Ибрат

(МУНОҚАША)

Нортўхта ҚИЛИЧ

Муаллиф ҳақида: Нортўхта ҚИЛИЧ — 1946 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида ўқиган. Ёзувчининг “Оппоқ тонг”, “Ёронгул”, “Мўъжиза”, “Чиғириқ”, “SOS — илтижо”, “Байрам”, “Ойдин тонгдай намозшом”, “Бахт қуши”, “Икки олам аро”, “Тантана” номли муноқаша, қиссалар ва ҳи­коялар китоб­лари нашр қилинган. “Туҳмат” романининг муаллифи.

Кўрдим, билдим, англадимки, кишининг ҳавас ва ибрат туйғуси дунёсидаги энг бебаҳо, энг беқиёс куч экан.

Отам, Нусрат Қилич Шарофатхон ўғиллари (илоё жойлари беҳиштдан бўлган бўлсин) етим ўсганлар. Ота-оналарини кўрган-кўрмаган­лик­ларини эслаёлмайдилар. Асосан тоғалари — мулла Нарзулла бобомнинг, қисман холалари Латофат бувимизнинг қарамоғларида ўсиб-улғайган.

Отамнинг эътирофларича, ота томондан яқин қариндошлари, масалан, амакилари — Обид бобомиз, гоҳо кўришиб қолганларида, отам сўрамасалар-да, ўша кунларнинг пули билан 15-20 танга бериб: “Ма, ол… Ол, жиян, заруратингга ишлатарсан”, дер эканлар. Мен, боламан-ку, қизиқиб сўраганларимда, отамнинг: “Ўша кунларда 15 тангага бир қўй, 20 тангага бир қўзили совлиқ берарди”, деганлари ҳозиргидай ёдимда. Ўшандан билганманки, отам хору зор етим бўлмаганлар. Лекин не аламки, шароит тақозосига кўра, олий маълумотли бўлолмаганликлари у кишининг бир умрли армонлари эди. Шунгами, биз бешаламиз — уч ака-ука — Ғайрат, Ўткир ва мен, икки опа-сингил — Моҳира, Муҳайё улғая бошлаганимиздан кейин, келажакда бизнинг чинакам саводли-савияли бўлишимизни ният қилганлар. Ўша йилларда — ўтган асрнинг 55-65-йилларида ўзимизнинг Ғиштиданми ёки атроф-теваракдаги қишлоқлардан бировининг ўғли ё қизи бирор институтга ўқишга кирган бўлса, ўша бахти кулган талабани кунда-кунора бирор-бир боису баҳона бизга ифтихор ила таърифлашни ҳеч канда қилмас эдилар. Кундалик дарсларимизни назорат қилиш, ўзлари билганларича, — ўтган асрнинг 30-йиллари охирида Бухородаги қисқа муддатли ўқитувчилар тайёрлаш курсини битирганликлари учун, Иккинчи жаҳон урушидан аввал ва урушдан кейин маълум муддат мактабимизда ўқитувчилик қилганлар — ўқитиш-ўргатиш энг яхши кўрган машғулотлари эди. Шунинг учун бўлса керак, биз — бешаламиз ҳам мактабни яхши ва аъло баҳоларга ўқиб битирганмиз. Мактаб давридаги билим пойдеворимиз бинойи бўлганлиги боис, пировард-натижада, биз — Моҳира, Ғайрат, Муҳайё ва менинг студентлигимиз яхши кечган.

Мактабимиз директори — Бобоёр Раҳматов (Худо раҳмат қилган бўлсин) ўз замонасининг энг зиёлиларидан эди. Ўрта бўйли, миқти киши; кўплар ҳавас қилгули даражада сипоҳ кийиниб, жуда салобат ила, донишмандларча хотиржамлик билан юрганларини, мана, айни тобда ҳам кўз ўнгимда аниқ-тиниқ кўраётгандайман. Директоримиз нафақат ўқувчилар, ҳатто, ўқитувчиларга ҳам бир қадар қаттиққўл ва ўта талабчан, шунинг баробарида, янгилик ва яхшиликларга ўч эдилар. Мактабимиз ҳаётида, жумладан, ўзимнинг ҳам ҳаётимда рўй берган унутилмас, тарихий бир воқеа куни кечагидай ёду хотирамда муҳрланиб қолган.

