Уйга вазифа

Луқмон БЎРИХОН

 

Муаллиф ҳақида:

Луқмон Бўрихон — 1965 йили Ғузор туманида туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган. Дастлабки ҳикояси — “Бегимқул катта” номи билан чоп этилган. Ёзувчининг “Ялангоёқ”, “Сирли муаллим”, “Хизр кўрган йигит” cингари ҳикоя ва қиссалар тўп­ламлари нашрдан чиққан.

Шунингдек, у “Жазирамадаги одамлар”, “Имом Мотуридий” романлари муаллифи.

 

Уйга вазифа

(Ҳикоя)

 

Эшикдан кириб келган аёлга ўспирин ажабсиниб тикилди.

— Ойи-и…ўзингизми?!

— Ҳа, танимай қолдингми?

— Намунча эрта қайтдингиз? Соат эндигина уч бўляпти-ю.

Матлуба Асроровна индамади. Этигини ечиб ҳорғин қадамлар билан ичкарига юраркан, атрофига кўз қирини ташлади: ошхонада ювуқсиз идиш-товоқлар қалашиб ётибди. Ваннахонада ҳам бир уюм кир-чир қия очиқ эшикдан ғира-шира кўзга ташланади, ўтган якшанбада ювиб ташламоқчи эди, лекин улгурмади, эри кўрса, керагидан ортиқ дашном эшитиши тайин, яхшиямки, у ҳам ишдан кеч, алламаҳаллар қайтади, у ён-бу ён кўз югуртишга вақти ҳам, ҳафсаласи ҳам йўқ.

Матлуба Асроровна телевизор товуши эшитилаётган хонага юзланиб қичқирди.

— Сурайё! Муҳайё!

Ичкаридан отилиб чиққан бири ўн, бири етти яшар икки қизалоқ ҳам барвақт ишдан қайтган оналарини кўриб бир зум ҳангу манг туриб қолди.

— Ойи-и…. — Аранг сас берди Сурайё.

— Ур-е-е! — Муҳайё қувноқ қийқирганича Матлуба Асроровнанинг кулранг юпкасига юзини босди.

— Ўласанми, ошхонани йиғиштириб қўйсанг, — қичқирди Матлуба Асроровна Сурайёга юзланиб, — ким айтади сени қиз бола деб.

Қиз айбдорона бош эгди.

— Ҳозиргина овқатланиб бўлгандик.

— Ойижон, — деди Муҳайё эркаланиб, — Суҳробингиз илитма овқат емайман деди, кейин ролтон опкелдик.

Ҳануз бўсағада каловланиб турган Суҳроб синг­лисига мушт кўрсатди. Қизалоқ онасининг этакларига юзини яширди. Матлуба Асроровна Муҳайёни бир чеккага суриб ётоғига кирди.

Чиндан ҳам бугун Алия Зуннуновна унга илтифот кўрсатган бўлди. Ишдан эртароқ қайтишига рухсат берди.

“Любичка, сизга уй вазифаси бор, — деди раҳбар жилд-жилд ҳужжатнамо қоғозларни қўлига тутқазиб, — мана бу, маҳаллалардан йиғилган маълумотлар, ўрганиб чиқиб ҳисобот тайёрлайсиз. Нотинч оилалар муаммосини бартараф этиш юзасидан конкрет таклифлар киритинг, фақат конкрет бўлсин. Бу бизнинг янги йил олди ҳисоботимиз ҳам бўлади”.

“Бунга бирор ҳафта вақт керак, менимча, Алия Зуннуновна”, — дея эътирозга оғиз жуфтлади у.

Раҳбар кескин бош чайқади.

“Ҳисобот эрталаб қўлимда бўлсин! Сиз ҳозироқ уйингизга боринг-да, бироз дам олиб, шу иш билан шуғулланинг. Эртага соат ўн бирда шаҳар ҳокимлигида мажлис бор. Конкрет таклифлар билан боришимиз керак. Уй вазифаси сизга тушунарлими?”.

