ОАВ саводхонлик кўзгуси бўлиши керак

Она тилининг муҳимлиги, миллат шаклланишида тилнинг беқиёс ўрни ва аҳамияти ҳақида жуда узоқ гапириш, дунё алломаларидан беҳисоб иқтибослар, фикрлар келтириш мумкин.   Миллат яшовчанлиги, равнақи ҳақида фикр юритсак, аввало, тил бирламчи бўлиши шарт. У давлат тили дейиладими, она тили деб аталадими, барибир муқаддас ва миллатнинг ифтихори ҳисобланади. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 32 йиллиги ва 21 октябрь — Ўзбек тили байрами сифатида нишонланиши муносабати билан юртимиз бўйлаб маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар кўтаринки руҳда давом этмоқда.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ҳам ушбу сана сабаб пойтахтимизнинг Миллий матбуот марказида “Медиасаводхонлик: ОАВдаги ютуқ ва камчиликлар таҳлили” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда электрон ва босма оммавий ахборот воситалари вакиллари, ЎзЖОКУнинг тилшунос ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров она тилимизнинг беқиёс аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Бугунги кунда оммавий ахборот во­ситаларида баъзан ўзбек тили меъёрларидан чиқиш ҳо­латлари кузатилаётганлиги, матнларда имловий ҳамда услубий хатоликларни так­рорламасликка жиддий эъти­бор қаратилиши зарурлиги тўғрисида ҳам очиқ мулоҳазалар билдирилди.

— Барчамизга маълумки, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишида айнан матбуот катта роль ўйнаган – деди Олимжон Ўсаров. – Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида Ўзбекистоннинг кўзга кўринган зиёлилари, ёзувчилар, таниқли журналистлар, тилшунослар оммавий ахборот воситалари минбаридан туриб, она тилимизнинг қадр-қимматини оширишга муносиб ҳисса қўшишган эди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, бугунги кунда матбуот ва интернет нашрлари, телевидение ва радио каналларида “Давлат тили ҳақида”ги қонунда белгилаб қўйилган қоидаларга қай даражада амал қилинмоқда, улардаги саводхонлик кўрсаткичидан намуна олсак бўладими? Минг афсуски, бу борада мақтана олмаймиз, хато ва камчиликлар кўп, шу боис зудлик билан она тилимизга эътиборни ўзгартиришимиз зарур.

Хусусий телерадиоканалларда эфир­­га узатилаётган айрим кўрсатувлар ва эшиттиришларда бошловчиларнинг тил мезонларига риоя этмаслиги, шевага хос сўзларни қўллаши каби ҳолатлар, интернет нашрларида орфографик, стилистик хатолар жуда кўп учраши, уларнинг ўзбек тили бўйича саводхонлик даражаси пастлигидан далолат беради.

Айрим босма нашрларда ҳам тил қоидаларига амал қилинишини кўнгилдагидек деб бўлмайди.

Оммавий ахборот воситаларини саводхонлик кўзгусига айлантиришимиз зарур…

Дарҳақиқат, Олимжон Ўсаровнинг сўзларини тинглаб хаёлимга хусусий телеканалларда ажнабий сўзлар билан номланган айрим кўрсатувлар келди. Назаримда ёш “Ижодкорлар” учун кўрсатувни бундай номлаш “мода”га айлангандек. Улар буни замонавийлик деб ўйлашаяпти, шекилли. Гўё шу билан замонавий бўлиб қолишмоқчи, гўё шу билан ўзларини илғор ва билгич кўрсатадилар. Масалан, “Zo`rTV”, “Mening yurtim” каби хусусий телеканаллар кўрсатувларининг аксарияти ажнабий сўзлар билан номланган десак, хато бўлмайди.

Тадбир давомида олий тоифали сухандон Насиба Ибрагимова, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, Rost24.uz бош муҳаррири Анора Содиқова ҳамда бир қатор бошқа журналистлар сўзга чиқиб, бугунги миллий журналистикамиз ривожи учун қилиниши зарур бўлган масалалар бўйича ўз фикрларини билдирди. Шу билан бир қаторда ўзбек тили мавқеини янада ошириш, турли зарарли омиллардан асраш бўйича ҳам қизиқарли мунозаралар олиб борилди.

Тадбир сўнгида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ташаб­буси билан кирилл ва лотин алифбосида матнларнинг орфографик бехато ёзилишини таъминлашга мўлжалланган “Yurida-Orfo“ дастури сертификатлари бир қанча таҳририятларга беғараз ёрдам сифатида тақдим этилди.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − two =