Дўстимнинг умр йўли

Истам билан университетда бирга ўқиганмиз — курсдошим бўлади. 1980 йил Москва олимпиадаси сабабми ёки бошқа важданми бор-йўғи бир ойни пахта даласида ўтказганмиз. Шу бир ойнинг ўзи талабаларнинг бир-бирини яқиндан таниши, дўстлашиши учун етарли бўлганди.

Эсимда, Истам ёшига нисбатан анча жиддий, бироз ўзини кўпчиликдан четга тортиб юрадиган, камтар бир йигит сифатида менда илк таассурот қолдирган. Унинг шеър ёзишини кейин билганман. Суҳбатлари ёшликка хос бўлган мақтанчоқлиқдан йироқ, лекин анча мароқли ва ёқимли. Самарқанд давлат университети ўзбек филологияси факультети қошида ташкил этилган, профессор Нуриддин Шукуров раҳбарлик қиладиган “Шалола” ижодий клубининг фаол аъзоси эди. Омон Матчон битикларининг ҳақиқий ихлосманди, Абдулла Орипов шеъриятини ёддан билар, ўша пайт отилиб чиқаётган ёш шоирларнинг ижодидан ҳам яқиндан таниш эди. “Шалола” клубига бизларни ҳам билдирмасдан тарғиб қилиб, етак­лаб борган эди.

Шеърлари ҳақида узоқ тўхталиш ниятида эмасман. Фақат унинг қисқа, лўнда ёзишга интилишини, битикларида фалсафий мушоҳада юритишга мойиллик борлигини таъкидламоқчиман. Мана, “Ҳақиқат” сарлавҳали шеъридан тўрт сатр:

Теракни кесдилар. Қайта ўсди тик.

Ким хурсанд,

          ким бефарқ боқди наридан.

Кесдилар ғазабнок, яна ўсди у.

…Йиғлаб юбордилар аламларидан.

Оддий бир терак тимсолида ҳақиқатнинг букилмас қиёфасини ўзига хос йўсинда чизиб бергани ижодкор иқтидоридан дарак беради, албатта.

Истам университетдан сўнг журналистика соҳасида меҳнат қилди. Дастлаб Навоий вилояти “Дўстлик байроғи”, кейин ўзи туғилиб ўсган Ғиждувон туман газетаси, кейин эса Бухоро вилоятининг “Бухоронома” газетасида фаолият юритди. Мана, 15 йилдирки, “Халқ сўзи” газетасининг Бухоро вилояти бўйича мухбири вазифасида ишламоқда.

Қутлуғ 60 ёш остонасида турган дўс­тимизнинг оилапарвар, меҳнаткаш, ҳалол инсон эканлигини ҳам таъкидламоқчиман. Оиласига ҳам ҳавас қилса арзийди. Ўзи, турмуш ўртоғи ва ўғли Илҳомжон давлатимиз томонидан “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани бежиз эмас.

Истам Иброҳимовнинг “Халқ сўзи” газетаси ва унинг расмий сайтида эълон қилинган “Обидалар оҳини ким тинглайди?”, “Алдагани кўзи ожиз яхшими?”, “Чорчинорнинг чинори қани?”, “Ранг кўр, ҳол сўр”, “Бухоронинг тарихий қиёфаси сақлаб қолинадими?” сингари қатор танқидий-таҳлилий мақолаларида долзарб муаммолар ўртага ташланган. Тўғри, журналистика кун тарихини ёритади, америкалик олим У.Джонес айтганидек, “тезкор адабиёт” ҳисобланади. Лекин Истамнинг ҳар бир мақоласи ўз долзарблигини йўқотмаган, замонамиз қаҳрамонларининг дарду-ўйлари, турли ижтимоий муаммолари ортиқча жимжималарсиз, эҳтиросларсиз ёритиб берилганки, уларни мароқ билан ўқийсан, киши. Ундаги воқеалар эса — ўтмишимиз ва бугунимиз ҳақида. Очлик, қаҳатчилик пайтида урушдан қайтмаган отасининг ҳиди уфуриб турган костюмини бозорга чиқариб, “Илоҳим, биров оламан, деб қолмасин-да” (“Урушдан қайтмаган отанинг кос­тюми”) деб турган қаҳрамоннинг ҳис-туйғуларига беихтиёр шерик бўласиз.

