Сурхоннинг сайқали эрур бу Денов

Бугун “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя   ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилган. Энг муҳими,   Тараққиёт стратегиясининг   етти йўналиши ҳам инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга қаратилган.   Юртбошимизнинг “2020-2022 йилларда   Сурхондарё   вилоятининг Денов   тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий   ривож­лантириш тўғрисида”ги 4667-сонли қарори сабабли барча соҳаларда тарихий ўзгариш­лар юз   бермоқда. Четдан келган киши ҳам туманимиз дарвозасидан ҳатлашиданоқ буни яққол ҳис этади. Ушбу қарор ижросини таъминлаш борасида Вазирлар Маҳкамасининг 222-сонли қарорига кўра 3 триллион 49 миллиард 373 миллион   сўмлик 505 та лойиҳа дастурга   киритилган. Бу ҳазилакам гап эмас!

Ўтган вақт давомида   саноат соҳасида 38 та, хизмат кўрсатиш бўйича 45 та, қишлоқ   хўжалигида 39 та, йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилашда 67 та, ичимлик сув таъминоти ва канализация тармоқлари соҳасида 7 та, электр энергия тизими борасида 42 та, газ тармоқларини яхшилашда 17 та, мактабгача таълим ташкилот бўйича   51 та, умумтаълим   мактабларида 17 та, соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш ва қуриш бўйича 9 та, спорт   объектлари учун 4 та, маданий- тарихий ёдгорликлар соҳасида 3 та, “Хавфсиз шаҳар”   концепцияси бўйича 8 та, ирригация ва мелиорация тизимини яхшилашда 8 та   лойиҳа ишлари   амалга оширилган. Бундан ташқари маҳаллий бюджет, ҳомийлар, корхоналарнинг 61   миллиард 690 миллион   сўмлик маблағлари ҳисобидан   15 та лойиҳа тўлиқ   якунланган бўлса,   яна 6 та лойиҳада қурилиш   ишлари   қизғин бормоқда. Ҳали маб­лағ ажратиш чоралари кўрилаётган ўнлаб   ло­йиҳаларни тилга олмадим. Бу лойиҳалар эвазига   4,5 мингдан ортиқ янги иш   ўринлари   яратилди.

Бугунги кунда   Денов шаҳри ва маҳаллалари янгича меъморий қиёфа   касб этиш билан бирга,   йирик   саноат марказига айланяпти. Бунга   айрим мисолларни келтирмоқчиман. “Денов ёғ-мой кластери” МЧЖ негизида   30 минг тонна чигит ва кунгабоқар   донини қайта ишлаш қувватига эга бўлган, лойиҳа   қиймати 68 миллиард сўмлик   йирик саноат корхонаси   иш бошлади. Шуни айтиш керакки, туманимизда жуда катта   ҳажмда қурилиш, ободонлаштириш ишлари кетаётган бир пайт­­да “Gold Bizhes Pro”   МЧЖ томонидан 70,5 миллиард   сўмлик темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи замонавий корхонанинг ишга туширилиши   айни муддао бўлди. Қурувчи ва мутахассисларимизнинг   узоғи яқин, оғири енгил бўлди. Ҳам иш ўрни кўпайди,   ҳам қурилиш материаллари таннархи арзонлашди. Бундан ташқари, “Сино Силк” МЧЖ корхонаси шу ернинг ўзида пиллани қайта   ишлаб мато ва гилам маҳсулотлари тайёрлайдиган, ло­йиҳа қиймати 23,1 миллиард   сўмлик сўнгги русумда   жиҳозланган янги корхонани   фойдаланишга топширди.

Шаҳар марказидаги   Саййид Оталиқ мадрасасида 12,8   миллиард сўмлик таъмирлаш ва тиклаш ишлари олиб борилиб, бу тарихий- меъморий   ёдгорлик “Ижод- ижод” МЧЖ бунёдкор   мутахассислари томонидан кўрганда кўз қувонадиган ҳолатга келтирилди. Эндиги нав­бат лойиҳа қиймати   11 миллиард 500 миллион сўм бўлган “Денов қўрғони” тарихий обидасини   реставрация қилиш ва Маданият   марказини бунёд этишдир. Шунингдек,   “Денов темир йўл бекати”, “Ер тузиш   ва кўчмас мулк кадастри”, ИИБ маъмурий   мажмуаси,“Микрокредитбанк”, “Миллий банк” туман бўлимларининг янги бинолари қурилиб ишга туширилган бўлса, Халқ банки туман бўлими, шаҳар ва тумангаз маъмурий бинолари, шоҳбекат тубдан таъмирланиб, замонавий   кўринишга келтирилди.

