Соҳир қалб эгаси эди

Инсон хотира билан барҳаёт. Гарчи бугун орамизда бўлмаса-да, у билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларни ёдга олганимизда, ўша инсон бизнинг ёнимизда тургандек бўлади, сиймоси кўз олдимизда гавдаланади. Устозимиз Саъдулла Ҳаким — таниқли шоир ва публицист, давлат ва жамоат ишларида фаол, эл назаридаги киши эди.

Бундай одамлар ҳар қандай эъзоз ва эътироф этилса арзийди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан атоқли шоир ва таниқли журналист Саъдулла Ҳакимов таваллудининг 70 йиллигига муносиб тайёргарлик кўрилиб юртимиз бўйлаб хотира кечалари, турли адабий-бадиий тадбирлар ташкил қилинмоқда.

…Ўтган 2020 йил бутун дунё мамлакатлари қатори юртимиз учун ҳам оғир, синовли келди. Коронавирус балоси кўплаб юртдошларимиз қатори адабиёт, санъат ва маданият, шу жумладан, журналистика соҳасида фаолият олиб бораётган не-не истеъдодларни ҳам орамиздан олиб кетди. Мамлакатимиз журналистика ҳамда адабиёт майдонида ўз ўрни ва сўзига эга, юртимиз журналистлари етакчиси бўлган Саъдулла Ҳакимов ҳам ана шу оғир касаллик туфайли бу оламдан кўз юмди.

Шоир тақдиридан башорат қилгандай вафотидан олдинроқ қуйидаги сатрларни битган экан:

 

…Умр шомида тонг отмоқда, ажаб,

Воажаб, воажаб, кетаётирман.

Кўзим булоғининг очилди кўзи,

Ой нури жилдираб, кетаётирман.

 

Сўз деҳқони эдим, бир сўз айтгали,

Сўзбондан сўз сўраб, кетаётирман.

Келмоқ суруридан сўзламам энди,

О, бу қандай шараф, кетаётирман…

 

Бу мисраларни ўқишнинг ўзи осон эмас. Беихтиёр бўғзингга нимадир тиқилгандек бўлади. Устознинг нурли чеҳраси, сокин сўзлашларини эслаб, у киши билан боғлиқ қанчадан-қанча ёруғ хотиралар бир-бир кўз ўнгингдан ўта бошлайди. Шундай киши бугун орамизда йўқлигига ишонгиси келмайди одамнинг. Начора, тақдир ҳукмига бирор чора топилмас.

Юртимиз ижодкорлари, шоир-ёзувчилар, журналистлар ҳануз бир масалада кўп баҳслашгандай бўламиз. Устозни биз ОАВ вакиллари моҳир муҳаррир, журналист эди десак, яна бир гуруҳ ижод аҳли Саъдулла Ҳаким хассос шоир эди дейишади. Ростдан ҳам, Саъдулла Ҳаким ким эди: шоирми ёки журналист? Бизнингча устоз ҳам шоир, ҳам етук журналист эди. Энг муҳими, бу иқтидор камдан-кам инсонларга насиб этган.

Назаримда, Саъдулла Ҳаким, аввало, самимий, одамохун, бағрикенг, ўз навбатида, соҳир қалб ва теран мушоҳада эгаси эди. Биз бу каби инсонларни биргина сўз билан — яхши инсон деймиз.

Ҳаёти давомида доим мана шу хислатларни умрининг мазмуни деб билган Саъдулла Ҳаким ҳақида ҳамкасблари ва шогирдлари ҳамиша илиқ фикрларни билдиради. Бири “Ижодкорни тушунадиган, ижодкорга қайишадиган раҳбар эди” деса, яна бири “Мен Саъдулла акадан кўп нарсани ўрганганман”, деб ўзини устозга жуда яқин олади.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсоннинг камол топишида унинг устозлари муҳим ўрин тутади. Саъдулла Ҳаким Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповни ўзига устоз, деб билар ва у зотга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатарди. Шу ўринда Саъдулла аканинг ўзидан эшитган бир воқеани ёдга олмоқчиман.

Саъдулла Ҳакимнинг матбуотда чоп этилган илк шеърларига Абдулла Орипов сўзбоши ёзиб, ёш ижодкорга оқ йўл тилаган экан. Шу шеърлар чиққан газетани чўнтагига солиб, қувониб, яйраб Саъдулла акани кўргани оталари Жиззахдан Тошкентга келибдилар.

