эди. Вилоятдаги катта-кичик раҳбарлар бу одамнинг олдига маслаҳатга келиб турарди. Устоз уларга беминнат маслаҳатларини берибгина қолмай, муаммоларини ечиш йўлларини ҳам кўрсатар эди. Ўзидан яхши инсон деган номни қолдириб кетди. Илоҳо жойлари жаннатда бўлсин”.
Чиндан ҳам Набижон ака нафақат уни билганларга, балки ҳаммага бирдек меҳр-оқибат кўрсатишга қодир бўлган ажойиб дўст эди. Ушбу ёзганларимиз оғамизнинг инсонийлик хислатларидан бир шингил холос.
Набижон Собир давлат ва жамоат ишларида ҳам фаол эди. Бир неча бор Президент сайловини ўтказиш бўйича Фарғона вилоятида сайлов округи раиси бўлди. Фикри тиниқ нотиқ бўлиш билан бирга муомала санъатининг устаси ҳам эди.
Аммо баландпарвоз чиқишлар қилиш унинг табиатига хос эмасди, шуҳратпарастлик кўчасидан юрмайдиган журналистлар тоифасидан эди. Касби ва касбдошлари шаънини ҳимоя қилишга астойдил бел боғлаб уддасидан чиқа оладиган маҳоратли муҳаррир эди. “Фарғона ҳақиқати” ва “Марғилон ҳақиқати” газеталарига бош муҳаррирлик қилган пайтларида ҳар икки газетанинг мазмунли чиқиши ва ададининг салмоқлилиги жиҳатидан эътироф этиб келинарди.
У қайси жамоада ишламасин таҳририят аъзоларининг тўй-маъракалари Набижон акасиз ўтмас эди. Ҳамиша барчага имкон қадар кўмак беришга интилар эди.
Бу ҳаёт, эзгулик атрофида ёмонликлар ҳам ўралашиб юради. Шундай дамларда ижодкорнинг ожиз юраги дош беролмай қолади. Набижон ака ҳам юраги бетоблиги учун узоқ йиллар муттасил даволаниб юрарди. Аммо барибир ўзи дардманд бўла туриб, одамлар дардини ўйларди. Инсон табиати шундай — дард излаганлар дармон бўлганларга талпинаверади. Набижон акани ҳам сўроқлаб келувчилар кўп эди. Дўстларининг хотирлашича, унинг даргоҳидан бирор киши ноумид қайтмаган.
Набижон Собир номи билан китоблар чоп этилган. Улардан бири “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган юксак унвонга муносиб топилган, фахру ифтихоримизга айланган инсонлар ҳақидаги “Фарғоналик Қаҳрамонлар” китобидир. Ушбу рисолада қаҳрамонларимизнинг ҳалол меҳнати, она юртга чексиз муҳаббат билан йўғрилган ҳаёт йўллари очиб берилган бўлиб, бу китоб ўзбек, тожик, рус ва инглиз тилларида нашр этилганлиги билан ҳам ажралиб туради.
Уч нафар ўғли ва қизининг суюкли отаси, тўрт нафар набиранинг меҳрибон бобоси камтаринлик кўчасидан юриб, ҳавас қилса арзигулик ҳаёт кечирди. Турмуш ўртоғи ва ўғли билан унга Ҳаж амалларини бажариш ҳам насиб этган эди.
Биз бир-биримизни байрамларда, таваллуд айёмларида табриклаб йўқлар эдик. Бугун йигирма саккизинчи июль. Агар катта истеъдод эгаси, таниқли журналист — Набижон Собир ҳаёт бўлганида олтмиш саккизга кирар эди…
Минг афсус, ҳаётдан эрта кетди. Лекин юқорида айтганимиздек, дилимизни юпатадиган бир таскин бор: у кишидан яхши ном, яхши хотира қолди.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Республика “Тасвирий ойина”
ижодий уюшмаси бошқаруви
раиси ўринбосари, журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × two =