Ўқимаса, ўқитиш керак!

ёхуд Мирзакарим қутидорнинг эшигидаги қулф ҳақидаги саволга жавоб қаерда?

 

“Болаларимиз китоб ўқимай қўйишди”. Афсус, надомат билан айтилаётган бу гапни кунда, кунора кутубхоначилардан, ўқитувчилардан, ота-оналардан эшитамиз. Баҳона битта: фарзандларимизнинг эс-ҳуши телефонда. Кимдир қўлига китоб олса, кўзини уйқу тортади. Яна бошқа бирови керакли маълумотларни интернетдан олади, китоб варақлашга ҳожат йўқ, деб ўйлайди. “Керак бўлса, ўқиб олади. Мажбурлаб бир нарсага эришиб бўлмайди”, деган хулосалар ҳам йўқ эмас. Ҳар фикр билдирган одам нимагадир таяниб гапиради. Ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор.

Менга келсак, модомики ўқишмаётган экан, ўқитишнинг йўлларини, чораларини топмоқ керак. Аслида бу гапим билан Америка очмаётганим кўпчиликка маълум. Чунки кейинги йилларда мамлакатимизда китобхонликка  жуда катта эътибор берилмоқда. Маҳалла, мактаблардан бошланиб, бир нечта босқичда ўтказилаётган “Энг яхши китобхон”, “Китобхон оила” каби танловлар  аҳолимиз, айниқса, ёшларимиз орасида китобхонлик руҳиятини  анча кўтариб юборди. Майли-да, совға учун бўлса ҳам ўқидик-да. Бу борада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика маънавият ва тарғибот маркази ҳам мунтазам ишлар олиб бормоқда. Кутубхоналарни китоб­лар билан таъминлаш, ёшлар орасида китоблар тарқатиш…. Барибир ҳам китобхонлик борасида эришганимиздан эришмаганимиз бисёрроқ бўлса керакки, ижтимоий тармоқлардаги чиқишларда маънили гапдан кўра маънисизи кўпроқ. Ўқувчи ёшларни суҳбатга тортсанг, аксарияти ё тўтиқушдай ёдлаган нарсасини  айтади, ё сўраганларингга жўяли жавоб бера олмайди. Фикрсизлик балоси урчиб ётгани ҳар бир қадамда сезилади.

Аёллар даврасига  кирсангиз, яна шу: кўпчилигимиз майда-чуйда гап-сўзлардан юқорига кўтарила олмаймиз. Агар аҳолимиз оммавий китобхонликка юз тутса, орзу, мақсадларимиз улканлашар эди. Мустақил фикрлаш, фикримизни ҳимоя қилиш, фикримизнинг тўғрилигини исботлаш учун кураш руҳи кучаяр эди.   Жоҳил­ликлар, жаҳолатлар камаяр эди. Жамиятда бир қадар тозариш юз берарди. Лекин барибир истагимиз ҳозирги имконимиздан анча катта бўлса-да, оммавий китобхонлик сари ташланаётган қадамлар учун шукур қиламиз,чунки бир ўқиб ўрганган одам, яъни ўқишнинг мазасини олган одам китобга ёпишиб қолади, ўқимаса, ўқий олмай қолса, хумори тутади. Шунинг учун яна бир карра:

— Кимдир ўқимаётган бўлса, яна ва яна  ўқитишнинг йўлини қилавериш керак, — деган гапни айтган бўлардим. Бу гапим фақат китобларга тегишли эмас, босма нашрлар, газета-журналлар ҳақида ҳам бемалол шу гапни айтса бўлади. “Даврий матбуот доирасидаги нашрларга обуна учун тарғибот керакмас, нашр ўзи зўр бўлса, ўқувчиси топилади”, деган фикр­ларда ҳам бир ёқламалик бор. Ўқувчининг ўзи зўридан бундайроғини ажратиб олиш учун ҳам аввал унча-мунча нарсани ўқиган, фарқлай билиш даражасига келган бўлиши керак-ку.

Хуллас, узундан узоқ кириш қисмидан мақсадим, аслида мени китобга боғлаган одамлар ва усуллар ҳақида гапириш эди.

Биринчиси — онам, раҳматли онажоним Пошшажон Нормат қизлари.

— Сени уйимизнинг кутубхоначиси қилиб тайинлайман, — дедилар бир куни қўлимга қора чарм муқовали умумий дафтарни тутқазиб. Уйимизда иккита баланд бўйли ойнаванд шкафда тўла китоб  бўлиб, пастида ёпиқ жо­йида газета-журналлар тахлами турарди.