Кун, ой сайин аҳоли сони ортиб, янги оилалар кўпаймоқда. Фуқароларнинг уй- жойга бўлган талабини қондириш, турмуш шароитини яхшилаш   мақсадида давлат дастури асосида кенг   кўламли қурилиш ишлари олиб бориляпти. Салкам икки йилда туманнинг “Нурли манзил”   маҳалласида “Қишлоққурилишинвест” унитар корхонаси томонидан замонавий тежамкор лойиҳа асосида қурилган 6 та 5 қаватли   уй махсус комиссия   хулосасига кўра 180 та кам   таъминланган, уй- жойга муҳтож оилага имтиёзли тарзда берилди. Бугунги кунда туман аҳли “Денов сити”   деб атаётган “Лочин” массиви қурилиш ва ободончилик борасида   ҳамманинг эътиборида. Бу ерда 834 хонадонга мўлжалланган тураржой бунёд этил­япти. Жумладан, барча қулайлик   ва шароитга эга бўлган 384 хонадонли 4 та 16 қаватли уй фойдаланишга топширилди ва фуқаролар кўчиб ўтишди. Шу массивда яна 450   хонадонли, лойиҳа қиймати 173 миллиард 873 миллион сўм бўлган 8 та кўп қаватли уйда сўнг­­ги пардозлаш ишлари олиб бориляпти. Тадбиркорлар томонидан эса 914 хонадонга мўлжалланган 17 та кўп қаватли тураржойни бун­ёд этиш жадал суръатларда   бормоқда. Бир ҳовлида   уч-тўрт оила бўлиб,   қийналиб   яшаётганлар ҳам анчагина. Улар ҳам шу уйлардан бирини сотиб олиш орзусида. Арғамчига қил қувват, дейдилар. Энг муҳими, уй- жойга муҳтож бўлган 455 нафар фуқарога ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш учун 17,6 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Бундан ташқари, туманимиз марказининг Туркистон кўчасида   “Проф груп” МЧЖ бунёд этган 5 қаватли 72 хонадонли тураржой   ИИБ   ходимларига ипотека   кредити асосида олиб берилди. Шунингдек, хавфсиз шаҳар   концепцияси бўйича 4 миллиард 860 миллион сўмлик яна 4 та лойиҳа амалга оширилади. Туман марказининг Ш. Рашидов кўчасида тадбиркорлар ва тижорат банклари маблағлари ҳисобига 60 та хизмат кўрсатиш шахобчасига эга бўлган 356 хонадонли 11 та кўп қаватли тураржой қуриляпти. Тўғри, бунча уй қурилди,   дегани ҳамма муаммо ҳал этилди,   дегани эмас. Халқимизнинг яшаш ва турмуш шароитини   янада   яхшилашга ҳаракат қил­япмиз. Шу мақсадда туман марказида 12,2 километрли   замонавий пиёдалар ва   велосипед йўлаклар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Тан олиш керак, давлат дастурига тушмасдан олдин туманимиз   ҳудудидаги йўл- транспорт инфратузилмаси талабга жавоб бермас эди. Бугунги кунгача 5 км. автомагис­траль, шаҳарда 22,9, туман марказидаги 18 маҳалланинг 63 та ички   йўлига 36,5 км. асфальт ётқизилди, 68 маҳалладаги 120, 6 км. йўлга     тош тўшалди. Айни пайтда 16   км. автомагистрални, 17 км. ички йўлларни жорий ва мукаммал таъмирлаш, “Бишкек-Термиз-Душанбе” автотрассасини боғловчи темир йўл   устидан   лойиҳа қиймати   58 миллиард сўм бўлган кўрпикни   қуриш жадал давом этмоқда. Яна иккита кўприкда мукаммал таъмирлаш ишлари бораяпти.

