ЮПАНЧЛИ МАКТУБ

59 йил муқаддам Москвадан Тошкентга – Эркин Воҳидовга йўллаган мухтасар хатимнинг нусхаси топилди. Москванинг марказий кутубхонасида газета қатламларини варақлаб ёш шоир Эркин Воҳидовнинг асарларини ўқиб дафтарга ярим қоғозлик матнни ёзиб қўйган эканман. Уни ётоқда оққа кўчириб Тошкентга юборган эканман. Минг-минг китоб, қўлёзмалар нусхалари, машинкадан чиққан сценарийлар ҳамда турли мавзу ва даражадаги муҳокамалар, стенограммалари, камина мақолалари чоп этилган газета ва журналлар қатламлари, кассеталар, дисклар, мактублар орасида қалин тўлғазилган дафтарнинг бир саҳифасига тузатишлар билан муҳрланган тўрт эллик хат 1963 йилнинг саккизинчи март куни Москвадан Эркин Воҳидовнинг уйига юборилган экан.
Мактубнинг ўша — биз топган нусхасини суратга олиб муштарийга, китобхонга кўрсатиш истагида бўлдик. Сарғая бошлаган оқ қоғоз, ўша давр хати, ҳатто паспортда ёзилган исмим (“Ҳамидулла”) эмас, яқин дўстларим талаффуз этадиган яна бир исмим – “Санжар” деб ёзиб қўйилган. Мактуб ёзилган дафтарда давр белгилари, илмий фаолият режаси Мос­ква вилоятидаги фильмлар фондида кўрилган, баҳолиқуд­рат таҳлил қилинган “Қасам” (1937 й.), “Асал” (1940), Худойберган Девоновдан қолган ноёб мерос – Хоразм воҳасининг ХХ аср бошларидаги кўринишлари… Ёзувлар Мос­ква – Тошкент йўналиши бўйича ҳаракат қиладиган ўн тўртинчи поезднинг ўн биринчи вагонидаги купенинг 17-19 ўринларидан жой олганимиз ҳам ёзилган. Ҳамроҳим кейинчалик халқ артисти даражасига кўтарилган композитор Икром Акбаровнинг қаллиғи Неонилла Сергеевна бўлган экан. У билан жуссали бекатида бир зум нарх-навони билган эканмиз. Бир кило гуруч 1 сўм (аслида рубль – у кезлари).
Бизга қадрли бўлган топилманинг айрим тафсилотларини ҳам келтирганим учун узр сўрайман. Мен учун қадрли хат макон топган фурсатнинг бир-икки белгиси ўша дафтарда бор экан.
Сохта камтаринликни йиғиштириб қўйиб мактуб матнини келтириш ва менга муҳим бўлган бир-икки жиҳатини қаламга олай.
“Эркинжон! Кечикиб бўлса-да, “Ўзбекис­тон маданияти”даги шеърингизни ўқидим. Севикли шоирим Ҳ.Олимжон асарларини варақлагандай бўлдим. Завқ олдим! Раҳмат! Баъзан ижодингизда қийинчилик бўлса-ю қаламингизга (ва ўзингизга!) бироз дам бермоқчи бўлсангиз, мен каби кўп шеърхонларингизни эслаб, ниятингиздан қайтинг!..
Ҳар йили “Навдаларни безаб ғунчалар” энди икки шоир дилимни хурсанд қиладиган бўлди. Янги шеърларингизга муштоқмиз.
Санжар.
8.05.63”.
Эркин “ўзига дам берганини” билмайман. Лекин нохуш кайфиятда кўриб мулоҳазамни айтганман. Ҳамиша самимий, камтарин суҳбатдошим аниқлик киритган, вазият ва ҳолатга.
– Юқори лавозимга тайинланибсиз. Табрик­лаётгандир. Мени фикрим ўзгача. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт — бу катта даргоҳ. Адабиётдан ташқари санъатнинг барча турлари бў­йича китоб тайёрлайди. Демак, сиз қоғоз, тираж, китоб савдоси, молиявий-иқтисодий ташкилий ишлар билан банд бўласиз. Пулни ассигна­цияни ёқиб печкани иситгандек гап бу. Ижодий кучга тўлган вақтингиз ҳозир. Куч-қудрат беҳуда кетмаса эди…
— Тўғри англабсиз. Директор этиб та­йинлашмоқчи бўлганларида розилик бермаган эдим, нашриёт, полиграфияни мендан яхши биладиганларнинг исми шарифини айтдим… Ҳайрон бўлдим…
— Мажбур қила олмайдилар-ку! Икки марта менда шунақа воқеа бўлган. Аразлаб, пар­тияга ўтказмаймиз, деб туриб олишган. Партияга ҳали муносиб эмасман, тайёр эмасман. Ариза бермаганман, — деб қутулганман.
— Менда ўзгача бўлди. “Кўп таклифларимизни рад этдингиз. Яхши лавозимлар эди. Энди биз ҳам тақдирингизни ўйлаб кўрамиз” дейишди. Ўзим етим ўсганман. Болаларим ҳам етим ўтмасин, деб қабул қилишга мажбур эдим “таклифни”.
