Журналист ва экологлар “Навоий” эркин иқтисодий зонасида
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими, вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати ҳамда вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида вилоятдаги ОАВ вакиллари учун “Навоий” эркин иқтисодий зонасидаги саноат корхоналарининг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида қилинаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ҳамда пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб журналистлар учун “Навоий” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси фаоллар залида матбуот анжумани ташкил этилиб, вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Х.Бақоев анжуман иштирокчиларига атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берди.
Матбуот анжуманида таъкидландики, бугунги кунда вилоятда тўғридан-тўғри атмосфера ҳавосига чанг-газлар ташлаб келаётган 36 та корхона иш фаолиятида чанг-газ тозалаш ускуналарисиз ишлаб келмоқда. Бу корхоналар асосан пишган ғишт, оҳак ишлаб чиқариш ҳамда умумий овқатланиш (кабобхона) корхоналар сирасига киради.
Вилоятдаги хавфи юқори бўлган 20 та корхоналарда ҳар ойда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича мониторинг ишлари амалга оширилиб борилмоқда. Айни пайтда бу борадаги ҳар бир жараён экологлар диққат-эътиборида.
Шунингдек, матбуот анжуманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларга ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди. Жумладан, 2021 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида 5 миллион 540 минг туп кўчат турлари экилган бўлса, жорий йил баҳор мавсумида вилоят ҳудудида 8 миллион 790 мингта манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда терак қаламчалар экилиши режалаштирилиб, амалда 9 миллион 292 минг дона кўчат экилиши ташкил этилган.
Хусусан, маҳаллалар ва бошқа объектлар ҳудудларида 2 миллион 101 мингта, фермер хўжаликлари экин ер майдонлари четларига 2 миллион 594 туп, ижтимоий соҳа объектлари ҳудудларида 581 мингта, автомобиль йўллари ёқасига 98 минг ва бошқа объектларга 3 миллион 918 туп кўчатлар ўтқазилган.
Матбуот анжумани доирасида бошқарма мутахассислари томонидан атроф-муҳит ифлосланишининг янги инновацион технологиялари намойиши ҳам амалга оширилиб, эндиликда бу замонавий ускуналар орқали ҳар қандай корхонадаги чанг ва ифлос ҳаво миқдори аниқланиш имконияти яратилди.
Шундан сўнг, журналистлар учун “Навоий” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналарнинг экологик хавфсизлиги бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ижодий саёҳат ташкил этилди.
Отабек АСЛОНОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
Навоий вилояти бўлими раиси