Адашган эканмизми? Ёки дарахтнинг ҳам ватани бор

Қишлоқдан Гулистон шаҳрининг 4-мавзесига кўчиб келган кунлар қўшнилар билан эндигина фойдаланишга топширилган кўп қаватли уйимиз теграсини обод қилишга бел боғладик. Бизга бу ишда бир неча уй нарида яшовчи танишимиз, вилоят халқ таълими бошқармаси ходими Абдували Шоназаров (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) маслаҳатгўйлик қилдилар.

─ Ўтган йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, боғдорчилик фермер хўжалигини бошқараётган Алиқул ҳожи Хонимқуловнинг боғига бордик. Ўн гектарлик олмазори теграсига қатор қилиб Калифорния тераги кўчатлари ўтқазилган экан. Хонимқуловнинг айтишича, терак ёғочидан ҳар йили анчагина даромад оларкан. Тадбиркор ва ҳунармандлар ўзлари келиб, кўтара савдо билан жойидан терак ёғочларини олиб кетишаркан. Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади, деганлари шу бўлса керак-да! Чўл муҳитида дарахт кўкартириш мушкул. Жайдари дарахтларимиз беш-ўн йилсиз соя бермайди. Мен ҳам уйимиз ортига Калифорния тераги ўтқазгандим. Икки йилда беш-олти қулоч ўсиб, балконимизга соя солди. Юринглар, истаганларингча шохларидан қаламча кесиб бераман. Икки-уч йилда соясида ёнбошлаб ётиб, чой ичасизлар, ─ деб қолди.

Бу гапни эшитгач, дунё топган дарвишдек хурсанд бўлиб, Абдували аканинг боғчасидан қаламчалар олиб келдик. Уларни уйимиз ортидаги ариқ ёқасига не-не ҳаваслар билан суқиб чиқдик. Анча шўх, беор ниҳол экан. Тўлиқ амал олди. Баҳору ёз ўтиб қаламчалар одам бўйи дарахтга айланди. Қўни-қўшни барчамиз хурсандчиликдан танамизга сиғмаймиз. Тўрт-беш йилда тераклар ўсиб, кўп қаватли уйимизнинг ярмигача етди. Аммо шунда биз ўстирган Калифорния терагининг “қилиқлари” чиқа   бошлади. Ҳар йили апрелнинг охирлари майнинг бошларида ерни қор мисоли оппоқ тўзғоқлар қоплайдиган бўлди. Бу Калифорния терагининг гуллари эди. Эшик-деразаларингизни қаттиқ беркитмасангиз, уйингизгача бос­тириб киришдан тоймаскан.

Қани, нима дарахт экан дея кеч бўлса ҳам интернетдан Калифорния тераги ҳақида маълумот изладим. Маълум бўлишича, бу тез ўсадиган дарахт аҳоли яшайдиган жойлардан узоқдаги майдонда ўстирилиб, ундан Шимолий Америкада бинокорлик материали сифатида фойдаланилар, шаҳар ва аҳоли пунктларида манзарали дарахт сифатида фойдаланилмас экан. Қарангки, бир сайтда бу дарахт ҳақида шундай дейилган эди: “Бу касофат дарахтнинг гуллари аҳолида кескин аллергия пайдо қилади. Кўзлар ёшланади, бурундан сув Ниагара шаршарасидек қуйилади, менинг укам бир ойдан буён аллергиядан қийналмоқда”.

Тўғри, бу бир одамнинг фикри эди. Аммо унда жон борга ўхшайди. Бошидан ўтказганки, шундай деб ёзган. Бироқ юртдошларимиз бу ҳақда ўйлашмайди. Дарахтнинг тез ўсиб, соя беришига қизиқиб, кўпчилик ҳовлига ҳам, кўпқаватли уйнинг олдига ҳам шу дарахтни экишни одат қилди. Биз ҳам адашган эканмиз. Дарахтлар авж гулга кирган баҳор ойлари мавземиз аҳолиси қийналиб қолди. Ёзғирганлар қанча? Калифорния теракларидан халос бўлиш учун кўплари кесилди. Қолган озидан ҳам одамлар азият чекишмоқда.