Ўзининг ўқитувчилар қавмидан чиққан раҳбар эканлигини билдириб туриши учунми, ё бошқа сабаби борми, ҳарнечук, қўл остидагиларга қандай топшириқ юкласа ҳам “Уйга вазифа” дея таъкидлаб қўйишни хуш кўрадиган Алия Зуннуновнага эътироз билдириш бефойдалигини сезиб Матлуба Асроровна бош ирғаб қўя қолди.

“Любичка, сизга ишонаман, ўн йиллик тажрибангиз бор, — деб қўшиб қўйди раҳбар ходиманинг норизо чимирилганини сезиб, — унча-мунча ташкилотни мустақил бошқариб кета оладиган қоби­лиятингиз ҳам кўзга ташланиб турибди. Бўшашманг, ҳали гаплашадиган гаплар бор Янги йилга режаларимиз катта.”

Матлуба Асроровна раҳбар тутқазган ҳужжатнамо қоғозларга тўла жилдни пардоз столи устига қўяркан, Алия Зуннуновнанинг сўнгги сўзлари яна бир карра қулоқлари остида жаранглагандай бўлди. Ичида алланечук орзиқишми, умидворликми, ёқимли бир ҳис милтиллаб ўтди. Пардоз курсисига ўтириб қоғозларни бирма-бир кўздан кечира бош­лади.

Шу пайт эшик ортидаги шивир-шивир қулоғига чалинди.

— Мазали овқат егим келяпти-и, — ҳархаша қиларди Муҳайё.

— Ўчир овозингни, — дея Сурайё уни тинчитишга уринарди, — кўрмаяпсанми, ойим ишлавоттила, чалғитасан. Мазали овқат фақат якшанба куни, ойим ўшанда пишириб бера оладилар, ҳозир бандлар.

— Ахир, бугун ишдан барвақт келдилару-у, —умидвор минғирлади Муҳайё.

Матлуба Асроровнанинг юрак-бағри зирқираб кетди. Ўзини гуноҳ бир иш устида қўлга тушгандай ҳис қилди.

— Муҳайё, — эркалаган бир товушда чақирди у, — бу ёққа кир.

Худди шуни кутиб тургандек қизалоқ ичкарига отилиб кирди.

— Қандай мазали овқат егинг келяпти?—деб сўради Матлуба   уни бағрига босиб.

— Манти-и…

— Манти?! — гўё эшитмагандай қайта сўради она, сўраш баробарида негадир кўз олдига эри келди, — сен мантини яхши кўрасанми?

— Ҳа, жуда-жуда яхши кўраман, — эркаланиб жавоб берди қизалоқ.

— Хўп, асалим, ҳозир ҳаммамиз мантига уннаймиз.

— Уре-е! — қувноқ қийқирганича йўлакка отилди Муҳайё.

“Дадасига тортибди”, — ўйлади Матлуба қизалоғи ортидан кулимсираганича қараб қоларкан. Чин-да, Нодирбек ҳам мантини жуда яхши кўради. Матлуба иккисининг умр йўлларини туташтирган ҳам асли шу таом.

Матлуба талабалик кезлари бозорга турли таомлар олиб чиқиб сотадиган онасига бўш вақтларида қарашиб юрарди. Қиш кунларининг бирида, янги йил арафасида бошига жун қалпоғини бостириб кийган, ёноқ суяклари бўртиқ, қирра бурун йигит унинг ёнига келди.

“Нима сотаяпсиз?”—дея сўради иштаҳа билан қўлларини бир-бирига ишқалаб.

Матлуба совиб қолмаслик учун усти ўраб қўйилган тоғоранинг бир чеккасини очди.

“Хасип”.

“Хасипми?! Бор-йўғи хасипми?”—деди йигит ҳафсаласи пир бўлиб.

“Сизга нима керак ўзи, — деди Матлуба энсаси қотиб, — мазали, иссиқ хасип емайсизми?”

“Мен манти емоқчиман. Мен манти учун атай шу ерга бурилдим. Ошхоналарда яхши манти пиширишмайди.”

Йигит шундай деди-ю расталарда ўз таомларини мақтаб, хўрандаларни чорлаб турган бошқа сотувчилар олдига кетди. Бироздан сўнг у эзгин бир кайфиятда яна Матлубанинг қаршисида пайдо бўлди.