Бундан мақсади газетани ўғлига кўрсатиб, “Шу усто­зингнинг этагидан маҳкам тут. Шунда ўзинг ҳам яхши шоир бўласан”, деб насиҳат қилиш экан. Буни қаранг-ки, бекатдами, автобусдами, кўча-кўйдами ишқилиб, отахоннинг чўнтагидаги газетани киссавур пул деб ўйлаб, ўғирлаб олибди. Аниқроғи, отахоннинг чўнтагини кесиб кетибди. Энди бир тасаввур қилинг, ўтган асрнинг 70-йилларида Форишдан не машаққат билан Тошкентга етиб келиб, киссавурга дучор бўлган отанинг қандай ҳолатга тушганини. Пулини ўғирлатиб қўйганида ҳам бунчалик куюнмас, ўғлининг шеърлари чиққан газетадан айрилиш фарзанд меҳрига қалби тўла ота учун чиндан ҳам ачинарли ҳолат эди-да. Хуллас, ота Саъдулла ака билан учрашиб, бўлиб ўтган воқеани айтиб берибди. “Ўғлим, устозингнинг сўзлари, сенинг шеърларинг ҳатто киссавурларга ҳам зарур экан. Энди шу устозингнинг этагидан маҳкам тут. Шунда ўзинг ҳам яхши шоир бўласан”, деб насиҳат қилибди. Дарҳақиқат, Саъдулла Ҳаким падарибузрукворининг насиҳатига амал қилиб, ҳаётда ҳам, ижодда ҳам кам бўлмади.

Устознинг ҳаёт ва ижод йўлига назар ташласак, Саъдулла Ҳаким 1951 йилнинг 25 мартида Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги Гараша қишлоғида туғилган эди. Болалиги Нурота тизма тоғлари орасида жойлашган бетакрор табиатли қишлоқ қўйнида кечган.

1977 йил Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини тугатганди. Айни бир вақтнинг ўзида ҳам журналист, ҳам шоир сифатида ижод билан машғул бўлди. “Ҳамал тонглари”, “Сен кутган баҳор”, “Ёз оқшоми”, “Она сўз”, “Сайланма”, “Кўнгил юзи”, “Кўҳна нақл” сингари кўплаб тўпламлари алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, унда инсон, табиат ва жамият муаммолари ўз поэтик ечимига кўтарилади. Айниқса, шоирнинг “Олис юлдуз” номли достони китобхонлар эътиборига тушди. Ушбу достонда шоирнинг адабий-фалсафий овози, олами ўзига хос тарзда ифода этилганига гувоҳ бўламиз. “Эсимда қолган кунлар”, “Атом қаърига саёҳат” каби публицистик асарлари эса ўқувчига бир олам завқ бериб, инсонни ўйлашга, фикрлашга ундайди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли журналист ва эл суйган ижодкор Саъдулла Ҳакимов хотирасига бағишланган адабий кечалар Устозимиз билан боғлиқ кўплаб ёдномалар эсга олиниши баробарида Саъдулла Ҳаким ҳаётининг охирги кунларида ҳам ижод қилишдан, шогирдларига маслаҳат ва йўл-йўриқ кўрсатиб, дўстларини руҳлантириб яшаганига яна бир амин бўлинди. У камтарин, самимий одам бўлганлиги учун ҳам кимки бирор масалада кўмак ё маслаҳат сўраса, у билан суҳбатлашиб, гап­лашиб, қўлидан келганча ёрдам беришга интилувчи закий, меҳрибон одам эди.

Саъдулла ака мамлакатимиз журналис­тика соҳаси ривожига катта ҳисса қўшди. Эсимда, у киши Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига раис бўлиб келганларидан кўп ўтмай бир куни мени ҳузурларига чақирди. “Олимжон, Уюшма ишини ривожлантиришга юрист сифатида ёрдам берсангиз, ҳуқуқий журналистика кенгашига ўзингиз раислик қилсангиз” деди. Устознинг тавсиялари, кўрсатмалари асосида ҳуқуқий соҳани ёритишга ихтисослашган журналистлар ўртасида турли тадбирлар ташкил қилдик. Шу тариқа Уюшма ҳузурида 10 га яқин Кенгашлар фаолияти йўлга қўйилди.

Саъдулла Ҳакимов Уюшманинг халқаро муносабатларини ривожлантиришга ҳам катта ҳисса қўшди. Умумхитой, Корея, Россия журналистлар уюшмалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланишига эришилди. Туркия, Польша каби давлатлар журналистлар уюшмалари билан бу борада ҳамкорлик қилиш бўйича ҳужжатлар пандемия туфайли охирига етмай қолган эди. Саъдулла ака даврида кореялик журналистлар делега­цияси юртимизга ташриф буюргани, улар “Халқ сўзи”, ЎзМТРК медиамарказида учрашувлар ўтказиб, “маҳорат дарслари”да кўплаб ҳамкасбларимиз қатнашганди. Меҳмонлар билан Самарқанд ва Хоразмга саёҳатлар уюштирилганди.