Шўролар даврида шаҳарларимизни, истироҳат боғларимизни Россияга мослашган дарахтлар эгаллаб олгани каби, истиқлол йилларида она заминимизга худди “оммавий маданият”га ўхшаб чет эл дарахтлари бостириб кира бошлади. Ўхшатишим қўполроқ тую­лар, лекин бу ҳақиқат. Тўғри, дарахтларда айб йўқ. Бироқ Яратган Эгам дунёнинг барча гўшаларига мос наботот оламини яратиб қўйган. Бошқа жойда у дарахтлар ўз ватанидагидай эмин-эркин ўсолмайди, фойда бермайди. Айниқса, Калифорния тераги шаҳар кўчалари, хиёбонлари, истироҳат боғларига асло мос келмас экан. Кейин у ўта мўрт. Қаттиқроқ шамол бўлса, қарсиллаб синади. Балки бу муҳитимизга мослашолмаганидандир? Эртага иморат учун ишлатсак, у йиллар синовига қандай дош беролади?

Тўғри, кейинги пайтларда мамлакатимизда шаҳарсозлик ландшафтини яратиш бўйича катта изланишлар олиб бориляпти. Шаҳарлар тозалиги, озодалигини таъминлаш мақсадида кўчалар ва хиёбонларга қишин­-ёзин яшнаб турадиган арча кўчатлари ўтқазиляпти. Арчалар яхши, соясида яйраб дам ололмасангиз-да, манзарали дарахт сифатида — бебаҳо. Ҳавони ҳам тозалайди. Аммо уни ҳам лозим бўлган жойгагина ўтқазиш керакмикан?

Кўчаларни ифлос қилади, дея қанчадан-қанча азим чинорларга қирон келтирдик. Бу йил Президентимиз кўча ва хиёбонларга чинор ниҳолларини ўтқазишни тавсия қилиб, савобли иш қилдилар. Агар чинор вояга етса, соясида бир қур одам бемалол соялайди. Бу йил “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ўзимизнинг жайдари дарахтларимизни ҳам эмин-эркин экишга рухсат берилгани айни муддао бўлди.

Юртимизда минг йиллик азим чинорлар, тут, ёнғоқ дарахтлари ўсади. Улар ҳар томонлама фойдали. Ўйлаб кўринг, бу дарахтларнинг нафақат умри узун, балки улар мўл мева ҳамда пишиқ, мустаҳкам ёғоч ҳам беради. Лекин нега бугун бу дарахтларни ўтқазгимиз келмайди?

Бугунги кунда кўкариб турган ҳар бир дарахт табиат муҳофизлари ҳамда экологлар назоратида. Уларнинг бирортасини берухсат қирққан фуқаро каттагина жаримага тортилади. Шундай экан, табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти мутахассислари ҳамда экологлар жойларга чиқиб ҳақиқий вазиятни ўрганишса, олимлар билан баҳамжиҳат қайси дарахтлар иқлим шароитимизга мослигини аниқлаб иш тутишса, фақатгина ютамиз. Шу ўринда бир мисол. Гулис­тон шаҳрига Испания давлатидан ҳар тупи фалон пул турадига жўка ниҳолларини келтириб ўтқазишди. Бироқ Мирзачўл жазирамасига бу дарахт чидаш беролмади. Саратон палласи жўкаларни офтобнинг 45-50 даража жазирасидан сақлаш учун устига матодан чодир-чаман ҳам ўрнатишди. Фойдаси бўлмади. Ҳа, юқорида айтганимиздек чиндан ҳам Яратган Эгам ҳар бир дарахт, бута ва гулга табиатига қараб Ватан ато этган. Иқлими бир-бирига яқин давлатлардан келтирилган дарахтлар, ўсимликлар юртимизга “эл” бўлиб кетаётгани ҳам бор гап. Масалан, Япон сафораси шундай дарахтлар сирасига киради.

Калифорния терагига келсак, уни фақат аҳоли яшайдиган масканлардан узоқдаги алоҳида майдонларда ўстирилса, мақсадга мувофиқ бўларкан. Албатта, бу шахсий мулоҳазамиз. Янаям мутахассислардан жўяли тавсиялар бўлса, яхши бўларди.

Муҳаммадали АҲМАД,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 − 5 =