Изоҳли луғатлар такомили – ҳаётий зарурат

Сўзлар мажмуаси бўлмиш луғатларни, жумладан, “Ўзбек тили изоҳли луғати”(ва унинг қайта нашрлари)ни жавоҳирот сандиқчасигамас, бебаҳо марваридларга лиммо-лим уммонга қиёслашимиз мумкин. Ўзбек тилидаги луғавий бойлик – бебаҳо хазина. Дурга тенг ҳар сўз эса ўз маъноси, мақом ва мавқеига эга. Етук тилшуносу муҳаққиқларгина бу тилни мукаммал билиши, таркибидаги юз минглаб сўз ва бирикмаларнинг мазмун-мо­ҳиятини (айтиш­ларича, бир сўзнинг 365 та маъновий қирраси бор) тушуниши мумкин. Бизнинг вазифамиз эса тилнинг тозалиги ва қонун-қоидаларига риоя этиш, боболаримиздан қолган неъматни имкон қадар асл ҳолида сақлаш, ундан тўғри фойдаланиш.

Нафақат тил ва адабиёт ўқитувчилари, балки турли соҳа вакилларининг аксарияти изоҳли луғатларга муҳтожлик сезади (луғатлар эса жуда кўп олимларнинг биргаликдаги меҳнат маҳсули). Сўз замиридаги маънони англаш баробарида тўғри ёзиш учун ҳам қўлланмаларга юзланамиз. Шу маънода луғатлар –доимий ҳамроҳимиз, беминнат ёрдамчи ва йўлбошчимиз.

2020 йилнинг октябрь ойида давлат тилининг нуфузини ошириш ва мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида Президентимизнинг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Кўп ишлар баробарида тилшуносликка оид янги тадқиқотларнинг самарадорлигини таъминлаш, шу­нингдек, турли луғатларни, айниқса, ўзбек тили изоҳли луғатининг мукаммал шаклини китобхон қўлига етказиш вазифаси унда алоҳида қайд этиб ўтилган.

Луғатларнинг умри узун. 1981 йили З.М. Маъруфов таҳрири остида Москва шаҳрида чоп этилган икки томли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” ҳали ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бу луғат 60 мингта сўз ва бирикмани ўз ичига олган бўлса, А. Мадвалиев таҳрири остидаги “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг беш жилдли қайта нашрида (2006-2008) 80 мингдан ортиқ ўзбек адабий тилида кенг истеъмолда бўлган сўз ва бирикмалар (шунингдек, соҳавий терминлар, шевада қўлланадиган сўзлар ва тарихий атамалар) шарҳланган.

Бу икки луғатни қиёслаб, мустақиллик меваси – янги нашрнинг маълум даражада мукаммаллик касб этганини яққол сезамиз. Биринчи луғатдаги айрим камчи­ликлар қайта нашрда бартараф этилган. Масалан, олдинги нашрда (1981) “жадал” (жадалламоқ) сўзи тезлик билан, тезлаштириш, суръатни оширмоқ деб изоҳланган, холос. Янги нашрда эса бу сўзнинг иккинчи маъноси ҳам (баҳс, мунозара) ўз шарҳини топган.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, “жадал” фақат “баҳс-мунозара” маъноси билан чекланмаган. Икки қарама-қарши томоннинг тўқнашуви (уруши)ни ҳам классикларимиз “жадал” дейишган. Жумладан, ҳазрат Навоий “жангу жадаллар” деган ифодадан кўп фойдаланган.

Афсуски, “жадал” (жадаллаштириш)ни унчалик тушунмайдиган ёки маъносига эътибор қаратмайдиганлар қаторида зиёлилар ҳам бор экан. ЎзТВ да суҳбат кетяпти. Мактаб раҳбари иш қидириб келган ходимга дейди: “Мактабимиз жадаллаштирилган”. Аввалига нотўғри эшитган бўлсам керак деб ўйладим. Тўғри эшитган эканман. Раҳбар давом этди: “Яна иккита жадаллаштирилган синф очмоқчимиз”. Бу кўча-кўйдаги гап эмас, миллионлаб томошабинларни ўзига жалб этган “ойнаи жаҳон”нинг суҳбати.

Бадиий адабиётимизда “жаҳд-жадал” деган ифодага ҳам дуч келамиз. Бу ифода изоҳли луғатда ғайрат-шижоат деб шарҳланган. Ўйлашимизча, бу ифода сохта ва мантиқсиз бўлиб, ғайрат-шижоат маъноси жидду жаҳд деган иборанинг замирида мужассам.