Ушбу сатрларни ёзаяпман-у, ўша кун, ўша лаҳзалардаги қувончбахш, умидбахш бир ҳая­жонни, мана, айни чоғда ҳам ҳис этаётгандайман.

Ана, мактабимизнинг бепоён, гулзор, мевазор ҳовлиси. Мактаб боғи синфларга бўлиб берилганлиги учун, гулзорлар бир-биридан кўркам, турфа ўт-алафлардан холи, ҳаммаёқ озода. Юқори синф ўқувчиларига мўлжалланган томи тунукали, деразалари баланд-баланд муҳташам синфхоналар олдидаги кенг-мўл майдон эса ҳар қачонгидан ҳам гавжум. Қучоққа сиғмас, кўкка бўй чўзган кўктеракларнинг қуюқ соясида биринчи синфда ўқиётган болачалардан ўнинчи синфда таҳсил олаётган йигит-қизларгача бўй-бўйларига биноан, қатор-қатор саф тортганлар. Биринчи қаторда биринчи синф ўқувчилари; иккинчисида иккинчи синф болалари ва ҳоказо. Ҳамма жим. Ҳамма ҳаяжонда!..

Рўпарада — тирсак бўйидан баландроқ супа. Супанинг ўртасида стол. Столнинг устига қизил бахмал ёпилган. Столнинг ўртасида чоғроққина биллурий гулдон. Гулдонда бир даста оқ, қизил атиргуллар. Столнинг ортида иккита суянчиқли курси. Курсиларнинг бирида директоримиз. Иккинчисида бир йигит. Йигитнинг эгнида енги калта оқ кўйлак. Сочлари қалин. Юзлари думалоқроқ. Кўзлари?.. Кўзлари, назаримда, бир қадар тортинчоқлик аралаш бахтиёрлик ила чақнаётгандек!..

Столдан сал орқароқда йигирма-йигирма беш чоғли муаллимларимиз: Муҳаммаджон Жалилов, Маҳмуд Ҳожиев, Насрулла Файзиев, Аъзам Ҳайдаров, Музаффар Турсунов, Саъдулла Ражабов, Умматова, Сайфиддинова, Шодиев…

Мен ўша кунларда ё олтинчи, ё еттинчи синф­­да ўқиётган бўлсам керак. Анча ҳушёрроқман. Бор диққат-эътиборим — калта енгли оқ кўйлак кийган, сочлари қалин, ҳали бирмунча ёш бўлишига қарамай, сочларига хиёл оқ оралаган йигитда: “Ким экан бу йигит? Ким… ким бўлиши мумкин?”

Бир маҳал, директоримиз ўринларидан тураётиб, гап бошладилар:

— Комилжон — бизнинг ўқувчимиз. Комилжон Муқимов МГУ — Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг студенти! — Шоён фахр билан шу гапларни айтаётиб, директоримиз, юз-кўзлари самимий, хушҳол жилмайишларидан янаям яшнаган кўйи, чапак чалдилар.

Бирдан ҳамма шодумон чапакка қўшилди. Ҳатто, бир чеккада саф тортган муаллимларимиз ҳам!..

Фақат, негадир, Комилжон Муқимов чапакка қўшилмади.

Ниҳоят, еру кўкни тутгудай алангали қар­саклар тиниб, ногаҳон потирлаб тўзғиган қушлар тағин қайтадан дарахтларнинг шохларида бирин-бирин қўним топгач, директоримиз Бобоёр Раҳматов, ҳаммани янада ҳаяжонлантиргувчи ўктам оҳангда:

— Кимда ким яхши ўқиса — аъло баҳоларга ўқиб, мактабни битирса, ана, кўринг — бизнинг ўқувчимиз Комилжондай Москвада ўқиш бахтига сазовор бўлади, — дедилар. — Демак, азиз болажонлар, дангасалик қилмай, ўйинқароқлик қилмай, ўқиш керак.