Шуни алоҳида қайд этишни истардимки, “Обод қишлоқ” дастури доирасида туманнинг Юрчи, Пахтакураш   қишлоқларида 25,7 миллиард сўмлик   қурилиш ва ободонлаштириш ишлари   бажарилди. Жумладан, 6   миллиард сўмлик 2 та 660 ўринли мактаб, 90 ўринли боғча, 2 та маҳалла идораси бунёд этилиб,   талаб даражасида жиҳозланди. Қишлоқ аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида 2,4 км. пиёдалар   йўлакчаси қурилиб, 53 та тунги ёритгич чироқлари ўрнатилди. Икки   қишлоқда 12,5 км. электр тармоғи таъмирланиб, 247 дона симёғоч алмаштирилди. Янгитдан учта трансформатор ўрнатилиб, 9 таси   созланди. Қишлоқларга 12 км. ичимлик сув қувури тортилиб, 4 та сув иншооти барпо этилди. Юрчи ва Пахтакурашда истиқомат қилаётган 116   нафар кам таъминланган оиланинг уй- жойлари ҳомийлар маблағи ҳисобидан   таъмирланиб, 11,7 км.   қишлоқ кўчасига асфальт   ётқизилди. Шаҳардагидан қолишмайди. Бундай шароит ва қулайликдан ёшу қари миннатдор.

Дастур асосида ичимлик   суви ва канализация тармоқларини таъмирлаш ҳамда янгитдан қуриш ишларига   алоҳида эътибор қарат­япмиз. Сабаби қурилаётган тураржой ва бош­­қа иморатларнинг пировард фаолияти шу нарсага боғлиқ. Бу борада қиймати 171 миллиард 538 миллион сўмлик 11 та лойиҳани бажариш белгиланган. Жумладан, “Боғинав” маҳалласида 3,   “Даҳана” маҳалласида 7,   шаҳар марказида 13,1, ўн саккизта   маҳаллада 31,5 км.га янги ичимлик сув қувури тортилди. Бешта ер ости   сув олиш қудуғи қазилиб, тўртта сув   сақлаш иншооти қурилди ва муҳофаза   девори билан ўраб олинди. Маҳаллий бюджет ҳисобидан 8,3 км. сув қувури ётқизилиб, 2 та тарқатиш иншооти реконстурк­ция қилинган бўлса, республика бюджетидан янгитдан 16,1 км. қувур тортилиб, кўтарма   насос станцияси барпо этилди. Эндиликда 62,4 километрга ичимлик сув қувури ўтказиш, янги 3 та сув иншооти   ва тармоғини барпо этиш ишлари қизғин бормоқда.

Туманда   узоқ йиллардан буён муаммо бўлиб келаётган, “Сурхон диёр” маҳалласидаги   оқова сувни   тозалаш (канализация) тармоғи ва иншоотини   реконструкция қилиш бош­лангани айни муддао бўлди. Бу лойиҳа   учун халқаро молия институтлари маблағи ҳисобидан 141 миллиард сўм ажратилган. Тозалаш иншооти замонавий санитария ва экологик талабларга   тўлиқ жавоб бериши керак. Бусиз осмонўпар   уйларда яшаётган аҳоли турмушини, йирик саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини тасаввур этиб бўлмайди. Бу ишга шу нуқтаи назардан ёндашилмоқда.

Шунингдек, туманда электр таъминотини яхшилаш мақсадида 29 та янги трансформатор ўрнатилиб, 64,4 км.га   электр тармоқлари   ўтказилди. Туманда 452 дона темир-бетон устунлари тикланиб, 14,7 км.га СИП симлари тортилди.   “Лочин” маҳалласида кўп   қаватли уйларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш учун лойиҳа   қиймати 26,1   миллиард сўм бўлган   нимстанция қурилиши ниҳоясига   етказилди. Аҳолига   замонавий телекоммуникация, юқори сифатли интернет, телефон, IPTV   хизматини тақдим этиш учун 5120 порт сиғимга эга 4 та   OLT станцияси ишга туширилди. Туманимиздаги 32 та ижтимоий объектда 25 км.дан ортиқ оптик толали алоқа тармоғи бунёд этилди.

Аҳолига табиий газ етказиб   беришни янада яхшилаш мақсадида туманимизда 115,9 км. газ қувури алмаштирилди ва реконструкция қилинди. Бундан ташқари 18934 та ҳисоблагич ўрнатилиб, 2180 та маиший газ балони аҳолига тарқатилди. Ўз вақтида хонадонларга суюлтирилган газ етказиб бериш мақсадида 3 та янги махсус   машина ажратилди.