“Шундай котта бозорда ҳеч ким манти сотмаса-я?!”

“Бўларди, негадир бугун чиқишмабди-да, — деб қўйди Матлуба, — келинг, бугунча хасип еб қўя қолинг”.

Йигит қўл силтади.

“Йўқ, мен манти егали келганман. Бошқасига тобим йўқ. Агар ҳозир манти топилганида икки-уч баробар қимматига бўлса ҳам сотиб олардим.”

“Агар мантим бўлганида, сизга бепул берардим, — деди Матлуба ҳам бўш келмай.”

Йигит қизга синчков назар ташлади.

“Ростданми?”

Матлуба йигитнинг алланечук эркалагандай боқувчи нигоҳларига тоб беролмади. Аъзои бадани қандайдир ёқимли ҳислардан жимирлаган кўйи ерга қаради.

“Рост”, — унинг товуши беихтиёр титраб чиқди.

“Бепул манти билан сийласангиз, эртага шу пайт яна келаман”, — деди йигит қизнинг лўппи юзларидан кўз узолмай.

“Бемалол. Сўзим — сўз.”

Йигит довдираган кўйи бозордан чиқиб кетди.

Бошига дуррача, олдига пешбанд танғиб ошхонада куймаланаркан, Матлуба   Асроровна ўша кунни, ўша лаҳзаларни, ўша янги йил арафасини қандайдир соғинч билан эслади. Юраги худди ўша пайтдагидек гурс-гурс урди.

Чиндан ҳам ўшанда йигит эртаси куни яна пайдо бўлди. Матлуба уни зимдан кутиб турарди. Онасини қўярда-қўймай бу гал манти тайёрлаб чиққан эди. Матлубанинг оёқ тираб туриб олганига Зумрад хола ҳам ҳайрон қолди ўшанда. Лекин ҳарнечук, қизининг кўнглига қаради. Энг ғалатиси, бозорга чиқмаслик учун ҳар нарсани баҳона қиладиган Матлуба бу гал ўқишга ҳам бормай, ойижон, бугунча сиз дам ола қолинг, янги йилга тайёрланинг, деб қўярда-қўймай ўзи таом тўла тоғорани кўтариб кетди.

“Ух, мантижон, манти!—тантанавор товуш берди айтган вақтида етиб келган йигит, — ҳойнаҳой, ўзингиз пиширгансиз.”

“Йўқ, ойим, мен ҳам қарашиб турдим”, — деди Матлуба ўзи атай сергўштроқ қилиб тайёрлаган, тоғоранинг ўртароғига “яшириб” қўйган беш-олти дона мантини ликобчада узатиб.

Йигит иштаҳа билан овқатланди. Матлуба уни зимдан кузатиб тураркан кўнгли алланечук қувончга, завқ-шавққа тўлиб-тошарди.

“Қўлингиз дард кўрмасин, маза қилдим, раҳмат, — деди йигит лаб-лўнжини бир парча қоғозга артиб чўнтак ковларкан, — мантиларингиз қанчадан эди?”

“Сўзим-сўз, сизга бепул”, — деди Матлуба ўзича жиддий қиёфага кириб.

“Йўғ-е, бундай бепул манти билан боқадиган бўлсангиз,   ҳар куни келаман.”

“Бемалол, келаверинг.”

Йигит унга бир сиқим пул узатди.

“Менинг ҳам сўзим — сўз.”

Матлуба ажабланди.

“Қанақа, қачон сўз бердингиз?”

“Манти бўлса, икки-уч баробар қимматига оламан дегандим-ку.”

Ўша куни сўз сўзга, гап гапга уланди. Танишдилар. Нодирбек нариги маҳаллада яшаркан. Институтни тамомлаб, яқиндагина туман электр таъминоти ташкилотида иш бошлабди.

“Идорамиз яқинидаги ошхоналар расво, кўпинча тушлик учун бозорга келаман, манти жону дилим,” — деди йигит қизга меҳрми, сеҳрми тўла нигоҳлари билан боқаркан.

Матлуба ўзини бепарволикка солишга уринди.

“Бозор ҳамма учун, келаверинг.”

