Муҳаббат қасри садоқатдан бунёд бўлади

Бундан беш-ўн кун аввал устоз Неъмат Ёқубов билан гаплашиб, унинг аҳли аёлига садоқати ва муҳаббати ҳақида ибрат бўладиган эссе ёзаётганимни айтгандим. Бундан у киши жуда ҳам хурсанд бўлиб кетди. “Мақолангизни яқинда чоп этаётган китобимга киритаман, иложи бўлса ижодий фаолиятимга ҳам тўхталиб ўтсангиз”, деб фикр билдирган эди. Аммо бу ҳаётда бандасининг эмас Яратганнинг айтгани бўлади,   устозимиз ҳақида ёзилажак эссени кўрсатиш, фикрларини олиш насиб этмади. Куни кеча тўқсон ёшида, ҳа, улуғ бир ёшда Неъмат ота Ёқубов бу фоний дунёдан, боқий дунёга сафарга кетди. Илоҳо устозимизнинг жойлари жаннатда бўлсин, охиратлари обод бўлиб, ҳақларига Қуръон оятларидан ўқиган дуоларимиз қабрларини мунаввар этсин…

Неъмат ака Ёқубовнинг файзли хонадони Олмазор туманидаги Аҳил маҳалласида жойлашган. Бу ҳовлига биринчи марта келганимга ҳам салкам ўттиз йил бўлибди. Ҳовлида турфа хил гуллар, сархил мевали дарахтлардан иборат боғ бор. Боғнинг меваларидан не-не улуғ адиблар тотиб кўрган. Неъмат ака қанча-қанча дўстларига дарахт кўчатларидан улашган. Шу боғ туфайли ҳовли жуда баҳаво.

Неъмат Ёқубов “Қишлоқ ҳақиқати” (ҳозирги “Қишлоқ ҳаёти”) газетасига узоқ йиллар бош муҳаррирлик қилган, обрў-эътиборли, юксак мартабали киши бўлса-да, жуда камтарин, самимий инсон эди.

Устознинг ўзбек матбуотига, адабиётига қилган самарали хизмати, ҳаётда эса олийжаноб ва мард инсон бўлганлиги ҳақида кўп сўз айтиш мумкин. У киши “Қиш­лоқ ҳақиқати”дан ташқари, “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) ҳамда “Мулоқот” журналида бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир лавозимларида ишлаган эди.

Эллик йил ўзбек тили ва адабиётидан ўқитувчилик қилган Кенжабой отам раҳматли айтар эди. “Устозларни улуғлагин ўғлим, ўзинг ҳам улуғланасан”. Отамнинг насиҳатига амал қилиб устозларимни ҳамиша эъзозлагим, улардан ўқиб-ўргангим келарди.

Устозим Неъмат акага кўпчилик “домла” деб мурожаат қиларди. Чунки у киши бош муҳаррир бўлиш билан бир вақтда фан номзоди сифатида Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультети талабаларига дарс ҳам берардилар. Аслида ўтган асрнинг саксонинчи-тўқсонинчи йиллар журналистикаси ҳам, журналистлари ҳам бошқачароқ эди. Таҳририятлар ўзагини тўғрисўз, шахсий фикрига эга бўлган, ўз қарашларини ҳимоя қила оладиган, қатъиятли ижодкорлар ташкил қиларди. Назоирхон (маддоҳлик йўлида сўз айтиб мақола ёзувчи) журналистлар деярли йўқ эди.