“Маҳкама” сўзи иккала луғатда ҳукм қилувчи, ҳукм чиқарувчи ва яна бошқарма, идора деб шарҳланган. Бу тўғри. Аммо “маҳкама” деб фақат адлия ё суд идораси (қозиёт)ни тушунадиганлар ҳам талай. “Бошқарма, идора” маъносидаги “маҳкама”ни тасдиқлаш учун янги нашр эски нашрда келтирилган мисолни такрорлаган: “Маҳалла фуқаролари у муттаҳамдан шикоятланиб, қозихона ва бошқа маҳкамаларга аризалар…”

“Бошқа маҳкамалар” тушунчасида бошқарма, идора деган маънони англаш душвор. Саҳиҳроқ мисолларгина китобхонни шубҳадан холи қилиши мумкин.

“Армон” – амалга ошмаган орзу-истак, вақтида қилинмаган иш ва шу туфайли кўнгилда қолган ўкинч, ҳасрат… деб шарҳланган ҳар икки нашрда. Дуруст-куя, бу сўзнинг бошқа маънолари ҳам мавжуд – боболаримиз, айни чоғда, “армон” деб ранж ва меҳнатни ва яна ҳавас, орзу, ниятни тушунишган.

“Фанд” шева таъсирида “панд”га айлангани маълум, маъноси – фириб, алдамоқ, зиён келтирмоқ. Бироқ классикларимиз луғатида ўгитли гап, ўгит, насиҳат, ҳикмат маъносидаги “панд” мавжуд холос. Алдамоқни эса аждодлар “фанд” дейишган. “Фанд” сўзи янги даврдаги имло ва изоҳли луғатлардан қандай (ва нима учун) чиқиб кетди, ҳайрон қолади киши.

“Фуқаро” – бирор мамлакатнинг доимий (муайян юридик ҳуқуқларга эга бўлган) аҳолиси. Баъзиларнинг “фуқаро” деб фақат бир инсонни ё фақир кишини назарда тутиши эса – хато. Фуқаро – омма. Изоҳли луғатнинг янги нашрида ҳам “фуқаро” – (“фақир” с.нинг кўпл.) деб қайд этилган. Бироқ шу нашрда “фуқаролар” деган сўзга ҳам дуч келамиз. Модомики, “фуқаро” кўплик, “лар” қўшимчаси ортиқчамасми?

Олдинги нашрда (1981) “ҳомила” сўзи “она қорнида пайдо бўлган бола” деб, қайта нашрда эса “иккиқат хотин” деб шарҳланган. Икки хил изоҳ!

“Ҳомила” аслида иккиқат аёлми ёки аёл вужудидаги мурғак вужудми?

“Ҳомила”нинг луғавий маъноси қайта нашрда изоҳлангандек – бўйида бор аёл (иккиқат). “Ҳомила” деб қориндаги болани, “ҳомиладор” деб иккиқат аёлни тушунмоқ нотўғри. “Ҳомиладор”даги “дор” қўшимчаси (“эгалик” маъносини ифодаловчи, масалан, “мулкдор”, “чорвадор”) аслида – ортиқча.

“Ҳомила” ни шарҳлашда олдинги нашрнинг хатосини ислоҳ қилган янги нашр “ҳомиладор”сўзини изоҳлашда –қорнида ҳомиласи бор, – олдинги нашрнинг хатосини такрорлаган.

Шўролар давридаги изоҳли луғатда “мукофот” фақат тақдирлаш, соврин, совға… маъносида шарҳланган бўлса, беш жилдли қайта нашрда бу сўзнинг бошқа (асосий) маъносига ҳам изоҳ берилган: кишининг ўз қилмиши, хатти-ҳаракати учун қайтган қаритма.

Бугунги кунда биз “мукофот” деб бирон-бир фаолият соҳасидаги алоҳида ютуқлар учун рағбатлантиришни тушунамиз, холос. Бу сўз, айни дамда, “жазо” лигидан кўпчилик бехабар. Амалинг мукофотидан ғофил бўлма, деган нақл мавжуд, яъни яхши ишнинг ҳам, ёмон ишнинг ҳам мукофоти бор.

Бир гуруҳ ёш касбдошларим – она тили ва адабиёти ўқитувчилардан “жаҳл” сўзининг маъносини сўраб, ғазаб­ланиш, қаҳр деган жавобни эшитдим. Бу сўзнинг маъноси аслида “илмсизлик”, “нодонлик” эканидан улар бехабар.

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати” (1981) да ҳақиқатан “жаҳл” – ғазаб (ғазабланиш) маъносида шарҳланган, холос. Мустақиллик йилларидаги нашрда   бу сўзнинг “нодонлик” маъноси ҳам борлиги кўрсатилган. Янги изоҳли луғатни ҳам варақланг, янгиликлардан огоҳ бўлинг, деб маслаҳат бердим ёш ўқитувчиларга.

Нафақат ёшларга, турли ёш вакилларига, юқорида қайд этганимиздек, изоҳли луғат – беминнат кўмакдош.

Кундалик ишимизда бир луғатшунос устозимиз биз учун намуна – столи устида ҳар доим изоҳли луғатни кўрамиз. Бирон сўзнинг маъносини сўрасак, дарров ўша китобни қўлига олади. Овора қилиб қўймадикмикин, деб хижолат бўламиз. “Шундоқ айта қолса бўлмайдими? Наҳотки, у ҳам шу сўзнинг маъносини билмаса?”