Устоз бошчилигида Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси ишлаб чиқилиб тасдиқланган. У киши уюшмага аъзолик тикланишида ҳам жонбозлик кўрсатган эди.

Ҳа, халқимизнинг ардоқли фарзанди Саъдулла Ҳаким беқиёс истеъдоди, журналис­тик салоҳияти, турли ташкилотлардаги раҳбарлик фаолияти   давомида том маънода жонкуяр ижодкорга айланган эди, десак янг­лишмаймиз. Гарчанд бугун орамизда бўлмасалар-да, бизнинг қалбимизда барҳаёт, ўгитларини доим ёдимизда сақлаймиз. Ижодий мерос — кўплаб асарларини ўқиб-ўрганиб, маҳоратли журналист сифатида ҳам, таниқли шоир сифатида ҳам ўтли нафасини юракдан ҳис этамиз.

Бугун устоз ҳаёт бўлганида 70 ёшни қаршилаган, давраларда савлат тўкиб ўтирган, биз, шогирдларини баракали ижод қилишга ундаган, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан қувонган, бунга ўзи ҳам муносиб ҳисса қўшаётган бўларди.

Куни кеча пойтахтимизнинг Миллий матбуот марказида Саъдулла Ҳаким хотирасига бағиш­ланган кеча ташкил қилинди. Унда иштирок этган кўплаб ижодкорлар, турли касб-корли ҳамюртларимиз у кишининг одамийлик фазилатлари, раҳбарлик салоҳиятлари-ю гўзал, ўзига хос ижоди хусусида гапирдилар.

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минхожиддин Ҳожиматов ва бошқалар сўз олиб Саъдулла Ҳаким билан кечган ибратли воқеалар, хотираларни ёдга олдилар.

Хотира тадбирлари доирасида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ва Республика Маънавият-маърифат маркази ҳамкорлигида Тошкент ви­лоятининг Қибрай туманида жойлашган шоир яшаган уй манзилида ёдгорлик лавҳи ўрнатилди. Бу муборак остонада сўз олганлар Саъдулла Ҳакимнинг бой ижодий мероси, қалбга яқин шеъ­рияти ва жамоат арбоби сифатидаги фаолияти хусусида сўз юритдилар.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, халқ рассоми Акмал Нур ва бошқа юртдошларимиз устоз билан боғлиқ ўз хотираларини сўзлаб бердилар.

Шоирнинг умр йўлдоши Иқбол ая Ҳакимова Саъдулла Ҳаким хотирасига ҳурмат ва эъзоз учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга, ҳукуматимизга ва шоирнинг барча ҳамкасбларига ўз ташаккурини билдирди.

— Ижод аҳлига, маънавият аҳлига Юртбошимизнинг юксак эътиборидан жуда-жуда миннатдормиз. Давлатимиз раҳбарининг ҳатто марҳум ижодкорларнинг оила аҳлларига кўрсатаётган ғамхўрликларини сўз билан ифода қила олмайман. Юксак мукофотлар билан тақдирлашлари, эҳтиромлари, бундай эъзоз ҳеч қачон бўлмаган эди, — деди Иқбол ая Ҳакимова.

Устоз Саъдулла Ҳакимнинг “Сайланма” китоби ва “Саъдулла Ҳаким замондошлари хотирасида”—хотира-китоблари чоп этилиш арафасида эканлиги маълум қилинди. Энг муҳими, шоир хонадонига хотира лавҳи ўрнатилиши асносида Устоз босган излар зиёрат қилинди, у киши ҳақига муборак Қуръон тиловат қилинди.

Шоирнинг ўзи ёзганидек, ул зот чиндан ҳам сўз деҳқони эди. Бир оддий мақола бўладими, ё катта бир достон ижод заҳматидан эринмас, юракдан меҳнат қилар, ҳар бир сатр, калом устида хассослик билан ишлар эди. Инсон сифатида эса юқорида айтганимиздек чиндан ҳам ҳаммага яхшилик улашадиган киши эди.

Энди бизга таскин берадигани — эзгу хотира. Устоз ёди ҳамиша юрагимизда, дилимизда. Зеро, Саъдулла Ҳаким қолдирган яхшилик ва эзгулик ҳеч қачон унутилмайди.

Олимжон ЎСАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

уюшмаси раиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen + 13 =