— Ҳар бир китоб ва газета, журналларни ўқигани олган одамнинг исм-фамилиясини ёзасан, қанча муддатга олди, санасини белгилайсан, қайтариб олиб келгач, асар мазмунини сўрайсан, баҳолайсан. Онам чизғичда чизилган графаларни менга алоҳида-алоҳида кўрсатиб тушунтирдилар. Гарчи қишлоғимизда иккита кутубхона бўлсаям, бизнинг ҳам ўзимизга яраша китобхонларимиз бўларди. Қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар… Мен бу вазифани адо этишга астойдил киришганман. Айниқса, китоб қайтиб келгач, унинг йиртилган, йиртилмагани, варақларига доғ теккан, тегмаганини текшириш, ундан ҳам кўпроқ, китоб ҳақидаги таассуротларини баҳолаш менга бошқача ҳузур бағиш­ларди. Тенгдошларим, ўзимдан сал ёши каттароқ  қариндошлар:

— Қутиша, (Болалигимдаги исмим), илтимос, “3” қўйма, кўпайиб кетса, Пош­­ша хола китоб бердирмай қўяди, — деган сари янаям “қаттиққўл кутубхоначи”га айлана борардим. Шу тарзда мен “Ўткан кунлар”, “Қутлуғ қон”, “Қўшчинор чироқлари”, “Қўрқинч­­ли Теҳрон”,  “Осмондан тушган калит”, “Қилич ва қалқон” каби асарларни так­рор-такрор ўқиганман. Вақти-вақти билан онам “кутубхоначилик” фао­лиятимни текшириб турардилар. Ишларим маъқул келса, янги китоб билан сийлардилар. Китобга бўлган меҳрим бешинчи-олтинчи синфларданоқ менга ажойиб имтиёзлар бахш эта бошлаган. Гап шундаки, биз олти нафар ўқувчи маҳалламиздан бир синф­­га қатнардик, бештаси ўғил бола, ораларида ягона эдим. Биз — ўқувчилар қиш фаслидан бошқа барча фаслларда хўжалик даласига ишга чиқардик. Эрта баҳорда челлар (далаларнинг у бошидан бу бошига тортилган эгатлар, хўжалигимиз сабзавотчилик билан шуғулланарди)ни текислашга, сўнг ўтоқ, ягана, терим… Хўжалигимизда каноп ҳам экилар, ўрими қийин, чунки тиканли бўларди. Ўша пайти маҳалладош синфдошларим  менга каноп ўрдиришмас:

— Сен орқамиздан боғлаб кетавер, — дейишар, мен бу яхшилик эвазига уларга ўқиган китобларимни гапириб берардим. Чойга ўтирсак ё далага кетишда:

— Қани, бошла, — дейишарди.

Улар кўпроқ саргузашт асарларни, уруш қиссаларини, детектив (у пайт­­да бундай аталишини билмасдим, “шпионли китоблар” дейишарди синф­дошларим) асарларни сўрашгани учун “Ёш гвардия”, “Жосуслар изидан”, “Зоя ва Шура” каби китобларни   синфдошларимга “қарз” эвазига тўлаш учун ўқиганман. Шуниси ҳам бор эдики, тингловчиларим севимли қаҳрамонларимизнинг мағлубиятга учраши, айниқса, ўлиб қолишларини исташмасди, шунинг учун баъзи пайтлар уларни омон қолдириш учун тўқиб ҳам юбораверардим.

Фақат менинг эмас, бутун мактабимизда китобсеварлик руҳиятини кучайтиришда адабиёт ўқитувчимиз Отажон Тожибоевнинг беқиёс хизматлари бор. Улар қай бир жойдандир “Китоб почта билан“ деган ташкилотнинг манзилини топиб келдилар. Манзили тепасида  уч варақ китоблар рўйхати ҳам бор эди.

— Шу рўйхатдаги қайси китобни буюртма қилсаларинг, почта билан жўнатишар экан. Фақат манзилларингни аниқ ёзинглар, келгач, пулини тўлаб оласизлар, — дедилар.