Била туриб ҳам изоҳли луғатни қўлига олишига ҳайрон бўламиз.

Таажжубимизни англаб, у бир ривоят айтиб берди: Туя устида бораётган улуғларимиздан бирига: “Авлиё ота, туянгизнинг оёғи нечта?” деб савол берибди бир одам. Ул зот туядан тушиб, жониворнинг оёқларини санаб, тўртта деб жавоб берибдилар”.

Тушунарли, дедик ривоят замиридаги ҳикматни фаҳмлаб.

Қанийди, ҳаммамиз ҳам изоҳли луғатлар билан “шундай дўстлашсак”.

Бироқ изоҳли луғатдаги бир ғалат бутун бошли бир халқни чалғитиши – сўз маъносини нотўғри тушуниши ва қўлланишига сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Бас шундоқ экан, бу ишга энг сара соҳа мутахассисларини жалб этиш мақсадга мувофиқ. Луғат тузувчи сўздаги энг кичик жиҳатларни ҳам кўздан қочирмаслиги лозим. Бир сўз битта ё иккита синоними билан эмас, барча синонимлари билан изоҳланиши шарт, яъни маънодош сўзларнинг ҳар бирига изоҳ бериш талаб этилади.

Беш жилдли изоҳли луғатда “ҳамл” сўзи кўтариш, ташиш ҳамда ҳамл пайти (туғиш пайти) маъносида шарҳланган, холос. Ҳолбуки, бу сўзнинг яна бир маъноси мавжуд – юк. Масалан, юк ташувчини “ҳаммол” деймиз.

2020 йилда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” янги таҳрирда 3 минг нусхада қайта нашр этилди. Унда сўнг­­ги йилларда истеъмолга кириб келган юзлаб (дилер, консалтинг, холдинг сингари) янги сўз ва атамалар киритилган. Бу яхши, албатта. Лекин мумтоз адабиётимиздаги қатор-қатор “эски” сўзлар ва таъбиру бирикмалар янги таҳрирда ҳам ўз ўрни-изоҳини топмаган ёки шарҳлар мукаммал эмас.

Классикларимиз қўллаган бир қатор сўзлар асл баробарида бироз ўзгарган (ёхуд бузилган) шаклда ўзбек адабий тилида ўрин топгани маълум. Масалан, масъулият, кафолат, бирор ишни бажара олишни удда деймиз ва ёзамиз (уддаладим). Араб тилидан кирган бу сўзнинг асл шакли – уҳда. Беш жилдли изоҳли луғатда бу сўз (ва араб тилидан кирган бошқа сўзларни) араб алифбосида ҳам ёзилгани айни муддао, албатта. (Масалан, айн, ҳе, дол ва “ҳе”-и ҳамза билан ёзиладиган “уҳда”). Эски алифбода ёзилган бу сўзнинг (“уҳда”нинг) қандай ўқилишини бугунги алифбода ҳам илова тарзда (транскрипция тарзида) ёзиб қўйилса, нур устига нур бўларди.

Шу маънода ўзбек тилини ўқитишни янада яхшилаш учун изоҳли луғатларимиз янада “яхшироқ” ва мукаммалроқ, ҳар қандай ғалат, ғализлик ва сўз сакталигидан холи бўлмоғи шарт.

Адабий ўзбек тили асрлар давомида шаҳоншумул асарлар, абадиятга дахлдор муқаддас китоблар тили бўлгани-ю, ҳозирги даврда нуфуз ва эътибори дунё миқёсида ошиб бораётганини унутмаслик керак. Бадиий тилни уй-рўзғор тилига айланишидан сақлаш учун ҳам янги луғат тузишда ёхуд изоҳли луғатларни қайта нашрга тайёрлашда шўролар даврида яратилган изоҳли луғатлар баробарида қадимий тафсирий луғатлардан (мас. “Девону луғотит турк”, “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Фарҳанги Амид”, “Фарҳанги Рашидий”, “Ғиёс ул-луғот” ва ҳ.) андаза олиш шарт, фикримизча.

Изоҳли луғатларнинг янгича мазмун-моҳият касб этаётгани луғатшунослик илмининг ривож ва сайқал топишига сабаб бўлмоқда. Бироқ таъкидлаганимиздек, бундай луғатлар янада такомиллаштиришга муҳтож.

Изоҳли луғатларимиз ҳар жиҳатдан комил яратилса, улардан оқилона фойдалансак, ўзбек тилининг гўзаллиги-ю жозибаси, назокату латофати, маъно-мазмундорлиги нафақат бадиий адабиётимизда, балки ёшларимизнинг равон оғзаки нутқида ҳам жилоланишига ишончимиз комил.

Муҳаммад ШОДИЙ,

Ўзбекистон Ёзувчилар   уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − six =