Неъмат ака ана шундай фараҳли даврларда ўзбек матбуотининг нуфузли нашрларига раҳбарлик қилди. У пайтлар ахборот технологияларининг газетачиликдаги ҳозирги имкониятлари етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаган. Мақолалар қўлда ёзилар, машинкада терилар, ҳар бир ҳарф босмахонада қўрғошинга қуйиб битталаб териларди. Эрталаб таҳририятга ишга келиб, эртаси куни эрталабгача газета чиқарардик. Бирор ким ортиқча ишладим деб нолимас эди. Меъёрдан ортиқча ишлаганимиз учун қўшимча ҳақ ҳам олмас эдик. Мусаҳҳиҳдан то бош муҳарриргача газетага қўл қўйилиб, босмахонага топширилгунча бир оиладек жон куйдириларди. Газеталар-чи юз минглаб нусхаларда чиқарди. Обуна ҳақида ҳеч ким бош қотирмас эди. Ҳамма газеталарнинг ўқувчилари бўлиб, одамлар ўз ихтиёрлари билан обуна бўлишарди. Ҳа, эрталабдан ҳар бир газета дўконларида эндигина чоп этилган нашрлар учун одамлар навбатга туришгани ҳам рост. Бугун бу ҳолатларни айтсангиз, худди эртакка, афсонага ўхшайди… Қолаверса, у пайтдаги журналистларнинг аксарияти саводли, матонатли ва қаноатли эди. Таҳририятларга ҳар куни юзлаб хатлар келарди. Очиғи, матбуот ҳаёт кўзгуси эканлиги, элу-халқ нима дарду-ҳас­рати бўлса, матбуотга мурожаат қилиши ҳам бекорга эмас эди. Чунки, таҳририятларда Неъмат Ёқубов, Одил Ёқубов, Мақсуд Қориев, Зиёд Есенбаев сингари ҳалол, виждонли, жасоратли журналистлар бошчилик қилишар эди.

Улар яратган журналистика мактаби ҳақида кўпроқ бугунги авлод вакиллари билиши, улар тажрибаларидан, айниқса, ёшлар хабардор бўлишса фойдадан холи бўлмас эди.

Юқорида айтганимиздек, Неъмат Ёқубов катта ижодкор эди. Унинг элликдан зиёд китоблари чоп қилинган. Ўшанда “Жон” ва бошқа романлари чоп этилиб эл оғзига тушган пайтлари бирга ишлаш насиб этган. Шундай бўлса-да устоз ҳеч қачон манманлик қилмас, аксинча, ҳамма ходимларига меҳрибон ва ғамхўр раҳбар бўлган.

Неъмат Ёқубов ўнлаб қиссалар, ҳикоя­лар ва очерклар тўпламлари, “Хубоб”, “Она дийдори”, “Умр”, “Вужудий қуд­рат”, “Мангу ёшлик малҳами” каби романлар муаллифи. Адиб насрий асарлар ёзиш билан бир қаторда назмда ҳам баракали ижод қилиб, “Муҳаббат – етти бахт” рукни остида тўққизта шеърий ғазаллар, рубоийлар тўпламларини китобхонларга тақдим этди.

Мен учун устознинг энг қадрли хислатларидан бири унинг аҳли аёлига бўлган садоқати ва муҳаббати эди. Шундай хулосага келишимга бундан чорак аср аввал содир бўлган воқеа сабаб бўлганди. Бир куни Неъмат ака хонамга кириб, “Дилмурод бир илтимосим бор, келин­ойингизни мазаси йўқроқ, Фарғонанинг Чимён санаторийсига қўйиб келсангиз”, деб қолди. Бажонидил рози бўлдим.

Устознинг турмуш ўртоғи Ҳилола келинойининг оёқларидаги дарди кучайиб юролмай қолган экан. Устоз билан келин­ойини икки қўлидан етаклаб автомашинамга ўтказдик. Фарғонага қараб йўлга чиқдик. Инсоннинг қандайлиги узоқ сафарга чиққанда билинади, деганлари ҳаққи рост. У пайтлари Қамчиқ довонидан ўтишга анча-мунча ҳайдовчининг юраги бетламас эди. Туннеллар қурилмаган, илон изи йўллар тор эди. Аммо довоннинг табиати жуда гўзал, йўл бў­йидаги ариқчалардан зилол сувлар оқиб турарди. Дарахтлар атрофидаги кўм-кўк майсалар дилни яйратар эди.

Довондан эсон-омон тушиб Қўқон шаҳри Навоий кўчасидаги ошхонага етганимизда, домла “бир пиёла чой ичиб олайлик”, деб қолди. “Сиз дам олиб туринг, мен келинойингизни бу ёққа олиб кириб чиқай”, деб келинойини кўтариб аёллар ҳожатхонаси томонга юрдилар. Тўғриси, шу воқеани эсласам, кўзимдан ёш қуйилиб чиқаверади. Ўшанда Неъмат акага нисбатан бўлган ҳурматим осмон қадар кўтарилиб кетган эди.

