Шифокорлар нажоткорми ёки айбдор?

Юртимизда байрам шукуҳи, Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги кенг нишонланмоқда. Қаерга боқсангиз, ҳар ёқда тўю тантана. Аммо шундай фараҳбахш кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган бир-биридан хунук хабарлар кўнгилни хира қилади. Масалан, айрим фуқароларнинг шифокорларга қилаётган муомаласи ҳақида тўхталамиз.

Жорий йилнинг 4 август куни ўзбек сигментидаги ижтимоий тармоқларда “Наманганда шифокор аёвсиз калтакланди”, “22 яшар йигит шифокорни аёвсиз калтаклади” сарлавҳали видеохабарлар тарқалди. Маълум бўлишича, Наманган шаҳар “Янгиқурилиш” МФЙда жойлашган 10-сонли оилавий поликлиникада шифокор бўлиб ишловчи, 1994 йилда туғилган Н.К.нинг қабулига Наманган шаҳрида яшовчи 1999 йилда туғилган Б.Н. ва унинг акаси 1996 йилда туғилган Г.Н. соғлиғи яхши эмаслиги ва тана ҳарорати кўтарилиб кетганидан шикоят қилиб, тиббий ёрдам сўраб келади. Сўнг шифокор Н.К. тиббий кўрикни ўтказиб, тана ҳарорати кўтарилмаганлигини айтганида, фуқаро 1999 йилда туғилган Б.Н. нотўғри ташхис қўйилди, деб жанжал кўтариб шифокорни дўппослаб кетади.

Қайд этилишича, шифокорни олган тан жароҳати бўйича судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Экспертиза хулосасига кўра, шифокор соғлиғининг бузилишига сабаб бўлган “енгил” тан жароҳати етказилгани аниқланган. Ҳолат бўйича Наманган шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қанийди шу ҳаммаси бўлса. Афсуски, бу каби хабарлар соат сайин интернет саҳифаларини тўлдириб, уларнинг сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Натижада биз ҳар 2-3 хабарнинг бирида “Тошкентда икки нафар шифокор калтакланди”, “Тошкентда маст бемор шифокор аёлни калтаклади”, “Пастдарғомда тиббиёт ходимларига тажовуз қилинди” сингари хабарларни ўқишга мажбурмиз.

Кўп узоққа борманг, эътиборингизни яна водийга — Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманига қаратмоқчимиз. Яқиндагина интернетда тарқалган туғуруқ бўлимида эркак киши неварасининг ўлими сабабли ҳамширанинг сочидан тортиб судраганлиги, аёлга нисбатан куч ишлатгани ҳақидаги видеолавҳа қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди ва ҳамон бу мавзу долзарблигича қолмоқда.

Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг 25 август куни Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Нурсух қиш­лоғида истиқомат қилувчи фуқаро М.С. (1998 й. т.) туман тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимига қабул қилиниб, 26 август куни соат 16:00 ларда оғир аҳволдаги чақалоқни дунёга келтирган.

Туғуруқни акушер-гинеколог Ю.А. ва шифокор-неонатолог Ҳ.Н.лар қабул қилган. Дастлабки тиббий текширувлар натижасида болада она қорнидалик даврида эмбрионал ривожланиш ва ҳомила органларининг пайдо бўлиши бузилган ва нуқсонли ривожлангани аниқланган. Натижада гўдак тўлиқ ривожланмаган органлар билан туғилган. Қолаверса, чақалоқда туғма нуқсонлар кузатилиб, боланинг ўпкаси 70 фоизга ривожланмаган.

Чақалоққа кўрсатилган ёрдам самара бермай у 27 август куни соат чамаси 12:20 да вафот этган. Шундан сўнг чақалоқ мурдаси ва тиббий ҳужжатлар паталогоанатомик текширувга юборилган.

Шифокор Ҳ.Н. чақалоқ вафот этганлиги сабабли шу куни соат чамаси 12:30 ларда гўдакнинг буваси, ички ишлар собиқ ходими бўлган фуқаро С.С.ни чақириб, унга вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилган. Бироқ С.С. муассаса туғуруқ бўлимининг врачлар хонасида туғуруқ тарихларини ёзиб ўтирган ва туғуруқни олиб борган Ю.А.нинг олдига бориб, уни сабабсиз сочидан тортиб, ташқарига судраб олиб чиқиб, жиддий тан жароҳати етказган.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг изоҳ беришича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахс процессуал тартибда қўлга олинган. Жиноят иши бўйича Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Интернет тармоғи бу каби хабарлар билан лиқ тўла. Ишонаверинг. Афсуски, инсонлар сўнгги пайтда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қотилликларга қўл уришяптики, эшитиб ёқа ушлайсан киши. Савол туғилади: Фарғона вилоятидаги шифокорлар қўлидан келган барча ишни қилган бўлсаю, чақалоқ нобуд бўлса, фуқарога ҳамширани шунчалик хўрлашга  ким ҳуқуқ берибди? Норози экан, нега суд орқали ёки тегишли идораларга шикоят билан мурожаат қилмайди? Жамоатчиликда ҳам катта эҳтимол билан “демак, дўхтирларга шунақа муомала қилиш керак экан”, деган тушунча шаклланиб қолмаслигига ким кафолат беради?

Абдулазиз АҲМЕДОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 3 =