Шу тарзда Тошкент шаҳрининг Калинин кўчасига бизнинг Олтмиш қиш­лоғидан хатлар уча бошлади. Почтачи Сейтиммат ака кажавали мотоциклда сариқ рангдаги қалин қоғозга ўралган китобларни илк бор олиб келган куни байрам бўлиб кетган. Бора-бора кажавали мотоцикл тўлиб келадиган бўлган. Бирон ота- онанинг:

— Болам китоб айтибди, пули нима бўлади? — деган шикоят билан келганини эслай олмайман. Фақат баъзи бировларга ўша адабиёт муаллимимиз ўзлари сотиб олиб берганлари ёдимда. “Олтин зангламас”, “Гули сиёҳ”, “Бир қизга минг ошиқ” каби асарлар ўша пайтларда китоб жавонимизга қўшилган эди. Бора-бора бу ташкилот аъзолари бизнинг қизиқиш доирамизни билиб қолишди, шекилли, буюртма бермасак ҳам, янги чиққан китобларни бизга жўнатадиган бўлиб қолишди. Балки, ана шуларнинг таъсиридир, олтмишинчи, етмишинчи йилларда бизнинг дўппидай қишлоғимизда барча соҳаларда ўқиган мутахассислар бор эди: ўз прокурорларимиз, судьяларимиз, кўз касалликлари мутахассислари, болалар дўхтирлари, жарроҳлар, ҳар хил йўналишдаги муҳандислар… Албатта, уларнинг кўпи туман марказига ё шаҳарга қатнаб ишлашар, лекин барибир бизнинг қишлоқ  фарзандлари эди. Ўша йиллари “Олтмиш”да бирор ўғирлик, фирибгарлик ёки қотиллик содир бўлгани ёдимда йўқ.

Фарғона давлат педагогика институтида (ҳозир университет) ўқиётганимда китобхонликка ихтиёрий-зарурий мажбурият уйғотган домламиз раҳматли Асқарали Шароповни миннатдорлик билан эслайман. Албатта, адабиёт факультети бўлгани учун китоб ўқишимиз шарт эди-ю, лекин орамизда:

— Алишер Ғиёсиддинович (Навоий ҳазратлари) ҳам ўтириб олиб ёзаверган эканлар-да. Албатта, ёзадилар-да, вазири аъзам бўлсалар. Бизга ўхшаб, стипендияни кутиб яшамасалар, ётоқхоналари совуқ бўлмаса, уч ойлаб даштларда пахта термаса, оёғидан зах ўтиб, ўпкаси совуқ олмаган бўлса. Бизга ёдлаш осон бўлмаслигини ўйламаганлар-да, — дея чимчилаб гапирадиганлар ҳам йўқ эмасди. Демоқчиманки, курсимизда китобхонлик даражаси бир хилда эмасди. Самарқанд университетидан Асқарали Шаропов бизга келишлари билан вазият ўзгарди. Бизга илк дарсга кирганларида Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” трагедиясини ўтаётган эдик:

— Бу фожиа ҳақида фалончи фалон деган, — дея адабиётшуносларнинг айтган фикрларини келтира бош­лаган эдик, домла кескин равишда тўхтатдилар:

— Мен у адабиётшуносларнинг “Мирзо Улуғбек” ҳақидаги фикрларини ўқиганман. Менга сизлар бу фожиа ҳақида нима дейсизлар, шуни билгим келади, — деганлар. Кейин ҳар бир асарни қандай ўқишимиз кераклигини обдон тушунтириб, қўлимизга йил давомида ўқилиши керак бўлган асарлар рўйхатини бердилар. Кейинги дарсда ҳаммамиз фожианинг аслини ўқиган бўлсак-да, домланинг саволларига жавоб бергани қийналдик. Чунки устоз асарнинг умумий мазмунини сўрамас, қаҳрамонларнинг гапи орасида кетган, бир-икки жумлада айтилган ниманидир сўрардилар. Дарс охирида ҳаммамиз бўларимиз бўлиб ўтирсак, домламиз:

— Бугун темурий шаҳзоданинг эмас, Сизларнинг фожиангиз бўлди, — деб чиқиб кетганлар. Ана энди ўқишми, ҳаммамизнинг қўлимизда, қалам. Асардаги ҳар бир қаҳрамон, ҳатто, персонажларнинг исми, қачон воқеаларга кириб келди, қандай ўса бошлади, тўқнашувлар, кулминация … Ҳар бир абзацни таҳлил қилишга тушиб кетдик. Шу қадар уста бўлиб кетдикки, Ўлмас Умарбеков институтимизга учрашувга келганларида, талабаларимизнинг “Одам бўлиш қийин” қиссаси ҳақидаги фикрларини эшитиб:

— Мен проза кенгашининг йиғилишида ҳам бу қадар терламаган эдим, — деганлар. Садриддин Айнийнинг юзлаб қаҳрамонлар иштирок этган “Эсдаликлар”, Асқад Мухторнинг мураккаб сюжетли “Чинор” романларини ҳам худди шундай чизиб ўқиганимиз учун имтиҳон, синовларда устозимизнинг:

— Мирзакарим қутидор эшигининг қулфи қанақа қулф бўлган? — каби саволларига жавоб бериб яхши баҳолар олганмиз. Домламиз фақат прозага эмас, шеъриятга ҳам шундай қаттиқ талабда  турардилар. Дейлик, Ғафур Ғуломнинг “Соғинч” шеърини ўзлари  ёд айтиб ўқиб келардиларда, бир жойида тўхтаб: “Давом эттир”, дердилар. Қўлимизда ёд олишимиз керак бўлган шеърлар рўйхати тургани учун:

— Мен бу шеърни ёд олганим йўқ, — дея олмасдик.