Ёки “Бировнинг ҳаққидан қўрқаман” деган жажжигина лавҳани олинг, унда шукроналик билан яшаётган оддий одамларнинг ҳаётий фалсафаси таъсирли ёритилган. Норжон буви кафтдеккина   томорқасида етиштирган резавор кўкат экиб уни арзонгина баҳоларда сотади, бунга чидаёлмаган олиб сотар аёл момодан кўкатларни арзонга харид қилиб, кейин уни икки баравар нархда ошириб сотмоқчи бўлади. Шунда Норжон момо “Қизим, кўтарасига берганимда ҳовлимданоқ олиб кетишарди. Мен шундай синовли кунларда одамларга ҳарна бўлса-да нафим тегсин деб кўкатларни арзон сотаяпман. Сиз кўтарасига олмоқчи бўлган барра пиёзнинг ҳар боғида кимнингдир ҳаққи бор. Мен кўпнинг ҳаққидан қўрқаман”, – дея жавоб беради. Ҳар қандай жамиятнинг мустаҳкамлиги ва абадийлиги унда яшаётган оддий одамларнинг инсоний фазилатларига боғлиқ. Бежизга Франц Кафкадек буюк ёзувчи “Тошкент — нон шаҳри” асарини ўқиганида “Бундай инсонийликка эга бўлган халқни мавҳ этиб бўлмайди” деб ҳайқирмаган эди.

Дўстим Истамнинг “Деразани синдирган бола” мақоласида китоб мутолааси билан боғлиқ ғайритабиий во­қеани тасвирлайди. Қуруқ панд-насиҳатдан йироқ ушбу кичик лавҳада отаси китоб жавони бор уйни қулфлаб кетганда ўғли уйнинг деразасини синдириб кириб, у ердан китоблар олиб ўқиганини мароқ билан ҳикоя қилади.

Бу каби лавҳаларни беэътибор ўқиёлмайсиз. Уларнинг ҳар бирида оддий меҳнаткаш инсонлар тақдири, маиший-ижтимоий муаммолари, ўй-ташвишлари, қолаверса, ҳаётий фалсафаси ва қарашлари   ўз аксини топган. Истам ўз журналистик нигоҳини доим меҳнаткаш, заҳматкаш, Чингиз Айтматов таъбири билан айтганда “…Заминни елкасида тутиб турган” одамларга қаратади. Гарчи, у ҳаж­ман кичик воқеавий лавҳалар, эсселар ёзган эсада, ундаги қаҳрамонлар портретини кам сўз ишлатган ҳолда эсда қоларли қилиб чизиб беради.

Камина бўлажак журналист кадрларга қарийб 35 йилдан бери дарс бериб келаман. Журналистиканинг асосий вазифаларидан бири замонамизнинг реал қаҳрамонларини кашф этиш ва уни оммага танитиш ҳисоб­ланади. Абадий ва ўткинчи ҳодисалар доимо тўқнашиб турадиган бугунги кунда афсуски, ҳақиқий   қаҳрамонлар ўрнини   антиқаҳрамонлар эгаллаб олмоқда. Истам Иброҳимов эса ўзининг мақолаларига қалбан меҳнаткаш, ички маънавий дунёси бой, замонамизнинг қайсидир жиҳатларини ўзида мужассамлаштирган кишиларни қаҳрамон сифатида танлайди. Муаллиф гўё бу билан мақолаларида тасвирланган оддий, содда, меҳнаткаш инсонлар тақдирига кенг жамоатчиликнинг, бошқача айтганда элу халқнинг масъулиятини яна бир карра эслатиб қўяётгандек.

Ҳа, Истамнинг мақолалари ана шу жиҳатлари билан ўқувчини бефарқ қолдирмайди, уни ўйлашга, мулоҳаза юритишга ундайди. Қадр­донимизнинг ижодий ишларига янада муваффақиятлар тилаймиз.

Акбар НУРМАТОВ,

Ўзбекистон Журналистика ва

оммавий коммуникациялар университетининг

Босма ОАВ ва ноширлик иши факультети декани,

филология фанлари номзоди, доцент

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 2 =