Директор нега терлади?

Ўқитувчилар бир-бирларининг заҳматларини ҳис қиладилар. Аммо ҳар ким ҳам ўзга бировнинг ўзидан зўрлигига тан беравермас­кан. Масалан, бировнинг пухта билимини назар-писанд қилмайдиган амалдор бўлса, айтайлик, мактаб директори бўлса, бечора ўқитувчи дардини кимга айтади?  

Замира Қодирова ўз фанининг устаси, тажрибали ўқитувчи эканини нафақат мактаб жамоаси, ҳатто Олтинсой тумани халқ таълимидагилар ҳам яхши билишади. Муаллима ишлайдиган тоғли мактаб, аниқроғи 37-сонли умумий ўрта мактабнинг тарих фанидан у дарс берган синф ўқувчилари олимпиадада мутлоқ ғолибликни қўлга киритдилар. Ғолиб­лар рағбатлантирилиб, уларга мўмайгина пул мукофоти берилди-ю, муаллиманинг боши ғалвада қолди.

Мактаб директори Аҳрор Ҳуррамов Замира Қодировани хонасига чақиртирди. “Раҳбаримиз менга миннатдорлик билдирадилар, мактабимиз довруғини вилоят   миқёсида ёйдингиз, ўқувчиларни бу даражада тайёрлаганингиз учун раҳмат, десалар керак” деган ўйда директор хонасига кирди.

— Чақирган экансиз, — деди муаллима.

— Ҳа, ҳа Замирахон, айттирувдим, — директор унга ўтиришга жой кўрсатаркан муддаосини ширин муомалага яшира бошлади, — Шу денг, домла, мана олимпиададан қайтдингиз. Ўқувчиларингиз ҳам бало-да, бало. Аммо уларни тайёрлашнинг ўзи бўлмайди. Энди… Замирахон, мен ҳам бир чеккада қараб турганим йўқ. Бу тўғрида раҳбарлар билан чуқур, ияк­лашиб гап­лашганман, йўлини қилиб номзодингизни ўтказганман.

— Раҳмат домла, — деди ўқитувчи эҳтиром билан раҳбарининг нимага шама қилаётганини билса-да.

Аслида Замира Қодирова тарих фанидан олимпиадага қатнашиш учун тегишли муассасага илтимоснома киритган, албатта бундан директорнинг хабари бор эди. Муаллиманинг хаёлга толганидан,   гапим маъқул тушаяпти, деб ўйлади чоғи директор янада жонланди:

— Энди, Замирахон чақиришимнинг боиси, берилган мукофот пули фақат сизга… сизларга тегишли эмас. Унинг тенг ярми — меники!

Бундай ўта паст муносабатни кутмаган Замира Қодирова:

— Нималар деяпсиз домла, бу ўзим, қолаверса, ўқувчиларим меҳнатининг самараси-ку!, — деди.

— Гапни кўп чўзманг, ярмини олиб келинг!

— Йўқ, бир сўмини ҳам бермайман, — эътироз билдирди муаллима, — Чунки уларни ўқувчиларимнинг ўзларига сарфлайман.

— Шундайми?

— Ҳа, шундай!

— Чиқ, чиқ, йўқол бу ердан, — директор ходимасини қўполлик билан хонадан чиқариб юборди.

Ўқитувчи Замира Қодирова нафақада бўлса-да, кўп йиллардан буён ижарада туриб, эллик чақирим узоқликдан қатнаб ишларди. Директор билан бўлган можародан кўп ўтмай, уйига почта орқали ишхонасидан хат келди. Конвертни очиб қараса, ишдан бўшаганлиги тўғрисидаги   буйруқ.

Жанжал шундан бошланди. Олдин мактаб директорига, мени севимли мактабимдан айирманг, — дея илтимос қилди. Фойдаси бўлмади. Халқ таълимига бориб, қайта ишга қабул қилишлари учун ариза берди. Нафи бўлмади. Охири яна мактаб директори Аҳрор Ҳуррамовга ялинди. Шундай кунларнинг бирида директор   муаллимага қўнғироқ қилиб халқ таълими идораси олдига келишини айтди. З.Қодирова манзилга етиб келиши билан директор дабдурустдан уни ишга олишини билдириб, эвазига уч юз “кўки”дан беришини талаб қилди.

Муаллима ёнида бўлган 650 минг сўмни директорга узатишга мажбур бўлди. “Қолганини эртага олиб борасан-да ишни бошлайсан”, — уқтирди директор.

У раҳбари айт­гандай қилди. Аммо унинг хонасига бир ўзи эмас, керакли одамларни бошлаб борди. Директор Замира Қодировадан сўраган пулини олаётганида хонасига “номаълум” кишилар кириб келишди. Ундан қўлида ушлаб турган нарсаларни, стол устига қўйишини таклиф қилишди ва ўзларини таништирдилар. Директорнинг пешонасидан совуқ тер чиқиб кетди.

Аҳрор Ҳуррамовга “пора”нинг фойдаси бўлмади. Суд ҳукми билан унга узоқ муддатга давлат ҳисобига мажбурий меҳнат қилиш жазоси тайинланди. Биргина бу эмас, энди у мансабдорлик вазифаларида ишлашдан узоқ вақтгача маҳрум бўлди. Нафс балосининг охири вой деб бекорга айтишмаган-да. Жиноятга жазо эса муқаррардир.

Илҳом АБРАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича

Олтинсой суди раиси.

Чори ҚОРАҚУЛОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 + 6 =