Ана ўшанда мен, кўзларим чақнаб, Комилжон акага — навқирон студент Комилжон Муқимовга дил-дилимдан чин ҳавас билан узоқ-узоқ термулганман. Комилжон ака эса ўшанда ўзлари билиб-билмай, менга бебаҳо, беадат бир ибрат мактабини ўтаганлар.

Ҳали-ҳамон мен мактабимиз директори Бобоёр Раҳматовдан бениҳоя миннатдорман. Айни ўшандай унутилмас, бир-биридан ибратли учрашувлар деярли ҳар йили мактабимизда бир неча бор уюштирилар эди. Ва мен ҳар гал мактабни тезроқ битиришни, тезроқ студент бўлишни орзиқиб кутар эдим.

Ўнинчи синфда ўқиётганимда ё ўн биринчи синфдамикан, отам, бир куни, кечки овқат маҳали, гап оҳангларида бир дунё ҳавас билан:

— Чўғолонлик Салом аканинг… Салом Келдининг катта ўғли Муҳаммаджон ўқишни битириб, “Бухоро ҳақиқати” газетасида ишлаётган эмиш, — дедилар онамга.

— Отамнинг ажабтовур ҳавас билан, ёрқин бир умид ила айтган гаплари ҳаммамизга, жумладан, онамга ҳам бошқача таъсир қилган бўлса керак, менга қараб, ана, кўрдингми, дея­ётган каби, бошларини ўйчан ирғаётганлари баробарида, қошларини бир кериб қўйдилар.

Ўз замонасида дунёвий донг таратган машҳур немис файласуфи Артур Шопенгауэр ўзининг “Ҳикматлар” китобида битганки: “Жасорат ва матонат — отадан, қобилият ва истеъдод эса фарзандга онадан мерос.”

Мен Аллоҳимдан кўп ва хўп миннатдорман — отам Нусрат Қилич Шарофатхон ўғилларининг, онам Дилбар Ҳожи Раҳматбиби қизларининг ўғиллари бўлганим учун!.. Ўша лаҳзаларда бировнинг ўғли шаънига отамнинг эҳтиром ила айтган эътирофлари, онамнинг эса ҳар қачонгидан ҳам маънодорроқ қараб, қошларини бир кериб қўйганлари менга жилд-жилд китобларда битилган панду насиҳатлардан ҳам кўра самаралироқ таъсир қилган. Ва беихтиёр чўғолонлик Салом Келдининг катта ўғли Муҳаммаджонга менинг чинакамига ҳавасим келган. Ўша кунларгача бир нечта хабар ва ихчам мақолаларим туман, вилоят газеталарида эълон қилинган; ой сайин мактаб деворий газетасини чиқариш ҳам менинг зиммамда эди.

Ўзи аввал-азалдан одамзоднинг феъли қизиқ-да, болалигиданоқ топағонлиги ё билағонлиги, ёки, ҳеч бўлмаса, гапга чечанлиги биланми, тенгдош-сафдошларидан ажралиб туришни, каттаю кичикнинг, айниқса, отасию онасининг эътиборини қозонишни ўзи учун ўтда ёнмас, сувда чўкмас бебаҳо бир мукофотдай билар экан. Бинобарин, отамнинг истаклари мен учун бамисоли қонун, онамнинг хоҳишлари эса гўё бир мададбахш ҳукм эди.

Эртаси — бозор куни, иттифоқо, пешиндан кейинги уч-тўртлар маҳали Муҳаммаджон акани Пирмаснинг бўйида кўриб қолдим. Муҳаммаджон ака, назаримда, Бухоройи шарифга йўл олганлару, энди автобус кутаётган эдилар. Ҳадемай, олд томони ялпоқ, таниш кўк автобус елиб келадию, Муҳаммаджон ака автобусга ўтириб, олис ва лекин шарафли саодат манзили сари йўлга тушадилар.