Зил кетдим. Иккимиз жим қолдик. Навоий кўчасида эдик. Эркин катта бинога ишора қилиб, куни кеча қилган ҳазилини айтиб, маъюс кайфиятдан чиқарди суҳбатдошини.
— Мана бу бинода полиграфияни барча тармоқларини биладиган мутахассис ишлайди. Фамилиянгиз бир хил Акбаров, исми Адҳам. Уни учратиб қолдим. Эшитган экан янгиликни. Табриклади мени. Мен жавобан айтдим:
— Энди Адҳам ака сиз шеър ёзинг, мен китоб қилиб чиқазай.
Кулишдик. Жимгина тарқалдик. Иккимизнинг ўйларимиз яқин бўлгандир шу дамда. Сиё­сатга, мафкурага авторитаризм тамойиллари таъсир этишининг оқибатлари ҳақида ўйлашимиз табиий бир ҳол эди.
Кейинчалик “Ўзбекфильм” киностудиясига бош редактор этиб Эркин Воҳидов тайинланиши ҳақида кўп овозалар бўлди. Студия кутди ҳам уни. Бош редактор хонаси узоқ бўш қолди. Киностудиянинг ўша дамдаги серқатнов зинапояларини Эркин ҳатлаб ўтмади.
Шарқшунос олим, малакали таржимон, профессор Шоислом Шомуҳамедовнинг севикли қизлари Саодатхоннинг тўйига борганимизда Эркин айтган сўзларни кўп эслайман. Озод ака Шарафиддинов Эркин, мен рафиқам Моҳира билан ичкари хонада қалин зиёфат лаззатини тотиб кўриб, ҳовлига чиқиб, очиқ ҳаводан баҳраманд бўлиш ниятида қўзғалдик. Кенг ҳовлининг тинч, осойишта этагига жой қилиб беришди. Ширакайф Озод ака озода, файзли ҳовлини томоша қилаётгандай шунчаки, бир жумлани айтиб синовчан кўзларини шоирга аста қаратди:
— Занг қурғур темирга ёпишиб олса аста чиритиб боради-да, Эркин. Шуҳрат деган нарса ҳам шундай эмасмикин?!
Риторик тарзда берилган савол маъносига тушуниб етган, эл-юртда машҳур Эркин Воҳидов дарҳол жавоб берди:
— Озод ака, инсон кўп нарсага чидай олади — очликка, иссиққа, совуққа, меҳнат машаққатига. Аммо шуҳрат синовига бардош бера олармикан? Менимча, чидай олмайди.
Эркиннинг ўзи бардош берди. Халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони бўлди. Лекин камтаринлигича қолди. Мақтовли иш қилмагандирман. Лекин эъзозли дўст, буюк шоир Эркин Воҳидовнинг “Халқ сўзи” газетасида ёзганлари менга қадрли: “Тақдир тақозоси билан рус мактабларида ўқиб, русча таълим олганлар ичидан ўзбек тилининг энг курашчан жонкуярлари чиқдилар. Машҳур санъатшунос Ҳамидулла Акбаров, менинг курсдош дўстим, рус филологияси факультетини тугатган. У ўзбек санъати, тили, адабиётининг куюнчак тарғиботчиси”.
Кейинги учрашувларимиздан бирида Эркин тўнғич ўғлим Отабекнинг дипломатлик фаолияти билан қизиқиб: “қайси юртга борсам олдимда Отабек пайдо бўларди-я!” — дерди. Хайрлашаётганида кўпинча:
— Учрашганимизда хурсанд бўламан. Ҳали бор экан-у, бемалол юрсак бўларкан-ку, — деб куларди, менинг ҳам кайфиятимни кўтарарди… Ундай шахсни кейин учратганимча йўқ.
Биз янгитдан “ихтиро қилган мактуб эса соғинч устун турган дамларда юпанч бераётгандек бўлиб қолди. Дўстлар бир-бирини аста-секин ташлаб кетар экан-ку… Шоир Эркин Воҳидов ўтган аср 80-йилларининг биринчи ярмида эътироф этилган-ку! Бу нурли олам соҳиби эса ўзини шоир эмас, шеър шайдосиман деб юрган, ёзган вақтлар бўлган-ку! Дастлабки девонлари номини “Дебоча” сўзи билан бошлашни истаган. Мен шабнам сўзи латиф тонгни эслатади. Сизни шеърият оламидаги шундай фасл эмасми, деганимни эслатди дафтар саҳифасига ёзилган сўзлар. Бу суҳбат Навоий номидаги опера ва балет театрининг ёнгинасидаги редакциялар биносида бўлиб ўтган. Мен “Камолат” деб номланган мақоламни олиб келган эдим. Эркин ўқиб “Камолот” деб ёзилмасмикин деган эди одоб сақлаб.
Ҳамидулла (Санжар)
АКБАРОВ.
Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 + 13 =