ҚАТАҒОНДАН ЧЎЧИМАГАН САРДОР

31 август — Қатағон қурбонлари хотирасини ёд этиш куни

Маълумки, аксарият инсонлар Сталин даврида амалга оширилган қатағон даврда ҳамма сукунат билан рўй бераётган даҳшатли воқеаларга муносабат билдирмаган, деган тасаввурда.Чунки тоталитар тузумда қарши фикр билдиришнинг ўзи, қатағон қилинаётганларга ачиниш туйғусининг ифодаланиши, айбланаётган инсонларга шериклик дея баҳоланиши мумкин эди. Аммо тарихий ҳужжатларга кўра, ҳали қатағон тўлқини бошланмасидан олдиноқ, жамиятда бўлиб турган мудҳиш воқеаларга қарши фикр билдирган инсонлар бўлган. Ана шундай жасоратли одамлардан бири Исроил Ортиқов эди.
Хўш, Исроил Ортиқов ким эди?

Бу шахс тақдирига тўхталишдан олдин, Хоразм вилояти мисолида шу даврда бўлиб ўтаётган воқеаларга бир назар солсак.
Аслида “Катта террор” давридаги тозалашга олдин “фатво” берилган — 1923 йилнинг 12 июнь куни Москвада бўлган РКП(б)нинг тўртинчи йиғилишида “халқлар отаси” И.В.Сталин нутқ сўзлаб, унда шундай таҳдидона фикрларни билдириб ўтганди: “…Хоразм ва Бухоро ҳақидаги нутқимга қайтаман. Хоразм тўғрисида хоразмлик вакиллар бугунги йиғилишда қатнашмаётганлиги сабабли гапириб ўтирмайман. Қўлимдаги материаллар билангина Хоразмдаги партия, давлат ишини баҳолаш адолатдан эмас. Бу ерда Хоразм тўғрисида Бройдо нима деган бўлса, буларнинг ҳаммаси ўтмишга тааллуқлидир. Хоразмнинг келгусидаги аҳволи учун бу катта аҳамиятга эга эмас. Партия тўғрисида у (Бройдо) партия аъзоларининг 50 фоизи савдогарлар ва бошқалардир деди. Балким бу ўтмишда шундай бўлгандир. Лекин Хоразмда ҳозирги пайтда тозалаш олиб бориляпти. Ҳали Хоразмга бирорта партия билети берилган эмас. Партия тўғрисида тозалашдан кейин гапирса бўлади. Айтишларича, Хоразмда бир неча минг партия аъзоси бор. Ўйлайманки, тозалашдан кейин у ерда 100 дан ортиқ партия аъзоси қолмайди. Бухорода ҳам ўтган йили шундай аҳвол мавжуд бўлиб, 16 минг партия аъзоси бор эди. Маълумки, тозалашдан кейин 1000 дан зиёд партия аъзоси қолди”. ( И.В.Сталин, Тўла асарлар тўплами, 1947 йил, 5-том, 330-бет, Москва).
Сталиннинг бу фикри кўп йиллар давомида дастуриламал вазифасини ўтади. Натижада жойларда тозалаш, коллективлаштиришга қарши бўлган мулкдорларни “қулоқ”, “ёт унсур” дея қамаб, сургун қилиш, эркин фикрли, эътиқодли инсонларни таъқиб қилиш авж олди.
Биргина 1929 йилда хонлик даврида қозикалон, Хоразм Халқ Рес­публикаси даврида адлия нозири бўлган Бобоохун Салимов 1907-1912 йилларда Истанбул университетида ўқиган, кейинчалик ХХР маданият нозири бўлиб ишлаган мулла Бекчон Раҳмоновлар жадид зиёлиси сифатида ўз уйларида отиб кетилади.