У даврларда, бизнинг қадрдон Ғиштимиз, Йўлдош ака, — илоё тарихимизнинг билағони, миллий адабиётимизнинг куйинчак оқсоқолидан Аллоҳ рози бўлсин. Барча даврлар учун бирдай азиз биргина “Наврўз нақли” номли китобларини бир эсланга-а!.. — айтмоқчи, жаннатмакон Беҳишти эди. Беҳишти!.. Қишлоқни оралаб, кечаю кундуз, қишин-ёзин шарқираб катта Пирмас рўд оқар эди. Ҳаросат ила, қалқиб-қалқиб оқаётган рўднинг бўйларидаги кўк терагу оқ терак, мажнунтолу қоратолларнинг қуюқ соя-салқинидаги чойхонаю ошхоналар чойхўрлару ошхўрлар билан кунбўйи гавжум бўларди. Шашликпаз Абдулла мўйловнинг қўраларидан эрта чошгоҳдан кеч намозшомгача писта кўмирнинг исига омухта хушхўр шашликнинг иштаҳа қўзғар ёқимли ҳиди димоқларга урилгани урилган эди. Ғиштининг Сарбозор аталмиш бепоён майдони атрофини ўнга яқин турли магазинлар, китоб дўконлари ва қишлоқ Шўросининг салобатли оқ биноси қуршаган эди.

Ваҳ-ваҳ, Шўро биносининг ўнг ёнидаги сарҳовуз қоратолларининг шохларига илинган мўъжаз қафасларда эса мастиққан беданаларнинг ажаб дилкаш патпалақи эрта тонг-саҳардан то аввал оқшомгача тинмас эди-я!.. Кўрпачалар тўшалган картларда дам шашкачи ёш-яланг­ларнинг, дам шоҳмотчи улуғларнинг кимўзар мусобақалари эса тун алламаҳалларгача авж олаверарди.

Энди эсласангиз, беихтиёр юрак-бағрингизни куйиштиргувчи ул олис ва лекин унутилмас эртак янглиғ ўтмишнинг завқу сафоси, — э воҳ! — бугун бизнинг авлод учун сўнгсиз алам, адоқсиз бир армон: эссиз сарҳовуза-а!.. Бир неча юз йиллар давомида эрта ёздан кеч кузак кунларига довур бир неча ўнлаб авлод ёшларини беором қалқиган бағрида яйратиб улғайтирган эссизгина Пирмаса-а!.. Ўшандай гавжум, ўшандай гуллаб яшнаган Беҳиштий қишлоқ эндиликда сувсизлик азобидан, бедаво шўр вабосидан куну тун, қишин-ёзин беҳол… бемажол ҳансирамоқда.

Эссизгина Ғиштима-а!..

Қишлоғимизнинг марказидаги Қўрғонни айтмайсизми — қўрғонмисан қўрғон эди-я!.. Саҳни бепоён, баландлиги эса оз эмас, кўп эмас, салкам ўн газча. “Абдулланома”нинг иккинчи китобида ўзим ўқиганман — 1526 йилда, демак — 500 йиллар аввал; демак — ашаддий қонхўр Чингизхон босқинидан роса 300 йиллар кейин Бухоро амири Абдуллахон даврида Қўрғон ҳарбий истеҳком мақсадида барпо этилган. Пирмас эса қишлоқ бунёд этила бошланган йиллардаёқ!.. Демак, Чингизхон қўшинлари Хоразмшоҳлар давлати маркази кўҳна Урганжни кунпаякун қилиб, хоразмликларнинг энг атанган йигитларини ўзларига қалқон мақомида Бухоро сари 1220 йилларнинг ўрталарида ҳайдаганларидан 300 йил кейин Қўрғон барпо қилинган. Ғишти қишлоғи эса Қўрғондан 300 йил аввал Хоразмдан ҳайдалган урганжилар томонидан бунёд этилган. Бинобарин, қишлоқ марказидаги энг кўркам ва гавжум шоҳкўчанинг Урганжилар деб аталиши бежиз эмас. Пирмас рўди эса ўз замонасининг буюк авлиёларидан бири бўлмиш ҳазрати Пирмаст бувамизнинг, — ул зоти шарифимиздан Аллоҳ рози бўлсин, — муборак номлари билан аталган.