Устознинг ҳаётда камтарин ва ҳалол инсон эканлигига яна далолат шундаки, ўша вақтларда матбуотнинг ўрни, нуфузи ниҳоятда баланд бўлиб, агар у киши лозим топганларида менга қилган илтимосларини айтайлик, бирор бир вазирлик ёки идора раҳбарига айтганида, у кишига жон деб битта эмас, иккита автомашина юборишган, хизматларига пойи­-патак бўлиши аниқ эди.

Хуллас, устоз билан келинойини Чим­ён санаторийсига жойлаб ортга қайтаётиб Ўзбекистон туманидаги “Соҳибкор” жамоа хўжалигида раҳбар бўлиб ишлайдиган қадрдоним Алижон Пайғамовдан дуо олиш учун ҳузурига бордим. Алижон ака доимо кўришаётганимизда каминага “Менинг энг азиз меҳмонимсиз”, деб лутф қиларди. Ўша куни баҳонада бир келиб қолибсиз, йўлда чарчагансиз, Тошкентга эртага қайтасиз, бизникида дардлашиб ўтирамиз, деб қўярда-қўймай олиб қолди. Алижон Пайғамов зиёлилар, шоиру адиблар, журналистларни жуда ҳам ҳурмат қиладиган ўқимишли инсон эди. Илоҳо жойлари жаннатда бўлсин. Исломжон деган ҳайдовчиси ҳам жуда маданиятли ва зийрак йигит эди. Меҳмон кутишни ҳам, овқат тайёрлашни ҳам қойиллатар эди. Алижон аканинг Қўқон шаҳридаги ҳовлисида шу куни дилдан суҳбат қилдик. Гаплашиб ўтириб, Неъмат аканинг аёлини кўтариб олиб, ҳожатга олиб кирган воқеани гапириб бердим. Буни эшитиб Алижон ака анчагача ўзини тута олмади. Кўзлари намланди, юраклари тит­ради. Неъмат аканинг аҳли аёлига шу қадар меҳрибончилигига қойил қолганини айтди. Бундай инсонга таъзим қиламан деди. Дилмуроджон, сиз жуда бахтли экансиз, шундай устозингиз бор экан.

Мен эртасига Тошкентга қайтдим.

Кейин эшитсам, Алижон Пайғамов Чим­ён сиҳатгоҳига Неъмат акани кўргани борибди. Санаторий раҳбарларини, бир гуруҳ дам олувчиларни йиғиб улар даврасига Неъмат ака билан Ҳилола келин­ойини таклиф этибди. Йиғилганлар олдида у киши аёлига шу қадар садоқатли ва меҳрибон инсон Неъмат Ёқубовга таъзим қиламан деган экан. Устоз бу воқеани тез-тез эслаб турарди…

Энди икки оғиз Алижон Пайғамов ҳақида. Асли касби ўқитувчи бўлган раҳматли Алижон аканинг номини ҳам ҳалигача фарғоналиклар “домла” деб ифтихор билан тилга олишади. У киши собиқ шўролар даврида битта туманда узлуксиз йигирма йилга яқин раҳбарлик қилган. Алижон Пайғамовни Шароф Рашидов ҳам жуда яхши билган. Туманда раҳбарлик қилган йиллари ўттиз минг гектардан ортиқ майдонларни ўзлаштириб, боғ-роғлар, экинзорлар яратишга бош-қош бўлган фидойи инсон эди.

Яқиндагина Неъмат Ёқубовни йўқлаб хонадонига боргандим.

– Келинойининг соғлиғи яхшими?,—деб сўрадим.

– Аллоҳга шукр, шу ёшга етказганига беадад шукр. Келинойингизни ўттиз йилдан бери елкалаб юраман. Гоҳида куламиз, гоҳида куямиз. Топганларимиз ҳам, йўқотганларимиз ҳам бўлди…

– Ўзингиз асл муҳаббат қасри садоқатдан яралади деб ёзгансиз. Сизнинг ҳаё­тингиз аҳли аёлингизга садоқат, унга меҳр-шафқат билан гўзал, – деб домлага кўнглимдагиларни айтдим.