Ёки Боғот қиш­лоғилик мулла Матёқуб Матниёзов 1928 йил 30 декабрда “Большевиклар Хоразмни “соғин сигир”га айлантириб қўйдилар, аввалига солиқ солдилар, ҳар хил заёмлар тақсимладилар, эндиликда эса бойлардан ерларини тортиб олмоқдалар. Мана сизга жонли мисол: заём берганларида “ютиб оласизлар”, ўз деҳқон хўжалигингизни яхшилаб оласизлар” деб айтишди, лекин ким ютуққа эга бўлди? Ҳеч ким. Гўё хўжаликни яхшилаб оласизлар, деб ширкатдан аванс бердилар, энди бўлса шу ссудани талаб қилмоқдалар, баҳорда деҳқон 100 сўмга сотиб олган ҳўкизни ҳозирда 40 сўмга сотади, чунки бутун ёз бўйи ишлаб топган пулни заём ва солиқ учун олиб қўйишмоқда, деҳқон ссудани тўлаш учун сотишга мажбур бўлмоқда”, дея ҳақиқатни кўпчилик олдида айтгани учун “қулоқ” сифатида сургун қилинади.
Ўша даврда қулоқ қилинган фақатгина у эмас эди. Қурбон Берегиннинг ёзишига кўра, “1928 йилнинг ўзида, Хоразм округи бўйича собиқ хон амалдорлари, тўраларнинг 200, руҳоний уламоларнинг 52, савдогарларнинг 141, судхўрларнинг 13, жами эса 532 мулкдор хонадоннинг хўжалиги тугатилиб, улардан 899273 таноб ери тортиб олинган. Шунингдек, 220 от, 80 туя, 229 ҳўкиз, жами 605 иш ҳайвони, 202 арава, 1040 та кунда, паза, ўроқ, кетмон, белкурак, яна 404 чиғир, 2 машина двигатель, 1 насос, 36 мой жувозлари, 13 гуруч жувози, 80 тегирмон, 246 та турар-жойлари тортиб олиниб мусодара қилинади” (Қ.Берегин, “Хоразм округида меҳнатсиз хўжаликларни тугатиш якунлари”, Самарқанд-Тошкент, 1930 йил, 44-бет).
Бундан ташқари, “тугатилган хўжалик­лардан қишлоқ аҳолисига таъсир қилувчи зарарли деб 18 бой, 14 собиқ хон хонадонига қарашли тўралар, 10 руҳонийлар, 8 савдогарлар, 4 судхўр, жами 55 киши топилди ва улар район ер комиссиялари томонидан зарарли деб топилиб, округ доирасидан сургун қилинди” (Қ.Берегин, юқоридаги китоб, 45-бет).
Ана шундай қалтис бир вазиятда бегуноҳ қулоқ ва қатағон бўлаётган инсонларни ажал домидан сақлаш мақсадида, кўпдан-кўп кишилар ноҳақ туҳмат, турли гумонлар билан азоб чекаётганликларини, ўша пайтда Ўзбекистон ёшлар қўмитасининг саркотиби бўлган Исроил Ортиқовгина айта олган. Ортиқов Хоразм мисолида воқеаларга баҳо бериб ўтади.
У 1932 йилнинг 23 августида бўлиб ўтган ёшлар анжуманида мардлик билан беайб қатағон қилинаётган одамларни ажал домидан қутқаришга интилади: “Мана сизларга ахлоқ тузатиш уйида бўлиб ўтган бир факт. Бу ерда 15 ёшида 3 йиллик қамоқ жазосига (бу тўғриси даҳшат) ҳукм қилинган бир бола ўтирибди. Бу бола ҳозиргача қамалиб ётиб, ёши 17 га етган. 16 ёшдаги бир бола бўлса, от ўғирлаб кетаётган одамни кўрган, лекин ўғрини ушлаш қўлидан келмаган, аммо ўғрини кўрганини сўзлагани учун қамалган. Ёки бир отни миниб айланиб юрганлиги учун, телба бўлиб қолган ўзбек аёлини қамашган. Шифокор бу хотиннинг телбалиги, уни суд қилишга қонун йўл қўймаслиги ҳамда уни тезлик билан озод қилиш зарурлигини кўрсатиб тушунтириш хати берса-да, прокурор уни қабул қилмаган.
Янги Урганч қамоқхонаси бошлиғи, партия аъзоси, “Қизил Меҳнат” нишони билан мукофотланган Матчонов қонунларнинг бузилишига йўл қўйган. Бу киши қамоққа яқин қариндошларини кўриш учун келадиган хотинлар чиройли бўлса, аввал қамоқхона бошлиғи олдига киришни ёзилмаган қонун даражасига чиқарган… Аёлларга шундан кейингина ўз қариндошларини кўришга ижозат берилган.
Ёки, бир камбағал бечора эса заём учун 10 сўм қарздор бўлган, унинг камбағаллиги инобатга олиниб, қарзни тўлаш бир ҳафтага кечиктирилган. Шундай бўлса ҳам шу иш учун бу камбағални аксилинқилобчиликда айблаб суд қилганлар” (Тошкент, ЎЗДАВНАШР, 1936 йил, 17-бет), дея ёшлар анжуманида минбардан туриб жасорат билан нутқ сўзлайди.
Шунингдек, Исроил Ортиқов, маданий турмуш каби сиёсатлар натижасида меҳнаткашларнинг аҳволи оғирлашаётганини, турмуш шароити ортга қараб кетаётганини, айирмачилигу шовинизм авж олиб, ишга қабул қилишда ҳам бунга эътибор қаратилаётганлигини танқид қилиб, дадиллик билан шундай дейди:
“Байналмилал тарбия деймизу, колхозга қозоқларни қабул қилмаслик, ёғ заводи ва бошқаларга улуғ рус давлат шовинизми каби муносабатлар бўлган чиқишларни кўрамиз” деб алоҳида таъ­кидлаган.
Шу каби ўша даврда авж олган маданий турмуш даражасида яшаяпмиз деган ақиданинг ҳам нотўғрилигини айтади: “Мен бир уй билан танишдим. Мана шундай бир том тагида бўлган қоронғи, зах уйларда бир хонада хотинлар яшайди, иккинчи хонада эркаклар яшайди, булар билан бир қаторда отхона жойлашган. Ушбу одамлар ёнида от, туя, ҳўкиз. Эшаклар боғланган. Ахлат чуқури ҳам ўша ерда. Ҳамма бинолар лойдан, тупроқдан ишланган бўлиб, ёғочдан ишланган иморатлар бутунлай йўқ” (ўша асар, 27-бет).
Кўрганингиздек, ҳамма ёппасига “ура” деб турган, қатағон авжига чиққан пайт­­да жамиятни, қолаверса, рус-совет шовинизмини танқид қилиш учун ҳаммадаям журъат, метин ирода топилавермасди. Исроил Ортиқов эса буни минбардан туриб ёшлар анжуманида ҳақиқий аҳволни, совет тузумининг нақадар қирғинбаротли ва жирканч иллатларга тўла эканлигини дадил, баралла айта олган.
Гарчи, ушбу нутқи билан Исроил Ортиқов қатағон “машинаси”ни тўхтатиб қололмаган бўлса-да, ноҳақдан айбланаётган инсонларни ажал домидан қутқаришга интилган, ўз даврининг мудҳиш сиёсатини ҳаққоний танқид қила олган эди. Бу советларнинг ситамли, хусусан, Сталиннинг қатағон сиёсати авж олган даврда рўй бераётган камчиликларни ҳаққоний, минбардан туриб айтилган ягона ҳодиса деса ҳам бўлади.
Хўш, фидойилик кўрсатган жасоратли Исроил Ортиқовнинг ҳаёти қандай кечган эди?
1907 йил Қўқонда ҳунарманд оиласида туғилган Исроилнинг отаси 1918 йил Қўқон мухторияти дашноқлар томонидан қонга ботирилганда вафот этганди. Онаси эса 1920 йилда ҳаётдан кўз юмади. Шу тариқа тақдир зарбалари боис Исроил темирйўл идорасида ишловчи акаси Аҳмаджон қарамоғида вояга етади. Балоғатга етгач акаси билан темир йўлда ишлай бошлайди.Саводини шу ерда ишловчи ишчилар орқали чиқарди. Русчани ўрганади.
Маълумки,1925-30 йиллар оралиғида Ўзбекистон бўйлаб ёшлар ташкилотининг қад тиклаши ва ўз сафларига шижоатли ёшлар жалб этиш даври бўлган. Ана шу жараёнда қалбидаги бир олам эзгу ҳислар билан Исроил ҳам 1925 йилдан ёшлар ташкилотига аъзо бўлиб кирди, унинг тадбирларида иштирок этди. 1928 йилда унинг ташкилотчилиги эътиборга олиниб, Боғдод тумани ёшлари ўзларига саркотибликка сайланди.1929-30 йилларда эса Қўқон, Олтиариқ тумани ёшлар ташкилотига раҳбарлик қилди. Бу йилларда у давр тўфонлари боис етим қолган ёшларни мактаб, интернатларга жалб қилиш, ёшларнинг саводини чиқариш, ташкил этилаётган колхоз, заводларга ишга жалб этишга уринди. Натижада ёш ташкилотчи И.Ортиқов 1930 йил декабрида Ўзбекистон ёшлар ташкилотининг бўлим мудирлигига, 1931 йил февралидаги 5-қурултойда эса республика ёшларининг саркотиби этиб сайланди.
Республика миқёсидаги бундай катта, масъулиятли ишга 24 ёшли йигитнинг муносиб кўрилганига сабаб, унинг одамлар билан муомаласидаги самимийлиги, ёшларни атрофида уюштира билиши, уларни олға етаклай олиши, ташкилотчилигида эди. Шу тарзда у бевосита жойларда бўлиб вазиятни ўрганиш мақсадида Самарқанд, Фарғона, Наманган, Сурхондарё, Хоразм округларига сафар қилиб, ёшлар орасида бўлди, уларни қийнаётган муаммоларга дуч келди. Муаммоларни бартараф этишга интилиб, округ, респуб­лика раҳбарларига мурожаат қилди.
У ўша пайтда қурилаётган Қувасой цемент заводи, Чирчиқ электрохимия комбинати, Тошкент тўқимачилик комбинати, Қўқон, Бухоро, Самарқанд пахта йигирув фабрикалари, Марғилон шойи тўқиш комбинатларига ёшларни жалб этиш, уларга зарур шароит яратиш учун ўша жойларда бўлди. Саводли, интилувчан ёшларни эса Москва, Петербургга юбориб ўқитишга интилди. Уни ёшлар ва республика, округ раҳбарлари кабинетда ўтирмайдиган раҳбар дея аташар, у эса бундан қувонарди. Афсуски, шундай шижоатли инсоннинг боши устидаям 1937 йилдаги қатағон қуюни айлана бошлади. 1937 йилнинг 14 октябрида ҳибсга олиниб, 1938 йил 5 октябрида “халқ душмани” дея отиб ташланади. Бу пайтда у эндигина 31 ёшга тўлганди…

Умид БЕКМУҲАММАД.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × four =