Ҳа-я, Қўрғон бизнинг боғимизга туташ. Боғимизни ўтган асрнинг 50-йилларида отам ўз қўллари билан бунёд этган. Ҳали-ҳануз боғ гуркираб-яшнаб ҳосил бераётир. Лекин, афсус, минг афсуски, мева-чевалари гоҳ талх, гоҳо турш. Ҳатто, олмалар ҳам…

Э воҳ, Бухоройи шарифимизни донишманд лайлакларимиз тарк этганларидек, жонажон Ғишти-Беҳиштимизга қадрдон кўкқарғаларимизнинг ҳам келмай қўйганига, мана, неча ўн йиллар бўпкетди-я!..

Шукур, биз кўрдик. Лекин, бугунги ғиштилик-беҳиштилик йигит-қизларга мўъжизавор кўкқарғани кўрмоқ насиб этмади.

Ат-та-а-анг!..

Шўро биноси рўпарасидаги катта йўл бўйидан бошлангувчи от арава юргили тикка ўрлаган нишабликдан Қўрғонга кўтарилар эдик. Нишабликнинг, чамаси, учдан бирига етган жойнинг ўнг томонида муҳташам гумбазли сағана бўларди. Са-ға-на!.. Унинг гумбазига қадим ўтмишимиздан кўп қонли кечмишларни сассиз-садосиз сўйлагувчи ажабтовур туғ қадалган эди. Бола кезларимда, кейинчалик ўқувчилик йилларимда ҳам, асосан сешанба кунининг шом намозидан аввалроқ онам иккаламиз бир неча бор зиёратга борганларимизни ҳали-ҳануз яхши эслайман.

— Ажабки, онамнинг сешанба кунига эътиборларими, меҳрлари бошқача эди: “Ҳамма кун ҳам Худонинг куни, — дер эдилар онагинам. — Лекин бугун — биби Сешанба куни. Биби Сешанба кунида ўқилган мовлуд, хатми-худойининг хайри барокати, ҳар қандай яхши амалларнинг савоби бошқача бўлади. Юр, Тўхтажон?..”

Ана кейин, Сағанага рўпара бўлишлари билан, онамнинг: “Асса-лому алайкум!..” деб шивирлаганларини эшитаётиб, қулоқларимни динг қилардим. Онагинамнинг, азизгина руҳи пок­лари то абад, Қиёмат-қойимда ҳам Жаннатнинг энг гўзал боғларида, Худойимнинг ардоғида ўзимизнинг ўтмиш жону жигарларимизнинг, хусусан ва яна хусусан, отажонимнинг азизгина руҳи поклари билан бирга-бирга биргаликда бениҳоя яйраб яшнасинлар. Оми-и-ин!.. — лаб­лари тинмай шивирларди-ю, лекин мен нималар дея тавалло қилаётганларини аниқ-тиниқ эшитолмай,   доғда қолардим. Ва, ўша алпоз, Сағана атрофини бир айланганимиздан сўнг, одамбўйи эшикчасидан ичкарига кирардик.