– Албатта, кимки ўз аҳли аёлига меҳрибон бўлса, унга Яратганнинг ўзи меҳрибон бўларкан. Фарзандларимнинг онаси дард чекса, қандай чидай. Дардларни ҳам бирга тортдик, қувонч­ларни ҳам бирга баҳам кўрдик. Оҳ урсанг ҳам, шўх кулсанг ҳам бу дунё ўтаверар экан. Ёзганларимиз қолар экан. Келинойингиз китобларимга муҳаррирлик қилди, мусаҳҳиҳ бўлиб бехато чиқишига ёрдам берди.

Ўша куни Неъмат ака бир нечта китоб­ларига дастхат ёзиб берди. Улардаги қуйидаги фикрларни ҳикмат ўрнида кундалик дафтаримга, тўғрироғи дилимга кўчириб олганман. Неъмат Ёқубов шундай ёзади:

 

Севги нодирки, ҳар кимга насиб бўлмас.

* * *

Ҳақиқатни баралла айтиб, ҳеч ёмонлик кўрмадим мен.

* * *

Аллоҳ бизни бир-биримизга либос қилиб яратди.

* * *

Умримиз асоси чин муҳаббат бўлди.

* * *

Сен бу дунёда топган бахтимсан!

* * *

Муҳаббатни куйламоқ – саодатим менинг.

* * *

Қайга борсанг, мен ҳам бирга кетаман.

* * *

Севги саодатга яккаш дур бўлдинг.

* * *

Ҳалол бўлсанг бир бурда нонинг,

Шоҳлардан баланддир,

                    шуҳратинг шонинг.

* * *

Ҳақ сўз айтиб, ҳалол яшар мард киши.

* * *

Бир юракка дунё сиғиши мумкин, аммо икки муҳаббат сиғмайди.

* * *

Аёлга зулм қилган эр эр эмас.

* * *

Илм – сувда чўкмас, ўтда ёнмас ҳазина.

* * *

Муҳаббат қасри садоқатдан бунёд бўлади.

 

Албатта, булар устоз қаламига мансуб ҳикматлардан бир шингил холос.

Неъмат Ёқубовнинг асарларини ўқисангиз, у билан суҳбат қурсангиз донишманд инсон қиёфаси жонланар эди. Муаллифнинг маънолар хазинасидан маърифат жавҳаларини тергандек бўласиз.

Адиб асарларининг бошқа ёзувчиларникидан фарқи нимада?

Менинг назаримда унинг асарлари бош қаҳрамонлари – ҳаётда бор одамлар – замондошларимиз, биз билан ҳамнафас инсонлар эканлигида.

Масалан, Ўзбекистонда неврология фанининг асосчиларидан бири – Наби Мажидов, невро-хирургия отаси Марат Қориев, олим шифокор Одил Шокиров, миришкор пахтакор Исомиддин Арабов ва бошқа соҳа эгалари ҳаёти, умр йўлларида кечган турфа воқеа-ҳодисалар адиб асарларида жонланган эди.

Энг муҳими, унинг асарларида соғлом турмуш тарзини, узоқ умр сирларини билган инсонлар сиймолари яратилган. Истеъдодли ёшларни устозларга, Ватанга меҳр-муҳаббати тасвирланади. Севги ҳақида оҳ-воҳлар эмас, балки муҳаббат қудрати бўй кўрсатади.

Ҳа, беназир инсон, истеъдодли ёзувчи, “Дўстлик” ордени соҳиби, юзлаб журналистларнинг устози Неъмат ака Ёқубов бутун вужудини, куч-ғайратини, истеъдодини Ватанга, халқига бахшида этган улуғ инсон эди.

Чиндан ҳам Неъмат Ёқубовнинг шогирдларидан бири таниқли адибимиз Хуршид Дўстмуҳаммад айтганидек, Неъмат Ёқубов камтарин ва ғамхўр, беозор ва савоб ишларни кўп қилган устозимиз эди.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − three =