“Ростлигини қаердан биламиз?”
Охирги дарснинг сўнгида курсдошлар гурунги қизиб кетди. Ҳамма ўзини қизиқтирган мавзуда гапириб ҳеч ким бир-бирини тингламас ҳамма ўз шериги билан мириқиб суҳбатлашар эди. Нима бўлди-ю тўсатдан Марҳабо курсдошим гап бошлаб қолди:
— Шанба куни ўқишга келаётган эдим. Чамаси, йигирма беш ёшлардаги йигит, кўринишидан ҳали ўн олтига ҳам тўлмаган бир қизни кўчанинг ҳолироқ томонига ўтқазиб аямай роса дўппосларди. Қиз туришидан соддагина, қишлоқдан келганга ўхшарди. Сал берироқда одам гавжум, уларни деярли ҳамма кўриб-кузатиб турарди.
Хона бирдан қулоққа айланди.
Тўғриси, воқеага шундоқлигича кўз юмиб кетолмасдим. Менга ўхшаган бир ожизанинг таҳқирланиши виждонимни оёққа турғизди. Шаҳд билан бордиму:
— Бир пас тўхтанг! Нима бўлди ўзи? — дедим қалтираб.
— Сиз аралашманг! Бу менинг синглим. Ишингиз бўлмасин.
— Ёлғон! Мен бу болани танимайман! — сочлари боланинг чангалидаги қиз (Гарчи қиз бу гапи учун баттарроқ зарба ейишини билса-да!) йиғлаганча тилга кириб кетди. Бироқ мен навбатдаги муштни тутиб қолдим.
— Тинчланиб олинг, нима бўлган ўзи? Қандай сабаб бўлиши мумкинки, ака синглисини одамлар орасида таҳқирлашигача олиб келадиган. Тўхтанг ака, мен сизни эшитаман, тушунтириброқ айтинг — худди унга ишонгандай кўриниб, вазиятни юмшатмоқчи бўлдим. Таъсир қилди. “Бокс қопи билан шуғулланаётган спортчи” бироз тин олди.
— Тўрт кундан бери уйга келмайди. Доим шу аҳвол, ҳозир ҳам аллақаёқлардан топиб келяпман, нима қилишим керак…
Қиз унинг қўлида тутилиб турган қушдай типирчилар эди. Ниҳоят, қочди!.. Ушлаб қолдим.
Ғазабланган “ака” мени ҳам “синглиси”га қўшиб асфаласофинга жўнатиб юборгудек, ҳужум қилмоқчи эди ҳамки Худо ёрлақаб, сал наридаги “томошабин” йигитлардан бири болани ушлаб қолди. “Зўравон”нинг оғзидан боди кириб шоди чиққанча қопқонга тушган бўридай тутақар эди-ю лекин у қадар ваҳшийлашмасди. Ҳар қалай “томошабин”ларнинг ёрдами билан вазият бироз юмшади.
Бу орада мен қиз билан гаплашиб, Сарвинознинг Зангиотадан эканлиги, 9-синфда ўқишинию, бир ҳафтадан бери дом-дараги йўқ онасини шаҳарга излаб чиқиб ўзлари томонда яшайдиган кўча безорисига дуч келиб қолганлиги ҳақидаги ҳикоясини тингладим.Тутақиб кетдим. Бир қизнинг “ўзи”ни ҳимоя қилиши учун шунча жасорат! Шартда йигитнинг олдига бордиму:
— Синглингизнинг исми нима? — киноя билан савол бердим йигитга.
— Йўлдошева Сарвиноз! — жавоб берди қўлидаги аллақандай эскилигидан титилиб кетаёзган гувоҳномани яширишга уриниб.
— Қандай исботлайсиз?
Бола ноилож гувоҳномани узатди. Қиздан фамилиясини сўрадим. Умуман бошқа. Бола билан қизнинг гапи ва гувоҳнома бир-бирига тўғри келмасди. Ҳайрон бўлдим.
Хўп, бирорта қўшнингизнинг рақамини берингчи, тасдиқласа, ҳеч ким сизга индамайди. Оилавий масала ўзингизни ишингизу, лекин барибир бу дегани зўравонлик қилиш керак дегани эмас. Ким бўлишингиздан қатъий назар, аёл кишини бу даражада таҳқирлаб уришингиз мумкинмас.
Бола телефон рақам берди. Жавоб берилмади…
102 га қўнғироқ қилишга мажбур эдим. Йўқса, бу бола қизни ўлдириб қўйиши тайин эди. Афсуски, телефоним ойлик тўловли таърифда қўшимча маблағи йўқлиги учун жавоб бермади. Кейин, шу атрофдан нон олиб ўтиб-қайтиб юрган амакидан телефонини сўраганимда, роса иккиланиб, минг бир оғриқ билан узатди. Дарров Ички ишлар бўлимига телефон қилиб вазиятни айтсам:
— Сизни ёлғон маълумот бермаётганингизни қаердан биламиз. Балки сиз алдаётгандирсиз, — деган тийиқсиз гаплар билан энсасини қотириб жавоб қилишди.
Шундай ҳолат ҳақида қандай ёлғон маълумот беришим мумкин! Хуллас, журналистика университети талабаси, журналист эканлигимни айтганимдан кейин инспектор маълумотларни қайта ўрганиб, ходимларини юборишини айтди. Бироздан кейин тегишли идоралардан одам келиб уларни олиб кетишди…
Ҳамма бир зум жим қолдию, дарров муҳокама бошланиб кетди. Ким қизни ёлғончига чиқардию, ким йигитни айбдор қилди. Лекин бу ерда ҳеч ким эътибор бермаган яна бир нарса бор эдики, дугонамизнинг довюраклиги!
Қиз хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин, кўчада кўрган қисматдошининг тақдирига бефарқ ўтиб кетолмай ғазабнок кишининг қўлидан тутиб қолиш қиз бола учун нақадар ҳайратланарли?
Ҳа, бугун бу нарса қиз болаларни қўя туринг, ката-кичик эркакларда ҳам йўқолиб бормоқда. Кўчада, куппа-кундузи бир зўравон, ожиза бир бечорани ё бир болани уриб, тепаётган бўлса-да, ўзларини кўрмаганга олиб ўтиб кетишаверади. Шунга ҳам бефарқ, қўрқоқ, меҳрсиз бўлиш мумкинми?!
Умида САТТОРОВА,
ЎзЖОКУ 2-босқич талабаси