Ичкари деганимиз — энига икки ярим-уч газ, бўйи ҳам, назарим-да, ўшандан кўп эмас эди. Онам, эринмай, ҳафсала билан мўнтиқ супиргича билан ичкарини супирардилар. Кейин, қуёшчиқар тарафдаги бурчакка бир қаричча ҳўл навдага пахта ўралиб, роса мой шимдирилган бир жуфт шамни, бизгача кимлардир ёққан шамлар ёнига ўрнатгач, яна дил-дилларидан нималарнидир майин-майин шивирлаган кўйи, бир-бир гугурт чақиб, шамларни ёқар эдилар. Биз — она-бола, шамларнинг ёниб адо бўлишини кутмай, сарҳовуз томонларда қушларнинг оқшом базмлари айни авж олаётган, еру осмон шомнинг нимтатир қоронғилигига аста чулғанаётган маҳалда уйга йўл олар эдик.

Ниҳоят, мавриди келди, энди мен кўнг­лимдаги тахминимни ошкора қайд этай: онам иккаламиз зиёратига борган Сағана — аслида, ҳазрати Пирмаст бувамизнинг муборак мақбаралари бўлган. Бинобарин, бир замонлар ҳаппози — оббозига ўч ёш-ялангларни бағрида бениҳоя, беминнат яйратиб-яшнатган рўдимизнинг Пирмас аталганлиги ҳам айни ҳақиқатга яқиндир.

Тавба… тавба, ўйласангиз, бирдан томирларингизда қонингиз кўпириб-тошиб, нақ миянгизга уради-я!.. Тўғри-да, Шўро йилларида мамлакатдаги жами мачитлар йигирма-йигирма бештага етар-етмас эди. Лекин, — во ажаб! — ўғирлик деярли йўқ эди… Каззоблик йўқ эди… Туғиб-бўғишлару биғиллабгина йиғлай-йиғлай жон бераётган тирсакбўйи одамчани ҳожатхоналарга улоқтириб қочишлар йўқ эди… Ўн гулидан ҳали бир гули ҳам очилмаган, лекин аллақачон гажак зулфлари шафтолиранг ёноқлари узра лайлиёна тўзғиган, — ё Худо-о-о! — ҳалитдан чак-чакни қоққан ўқувчи қақажонларнинг нозиккина бир жойларига жимитдай-жимитдай қисқичлар қистиртираётганлари… Уф-ф-ф!.. Тавба-а!.. Астағфирулло-о-оҳ!.. Баридан баттарроғи, ҳатто, Ватан хоинлигидан ҳам даҳшатлироғи — Давлат хазинасининг, хусусан, келажак тараққиётимизнинг кушандаси лаънати кўчирмакашлик деганингиз илғор ғоялар руҳида камол топаётган бўлажак олимларнинг етти ухлаб тушларига ҳам кирмас эди. Йўқ, асло!.. Бироқ кейинги ўттиз йилларда — демак, мус­тақиллик йилларида, Сулаймон ўлди-ю, девлар қутилди, деганларидек, мачитларимиз мингдан ошди. Агар… агар ундан-да кўпроқ бўлмаса!..

Шукур, кўз тегмасин, бари — пурвиқор, бари — маҳобатли; қарасангиз, дўппингизга қўшилиб, ҳушингиз бошингиздан учади!.. Жума намози, айниқса, муборак ҳайит байрам кунларининг бомдод намозлари чоғида мачитларга одам сиғмай, йўл ва йўлакларга жойнамоз тўшаган минг-минг намозхонларни кўриб, лаб­ларингизга учуқ тошади. Гўё… ўзбекнинг энди-энди эмаклай бошлаган чурвақасидан то ётса-турса гўри лаҳади бот-бот кўзига кўринаверадиган рамақдажон бобосигача намозхон.

Хўш, мадомики ҳамма намозхон экан, нега… нима учун ўғрилару каззоблар, имонсиз кўчирмакашлару зару зеварларга ўч хонимчалар баҳор ёмғиридан кейинги гўнгзамбуруғдай кўпайгандан кўпаяяптилар?.. Нима, қонунлар ишламаяптими ё қонун ижросини назорат қилувчиларнинг чаласавод арбобчаларнинг ўзлари каззобми?.. Афсуски, бундай ҳақли, бундай ўжар саволга жавоб битта: айтсам   ўлдирурлар, айтмасам ўлам!..