Хуллас, ўша куни, янги йил арафасида мазали мантига қўшилиб, ҳойнаҳой, ичига ишқ-муҳаббат ҳам кирган эканми, Нодирбек тез-тез қиз қаршисида кўринадиган бўлиб қолди. Кўп ўтмай ўзаро аҳду паймон тўйга, никоҳга уланиб кетди.

“Тақдиримдан минг-минг розиман, — деб ўйлади Матлуба Асроровна хотиралардан ял-ял яшнаган кўйи моҳирона хамир ёяр экан, — шундай меҳрибон, тушунган одам билан турмуш қурдим.”

Хонадонда қандайдир байрамона, тантанавор руҳ пайдо   бўлди. Гўшт майдалагичда қийма тайёрлаётган Суҳроб ҳам, ўз ўзидан супир-сидирга киришиб кетган Сурайё ҳам туйқус чинакам уй бекасига айланиб қолган оналарига кўрганлари туш бўлиб чиқишидан қўрққандай эҳтиёткорона кўз ташлаб қўйишарди. Одатда, Матлуба Асроровна кечки пайт ҳориб-чарчаб ишдан қайтгач, ҳатто, кўчалик ки­йимларини ҳам ечишга улгурмай, дарҳол ошхонага ўтар, шоша-пиша тухумми, картошками қовуриб, гўёки кечлик таом тайёрлар, баъзан кўчадан совуб қолган сомсами, табаками келтириб қўя қолар эди.

“Охирги марта қачон манти пиширганимни ҳам эслаёлмайман-а, — ўйлади у ҳануз ёруғ хотиралар оғушида ҳузурланиб, — ахир, Нодирбек акам шу таомни хуш кўришини бошқа билмаса ҳам мен биламан-ку?! Шу овқатни қил, деб яқин орада ҳеч буюрмадилар… Ҳойнаҳой, мени аяган, ишдан чарчаб келади, уринтирмайин, деган.”

Ҳа, Нодирбек хотинига меҳрибон эди. Кўнглига қарашга уринарди. Институтни битиргач, ўша бозорда лаборант-назоратчилик вазифасини ўтаб юрган Матлубани бир куни туман ҳокимлигига чақиришди, маънавият-маърифат бўлимига ишга таклиф этишди.

“Мени ким тавсия қилган, ўлай агар, билмайман, — деди у   эрига кўрган-кечирганларини кечки пайт кула-кула айтиб бераркан,—энди нима қилсам экан, бошим қотди, сиз нима дейсиз?”

“Тилли-жағли нарсасан, тўй-ҳашамларда кайвоничилик қилиб юрганингни бирортаси кўрган бўлса, биз боб кадр экан деган хаёлга боргандир”, — деди Нодирбек. Афтидан, ғаройиб таклиф уни ҳам қизиқтириб қўйган, хотинини “бир стол” эгаси сифатида кўриш истагига бўйсунган эди.

Хуллас, бозорнинг тажрибали лаборант-назоратчиси бир юмалаб маънавият-маърифат тарғиботчисига айланди. Мана, кўп йилдан бери раҳбарларнинг кўнглидан чиқиб ишлаб юрибди. Маҳалла-кўйда, ўқув даргоҳларида “Матлуба Асроровна” деб алоҳида эҳтиром билан мурожаат қилишади.

“Ҳаммаси эримнинг шарофатидан, — деб ўйлади аёл манти тугишни тугалларкан, — ишимга халақит бермайди, бошқаларга ўхшаб ҳар қадамимни текшириб юрмайди. Мен бўлсам сўнгги йилларда бирор марта ҳам у кишининг кўнглига қарамабман-а….”

Айни пайтда эрини, Нодирбекни кўргиси, жуда-жуда кўргиси келиб кетди. Ун юқи теккан қўлларини апил-тапил сочиққа артди-да, этакларини қоқиб, телефонини излади. Ётоқхонада қолган экан. Матлуба Асроровна шошилганиданми, ҳануз хотиралар ҳаяжонида турганиданми довдираб эрининг рақамларини аранг топди. Сўнг унга турна қатор юрак шаклчаларини хабар тариқасида жўнатди.