Балки, ана шундай “қириб” ўқишга ўргатганлари учундир Асқарали Шаропов ўқитган давр талабалари орасидан бир неча фан докторлари, ҳатто, академиклар, халқ шоирлари, хизмат кўрсатган маданият ходимлари етишиб чиқди. Сезганимиздай, ўқиш бир меҳнат бўлса, ўқитиш ҳам худди шундай, балки, ундан ҳам қийинроқ бир меҳнатдир. Чунки ўқишнинг замирида бир одамга билдириш, бир инсоннинг камолотидек мақсад турган бўлса, ўқишда минглаб, миллионлаб, балки, бир миллат, бир халқни юксалтиришдек улкан мақсад туради. Ўзининг нималарга қодирлигини исботлаш учун қарамлик исканжасидан халос бўлган давлатлар нималарни ўйлаб топишмаган? Масалан, Ҳиндистонда Анг­лия мустамлакасидан қутулган йиллари четдан импорт маҳсулотларни харид қилишни ман қилиб қўйилган экан. Бу — иқтисодий мустақилликка эришиш йўли. Маънавий мустақилликка эришиш эса кўпроқ билдириш, тушунтириш, тарғибот билан бўладиган  иш, ўқитиш, ўргатиш билан ўртага келадиган ҳаракат. Бугунги ўқувчига менинг юқорида мароқ билан ҳикоя қилиб берганларим анча ибтидоий усуллар туюлиши мумкин. Лекин ўғил-қизларининг интеллектуал салоҳиятининг баланд бўлишини истаган ва шунга интилган халқ ўқитишнинг замонавий усулларини ҳам топади. Фақат фаол ўқувчиларни эмас, ўзлаштириши пастроқ болаларни китоб ўқишга қизиқтириш керак. Мактаб, маҳалла кесимида планшет, велосипед каби совғалар қўйилиб, “Ким кўп ва хўп ўқийди?“ тарзида мусобақалар ташкил қилиш мумкин. Албатта, “Бу айтган нарсаларингизнинг пулига фалон кило гуруч келади, фалон кило гўшт”, дегувчилар бисёр. Тўғри, бўш қоп тик турмайди. Лекин маънавий қарамлик, ўз фикри бўлмаслик, биров нима деса, “хўп”, деб бош силкитишнинг зарари иқтисодий зарардан кам эмас. Аввалгидек бўлмаса-да, ҳали ҳам нималаргадир навбат бор. Масалан, гўзаллик салонида, деярли, ҳамиша нав­бат бўлади. Аёллар келса-келмаса бўладиган гапларни чайнашиб ўтиришади. Агар столлар устига китоб бўлмасаям, газета, журнал қўйиб қў­йишса, бир тола зиё бўлсаям калласига кирармиди… Узоққа қатнайдиган автобуслар салонларига, поездларга… Қачон поездга чиқсангиз, телевизорида қизиқчиларнинг чиқишларини қўйиб қўйишади ё хусусий киностудиялар ишлаган эртаксимон киноларни. Камбағал бола бойвачча қизни севиб қолади. Аввал кўнмайди, кейин қараса, ундай йигит дунёда йўқ, ўзи ёнига келади. Менинг қизиқчиликка ҳам, хусусий киносту­дияларга ҳам эътирозим йўқ. Лекин ҳали ҳам қайсидир болаларимиз Сурияга  кетиш илинжида экан ё шунча мактаблар турганида ҳуж­рага кириб ўқишни ўзига раво кўраётган экан ё вояга етмаган ўсмирни бир шиша сув ва бир қуртни бесўроқ олгани учун уриб ўлдириб қўйишган экан, бизда билишга, тушунишга, анг­лашга эҳтиёж бор. Шахс даражасига юксалишга, миллат бўлиб шаклланишга эҳтиёж бор.

Демак, “Ўқимай қўйди”дан кўра “Ўқитишимиз керак”ка яқинроқ яшаганимиз  кўп муаммоларимизга ечим топиб берса керак.

Қутлибека РАҲИМБОЕВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 2 =