Ушбу ногаҳоний аламли фикр-мулоҳазаларимнинг боиси шуки, ўтган асрнинг 30-йилларидаги ўта шафқатсиз қатағон кулфатларидан, Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли қимматчилик-қаҳатчилик йилларидан омон қолган, 500 йиллар давомида Қўрғонимизга улуғвор салобат, илоҳий бир кўрк бағишлаган, энг асосийси — имонимиз бутлигининг тимсоли бўлмиш ўшандай Сағана, не аламки, яқин ўн йилларнинг нари-берисида гўрсўхта биров нафсининг қурбони бўпти. Астағфируллоҳ, Сағана-я!.. Бизга ўз Пирмасимиздай, ўз сарҳовузимиздай қадрдон Сағананинг ғиштлари талон-торож қилиниб, ер билан яксон этилганлигини нохос кўраётганимда, бирдан чакагим сўлжайганча, танг қотиб, ёқамни ушлаганман: ё алҳаза-а-ар!

Эссиз Сағана-я!

Эссизгина имонимиза-а!!.

Ваҳшийларча гумдон қилинган Сағанадан тахминан 500 қадамларча нарида, Қўрғоннинг тенг ўртасида — энг баланд тепаликда — бўйи салкам беш газларча келадиган чордевор бўларди. Албатта, вақтийи замонида каттароқ бир меҳмонхонадай жойни эгаллаган чордеворнинг усти ёпиғлиқ бўлган. Ва у ўз замонасининг тўқсабою зобитларининг машваратхонаси — генштаби — вазифасини ўтаган. Лекин бизнинг даврда — ўтган асрнинг 50-55-йилларигача, балки, ундан-да аввалроқдир, томи кўчирилган… Девғиштдан кўтарилган кенг деворларининг эса энди-энди у ер-бу еригина, — ахир, орадан 500 йиллар ўтгана-а! — заха ея бошлаган, — аммо яқин келажакдаги ебтўймас юҳоларию имонсизлари томонидан ҳали ғиштлари талон-торож қилинмаган эди.

* * *

Ўша ўспиринлик йилларимда эришган ҳақиқатларимдан яна бири шуки, Ғишти-Беҳиштимизнинг мўътабар Қўрғони нафақат ғиштилик-беҳиштиликларнинг, балки, тасбеҳ доналаридай бир-бирларига туташ атроф-теваракдаги кўзу қошдай қишлоқлар ёшу қариси, аёлу эркагининг ҳам ғурури ва ифтихори тимсоли эди. Жумладан, ўзимизнинг жўшиб, мавжланиб, қирғоқларини емиргудай пишқириб-шарқираб оққан Зарафшонимиз ҳам!..

Э воҳ, минг воҳ, олис ўтмиш-кечмиш гўзалликларни бугун кўз ўнггингизда ойдин ойдай тасаввур қилаётиб ўйласангиз, юрак-бағрингиз шилингудай беаёв ачишиб оғрийди… Албатта, оғрийди-да!.. Ахир, ўшандай пурвиқор Қўрғонимиз йиллар шамолию ёғин-сочинида чўка-чўка, емрила-емрила бугунликда бўйчанроқ бир одамнинг бўйидан сал баландроқ аянчли бир тепаликка эврилипти. Зарафшонимизни айтмайсизми?!. Ё Худо, яқин ўтмишдагина дилларга ҳаяжону ҳарорат солиб оққан жонажон Зарафшонимиз эса ўзанида аранг жилдираб оқаётган ирмоқнинг айни ўзгинаси бўп қопти.

Олис талабалик йилларимизнинг авжи саратон кунлари пойтахтнинг куйинди исларга тўла, димиққан ҳавосидан кўнглимиз айниб, қиёматли дилкаш-дардкашини қўмсаган жафокашдай Қўрғонимизни, Пирмасимизни, — Пирмасимиз каби аллақачонлар кўмилиб кетган, — Қалқону Султонработимизни, бемалол, беминнат Зарафшонимизни соғина-соғина, елиб-учиб борганларимизни эсласам, қўққис йўлини йўқотган қаландардай беихтиёр ич-­ичимдан чингсиб, бошимни беҳуд чайқайвераман… чайқайвераман: ё Худо-жон, раҳмдилимизсан-ку?!.