Оғир пардалари суриб қўйилган дераза ортидан қуюқ булутли осмон ғира-шира кўзга ташланади. Шир яланғоч дов-дарахтлар қор йўлига илҳақдай маъюс эгилган. Қайдандир чуғурчуқларнинг шўх-шаън овози элас-элас қулоққа чалинади.

Бир пайт телефон хабар келганидан дарак бериб “ҳуштак” чалди. Аёл интиқлик билан кўз ташлади. Ҳа, эри жавоб ёзибди: “ Ия, бекорчимисан дейман.”

Матлуба Асроровна тобора завқи жўшиб яна хабар йўллади: “Бепул мантилар бор”.

Эри шу ондаёқ қаҳ-қаҳ отиб кулаётган тасвир билан жавоб жўнатди: “Ҳозироқ етиб бораман! Агар манти бўлмаса, ўзингни еб қўяман!”

“Кутаман! Йўлингизга интизорман!” — сўнгги хабарини йўллади аёл ва ўз-ўзидан кулиб юборди. Куларкан пардоз столи устида ёйилиб ётган ўша маълумоту ҳисоботларга кўзи тушди. Сўнгги соатлар ичида улар бирор марта ҳам хаёлига келмаганидан ажабланди.

Матлуба Асроровна худди илк учрашувга отланаётган қиз каби ширин бир ҳаяжон оғушида ўзини кўзгуга солди.

“Роса тўлишибман, сал-пал ўзимга қарашим керак”, — хаёлидан ўтди унинг. Сўнг гардиробни очиб тўй-ҳашамлар боп кўйлакларидан бирини қўлига олди.

“Шуниси кенгроқ, тўлишганимни билдирмайди” — деб ўйлади аёл яна кўзгуга боқиб. Шу пайт телефони жиринглаб қолди. Хира ёришиб турган экранда ёзув пайдо бўлди: “Алия Зуннуновна”.

“Вуй, жодугар, ишни бир чеккага суриб қўйганимни узоқдан туриб ҳам билди-я”, — ўйлади аёл кулгуси қистаб, — жавоб бермайман, кейинроқ ўзим чиқарман.”

Аммо телефон бир ўчиб, яна жиринглади. Экран худди жаҳли чиққан раҳбардай тобора кўкариб-бўзариб борарди.

— Алё, — деди Матлуба Асроровна жавоб тугмачасини босиб.

— Любичка, — Алия Зуннуновнанинг одатдаги босиқ, таҳдидли овози эшитилди, — телефонни ҳам олмайсиз, жа-а бандмисиз дейман.

— Ахир ўзингиз уйга вазифа бериб жўнатдингиз-ку, Алия Зуннуновна.

— Ҳа, уми… — оғир сўлиш олган кўйи бир зум жим қолди раҳбар, — ҳозирча уни бир чеккага қўйиб туринг.

— Вой, нега?

— Э-э, мажлис кейинги ҳафтага қолдирилди. Сизга бошқа топшириқ бор.

Матлуба Асроровнанинг нафаси ичига тушиб кетди:

— Қандай топшириқ экан? — сўради аранг.

— Эртага эрталаб идорага келиб юрмай, бира тўла Толзор маҳалласига ўтинг.

— Нега?

— Бир ярамас, жоҳил эр хотинини қаттиқ калтак­лабди. Шўрлик ўқитувчи аёл экан. Уларнинг масаласини жойида ўрганамиз. Мен ҳам бу ёқдан бораман.

— Нега калтаклабди экан, балки ўзидан бирор айб ўтгандир?

— Билмадим, айтишларича, овқат сабаб бўлган эмиш. Шўрлик аёл вақтида овқат пишириб беролмаган, шекилли. Баҳонани қаранг, қандай нодон эркакларимиз бор-а! Тағин янги йил арафасида-я?! Хуллас, эрталаб бундай тадбир ўтказамиз…

Эс-хаёли ҳозироқ эшикдан кириб келадиган эрида бўлган Матлуба Асроровна секин йўлакка чиқди. Қўлидаги бир парча матоҳдан эшитилаётган вазмин, хира товуш узоқ-узоқлардан, ёт, бегона манзиллардан келаётгандай, ўзига асло дахли йўқдай туюлди.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − 18 =