Бугунгача дастур доирасида 18 та умумтаълим   мактаби мукаммал таъмирдан   чиқарилган бўлса, 7 тасида ишлар узлуксиз давом этмоқда. 2 та жисмоний тарбия ва спорт объектида   32 миллиард сўмлик қурилиш- таъмирлаш ишлари тугалланиш арафасида. Шунингдек, 11 та мактабгача   таълим муассасаси реконструция қилинган бўлса, давлат шерикчилиги асосида 3 та, 24 та оилавий, битта янги боғча қурилди. Эндиликда 1 та “Чамбил” маҳалласида 9 миллиард сўмлик, давлат хусусий шерикчилиги асосида маҳаллий бюджет ҳисобидан   умумий қиймати 19 миллиард 953 миллион сўм бўлган 6 та, 550   миллион сўм эвазига 4 та   оилавий ММТ қуриш ва ташкил этиш ишлари бошлаб   юборилди.

Дастурга кўра соғлиқни сақлаш муассасаларини тубдан   таъмирлаш ва янги бинолар қуриш   учун 30 миллиард 400   миллион сўмлик 9 та лойиҳа белгиланган. Айни пайт­­да эса 20 миллиард 700 миллион сўмлик 4 та лойиҳа тўлиқ амалга оширилди. Яна бир   шифохонада республика   бюджети ҳисобидан 2 миллард сўмлик   таъмирлаш   ишлари олиб бориляпти. Шу баробарида тизимдаги 4 та объектни   мукаммал таъмирлашга 7 миллиард 700 миллион сўм маблағ ажратиляпти.

Мутахассислар ҳамда деҳқонлар тажрибадан билишадики, қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишда ирригация ва мелио­рация тармоқларини яхшилаш муҳим роль ўйнайди. Соҳада 8 та лойиҳани   амалга оширишда 18 миллиард 289 миллион сўм маб­лағ белгиланган. Туман ҳудудидаги 143 километр коллектор тармоқлари тозаланиб, таъмирланди. “Откамар”, “Сангардак” каналлари реконструкция қилиниб, 1-, 2-, 63-коллектор   тармоқларида қайта тиклаш   ва қурилиш ишлари давом этмоқда. Бу борада яна 6 миллиард 300 миллион сўмлик   учта   лойиҳа амалга оширилади.

Буларнинг барчаси муҳтарам Президентимизнинг тегишли қарорлари асосида амалга оширилаётган ишлар. Туманимизда тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш ниятида 3 та кичик, 1 та эркин иқтисодий саноат зонаси ташкил этилдики, бу юзлаб ёшларни фойдали меҳнат билан банд қилиш имкониятини берди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида туман   ҳудудида янги боғ-роғлар барпо этиш борасида ҳам бир мунча амалий ишлар қилинди. “Водий”, “Буюк ипак йўли,”   Заҳириддин Бобур, “Навбаҳор,” “Сурхон” маҳаллаларида 1, 1,5 гектарли яшил ҳудудлар ташкил этилиб минглаб мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазилди. “Қизилжар, “Даҳана”, “Қизилгул,” “Сина” маҳаллаларида 57,5 гектарли янги боғлар ташкил этилди. Биргина куз ва баҳор ойларида ҳашар йўли билан 1 миллион 70 минг тупдан ортиқ турли хил дарахт кўчатлари ўтқазилди. Шаҳар марказидаги дендирарий боғи “Эко боғ”га айлантирилди. Биргина академик М.Мирзаев   номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти Сурхондарё илмий тажриба станциясининг туманимиз ҳудудидаги 150 гектарли майдонида 2 миллион 177минг 350 туп энг ноёб мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари парваришланмоқда. “Денов нав   синаш” станциясида эса унувчанлиги ва ҳосилдорлиги юқори бўлган миллионлаб дарахт кўчатлар нафақат туманимиз, воҳамизга, балки қўшни вилоятларга ҳам етказиб берилмоқда. Барчамизнинг эзгу ниятимиз бетакор ва   сўлим Денов туманини яқин келажакда Сурхон воҳасининг бетакрор гўшасига айлантиришдир.

Абдумалик АЛЛАМУРОДОВ,

Денов туман ҳокими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + 19 =