Аммо не тонгки, таскин йўқ, тасалли йўқ — яъни, додгўй бор-у, додхоҳ йўқ. Бир замонлар Увайсий онамиз нола чекканларидек: “Ажаб замон ўлди — ким яхши эрса, ёмон ўлди”.

… Дунё донишмандларининг якдиллик билан таъкидлашларича, Ватан — аввало, халқ ва ахлоқ, дегани. Мен ана ўша бир-бирларига жонфидо — бир-бирларига ҳимматли, мурувватли, ўта меҳрлию оқибатли; беаёв, беомон урушнинг қирғинбарот йилларида тиш-тирноғигача қуролланган босқинчи немис фа­шистлари устидан узил-кесил ҒАЛАБА қозониб, қонхўр газандаларнинг Рейхстагига ғалаба байроғини тиккан қаҳрамон халқимизга муносиб бўлишни ўзига шараф билган авлод вакилиман. Мен, ўша — ўзим билган соддадил, самимий, бир-бирларига жонфидо, ахлоқи юксак, қаҳрамон халқимнинг мафтуниман, қулиман…

… Ўша-ўша, катта адабиёт олами сари Чўғолондан бошланган сирли-сеҳрли сўқмоқ мен учун ҳам қадрдон, мен учун ҳам азиз. Беҳазил!.. Ҳа-да, Муҳаммад Салом — кўнглимда адабиётга… ўзимнинг чин адабиётимга сўнмас меҳр ўтини алангалатган илк устозим. Устознинг дастлабки “Кечирим”, “Севги тори” китоб­ларини ҳавасланиб ўқиганларим, китобларининг муқоваларини ошиқ йигит маъшуқасининг сўлим сочларини майин-майин силагани каби, энтика-энтика силаганларим ҳозиргидай ёдимда.

Агар… агар ўша фавқулодда ажабтовур ҳавас кўнглимда мавж урмаганида, “Оппоқ тонг”, “Ёронгул”, “Мўъжиза”, “Чиғириқ”, “Байрам”, “Бахт қуши”, “Тантана”, “Икки олам аро” номли ҳикоя ва қиссалар ҳамда муноқаша каби ўнлаб китобларим, “Туҳмат” номли романим ёзилмасмиди… Агар… агар миллий маърифатимиз фидойиси — жонажон мактабимиз директори Бобоёр Раҳматовнинг азиз руҳи пок­ларига, оталарининг-оналаринингда азиз руҳи покларига Аллоҳимнинг беадад, беҳисоб раҳматлари ёғилсин — дунёсининг олис, чекка бир қишлоғидан бориб, оламжаҳонга донг таратган Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг энг аълочи талабаларидан бири бўлолган Комилжон Муқимовни беш юз нафардан кўпроқ бир мактаб ўқувчига қизғин ифтихор ила кўз-кўзламаганларида, кўнглимизда чинакам билимга сўнмас меҳр мавж урармиди.

Ҳай, билмадимо-ов!..

Ҳа-я, ўша тарихий учрашув — ўзимизнинг қишлоқдошимиз, барчамизнинг бирдай қадрдонимиз — навқирон талабанинг ҳам кўнглига анча-мунча шарафли масъулият ҳиссини жо қилган эканми, ана, бугунликда Комилжон акамиз ўзбек миллий Нанотехнологиясининг асос­чиси, машҳур физика-математика фанлари доктори, атоқли профессор, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги.

Хуллас, мана, чин ҳавасу ибратнинг бемисл, беқиёс яратувчанлик кучию қудратининг оламшумул самараси.

Яшасин ҳавас, яшасин ибрат!..

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − 2 =